Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 21 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Адвокатларга – ҳар бир мутахассислик бўйича алоҳида лицензиялар

 

Президентнинг 12.05.2018 йилдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди.

 

Адвокатлар фаолиятини лицензиялаш

1 июлга мўлжалланган ўзгартиришлар:

1) aдвокатлар ҳар бир мутахассислик (жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва ҳ.к.) бўйича алоҳида лицензия оладилар. Ҳозир «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида кўрсатилган адвокатлик фаолиятининг барча турларига бир вақтнинг ўзида битта лицензия берилади;

2) aдвокатлик фаолияти турларининг рўйхати ҳам кенгайтирилади. Адвокатлар низоларни судгача ҳал қилиш бўйича чоралар кўришлари, томонларни яраштиришлари ва ҳатто ҳакамлик судьяси сифатида қатнашишлари мумкин;

Шуни қайд этиб ўтамизки, «Медиация тўғрисида»ги қонун (ҳуқуқ соҳасидаги яраштирув таомиллари – таҳр.) ҳали қабул қилинмаган. Аслида у жорий йил январь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда маъқулланган эди. Мазкур қонун билан адвокатларнинг ушбу соҳадаги иши батафсил тартибга солиниши керак.

«Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ эса адвокат илмий ва педагогик, шунингдек Адвокатлар палатасидаги фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас. Яъни адвокатлар ҳакамлик судьялари ҳам бўла олмас эдилар;

3) Адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати 6 ойдан 3 ойга қисқартирилади.

Бунда камида 3 йил давлат органлари ёки ташкилотларининг юридик хизматида ёхуд судья, терговчи ёки прокурор бўлиб ишлаган фуқаролар стажировкадан озод этилади.

Эслатиб ўтамиз, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 8-1-моддасига мувофиқ камида уч йиллик иш стажига эга бўлган адвокат стажёрга эга бўлишга ҳақли. Стажировка ўташ тартиби эса Адвокат стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 27.03.2009 йилда 1928-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланади;

4) Адвокат лицензиясини олиш учун малака имтиҳонини топшира олмаган шахслар уни 6 ойдан кейин такроран топширишлари мумкин. Ҳозир «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 3-1-моддасига мувофиқ уни фақат 1 йилдан кейин такроран топшириш мумкин.

Шуниси эътиборлики, имтиҳон қандай ўтказилаётганини Интернет орқали онлайн режимда кузатиш мумкин бўлади;

5) Адвокатлик лицензиясини тугатиш фақат суд тартибида амалга ­оширилади. Ҳозир бу уни берган адлия органининг ваколатларига киради («Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси).

1 августга мўлжалланган ўзгартиришлар:

тижорат ташкилотларига (консалтинг фирмаларига – таҳр.) юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш учун адвокатлик лицензияси талаб этилмайди. Бироқ бундай ташкилотлар фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича судларда вакиллик қила олмайдилар.

Эслатиб ўтамиз, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонун ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар бериш адвокатлик фаолияти турларидан бири ҳисобланади, унинг учун лицензия олиш талаб этилади. Бироқ амалиётда юридик маслаҳат бериш ва консалтинг фаолиятини фарқлаш мушкул. Шу сабабли ушбу қоидага кўпинча риоя этилмайди. Президентнинг Фармони ушбу зиддиятни бартараф этмоқда.

Шуни қайд этиб ўтамизки, юридик маслаҳат бериш ва тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиш ҳар хил турдаги адвокатлик фаолияти ҳисобланади. Чунончи, консалтинг ташкилотларининг ходимлари хўжалик шартномаларини имзолаш ҳуқуқига эга эмас («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси). Штатдаги юрисконсульт ёки жалб этилган адвокат имзосисиз шартнома тузишга эса йўл қўйилмайди. Бу масала қандай ҳал этилиши ҳозирча номаълум.

 

Адвокатларнинг иши

1) Адвокатлар ўзларининг ҳимоя остидаги шахслар билан аудио– ва видеокузатув жиҳозлари ўрнатилмаган махсус хоналарда, бегона шахсларнинг қатнашувисиз исталган вақтда ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашишлари мумкин.

Шуни қайд этиб ўтамизки, «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси, Жиноят-процессуал кодексининг 46 ва 48-моддалари, Жиноят-ижроия кодексининг 10-моддасида бу илгари ҳам назарда тутилган эди.

2) Адвокатларга суд биносига компьютер, мобил ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб киришга рухсат берилди.

Эслатиб ўтамиз, Судлар, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 15.03.2018 йилда 2981-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан бундай буюмларни олиб кириш тақиқланган.

3) Адвокатнинг сўровига жавоб бериш учун 15 кунлик муддат белгиланди. Илгари бундай сўровларга «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасида назарда тутилган жавоб беришнинг умумий муддатлари қўлланилган – 15 кун (умумий муддат), қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, 30 кунгача бўлган муддатга узайтириш имконияти билан.

Шу тариқа, адвокатнинг сўровлари юзасидан жавоб бериш муддатларини узайтириш тақиқланади.

 

Бу – муҳим! Адвокатлар адвокат сўровига жавоб бериш тартибини бузишда айбдорларни маъмурий жавобгарликка (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-1-моддаси, 2 ЭКИҲдан 5 ЭКИҲгача жарима) тортиш учун бевосита маъмурий судларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Илгари бундай ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни маъмурий ишлар бўйича судьялар кўриши белгиланган эди. Бироқ маъмурий баённома тузиш ва уни судга бериш механизми аниқ белгиланмаган эди.

 

4) Адвокатура тизимидаги иш стажига қараб Адвокатлар палатаси раиси томонидан адвокатларнинг тегишли малака даражалари берилади.

 

Самир Латипов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

 

Мурожаатлар бўлимида кимларнинг ишлашига рухсат берилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 7.05.2018 йилдаги 341-сон қарори билан Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий низом тасдиқланган.

 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг кузида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири кучга кирди.

Намунавий низомнинг аввалги таҳрири ўз кучини йўқотди. Бироқ мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари ўзгармай қолди, шу боис асосий таомилни такрор эслатишга ҳожат йўқ. Бунда янгиликлар анчагина, шу сабабли энг муҳимларини кўриб чиқамиз.

1. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги янги боб киритилди. Мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ва бошқа ҳолатларига қараб камситишга йўл қўйилмаслиги жорий этилди.

2. Алоҳида бобда мурожаатларни видеоконференцалоқа воситасида қабул қилиш назарда тутилган. Улар олдиндан тасдиқланган мурожаатларни қабул қилиш жадвали орқали берилади. Бунинг учун мурожаат этувчи видеоконференцалоқа ўрнатилган тегишли давлат органи, ташкилотига белгиланган шаклдаги талабнома йўллайди. Ариза электрон шаклда берилиши мумкин.

Видеоконференцалоқа орқали келиб тушган талабнома келиб тушган пайтидан бошлаб 1 иш кунидан кечикмай мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси томонидан рўйхатга олинади ва давлат органи, ташкилотининг раҳбарига киритилади. У талабномани кўриб чиқиб, видеоконференцалоқа орқали кўриб чиқиш ёки кўриб чиқишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Қабул қилинган қарор, видеоконференцалоқа орқали мурожаатни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида давлат органи, ташкилоти муаллифни огоҳлантиради.

Видеоконференцалоқа орқали келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида умумбелгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.

3. Шахсий қабуллар билан бир қаторда оммавий қабуллар ўтказилади (фуқаролар билан ташкилотлар вакилларининг оммавий учрашувларида мурожаатлар қабул қилинади). Оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Бунда мурожаат қилувчининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, мурожаатнинг қисқача мазмуни ва уни кўриб чиқиш натижаси оммавий қабул баённомасида кўрсатилади.

Жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллари, шунингдек оммавий қабуллар, зарур бўлган ҳолларда, қабул қилиш жадвалларидан ташқари ўтказилиши мумкин. Оммавий қабул ҳовлиларга (квартираларга), бошқа жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ҳам ўтказилиши мумкин.

Давлат органлари ва ташкилотларида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш учун алоҳида хона ажратилади. Шахсий қабул давомида давлат органи, ташкилоти раҳбарининг қарорига кўра ва мурожаат этувчига бу ҳақда хабар берган ҳолда махсус техника воситалари (аудио– ва видеоёзув, фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин.

4. Аниқ қайд этилишича, давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахслари:

қонунга хилоф ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) бартараф этиш юзасидан дарҳол чора-тадбирлар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабаблар ва шароитларни ўз ваколатлари доирасида аниқлаши;

жисмоний шахс, унинг вакили, уларнинг оила аъзолари, юридик шахс, унинг вакили ва юридик шахс вакилининг оила аъзолари уларнинг мурожаатлари сабабли таъқиб этилишини бартараф этиши;

агар мурожаат этувчига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш чораларини кўриши шарт.

5. Илгари қонунга хилоф қарорлар қабул қилган давлат органлари, ташкилотлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатнинг қаноатлантирилиши мурожаат этувчига қуйидагиларни суд тартибида ундириш ҳуқуқини беради:

ариза ёки шикоят бериш ва кўриб чиқиш билан боғлиқ зарар;

тегишли давлат органлари, ташкилотлари ёки уларнинг мансабдор шахслари талабига кўра мурожаатни кўриб чиқиш учун жойларга бориш муносабати билан қилинган харажатлар;

ана шу вақт ичида йўқотилган иш ҳақи.

Суд тартибида маънавий зиён ҳам компенсация қилиниши мумкин.

6. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинманинг ходимларига қуйидаги талаблар қўйилган:

ўрта махсус ёки олий маълумотга эга бўлиш;

камида 3 йиллик иш стажи бўлиши;

уларнинг ходими бўлган давлат органи, ташкилоти бўлинмаларининг фаолияти, функцияларига оид мажбуриятлари тўғрисида хабардор бўлиш;

юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлиш;

киришимлилик;

замонавий АКТни қўллашни билиш.

Ушбу ходимлар ўз хизмат вазифаларини бажариш вақтида ташқи кўриниши бўйича давлат органи, ташкилотига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга кўмаклашиши, умумий қабул қилинган иш тартибига риоя этиши, вазмин ва интизомли бўлиши керак.

Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларнинг 3 йилда камида 1 марта ўқиши ва малака ошириши ташкиллаштирилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 14.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

Зумрад Ниязметова, адвокат.

Прочитано: 1160 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика