Синов муддати тугашига бир ой қолганда ходимни бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимига ўтказдилар. Бунда иш берувчининг ташаббусига кўра синов муддати 3 ойга узайтирилди.
Бу ҳолда синов муддатининг узайтирилиши тўғрими?
П.Ирсов.
– Йўқ, тўғри эмас. Фақат ишга қабул қилиш чоғида ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириб кўриш мақсадида меҳнат шартномаси дастлабки синов шарти билан тузилиши мумкин (МКнинг 84-моддаси 1-қисми).
Доимий бошқа ишга ўтказиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Бошқа доимий ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгаришлар асос бўлади (МКнинг 96-моддаси 1-қисми).
Доимий бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги буйруқ меҳнат шартномасига киритилган ўзгаришларнинг мазмунига тўла мувофиқ ҳолда чиқарилади ва ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади (МКнинг 96-моддаси 2-қисми).
Шу тариқа, иш берувчи бошқа лавозимга ўтказилган ходимга янги синов муддатини белгилашга ҳақли эмас.
Абдусалом Рисқуллаев, «Norma» МЧЖ бош эксперти.