Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 17 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Судланганлиги учун ишга қабул қилмаслик – қонунга зид

 

18.04.2018 йилдаги ЎРҚ–476-сон Қонун билан Меҳнат кодексига қўшимча киритилди.

 

Ишга қабул қилишни рад этиш ғайриқонуний ҳисобланадиган ҳолларнинг рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда муқаддам судланган шахсларни ишга қабул қилмаслик ёхуд шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмасликка ҳам йўл қўйилмайди.

Аммо баъзи ҳолларда қонунчилик муқаддам судланган шахсларни ишга қабул қилишни тўғридан-тўғри тақиқлайди. Бундай ҳолларда рад этиш қонуний ҳисобланади. Масалан, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига биноан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек, қасддан содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари бўлиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, суд қўшимча жазо тариқасида шахсга муайян турдаги лавозимларни эгаллашни тақиқлашга ҳақли. Аксарият ҳолатларда – раҳбарлик ва моддий жавобгарликка эга бўлган лавозимларни эгаллашни. Бундай ҳолда ишга қабул қилиш ҳатто жиноят – суд ҳужжатини ижро этмаслик деб топилиши мумкин (ЖКнинг 232-моддаси).

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 22.01.2018 йилдаги ПФ–5308-сон Фармонининг 10-банди билан вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинган. Фармон 23.01.2018 йилдан кучга кирган.

Бироқ Меҳнат кодексининг 80-моддасига, шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-2-моддасига ўзгартиришлар ҳали киритилмаган.

 

Қонун 19.04.2018 йилдан кучга кирди.


 

Бизнес учун ер участкалари – электрон аукцион орқали

 

Президентнинг 20.04.2018 йилдаги «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

 

2018 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб белгиланадики, унга кўра:

► юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш ­«E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилади;

► ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш фақат замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга оширилади.

Бунда қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилди:

► ҳисоб-китоб (смета) қиймати 2 млрд сўм ва ундан юқори бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқлаш;

► қурилиш (реконструкция, капитал таъмирлаш) қиймати олдин эълон қилинган қийматидан ошган ижтимоий ва фуқаролик аҳамиятга эга объектлар бўйича хулосалар бериш;

► Президентнинг 2011 йил 27 декабрдаги «Ижтимоий ва фуқаро объектларини лойиҳалаш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–1666-сон қарори.

 

Самир Латипов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Қонун харид қилиш тартиб-таомиллари шаффофлигини таъминлайди

 

2018 йил 9 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Давлат харидлари тўғрисида»ги ЎРҚ-472-сон Қонунни имзолади. Ҳужжат билан давлат харидларининг субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари ва уларга тааллуқли қоидалар белгиланди.

 

Қабул қилинган Қонун ЎзР Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Президентнинг «Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлар тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (31.07.2017 йилдаги ПҚ-3166-сон) талабларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. У давлат харидлари жараёни очиқлиги ва шаффофлигини, ушбу соҳада тадбиркорлар рақобат асосида курашишини таъминлайди ҳамда давлат бюджети, марказлаштирилган манбалар ва давлат улушига эга корхоналар маблағларидан самарали фойдаланиш имконини беради.

Қонунда харид қилиш тартиб-таомилларининг 5 та тури белгиланган, уларнинг 2 таси давлат хариди тўғрисида қарор қабул қилишда инсон омилини бутунлай истисно этади. Қолган харид қилиш тартиб-таомилларидаги шаффофлик махсус ахборот порталида зарур ахборотни эълон қилиш йўли билан таъминланади.

Ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган харид каби харид қилиш тартиб-таомили тури халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда илк бор жорий этилмоқда.

Қонун қабул қилингунга қадар мазкур соҳа 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинар эди. Бунда давлат харидларининг яхлит тизими мавжуд бўлмай, оқибатда ҳуқуқий жиҳатдан қарама-қаршиликлар юзага келар эди. Тартиб-таомилларнинг кўп босқичли келишувдан ўтиши ва бир-бирини такрорлаши порахўрликка замин яратар, бунга анча вақт кетишига олиб келар эди.

Шу сабабли Қонунни тайёрлаш чоғида давлат харидларини тартибга солувчи ва қуйидаги имкониятларни берувчи тўғридан-тўғри амал қиладиган ягона қонун ҳужжатини қабул қилиш вазифаси ҳам қўйилди:

► амалиётда мавжуд бўлган қарама-қаршиликлар ва эскирган нормаларни бартараф этиш;

► амал қилаётган нормалар, қоидалар, харид иштирокчилари ваколатларини бир тизимга солиш;

► энг яхши халқаро амалиётлар учун қонунчилик базасини яратиш ва давлат харидлари тизимида порахўрликка олиб келувчи омилларни камайтириш.

Қонунда давлат харидларини амалга оширишга доир мавжуд тажриба, шунингдек халқаро амалиёт, шу жумладан БМТнинг Халқаро савдо-сотиққа доир ҳуқуқ бўйича комиссияси (ЮНСИТРАЛ) модель қонунчилиги, Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар қонунчилигининг асосий қоидалари ҳисобга олинган. Қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар, шу жумладан Жаҳон банки, эксперт ва бизнес-ҳамжамият, вазирликлар ва идоралар вакиллари билан муҳокама қилинган.

Қонундаги асосий янгиликлар

► Давлат буюртмачиларининг 2 та турли тоифаси – «бюджет» ва «корпоратив» буюртмачилар жорий этилди.

► ЎзР Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди. Илгари бундай ваколатли орган бўлмаган.

► Давлат харидларининг барча турлари учун махсус ахборот портали жорий этилмоқда. Электрон дўкон ва аукциондаги ғолибни электрон тизим автоматик равишда белгилайди.

► Махсус талаблар қўйилмайдиган барча турдаги товарлар (ишлар, хизматлар) электрон дўкон орқали харид қилинади. Бюджет буюртмачилари учун лимит – ЭКИҲнинг 25 бараваригача, бироқ йилига ЭКИҲнинг 2 500 бараваридан кўп эмас. Корпоратив буюртмачилар учун – ЭКИҲнинг 250 бараваридан кўп эмас. Илгари фақат 10–13 гуруҳдаги товарлар, ишлар ва хизматлар рўйхатига киритилган, 100 минг АҚШ долларигача бўлган суммадаги энг зарур товарлар биржадаги электрон савдолар орқали харид қилинар эди.

► Танлов савдолари белгиланган мезонларга мувофиқ келувчи барча турдаги товарлар (ишлар, хизматлар)га татбиқ этилади. Илгари танлов савдолари ўтказиш механизми асосан капитал қурилиш соҳасида амал қилар эди.

Тендер савдолари учун сўмдаги лимитлар белгиланди: бюджет буюртмачилари учун – ЭКИҲнинг 6 000 бараваридан ортиқ, корпоратив буюртмачилар учун – ЭКИҲнинг 25 000 бараваридан ортиқ. Илгари тендер савдолари бўйича лимит 100 минг АҚШ долларини ташкил этар эди.

► Харид қилиш тартиб-таомилларини мониторинг ва назорат қилиш тартибга солинди.

► Шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия барча турдаги харидлар бўйича шикоятларни кўриб чиқади. Илгари давлат харидларини назорат қилиш масалалари тартибга солинмаган, низо ва ихтилофлар эса фақат электрон харидлар бўйича махсус комиссия томонидан кўриб чиқилар эди.

Мазкур Қонуннинг амалга оширилиши соғлом рақобат муҳити янада ривожланиши, тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларида тенг иштирок этиши, давлат сектори самарадор ва оқилона асосда оптимал муддатларда товарлар (ишлар, хизматлар) билан таъминланиши имконини беради, шунингдек мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити шаклланиши жараёнини давом эттиради ва халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларининг яхшиланишида ёрдам беради.

 

Эркин Ҳосилов,

ЎзР Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг бош мутахассиси. 

 

 

«Коммунал» маълумотномаларисиз нотариал расмийлаштириш мумкин

 

Вазирлар Маҳкамасининг 6.04.2018 йилдаги 269-сон қарори билан ВМнинг «Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (27.02.2017 йилдаги 106-сон) қўшимчалар киритилди («Норма маслаҳатчи»нинг мазкур сони ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда).

 

Тошкент шаҳрида идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлаш 2017 йил июлдан бошлаб амалга оширилмоқда, уни бутун республика бўйича жорий этиш эса шу йилнинг 1 июлидан бошланади.

Пойтахтимизда солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича қарз мавжудлиги автоматик равишда текширилмоқда. Яъни аризачи тўловлар бўйича қарзи йўқлиги тўғрисида маълумотномалар тақдим этмайди. Ушбу ахборотни нотариусларнинг ўзи электрон тизим орқали оладилар.

Қабул қилинган ҳужжат билан республиканинг қолган минтақаларида нотариуслар томонидан аризачининг коммунал қарзлари ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда олинишини жорий этиш муддатлари белгиланди:

► электр таъминоти ва газ таъминоти бўйича – 2019 йил 1 январдан;

иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқава сувларни чиқариш хизматлари бўйича – 2021 йил 1 январдан.

Айни шу пайтдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда тегишли идора ва ташкилотлардан қарздорлик бўйича ахборот юборилиши таъминланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 6.04.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

Давлат дастурига киритилган лойиҳалар қандай молиялаштирилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 6.04.2018 йилдаги 274-сон қарори Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси фаолиятини тартибга солади.

 

Жамғарма Президентнинг 18.12.2017 йилдаги ­ПҚ-3437-сон қарори билан ташкил этилган бўлиб, давлат дастурига киритилган, шу жумладан минтақалар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган.

Жамғарма – мустақил балансга, МБда ҳисобрақамларига ва шахсий ғазна ҳисобварақларига эга юридик шахс. Таркиби Президент томонидан тасдиқланадиган Кузатув кенгаши бошқарувнинг юқори органи ҳисобланади.

Ҳужжат билан Ижро этувчи дирекция тузилмаси белгиланди, унга мувофиқ Жамғарма бир ой муддатда малакали кадрлар билан тўлдирилади. Шунингдек Жамғарма маблағларини шакллантириш, тақсимлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тасдиқланади.

Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

► лойиҳаларни кўриб чиқиш ва уларни ривожланиш давлат дастурларига киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

► лойиҳалар бўйича Жамғарма маблағларини жамлаш ва тақсимлаш, шунингдек уларни молиялаштириш;

► инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва молиялаштиришнинг барча босқичларида коррупцияга қарши курашиш механизмларини ишлаб чиқиш ва инвестициялаш жараёнларига жорий этиш.

Жамғарма Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг тақдимномасига биноан таклиф этилаётган лойиҳалар бўйича ҳужжатлар туркумларини кўриб чиқади ва ҳар йили 10 октябргача бўлган муддатда маблағлар тушумининг прогноз ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда уларни давлат дастурларига киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Ижро этувчи дирекция давлат дастурларига киритилган лойиҳалар буюртмачиларига тасдиқланган молиялаш ҳажмларини улар томонидан жорий йилда лойиҳалар объектлари рўйхатини шакллантириш учун етказади. Лойиҳалар рўйхати Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишилади. Шундан сўнг Молия вазирлиги, давлат мақсадли ва бюджетдан ташқари жамғармалари тегишли шахсий ғазначилик ҳисобварақларини очади ҳамда ҳар бир лойиҳа бўйича харажатлар сметасини Молия вазирлигининг ахборот тизимига киритади.

Жамғарманинг молиявий ҳисоботлари нуфузли аудиторлик ташкилотлари жалб этилган ҳолда, ҳар йили мустақил ташқи аудитдан ўтказилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 9.07.2018 йилдан кучга киради.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1385 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика