Пойтахтимизда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолатлари тўғрисида энди Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ сайти орқали хабар бериш мумкин бўлади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг сайтида махсус «Мобил репортёр» бўлими пайдо бўлади. Унинг ёрдамида фойдаланувчилар йўллардаги ҳар қандай қоидабузарликлар тўғрисидаги ахборотни фото ва видео орқали жўнатишига имкон берилади.
Пойтахт ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг сўзларига қараганда, бўлим ишга туширилган дастлабки ойда тест режимида ишлайди.
«ЙҲХБ ходимлари кейинчалик қоидабузарларга нисбатан чора кўриш мақсадида ушбу материалларни расмий далил-исбот сифатида кўриб чиқадилар. Асосийси, фото- ва видеоёзувларда уларнинг автомобиллари рақами кўриниб туриши керак. Бу вазифани анча енгиллаштиради. Хоҳишга кўра хабар жўнатаётган муаллифларнинг шахси сир сақланиши мумкин», – деди яқинда ўтказилган брифингда Дониёр Тошхўжаев.
У ҳаракат хавфсизлигига атайин хавф туғдирган ҳолда Тошкент йўллари бўйлаб ўтган тўй кортежидаги ҳайдовчилар билан яқинда бўлиб ўтган ҳодисани ҳам эслатиб ўтди. Бу ҳақдаги ролик ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган эди. Қоидабузарлар аниқланиб, видеоматериалнинг ўзи уларни жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб хизмат қилди.
Пойтахт ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари таъкидлаганидек, бундай ҳолларда қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишга ҳожат йўқ, сабаби аудио-, фото- ва видеоёзувлардан қоидабузарлик далили сифатида фойдаланиш мумкин.
Янги сайт ишга туширилиши сабабли Тошкент шаҳар ЙҲХБ бошлиғи, полковник Барот Маменовга онлайн режимида шахсан мурожаат қилиш имкони бўлади. Идора Telegram канали ва Facebook ижтимоий тармоғида ҳам расмий саҳифасини очади.
Интернет тармоғи материалларидан.
«АвтоНорма» бўлимини Алла Ромашко олиб боради.