Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 16 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Хусусий болалар боғчалари солиқ имтиёзига эга бўлди

Президентнинг 5.04.2018 йилдаги ПҚ–3651-сон қарори билан мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди.

 

Ҳужжатда мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг (ДХШ) қуйидаги шаклларини жорий этиш назарда тутилади:

√ нодавлат МТМ биноларини қуриш учун текин асосда ер участкаларини, шу жумладан фаолият кўрсатаётган давлат МТМ ҳудудидаги ер участкаларини доимий фойдаланишга тақдим этиш – 30 йилдан кам бўлмаган муддатга;

√ кейинчалик оталиққа олиш билан мавжуд давлат МТМни реконструкция қилиш ва жиҳозлаш шарти билан нодавлат болалар боғчалари объектларини қуриш учун ер участкаларини текин асосда тақдим этиш – 30 йилдан кам бўлмаган муддатга;

√ концессия (давлат томонидан ер участкаларига, биноларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқининг концессиячи фойдасига воз кечиш шартномаси) асосида қурилиш учун ер участкаси ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш – 15 йилгача;

√ бўш турган давлат мулки объектлари, жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат МТМ биноларини «ноль» харид қийматида сотиш – 30 йилдан кам бўлмаган муддатга;

√ давлат МТМнинг фойдаланилмаётган бинолари ёки тўлдирилмаган корпусларини – 30 йилдан кам бўлмаган муддатга мақсадли равишда узоқ муддат текин фойдаланиш учун хусусий шерикларга тақдим этиш;

√ хусусий шерик мулки асосида ташкил этилган нодавлат МТМни моддий-техник ва молиявий жиҳатдан таъминлаш – 10 йилдан кам бўлмаган муддатга;

√ оилавий нодавлат МТМни моддий-техник ва методик таъминлаш – 3 йилдан кам бўлмаган муддатга;

√ оталиққа олиш кўринишида филантропик фаолият – 1 йилдан кам бўлмаган муддатга.

Шерикликнинг бошқа шакллари ҳам бўлиши мумкин.

ДХШ Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижасига асосан тузиладиган битим асосида амалга оширилади.

Бунда хусусий шерикларга инвестиция мажбуриятларининг қуйидаги турлари юкланади:

√ ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалар тарбияланувчиларининг муайян миқдорини ўқитиш ва улар учун ота-оналар тўловининг имтиёзли миқдорини белгилаш (мазкур жойдаги давлат МТМ учун белгиланган миқдордан ошмайдиган миқдорда);

√ хусусий шерикка бириктирилган давлат МТМни қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича ишларни амалга ошириш.

 

Хусусий шерикларни молиялаштириш

Давлат бюджетидан субсидия ажратилади – давлат МТМнинг битта тарбияланувчиси учун харажатлар суммасининг 50%игача. Молиялаштириш маблағлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасининг алоҳида очиладиган ҳисобварағида жамғарилади. Жумладан Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банкининг кредитлари махсус ҳисобварақни шакллантириш манбаларига айланади.

Махсус ҳисобварақ маблағлари тижорат банкларига фоизсиз асосда нодавлат МТМни ташкил этиш мақсадида кўчмас мулк сотиб олишни имтиёзли кредитлаш учун, айнан:

√ қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилган арзон уй-жойларни;

√ кўп хонадонли уйларнинг 1-2-қаватларидаги хонадонларни сотиб олиш учун тақдим этилади.

Шунингдек, кредитлар ДХШ тўғрисидаги битим объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ҳам учун ажратилади.

Махсус ҳисобварақ маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлар тижорат банклари томонидан мактабгача таълим фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларига йиллик 1% ставка бўйича 15 йил муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан ажратилади.

 

Солиқ имтиёзлари

Қарорда давлат-хусусий шериклик шартларида ташкил этилган нодавлат МТМ учун қатор солиқ имтиёзлари назарда тутилган.

1. Улар қуйидагилардан озод этилади:

а) фаолият кўрсатишни бошлаган пайтдан бошлаб 10 йил муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан;

б) ДХШ тўғрисида битим тузилган кундан бошлаб 2 йил муддатга – тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган асбоб-ускуналар, инвентарь, ўқув қўлланмалари ва ўйин зоналари учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғим бундан мустасно);

Ушбу солиқ ва божхона имтиёзлари фақат ҳисобот (солиқ) даври якунларига кўра мактабгача таълим соҳасида кўрсатилган хизматлардан олинган соф тушумнинг улуши умумий реализация ҳажмининг камида 80%ини ташкил этган нодавлат МТМга нисбатан қўлланилади.

Мазкур имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин нодавлат МТМга ота-оналар имтиёзли тўлови миқдори асосида квоталар бўйича қабул қилинган тарбияланувчиларга таълим хизматларини кўрсатишдан олинган фойда ДХШ тўғрисида битимнинг амал қилиш муддати даврида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ ­солинадиган базадан ёки ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базадан чегириб ташланади.

2. 1.01.2023 йилгача нодавлат МТМ учун ЯИТ ставкаси меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларнинг 10%и миқдорида белгиланди. ДХШ асосида ташкил этилган нодавлат МТМ учун эса – ДХШ тўғрисида битим имзоланган ойдан бошлаб 10 йил муддатга ЯИТ 5%ни ташкил этади.

3. Жорий йилнинг 15 апрелидан бошлаб кичик тадбиркорлик субъектларига мансуб бўлиши учун МТМ ходимларининг чегараланган ўртача йиллик сони 100 нафаргача белгиланган (айни пайтда – 25 нафарни ташкил этади).

 

ДХШ бўйича лойиҳаларда қандай ташаббус кўрсатилади ва танлов қандай ўтказилади

Нодавлат мактабгача таълим хизматлари кўрсатиш истагида бўлган субъект Мактабгача таълим вазирлигига тегишли аризани беради, унда қуйидагилар кўрсатилади:

√ хусусий шерикнинг номи ва жойлашган жойи – юридик шахслар учун, шахсий маълумотлари ва яшаш манзили – жисмоний шахслар учун;

√ лойиҳани амалга ошириш мақсадлари;

√ назарда тутилаётган битим объекти ёки ер участкаси тўғрисидаги маълумотлар.

Келиб тушган ариза Вазирлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Давлат рақобат қўмитаси билан биргаликда 10 кун ичида кўриб чиқилади. Улардан ижобий хулосалар олинганидан кейин танлов эълон қилинади. Танлов, шунингдек, вазирлик ташаббуси билан ҳам ўтказилиши мумкин.

У бошланишидан 30 кун олдин Вазирликнинг сайти ва бошқа ОАВларда, ижтимоий тармоқларда танлов савдолари ўтказилиши ҳақидаги эълон жойлаштирилади. Танловда иштирок этиш учун хусусий шерик қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда Вазирликка буюртма топширади:

√ юридик шахс рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки паспорт нусхалари – жисмоний шахс учун;

√ буюртма тақдим этилишидан кўпи билан 1 ой олдин муддатда солиқлар, йиғимлар, бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи ҳамда бошқа молиявий санкциялар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома;

√ лойиҳани амалга оширишнинг молиявий имкониятларини тасдиқловчи – соф активлар, лойиҳа қийматининг камида 25%и миқдорида бошқа ташкилотнинг кафиллиги тўғрисидаги маълумотлар;

√ МТМ биносини қуриш (реконструкция қилиш) учун эскизли лойиҳа таклифи;

√ бино қурилиши учун дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичлар;

√ ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ЭКИҲнинг 1 баравари).

Ариза махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади, танлов таклифи лойиҳани амалга ошириш учун энг мақбул деб топилган иштирокчи танлов ғолибига айланади. 10 кун ичида у билан ДХШ тўғрисидаги битим тузилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 5.04.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Ишлаб чиқаришнинг энергия жиҳатдан самарадорлиги хулоса билан тасдиқланади

 

Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг қарори (3.04.2018 йилда 2991-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатдан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги, шунингдек ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш тўғрисида хулосалар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Бундай хулосалар «Ўздавэнергоназорат» ва «Ўздавнефтгазинспекция» инспекцияси томонидан «Энергияни тежаш миллий компанияси» АЖ билан биргаликда табиий газ ва электр энергиясини реализация қилишда нарх белгилашнинг алоҳида тартиби белгиланган истеъмолчи ташкилотларга берилади.

 

Таҳририятдан: Моҳиятан олганда, ушбу хулоса фақат пиширилган ғишт, асфальт ва цемент ишлаб чиқарувчи, энергия жиҳатидан самарали технологиялар ва ускуналарни жорий этган, шунингдек ёқилғининг муқобил турларидан (кўмирдан), шу жумладан цемент ишлаб чиқаришнинг «қуруқ усули»дан фойдаланувчи корхоналарни қизиқтиради. Хулоса мавжуд бўлганда улар истеъмол қилинадиган табиий газ ҳақини амалдаги тарифга (1 куб м учун 289,74 сўм) нисбатан 1,6 коэффициентни қўллаган ҳолда, яъни 1 куб м учун 463,6 сўмдан тўлайдилар. Бу газ ва электр энергияси учун нарх белгилашнинг алоҳида тартиби белгиланган бошқа хўжалик юритувчи субъектлар 1 куб м учун 1 000 сўмдан тўлаганидан кўра 2 баравар фойдалироқ.

 

Хулоса олиш учун ташкилот «Ўздавэнергоназорат» ёки «Ўздавнефтгазинспекция» инспекциясининг ҳудудий бўлимига ариза билан мурожаат қилади, унга стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатнинг нусхасини илова қилади. Унда улар томонидан қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичлари акс эттирилади.

Ариза қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.

Инспекциялар мутахассислари ариза олинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида ташкилотга борган ҳолда қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатга мувофиқлиги, шунингдек ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланилаётганлигини ўрганадилар. Мутахассислар ташкилотда сертификатланган ва энергия жиҳатдан самарали асбоб-ускуналар ва приборлар қўлланилаётганини ҳам ўрганадилар.

Ўрганиш натижалари юзасидан 2 нусхада маълумотнома тузилади, у инспекциялар мутахассислари, ташкилотнинг раҳбари ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Маълумотнома «Энергияни тежаш миллий компанияси» АЖга юборилади, бу ерда у 10 кун ичида ўрганиб чиқилади.

«Энергияни тежаш миллий компанияси» АЖ қўлланилаётган технологиялар ва асбоб-ускуналарни энергия жиҳатдан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқ (ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланилади) деб топганда хулосани расмийлаштиради ва уни шу куннинг ўзида тегишли инспекциянинг ҳудудий бўлимига кейинчалик ташкилотга бериш учун юборади. Хулоса компания ва инспекцияларнинг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари томонидан имзоланган ҳамда уларнинг муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим. Хулоса 5 йил муддатга берилади. Унга асослантирувчи ҳужжатлар илова қилинади.

Аксинча, xулоса технологиялар ва асбоб-ускуналар энергия жиҳатдан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқ эмас деб топилса, асослантирилган хат тайёрланади, у кейинчалик ташкилотга тақдим этиш учун тегишли инспекциянинг ҳудудий бўлимига юборилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 3.04.2018 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова, Анвар Иркахўжаев, «Norma» МЧЖ экспертлари.

Прочитано: 1219 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика