Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 28 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Медиация: янгиликнинг моҳияти нимада?

 

«Медиация тўғрисида» 3.07.2018 йилдаги ЎРҚ–482-сон Қонун эълон қилинди.

 

Қонунда нима дейилади

Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули. Қабул қилинган ҳужжатга асосан у низоларнинг 3 та тоифаси бўйича амалга оширилиши мумкин:

► фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан, ш.ж. тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар;

► якка меҳнат низолари;

► оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар.

 

Маълумот учун: лойиҳа устида ишлаш чоғида жиноят ишлари бўйича медиацияни жорий этиш варианти ҳам кўриб чиқилган эди. Бироқ бундай таклифлар қўллаб-қувватланмади.

Медиация судгача, шунингдек суд тартибида кўриш жараёнида суд маслаҳатхонага киргунига қадар қўлланилиши мумкин.

 

Медиация ўхшаш тартиб-таомиллардан нимаси билан фарқланади

Медиация иқтисодий ишлар бўйича низоларни судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби, ишни иқтисодий ёки фуқаролик судида кўриб чиқишда келишув битими тузиш, никоҳдан ажралишда эр-хотинни ва жиноят процессида тарафларни яраштиришга кўп жиҳатдан ўхшаш. Бироқ уларни айнан бир хил деб ҳисобламаслик лозим (ҳар ҳолда ҳозирги кунда амалда бўлган қонунчиликни ҳисобга олган ҳолда бунинг иложи йўқ).

Медиатор фигураси – медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс янги ҳуқуқий институтнинг фарқли жиҳати ҳисобланади. Ўхшаш тартиб-таомилларда тарафлар ўртасидаги воситачилик аниқ тартибга солинмаган. Медиатор ўз фаолиятини профессионал (ҳақ эвазига ёки текин) ва нопрофессионал (фақат текин) асосда амалга ошириши мумкин. Медиаторнинг вазифаси – тарафлар ўртасида ёзма медиатив келишув тузилишига, яъни низони ихтиёрий ҳал этишга эришиш.

Лойиҳанинг бир йил олдин ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган дастлабки таҳририда фақат адвокатлар профессионал медиатор бўлиши, 18 ёшга тўлган фуқаролар, юридик шахслар, махсус ташкил этилган органлар ёки комиссиялар эса нопрофессионал асосда медиатор бўлиши кераклиги назарда тутилган эди. Бироқ асосий хусусияти – медиатор бирон-бир давлат органига боғлиқ бўлмаслиги керак. Умуман ушбу ёндашувни сақлаган ҳолда, қабул қилинган Қонун Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек Профессионал медиаторлар реестрига киритилган ҳар қандай шахс профессионал медиатор бўлиши мумкинлигини белгилади. 25 ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган жисмоний шахс эса профессионал асосдаги медиатор бўлиши мумкин.

Қиёслаш учун: Оила кодексининг 40-моддасига мувофиқ, суд никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун 6 ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун 3 кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак. Медиация учун эса бутунлай бошқа муддатлар белгиланади – 30 кунгача узайтириш имконияти билан 30 кун. Медиаторни эса тарафлар мустақил танлайди. Яраштириш комиссиялари билан бўлган ҳолатда бундай танлашнинг имкони бўлмайди.

Бундан ташқари, низони ҳал этиш медиатив келишув эмас, балки келишув битимини тузиш билан тугалланиши режалаштирилган эди. У суд жараёнларида суд томонидан тасдиқланиши назарда тутилган эди. Бироқ якуний таҳрирда медиатив келишув амалда суддан ташқари ҳужжатлар сирасига киритилган. У тузилганда ишни судда кўриш тўхтатилади ва ҳатто низони кўриб чиқиш учун тўланган давлат божи қайтарилади (келишув битимида қайтарилмайди). Қонунда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш ва у бўйича ижро варақасини бериш тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган (келишув битимида ижро варақаси берилади).

Шунга қарамай, медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли. Бироқ Қонунда медиатив келишувнинг мавжудлиги кейинчалик давлат органи ёки суд томонидан ишнинг кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиши ҳақида норма ҳам йўқ (келишув битимида – тўсқинлик қилади). Бунда келишув бажарилмаганлиги учун жавобгарликнинг таркиби ва чораларини инобатга олади.

Шу тариқа, медиация – олдинги механизмлардан фарқланувчи янги кўриниш. Ҳар қандай янгилик каби у амалиётда синовдан ўтказилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

ННТнинг адлия органларига ҳисоботи – янги ягона шаклда

 

Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 27.06.2018 йилда 3027-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан адлия органига тақдим этиладиган ҳисобот шакли тасдиқланди.

 

2017 йил 1 мартдан учта алоҳида ҳисобот шакли: ННТ учун (1), унинг ҳудудий бўлинмаси учун (2), шунингдек халқаро/чет эл ННТ филиали ва ваколатхонаси учун (3) амал қилади.

Жорий йилнинг 1 июлидан ҳисобот шакли ягона бўлади, ҳозир амалда бўлганлари эса ўз кучини йўқотади.

Илгаригидек, ННТ ҳисоботларни ўз танловига кўра электрон шаклда ЭРИ билан тасдиқлаган ҳолда тегишли адлия органининг расмий сайти орқали тақдим этиши мумкин.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 28.06.2018 йилда ­эълон қилинган ва 1.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

Жисмоний шахслар валютани қандай айирбошлаши белгиланди

 

Марказий банк Бошқаруви қарори (АВ томонидан 29.06.2018 йилда 3029-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширишнинг янги тартиби тасдиқланди.

 

Биринчидан, жисмоний шахслар халқаро тўлов карталаридаги (кейинги ўринларда – ХТК) маблағларни валюта айирбошлаш шохобчасидаги тўлов терминаллари, чакана амалиётлар кассалари, автоматлаштирилган банк шохобчаси ёки банкоматлар орқали нақд шаклда ечиб олишлари мумкин. Бунда жисмоний шахсга нақд маблағлар билан бирга тегишли тўлов ҳужжатлари берилади.

Бундан ташқари, автоматлаштирилган банк шохобчасида нақд хорижий валютани миллий валютага айирбошлаш, шунингдек бошқа чакана тўловларни амалга ошириш мумкин бўлади.

Иккинчидан, валюта айирбошлаш шохобчалари энди ХТКдаги маблағларни нақдлаштириш билан бир қаторда божхона чегарасида божхона тўловлари ва йиғимларини қабул қиладиган бўлишди.

Учинчидан, банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш махсус дастури жорий қилинади. Резидент жисмоний шахслар масофадан туриб махсус дастурдан фойдаланган ҳолда чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш, ХТКдан пул маблағларини муддатли депозитларга ўтказиш операцияларини амалга оширишлари мумкин бўлади. Бунинг учун дастурни компьютер, планшет, уяли телефон ёки бошқа тегишли қурилмаларга юклаб олиш ҳамда ундан фойдаланиш шартлари билан боғлиқ офертани қабул қилиш лозим.

Бунда онлайн-режимда валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш учун махсус дастуридан фойдаланиладиган тижорат банкида жисмоний шахс номига банк картаси ва ХТК очилган бўлиши лозим.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 683 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика