Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 16 / Иш берувчига ёрдам

Бош бухгалтер: вакансия очиқ

 

Корхона бош бухгалтери ёки бухгалтерия хизмати раҳбариташкилотчи ҳамда исталган компания фаолиятидаги мураккаб ва муҳим вазифаларни ҳал этувчи мутахассис. Шу сабабли бош бухгалтерга анча юқори талаблар қўйилади. Бош бухгалтер фаолиятининг ҳуқуқий жиҳатлари: малакаси, меҳнат муносабатлари хусусияти, моддий, маъмурий ва жиноий жавобгарлик масалалари – қонун даражасида мустаҳкамланган. «Молия ишлари раҳбари» нималар билан шуғулланиши эса кўп жиҳатдан компанияга боғлиқ. Баъзан бир неча йўналишдаги ишни бир йўла бажаришига тўғри келади.

Шундай экан, бош бухгалтер қандай мезонларга мувофиқ келиши керак? Иш берувчи билан меҳнат муносабатлари қандай йўлга қўйилиши мумкин? Унинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари қандай?

Ташкилотнинг жадал ривожланишини таъминламаса ҳам, ҳеч бўлмаганда барқарор ва зарар кўрмай ишлашига ёрдам берадиган айрим муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтамиз.

 

 

Умумий талаблар

 

Маълумоти ва иш стажи

Бош бухгалтер:

√ устав фондида давлатга тегишли улуш бўлган;

√ мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиладиган ташкилотда ишлайдиган бўлса, олий маълумотга эга бўлиши шарт. Бундай ташкилотларга қуйидагилар киради:

1) акциядорлик жамиятлари;

2) банклар ва бошқа кредит ташкилотлари;

3) суғурта ташкилотлари;

4) инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жамлаб турувчи бошқа фондлар ҳамда уларнинг инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар;

5) манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари бўлмиш хайрия фондлари ва бошқа ижтимоий фондлар;

6) маблағларининг ҳосил бўлиш манбалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган, юридик ва жисмоний шахслар томонидан қилинадиган мажбурий ажратмалар бўлмиш бюджетдан ташқари фондлар;

7) фонд ва товар биржалари;

8) устав фондида давлатга тегишли улуш бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат унитар корхоналари («Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси).

Гарчи «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар киритилмаган бўлса ҳам, 2017 йил августида ушбу рўйхат Мирзо Улуғбек Инновация маркази резиденти мақомини олган хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобига кенгайди. Ҳар йили молия-хўжалик фаолияти мажбурий аудитини ўтказиш унинг мажбуриятлари сирасига киради (Низомнинг 16-банди, ВМнинг 15.08.2017 йилдаги 631-сон қарорига 2-илова).

Ташкилот раҳбари олий маълумотга эга бўлмаган бош бухгалтерни ишга қабул қилса, ушбу талабни бузганлиги учун унга нисбатан қандай чора қўлланилади? Раҳбарнинг бундай хатти-ҳаракатлари текширув чоғида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш деб баҳоланади, бунинг учун ЭКИҲнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима тўлашига тўғри келади (МЖТКнинг ­49-моддаси). Бундан ташқари, текширувчи органлар «маълумотсиз» бош бухгалтерни ишдан бўшатишни талаб қиладилар.

Олий маълумотли бўлишидан ташқари, бундай ташкилотларнинг бош бухгалтери:

√ олий иқтисодий маълумотга эга бўлган тақдирда – охирги 5 календарь йилдан камида 3 йили;

√ ноиқтисодий олий маълумотга эга бўлган тақдирда эса – охирги 10 календарь йилдан камида 7 йили бухгалтерия ҳисобини юритиш ёки молиявий ҳисоботни тузиш ёхуд аудиторлик фаолияти билан боғлиқ муайян иш стажига эга бўлиши керак.

Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган ташкилотнинг бухгалтерия ҳисобини ихтисослашган аутсорсинг компанияси юритса, ушбу компания ходими ҳам санаб ўтилган талабларга мувофиқ келиши керак («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси).

Банклар ва суғурта ташкилотларининг бош бухгалтерларига алоҳида талаблар қўйилади. Чунончи, банкнинг бош бухгалтери:

√ олий махсус маълумот;

√ шу мутахассислик бўйича иш стажи;

√ бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари бўйича ўқув курсини муваффақиятли якунланганлигини тасдиқловчи Марказий банкнинг махсус сертификатига эга бўлиши керак (АВ томонидан 11.07.2008 йилда 1834-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқномага 1-илованинг 6-банди).

Банк ёки иқтисодий мутахассислик бўйича олий ўқув юртида таълим олаётган ноиқтисодий олий маълумотга эга бўлган шахс ҳам тижорат банкларининг туман филиали бош бухгалтери бўлиши мумкин (АВ томонидан 14.11.2006 йилда 1641-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 11-банди).

Суғурта ташкилотининг бош бухгалтери қуйидаги малака талабларига мос келиши лозим:

√ Ўзбекистон олий таълим муассасасида олинган ёки хорижий давлатларнинг таълим муассасаларида олинган, Ўзбекистондаги олий маълумотга эквивалент деб тан олинган олий (бухгалтерлик, молиявий, иқтисодий) маълумотга эга бўлиши;

√ йўналиш (суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари) бўйича билимларга эга бўлиши;

√ бухгалтер сифатида 4 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши, шундан суғурта соҳасида бухгалтер сифатида 2 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши (АВ томонидан 30.05.2013 йилда 2462-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Судланмаганлиги

Қасддан содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсни бош бухгалтер лавозимига қабул қилиш мумкин эмас («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси).

Шахснинг у ёки бу мансабни эгаллашини ёхуд у ёки бу фаолият билан шуғулланишини суд тақиқлаши мумкин. Ана шундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати, мансаб ёки фаолиятнинг тури суд ҳукмида кўрсатилади (ЖКнинг 45-моддаси).

 

Фуқаролиги

Бошқа давлат фуқароси ҳам Ўзбекистондаги корхонада бош бухгалтер бўлиб ишлаши мумкин. Уни ишга қабул қилиш учун иш берувчи хорижий ишчи кучини жалб этишга рухсатнома ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан меҳнат фаолияти ҳуқуқи тасдиқномасини олиши керак. Мазкур қоида қуйидагиларга нисбатан қўлланмайди:

√ Ўзбекистон ТИВда аккредитация қилинган хорижий давлатларнинг халқаро ҳукуматлараро ташкилотлари ва ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналари ходимларига;

√ Ўзбекистон Адлия вазирлигида аккредитация қилинган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимларига;

√ Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан аккредитация қилинган хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналари ходимларига (Низомнинг 3, 17-бандлари, ВМнинг 19.10.1995 йилдаги 408-сон қарорига 2-илова).

 

Пропискаси борлиги

Ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса, иш берувчи уни ишга қабул қилишни рад этиши мумкин (МКнинг 80-моддаси 3-қисми). Ушбу норманинг ижроси МЖТКнинг ­223-2-моддаси бўйича маъмурий жазо билан мустаҳкамланган.

Бироқ Президентнинг Фармони билан вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ бекор қилинди. Шунингдек бундай фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинди (22.01.2018 йилдаги ПФ-5308-сон Фармоннинг 10-банди).

 

 

Давлат хизматидаги чекловлар

Ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади (МКнинг 79-моддаси). Яъни бир давлат корхонасида, масалан, яқин қариндош бўлган бош бухгалтер ва кассир ишлаши мумкин эмас.

Бу қоидадан истиснолар Ҳукумат томонидан белгиланади ва махсус Рўйхатда (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 3-илова) келтирилган. Бироқ кўп ҳолларда улар бош бухгалтерлар ва кассирларга нисбатан татбиқ этилмайди.

 

 

Ўриндошлик асосида ва бир неча лавозимда ишлаш

Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби махсус Низом (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган) билан белгиланган.

 

Ўриндошлик

Ўриндошлик асосидаги ишни ходим асосий ишидан бўш вақтида алоҳида меҳнат шартномаси асосида бажаради.

Ўриндошлик асосида ишлаш деб ҳисобланмайдиган ишлар рўйхати (297-сон Низомга илова) белгиланган. Улар орасида меҳнатга бир марта ҳақ тўланган ҳолда бухгалтерияга оид экспертиза (маслаҳат бериш) ҳам бор.

Шунингдек, бошқалар сирасида, бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассисларининг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади.

Ички ўриндошлик асосида ишлашга фақат вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади.

 

МИСОЛ. Бош бухгалтер шу ташкилотнинг ўзида лавозими бўш турган кадрлар бўлими инспектори сифатида ўриндошлик асосида ишлайди. Яъни асосий ишида кун охирида ёки асосий ишидан бўш кунида ички ўриндош сифатида кадрлар бўлими инспекторининг мажбуриятларини бажаради.

 

МИСОЛ. Бир ташкилотдаги бош бухгалтер ўриндошлик асосида бошқа ташкилотда бош бухгалтер бўлиб ишлайди. Яъни асосий ишидаги иш кунини якунлаб ёки асосий ишидан бўш кунларида ташқи ўриндош сифатида бошқа ташкилотда бош бухгалтер мажбуриятларини бажаради.

 

Бир неча лавозимда ишлаш

Ходим томонидан ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган иш вақти давомида бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариш бир неча касбда ва лавозимда ишлаш ҳисобланади.

 

МИСОЛ. Иқтисодчи-бухгалтер зиммасига унинг розилиги билан лавозими бўш турган даврда бош бухгалтер мажбуриятлари юклатилди. Яъни иш куни давомида иқтисодчи-бухгалтер бир неча лавозимда ишлаш тартибида ҳам ўзининг асосий мажбуриятларини, ҳам бош бухгалтернинг мажбуриятларини бажаради.

 

Қуйидаги ходимлар учун бир неча касб ва лавозимда ишлашга йўл қўйилмайди:

√ давлат бошқаруви органлари ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари);

√ давлат бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган бюджет ташкилотларининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек ушбу ташкилотлар таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Амалиётда кўпинча шундай савол юзага келади: бош бухгалтер кассирнинг лавозим мажбуриятларини бажариши мумкинми? Ташкилотда кассир штат бирлиги назарда тутилмаганда ёки кассир вақтинча ишда бўлмаганда (касаллиги, таътилга чиққанлиги сабабли ва ҳ.к.) шундай вазият юзага келиши мумкин. Бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотларда шу тариқа бир неча лавозимда ишлаш тақиқланмаган (АВ томонидан 22.06.2015 йилда 2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидаларнинг 37, 41-бандлари). Бюджет ташкилотларида эса бош бухгалтерга пул маблағлари учун бевосита моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган вазифаларни юклаш мумкин эмас. Унга банклар ва бошқа ташкилотлардан бевосита пул маблағларини олиш тақиқланади (АВ томонидан 22.12.2010 йилда 2169-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 20-банди).

 

 

Лавозим мажбуриятлари

 

Бош бухгалтер мажбуриятлари доираси меҳнат шартномаси ва лавозим йўриқномаси билан белгиланади.

Унинг асосий мажбуриятларига, одатда, қуйидагилар киради:

√ ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқиш;

√ келиб тушаётган пул маблағлари, товар-моддий бойликлар ва асосий воситалар ҳисобини юритиш, шунингдек уларнинг ҳаракати билан боғлиқ операцияларни бухгалтерия ҳисобида ўз вақтида акс эттириш;

√ маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари, харажатлар сметалари ижросининг ҳисобини юритиш;

√ ташкилот фаолияти молиявий натижаларининг ҳисобини юритиш;

√ солиқлар ва мажбурий тўловларни тўғри ҳисоблаш ва ўз вақтида ўтказиш;

√ дебиторлик қарзини белгиланган муддатда ундириш ва шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича кредиторлик қарзини сўндириш;

√ пул маблағлари ва товар-моддий бойликлар камомади ва ўғирланиши бўйича материалларни расмийлаштиришда, шунингдек ушбу материалларни суд ва тергов органларига бериш устидан назорат қилиш зарур бўлганда юридик хизматлар ишида иштирок этиш;

√ солиқ ва молиявий ҳисоботларни тайёрлаш ва ўз вақтида тақдим этиш;

√ ташкилотнинг бошқа бўлинмалари билан биргаликда инвентаризацияни ўз вақтида ўтказиш;

√ бухгалтерия ҳужжатларини бут сақлаш, уларнинг тўғри расмийлаштирилиши ва белгиланган тартибда архивга топширилишини назорат қилиш;

√ алоҳида балансга ажратилган таркибий бирликларда бухгалтерия ҳисоби ташкил этилганлигини текшириш.

Бош бухгалтер қонун ҳужжатларига зид бўлган операциялар бўйича ҳужжатларни ижрога ва расмийлаштириш учун қабул қилишга мажбур эмас. Бироқ амалиётда бош бухгалтер ва раҳбар ўртасида айрим хўжалик операцияларини амалга оширишга доир келишмовчиликлар юзага келиб туради. Бундай ҳолларда қонун ҳужжатларида бош бухгалтерга «шубҳали» ҳужжатларни фақат раҳбарнинг ёзма фармойиши билан ижрога қабул қилиш имкони берилади. Шунда раҳбар бундай операциялар оқибатлари учун шахсан жавобгар бўлади («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси).

Бош бухгалтер ўзига бўйсунадиган ходимлар учун хизмат мажбуриятларини белгилайди. Бухгалтерия ҳисоби билан машғул бошқа бўлинмалар ва хизматларнинг ходимлари бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этиш ва юритиш масалалари юзасидан бош бухгалтерга бўйсунадилар.

 

МИСОЛ. Ташкилотда иш вақти, ЁММ, эҳтиёт қисмлар, қатъий ҳисоботдаги бланкалар ҳисобини бухгалтерия ходими бўлмаган диспетчер юритади. Бироқ ҳисоб ва ҳисобот юритишда у бош бухгалтерга бўйсунади.

 

 

Ҳуқуқлари

 

Бош бухгалтер таркибий бўлинмалар раҳбарларидан, зарур ҳолларда эса ташкилот раҳбаридан ҳам маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, мулкни янада яхши сақлаш, бухгалтерия ҳисоби ва назорат тўғри ташкил этилишини таъминлаш учун чоралар кўришни талаб қилишга ҳақли. Бундай чоралар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин:

√ хом ашё, материаллар сарфи, меҳнат сарфининг оширилган ва эскирган нормалари ҳамда бошқа нормаларни қайта кўриб чиқиш;

√ омборхона хўжалиги, яъни хом ашё, материаллар ва бошқа бойликлар қабул қилиниши, сақланиши ва берилишини ташкил этишни яхшилаш;

√ нормалар ва нормативлар тўғри қўлланилиши, тайёр маҳсулот бошланғич ҳисоби тўғри ташкиллаштирилиши, фойдаланилаётган материаллар миқдори (натура) ҳисоби ва ҳ.к. устидан назоратни яхшилаш;

√ бошланғич ҳужжатларни расмийлаштиришнинг белгиланган қоидаларини бажармайдиган ходимларнинг мукофотлари миқдорларини камайтириш ёки ундан маҳрум қилиш тўғрисида таклифларни тайёрлаш.

Бош бухгалтер қуйидагилар билан ҳам ҳамкорлик қилишга ҳақли:

● корхонанинг таркибий бўлинмалари, шунингдек бошқа ташкилотлар билан – бухгалтериянинг ваколатига кирадиган ва раҳбар аралашувини талаб қилмайдиган масалалар бўйича;

● кадрлар бўлими билан – моддий жавобгар шахслар ва бухгалтерия ходимларини танлаб олиш, қабул қилиш, ишдан бўшатиш, жойини ўзгартириш масалалари бўйича;

● юридик хизмат билан – ташкилотнинг молиявий-хўжалик фаолияти масалалари бўйича.

 

 

Имзолаш ҳуқуқи

 

Бош бухгалтер пул ва товар-моддий бойликларни қабул қилиш ҳамда бериш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятлари, шунингдек молиявий ва бошқа ҳисоботларни имзолаши шарт («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси). Бунда ташкилот раҳбари бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарувни ташкил этадиган шахсларнинг алоҳида рўйхатини тасдиқлайди. Мисол учун, бу рўйхатга, бош бухгалтер билан бир қаторда, унинг ўринбосари ва молиявий директор кириши мумкин. Яъни ушбу рўйхатга кирган барча шахслар иккинчи имзо қўйиш ҳуқуқига эга. Амалиётда баъзан ташкилот раҳбари бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини зиммасига олади. Бундай ҳолларда у мазкур рўйхатда ўзини кўрсатиши ва бош бухгалтер имзоси талаб этиладиган барча ҳужжатларга ўз имзосини қўйиши шарт.

Баъзи ташкилотларда раҳбар товар-моддий бойликларни олиш ёки бериш, ишлар ва хизматларни бажариш шартномасини имзолашдан олдин уни бош бухгалтер имзолашини талаб қилади. Аслида қонуний жиҳатидан бу талаб белгиланмаган бўлса ҳам, оқилона усул ҳисобланади.

Биринчидан, одатда айни бош бухгалтер солиқ солиш масалаларини яхши тушунади. Шартномани тайёрлашда иштирок этиб, ташкилотда қандай солиқ мажбуриятлари юзага келиши, шартноманинг у ёки бу шакли қандай хусусиятларга эгалиги, қандай шартларни рад этиш, қандайларини эса, аксинча, батафсилроқ қайд этиш кераклиги ҳақида раҳбариятни олдиндан хабардор қилади. Бу назорат қилувчи органлар билан боғлиқ муаммолар, бинобарин, молиявий ва маъмурий жазодан қочиш имконини беради.

Иккинчидан, режалаштирилаётган барча битимлар ҳақида олдиндан ахборот берган бош бухгалтер моддий, меҳнат ва молиявий ресурслардан фойдаланиш жараёнини назорат қила олади.

Шартномалардан ташқари, бош бухгалтерлар меҳнатга ҳақ тўланишига (лавозим маошларини ўзгартириш, иш ҳақига устамалар белгилаш, мукофотлаш ва ҳ.к.) оид буйруқлар ва фармойишларни имзолайдилар.

 

 

Жавобгарлиги

 

Бош бухгалтер ўз фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишга мажбур. Бош бухгалтер ўз лавозим мажбуриятларини бажариши чоғида йўл қўйиши мумкин бўлган қонунбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жазо чоралари назарда тутилган.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган. Бош бухгалтер жиноий ҳуқуқ нормаларини бузса, унга нисбатан Жиноят кодексида назарда тутилган жазо қўлланилади.

Бош бухгалтерга маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатига эга органлар (давлат солиқ хизмати, давлат божхона хизмати, давлат статистика хизмати ва б.) маъмурий тартибда жарима сола оладилар.

Жиноий жазо фақат қонун билан жиноят ишлари бўйича судда ишларни кўриш тартиботида белгиланган суд ҳукми бўйича тайинланиши мумкин. Бошқа органлар жиноий санкцияларни қўллашга ҳақли эмас.

 

Ирина Ахметова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 3118 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика