Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 21 / Юридик маслаҳатлар

Филиални ҳам текширадилар

 

Кичик корхона янги филиал очди. Очилган кундан буён 10 ой ўтди. Очилган санасидан бошлаб ҳали бир йил ўтмаган бўлса, Меҳнат вазирлиги ёки бошқа қандайдир орган корхона филиалида текширув ўтказишга ҳақлими? Корхонанинг ўзида текширув бошланган.

О.Нормуҳамедова, кадрлар бўйича инспектор.

 

Ҳа, агар филиал уни ташкил этган корхонани текшириш доирасида текширилаётган бўлса, ҳақли.

Филиал юридик шахс ҳисобланмайди. У юридик шахснинг у турган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан ваколатхона вазифаларини бажарадиган алоҳида бўлинмасидир (ФКнинг 47-моддаси).

Шу тариқа, филиал фаолияти филиални ташкил этган корхонани текшириш доирасида текширилиши керак. Мустақил юридик шахс сифатида фаолият юритадиган, солиқ органларида ҳисобга қўйилган, мустақил балансга ва банкларда счётларга эга бўлган филиаллар бундан мустасно.

Эслатиб ўтамиз, давлат органлари қуйидаги текширув турларини амалга оширадилар:

молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) – солиқ ва валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш;

қисқа муддатли текшириш – назорат қилувчи органлар жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида амалга оширадиган текшириш;

назорат тартибида текшириш – хўжалик юритувчи субъектларнинг илгариги текширишда кўрсатилган қоидабузарликларни бартараф этиши устидан назорат қилувчи органлар амалга оширадиган текшириш («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси).

Кичик тадбиркорлик субъектлари кўпи билан 4 йилда 1 марта текширилади (Қонуннинг 10-1-моддаси). Режали текшириш ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

махсус ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни ўтказишнинг мувофиқлаштирувчи режасидан кўчирма;

назорат қилувчи органнинг мувофиқлаштирувчи режа асосида чиқарилган, текшириш мақсади, текширувчи мансабдор шахсларнинг таркиби ва текширишни ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруғи (Қонуннинг ­9-моддаси).

Қисқа муддатли текширишлар жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида махсус ваколатли органнинг қарорига кўра режадан ташқари текшириш тарзида назорат қилувчи органлар томонидан амалга оширилади. Махсус ваколатли органнинг қуйидагилар кўрсатилган қисқа муддатли текшириш ўтказишга доир қарорлари:

текширилаётган объектнинг номи;

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

текшириш ўтказишнинг мақсади;

текшириш ўтказиш муддатлари ҳамда уни ўтказиш сабабларининг асослилиги;

текширишни амалга оширувчи тегишли назорат қилувчи органнинг махсус ваколатли органнинг қарори асосида чиқарилган, мансабдор шахсларнинг таркиби ва текширишни ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруғи хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини қисқа муддатли текширишдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилади (Қонуннинг ­12-моддаси).

Назорат тартибида текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан махсус ваколатли орган белгилаган тартибда 1 иш куни ичида амалга оширилади (Қонуннинг 15-моддаси).

Прокуратура, ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш учун қўзғатилган жиноий иш мавжудлиги асос бўлади. Бунда текширувга хўжалик юритувчи субъектнинг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолияти қамраб олиниши мумкин бўлиб, бу ҳақда текширувни тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган бўлиши лозим.

Мазкур ҳолатда корхона кўрсатилган шартлардан бирортасига тўғри келиш-келмаслигини аниқ билиш лозим. Корхона филиали фаолиятини текширмоқчи бўлган текширувчи органда ҳужжатлар билан тасдиқланган асос бўлиши керак.

 

Бу – муҳим!

1. 2018 йил 1 апрелдан бошлаб Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши давлат солиқ хизмати органларининг бўшаётган 228 та штат бирликларини прокуратура органларига ўтказган ҳолда тугатилди (бундан буён Бош прокуратура текширишларни мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган бўлиши эҳтимол).

2. Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга мораторий эълон қилинди, жиноят иши доирасида ва юридик шахс тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишлар бундан мустасно (22.01.2018 йилдаги ПФ-5308-сон Фармоннинг 2-банди).

 

Александр Лобанов, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1038 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика