Norma.uz

Пенсияга ҳам устама борми?

 

Сайёр учрашувлар ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаатлари таҳлили ўз натижасини бермоқда. Хусусан, Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси доирасида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ишловчи пенсионерларнинг барчасига тўлиқ миқдорда пенсия тўлашни таклиф этмоқда. «Пенсия иши»нинг янги сонида шу ҳақда ўқинг. Ўқувчиларнинг саволларига «Норма маслаҳатчи» эксперти ва Пенсия жамғармаси мутахассисларининг жавоблари ҳам шу ерда.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

Расмий жавоб

 

Пенсияга ҳам устама борми?

 

Амаким вокалдан дарс беради. У кўп йил ишлаганлиги учун иш ҳақига устама олади. У пенсияни расмийлаштириб, ишлашда давом этса, пенсияга ушбу устамани олиши мумкинми?

Рустам К. Тошкент ш.

 

– Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақига қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар қўшилади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 32-моддаси).

Кўп йил ишлаганлик учун иш ҳақига устамадан суғурта бадаллари тўланган бўлса, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашда бу сумма инобатга олинади.

Пенсия қонунчилигида кўп йил ишлаганлик учун пенсияга устама ҳисоблаш назарда тутилмаган.

 

Маълумот учун!

Ўзбекистонда доимий яшовчи ХОРИЖИЙ фуқаро ёки ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСГА пенсия ва нафақа ЯШАШ ГУВОҲНОМАСИ АМАЛ ҚИЛАДИГАН МУДДАТ давомида тўланади.

 

 

Қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган

 

Менда давлат мукофоти – «Меҳнат шуҳрати» ордени бор. Пенсия жамғармасидагилар менга ҳеч қандай имтиёз ва устамалар белгиланмаганлигини айтдилар. Шу тўғрими?

З.К.

 

– Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари ҳақлилар. Пенсия қонунчилигида «Меҳнат шуҳрати» давлат мукофоти учун пенсияга устама ҳисоблаш назарда тутилмаган.

 

 

 

Хориждан бадаллар

 

Меҳнат шартномаси бўйича хорижда ишламоқчиман. Ишлаётган давримда Ўзбекистонда суғурта бадалларини тўлай олишим учун нима қилиш зарур?

А.Квон.

 

– Мазкур саволга батафсил жавобни Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомдан (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарори билан тасдиқланган) олиш мумкин.

Хусусан, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс Пенсия жамғармасига тўлаган суғурта бадаллари ҳисоби унинг доимий яшаш жойи бўйича солиқ органи ва Пенсия жамғармаси бўлимида юритилади.

Сиз Пенсия жамғармаси бўлимига қуйидагиларни тақдим этишингиз зарур:

► Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича ариза;

► солиқ органлари томонидан берилган СТИР расмийлаштирилганлиги тўғрисида маълумотнома нусхаси;

► паспорт нусхаси;

► меҳнат ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси (агар мавжуд бўлса);

► ваколатли орган томонидан расмийлаштирилган белгиланган шаклдаги чет эл давлати ва у ерда бўлган вақти тўғрисида маълумотнома.

Ўзбекистонга келгандан сўнг ваколатли орган томонидан келганидан кейин 3 кун муддатда паспортидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) асосида Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш ва меҳнат дафтарчасига тегишли ёзувларни киритиш учун асос ҳисобланадиган белгиланган шаклдаги чет эл давлати ва у ерда бўлган вақти тўғрисида маълумотнома берилади.

Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш қуйидаги тартибда амалга оширилиши мумкин:

► ҳар ойда ёки ҳар чоракда;

► бир йўла – Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб 3 ой мобайнида.

Сиз пенсия билан таъминланиш миқдоридан келиб чиқиб суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда, бироқ ҳар ой учун Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган ЭКИҲнинг 1 баробаридан кам бўлмаган миқдорда белгилашингиз мумкин.

Бадаллар миллий ёки хорижий валютада (бошқа давлат ҳудудидан) махсус счётларга тўланиши мумкин.

Миллий валютадаги суғурта бадалларини ўзингиз мустақил равишда тўлашингиз ёки оила аъзоларингиздан бири, шунингдек ишончли вакил тўлаши мумкин.

 

Абдурашид Исмоилов,

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.

 

Маълумот учун!

ЎҚУВЧИЛАР 18 ЁШГА ТЎЛГУНЛАРИГА ҚАДАР боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олиш ҳуқуқига эга.

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

Сақлаш учун – тадбиркорга

 

Иш стажини ва якка тартибдаги тадбиркорнинг суғурта бадаллари тўланишини ҳисобга олиш соддалаштирилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорида (22.05.2018 йилдаги 384-сон) назарда тутилган.

 

Ҳужжат билан пенсия бўлими ҳар бир якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) учун алоҳида юритиладиган Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланишини ҳисобга олишнинг шахсий карточкаси бекор қилинмоқда. Эслатиб ўтамиз, карточка пенсия бўлимида доимий равишда сақланар, унга суғурта бадаллари суммалари ва улар қайси давр учун тўланганлиги тўғрисидаги ёзувлар қайд этилар эди.

Энди пенсия бўлими томонидан ЯТТга (шунингдек чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахсларга, деҳқон хўжалиги аъзоларига ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзоларига) фақат Суғурта бадаллари тўланишини ҳисобга олиш дафтарчаси очилади. У ЯТТда сақланади ва, банк квитанциялари ва тўлов ҳужжатларининг асл нусхалари билан бир қаторда, бадаллар тўланганлиги далилини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Шунингдек, энди ЯТТ учун тадбиркорлик фаолияти асосий фаолият деб ҳисобланса, меҳнат дафтарчаси пенсия бўлимида эмас, балки унинг ўзида сақланади. Яшаш жойидаги пенсия бўлими ЯТТ фаолияти тўғрисидаги тегишли ёзувларни меҳнат дафтарчасига қайд этади, холос. Бу чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахсларга, деҳқон хўжалиги аъзоларига ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзоларига ҳам тааллуқли.

Деҳқон хўжалигидаги меҳнати ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти фуқаро учун қўшимча ҳисобланса, унинг меҳнат дафтарчаси асосий иш жойида юритилади. Бу ҳолда рўйхатдан ўтган жойидаги пенсия бўлими томонидан унинг хоҳишига кўра меҳнат дафтарчасига тадбиркор сифатидаги фаолият даври тўғрисидаги ёзув киритилиши мумкин (Низом, ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 24.05.2018 йилдан кучга кирди. 

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Давлат гранти асосида

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2.06.2018 йилдаги 417-сон қарори билан Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

 

Эслатиб ўтамиз, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда 2%ли квота ажратилади (1.12.2017 йилдаги ПФ–5270-сон Фармон).

 

Маълумот учун! Қўшимча квота ўринлари давлат гранти асосида ташкил этилмоқда. Уларга мактабнинг 11-синфини ёхуд академик лицей ёки касб-ҳунар коллежини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги тўғрисидаги маълумотномага эга ногиронлар, шунингдек ногирон болалар даъвогарлик қилиши мумкин.

Улар ҳужжатларни махсус қабул комиссиясига топширадилар, унинг таркибига олий таълим муассасалари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармаси вакиллари киради, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти вакиллари ҳам кириши мумкин. Унинг ўзи ногиронлиги бўлган шахслар билан касбга йўналтириш бўйича суҳбатлар ўтказади. Ҳужжатларнинг умумий пакетига қўшимча равишда абитуриентнинг ногиронлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини илова қилиш ва унинг аслини кўрсатиш лозим.

Бундай абитуриентлар тўғрисидаги барча ахборот Давлат тест марказининг маълумотлар базасига киритилади. Сўнгра маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилади, у мазкур ахборотни ўрганиб чиқади. Абитуриентнинг ногиронлиги тасдиқланмаса, у қўшимча квота бўйича имтиҳонларга қўйилмайди.

Тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган барча биноларда ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30%идан кам бўлмаган балл тўплаганлар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда қўшимча квота доирасида талабаликка тавсия этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 5.06.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Қисқартириш ёки ўз хоҳишига кўра

 

Ёшим 57 да, 25 йилдан ортиқ ишлаганман. Айни пайтда иш топа олмаяпман. Эшитишимча, стаж бўйича пенсияни расмийлаштириш мумкин экан. Шу тўғрими?

Александр Ш. Тошкент ш.

 

– Афсуски, йўқ. Зарур стажнинг мавжудлиги кишига пенсия ёшига етмасдан пенсияга чиқиш ҳуқуқини бермайди. Мурожаатингиздан нима учун – ўз хоҳишингиз билан, бир қатор сабабларга кўра қисқартириш муносабати билан ёки корхона тугатилганлиги боис ишламай қўйганингиз аниқ эмас.

Киши технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган ҳолатда муддатдан олдин пенсияга чиқиши назарда тутилган. Эркаклар учун – 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда;

аёллар учун – 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси).

Бу ҳолда муддатдан олдин пенсия тайинлаш тўғрисида ариза берганда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги тақдимномасини ҳам илова қилиш зарур (Низомнинг ­12-банди «п» кичик банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

 

 

Банкдаги счётга

 

«Меҳрибонлик» уйларида яшайдиган болалар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини оладиларми?

Ш.Зиёдова. Қибрай қ.

 

– Ҳа, уларга пенсия тўланади, бироқ чекланган ҳолда. Чунончи, Қонуннинг 56-моддасига мувофиқ, чин етим болаларга тўлиқ давлат таъминотида турган даврида ЭКИҲнинг 100%и миқдорида пенсия тўланади.

Ота-онасининг биридан ажралган ва тўлиқ давлат таъминотида турган болаларга ЭКИҲнинг 50%и миқдорида пенсия тўланади.

Шу даврдаги тўланиши лозим бўлган пенсия пули боланинг номига тижорат банкида очилган депозит ҳисобварағига ўтказиб қўйилади.

 

 

Ўз вақтида мурожаат қилиш керак

 

Бувим шу йил март ойида вафот этди. Маълум бўлишича, дафн маросимини ташкил этиш учун тўловлар тўланар экан. Ҳозир уни олиш учун Пенсия жамғармасига мурожаат қилишим мумкинми?

А.Р.

 

– Афсуски, кеч қолгансиз. Дафн этиш учун нафақа, шунингдек пенсионер олиши лозим бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия пули уларни олиш учун пенсионер вафот этганидан кейин 60 кун ичида мурожаат этилган тақдирда тўланади (Қонуннинг 63-моддаси).

 

 

Ўқитувчи учун махсус стаж

 

28 йиллик узлуксиз стажга эгаман. Унинг 20 йилида махсус колонияда тарбиячи бўлиб ишладим. Имтиёзли пенсия олишга ҳақлиманми?

Шаронова. Тошкент ш.

 

– Йўқ, ҳақли эмассиз. Сабаби ногирон болалар учун ихтисослашган таълим муассасалари, «Меҳрибонлик» уйлари, ҳарбий академик лицейлар, тарбия колониялари ўқитувчилари, махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга (Қонуннинг 12-моддаси «к» банди; ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган 3-сон рўйхатнинг VII қисми).

 

 

Расмиятчиликларсиз

 

Саломатлигим ёмонлашганлиги боис ногиронлик гуруҳимни биринчисига ўзгартирдилар. Пенсияни қайта ҳисоблашлари учун Пенсия жамғармасига мурожаат қилишим керакми?

Н.Реутов. Тошкент ш.

 

– Йўқ, бундай қилишингиз шарт эмас. I гуруҳ ногиронлиги белгиланиши пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисида ариза бериш талаб қилинмайдиган ҳолатлардан бири ҳисобланади (252-сон Низомнинг 149-банди).

 

 

Бадалларни тўламоқчиман...

 

Мардикорлик (норасмий меҳнат фаолияти) билан шуғулланаман. Масалан, ҳар куни ҳар хил ишни бажараман. Иш берувчилар – жисмоний ёки юридик шахслар оғзаки шартнома тузадилар.

Ҳар ойда Пенсия жамғармасига олинган даромад ҳисобидан бадалларни ажратсам, пенсия олишга ҳақли бўламанми? Меҳнат фаолиятим иш стажига киритилиши учун нима қилишим керак?

Актам К. Тошкент ш.

 

Пенсия қонунчилигида мардикорларнинг суғурта бадалларини тўлаши ва ишлар бажарилган даврни стажга киритиш имконини берадиган норма мавжуд эмас.

Суғурта бадалларини тўлаш ҳуқуқига эга бўлган шахслар қуйидагилардир:

► якка тартибдаги тадбиркорлар ёки юридик шахс ташкил этмаган деҳқон хўжалиги аъзолари;

► шахсий ёрдамчи хўжаликларда қорамол боқиш ва етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш билан банд бўлган жисмоний шахслар;

► шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан банд бўлган жисмоний шахслар (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарори билан тасдиқланган Низом).

Шуни ҳам маълум қиламизки, Президентнинг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (24.05.2017 йилдаги ПФ-5052-сон) мувофиқ, белгиланган тартибда ишсиз деб тан олинган, шунингдек иш изловчи шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган фуқаро жамоатчилик ишларида қатнашиш учун жалб этилиб, меҳнатига ҳақ тўланиши мумкин. Иш ҳақидан тўланган суғурта бадаллари ҳисобига пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади, иш стажи ҳисобга олинади. Бунинг учун яшаш жойингиздаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилишингиз зарур.

 

 

Ҳамкасбимнинг илтимосига кўра

 

Ташкилотимизда ишлайдиган пенсионер РФга кетди, у ерда яшаш гувоҳномасини расмийлаштирмоқда. Ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани почта орқали жўнатди.

Усиз (ишончнома бўйича) Пенсия жамғармаси бўлимида барча зарур ҳужжатларни расмийлаштириш мумкинми?

Валиева, КБ инспектори.

 

Пенсия тўлаш тўхтатиб турилмаган бўлса, қуйидаги ишларни бирма-бир бажариш лозим:

1) аввал уни ишдан бўшатиш ва ишдан бўшатилганлиги тўғрисидаги буйруқни ташкилот орқали пенсия тўланган охирги давр тўғрисидаги маълумотларни илова қилган ҳолда Пенсия жамғармаси бўлимига топшириш зарур;

2) ишончли шахс пенсионернинг яшаш жойидан пенсияни ишончнома бўйича олиши;

3) янги яшаш жойида унга беришлари учун пенсия йиғмажилдини олиш тўғрисида ишончнома билан мурожаат қилиш.

Бунда расмийлаштирилган ишончномада пенсия олиш ва пенсия йиғмажилдини бериш учун зарур ҳуқуқлар аниқ қайд этилган бўлиши лозим.

Пенсияни тўлаш тўхтатиб турилган бўлса, пенсияни тиклаш учун унинг ўзи Ўзбекистонга келиши, тўланиши лозим бўлган пенсия тўловларини олиши ва пенсия йиғмажилдини олиб кетиши керак бўлади (252-сон Низомнинг 172-банди).

 

 

Фақат шахсан

 

Пенсионернинг ишончномасига кўра (оилавий шароитига кўра кела олмайди) унга «Хизматкўрсатган» унвони учун (унинг аризаси ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат мавжуд бўлса) устама расмийлаштириш мумкинми?

Н.К. Тошкент шаҳри.

 

– Фахрий унвонлар учун қўшимча тўловларни тайинлаш ва тўлаш Фахрий унвонлар эгаларига тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 3.01.2008 йилдаги 2-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ амалга оширилади.

Чунончи, Низомнинг 8-бандига мувофиқ, фахрий унвон учун тўловни тайинлаш қуйидаги ҳужжатлар:

► фахрий унвон бериш тўғрисидаги гувоҳнома, шунингдек унинг нусхаси;

► фахрий унвон учун тўловни амалга оширишга берилган ариза;

► ариза берувчининг паспорти (ёки шахсини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат – ҳарбий хизматчилар учун), шунингдек унинг нусхаси тақдим этилган тақдирда амалга оширилади.

Фахрий унвон бериш тўғрисидаги гувоҳнома ва ариза берувчининг паспорти (ёки шахсини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат) тақдим этилган ҳужжатлар текширилгандан сўнг эгасига қайтарилади.

Низомда ишончнома асосида фахрий унвон учун тўловлар тайинлаш назарда тутилмаган.

 

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Бевосита мулоқот

 

Пенсия жамғармаси таклиф этмоқда

 

Ҳозирги вақтда амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқ ишловчи пенсионерларга пенсия 50% миқдорида тўланмоқда (айрим тоифадаги шахслар бундан мустасно). Дунёнинг деярли барча мамлакатларида бундай амалиёт қўлланилмайди, барча пенсионерлар истисносиз ишлаган меҳнат стажига мувофиқ тўлиқ ҳажмда пенсия оладилар.

 

2017–2018 йилларда республикамизда ўтказилган ­сайёр учрашувлар натижалари, шунингдек келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилининг кўрсатишича, ишловчи пенсионерларга 50% миқдорида пенсия тўлаш улар иқтисодиётнинг норасмий секторида меҳнат фаолиятини давом эттиришларига туртки бўлмоқда.

Шунингдек Давлат молиявий назорати бошқармалари ва бошқа назорат органлари пенсиялар ва нафақалар тўғри тўланишини текшириши давомида ортиқча тўловлар тўланганлиги маълум бўлмоқда. Иш берувчилар пенсионерларни ишга қабул қилгани тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлинмаларини ўз вақтида огоҳлантирмагани, пенсионерларнинг ишга жойлашганлиги далилини яшириши сабабли бундай ҳолатлар юз беради.

Сўнгги йил давомида мазкур йўналишда тегишли чоралар қабул қилинди. Масалан, 2017 йил 1 апрелдаги ҳолатга кўра, пенсионерларнинг фақат 4 тоифаси (I ва II гуруҳ ногиронлари, уруш қатнашчилари, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича уларнинг маслаҳатчилари) тўлиқ миқдорда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган бўлсалар, айни пайтда Президентнинг фармон ва қарорларига мувофиқ мазкур тоифалар сони 31 тага етди («Халқ» ва «Хизмат кўрсатган» фахрий унвонларига эга бўлган пенсионерлар, тиббий ташкилотларнинг шифокорлари, «Нуроний» жамғармаси, «Оила» маркази, Мажбурий ижро бюроси ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари, спорт усталари ва б.).

Бу билан тўлиқ миқдорда пенсия олувчи ишловчи пенсионерлар сони 26,7 минг кишини (ёки ишловчи пенсионерлар умумий сонининг 26%ини) ташкил этди.

Бироқ турли тоифадаги ишловчи пенсионерлардан Пенсия жамғармасига кўп мурожаатлар келиб тушмоқда (2018 йил январь–май ойларида Пенсия жамғармаси ижроия аппаратига ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлаш бўйича 1 000 дан ортиқ оғзаки ва ёзма мурожаатлар келиб тушди).

Фуқаролар ўз мурожаатларида Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлашда давом этган ҳолда йиллар давомида ишлаб топган пенсиянинг бир қисми ушлаб қолинишидан норозиликларини изҳор қиладилар. Шунингдек иқтисодиётнинг хусусий секторида банд бўлган пенсионерлар, хусусий корхоналар раҳбарлари, тадбиркорлар, фермерлар ва бошқалардан қонунчиликнинг кўрсатилган нормасига ўзгартиришлар киритишга доир таклифлар келиб тушмоқда.

Пенсия таъминоти тизимида ижтимоий адолатга ва самарадорликка эришиш мақсадида 2019 йил 1 январдан Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси доирасида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси барча ишловчи пенсионерларга тўлиқ миқдорда пенсия тўлашни таклиф этмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ишловчи пенсионерларга тўлиқ миқдорда пенсия тўлашга 363 млрд сўм миқдорида қўшимча маблағ ажратиш талаб этилади.

Кўрсатилган харажатларни қоплашга қўшимча даромадлар Жамғармага даромадлар тўлиқ тушишини таъминлаш, шунингдек фуқароларни ижтимоий суғурта тизимига жалб этиш ва иш ўринларини қонунийлаштириш ҳисобига ундирилади.

 

Нуриддин Шодихўжаев,

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппарати бўлими бошлиғи.

http://pfru.uz

 

Маълумот учун!

2018 йил 1 майдаги ҳолатга кўра Ўзбекистон Республикасида пенсия ва нафақа олувчилар сони 3,3 миллиондан ортиқ кишини ташкил этади, шундан 103,1 минг нафари (ёки 3,2%и) ишловчи пенсионерлардир.

 

 

Буни билган маъқул

 

Уруш ногиронларига тенглаштириладиган шахслар доираси

 

1941–1945 йиллардаги уруш ва бошқа урушлар даврида ҳаракатдаги армия таркибидаги ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасаларда хизматни ўтаганда, шунингдек Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишда яраланиш, контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси «а» бандида ҳамда 28-моддаси «а» ва «б» бандларида назарда тутилган шартлар ва нормаларга кўра пенсия билан таъминланишга ҳақли уруш ногиронлари ҳисобланадилар.

 

Қуйидаги ногиронлар уруш ногиронларига тенглаштириладилар:

► собиқ СССР ва Ўзбекистон Республикаси чегараларини қўриқлаш пайтида яраланиш, контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар;

► 1941 йилнинг 22 июнидан 1954 йилнинг 31 декабригача собиқ СССР ҳудудида ҳаракат қилган ҳамда қирувчи батальонлар, взводлар ва халқни ҳимоя қилувчи отрядларда хизмат қилган даврда яраланиш, контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш натижасида ногирон бўлиб қолган шахслар;

► темир йўлларнинг фронт яқинидаги участкаларида ишлаган, мудофаа иншоотлари, ҳарбий-денгиз базалари, аэродромлар ва бошқа ҳарбий объектлар қурилиши ишларида қатнашган ҳамда 1941–1945 йиллардаги уруш даврида уруш бўлаётган жойларда яраланиш, контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш натижасида ногирон бўлиб қолган ходимлар;

► 1941–1945 йиллардаги уруш даврида партизан отрядлари ва қўшилмалари таркибида ёки яширин ишларда бўлган даврда яраланиш, контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш натижасида ногирон бўлиб қолган шахслар;

► ҳаракатдаги армия таркибидаги ишларда яраланиш, контузия олиш, майибланиш ва касалланиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёлланган таркибдаги шахслар;

► 1941–1945 йиллардаги уруш даврида фашист концлагерларида (гетто ва зўрлик билан тутиб туриладиган бошқа жойларда) бўлган даврда яраланиш, контузия олиш, майибланиш ва касалланиш натижасида ногирон бўлиб қолган шахслар (тутқунлар, шу жумладан, болалар);

► тинчлик ўрнатувчи кучлар таркибида қатнашиш, шунингдек ҳарбий ҳаракатлар кетаётган мамлакатларда байналмилал бурчларини адо этиш туфайли, шунингдек ҳарбий хизматдаги вазифаларини (хизмат вазифаларини) бажариш пайтида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар, ИИО ва МХХнинг бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахслар;

► ўқув машғулотлари ёки текшириш учун йиғинларга чақирилган ва шу йиғинларда ўз хизмат бурчларини бажараётиб яраланиш, контузия олиш, майибланиш ва касалланиш натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий мажбуриятли шахслар.

 

Маълумот учун!

БЕПУЛ санаторий-курорт ЙЎЛЛАНМАЛАРИДАН фойдаланувчи ногиронлар ва кексалар тоифасига қуйидаги шахслар киради:

► уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

► ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинлари (бева эрлари);

► республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

► Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;

► ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар;

► I ва II гуруҳ ногиронлари, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;

► ёлғиз кексалар;

► ёшга доир пенсионерлар.

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

 

Прочитано: 1175 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика