Умумий майдони 12,24 сотихни ташкил этувчи 2 та дала ҳовли участкасини сотиб олдим. Кадастр ҳужжатларини расмийлаштирганимдан кейин боғдорчилик-узумчилик ширкати (БУШ) кириш ва аъзолик бадалларини тўлашни талаб қилди. БУШ 2008 йилдаги баённомага ҳавола қилган ҳолда ер участкасининг ҳар бир сотихи учун ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида кириш бадали тўлашни талаб этмоқда.
Бунинг устига, БУШ кадастр органини жалб этмасдан участкаларимни ўлчаб, умумий майдон 12,7 сотих деб белгилаган.
1. БУШ мени БУШ аъзолигига қабул қилмасликка ва аъзолик дафтарчасини бермасликка ҳақлими?
2. Кириш бадалини ҳали тўламаган бўлсам, ЭКИҲ ўзгарганда унинг миқдори ошадими?
3. БУШ ўлчови билан белгиланган ва кадастр маълумотларига зид келувчи ер участкаси умумий майдонидан келиб чиқиб БУШ кириш бадали миқдорини белгилашга ҳақлими?
З.Тен, бош бухгалтер.
1 |
Боғдорчилик-узумчилик ширкати (БУШ) ташкил этилган ҳудуддаги иморатни сотиб олувчи шахс унда иморат ва иншоотга мулк ҳуқуқи пайдо бўлган ва у ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши қарори билан БУШ аъзолигига қабул қилинган пайтдан бошлаб ширкат аъзосига айланади (ВМнинг 1.03.2011 йилдаги 51-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 18-банди). Кадастр ҳужжатларини расмийлаштирганингиз сабабли дала ҳовли участкаларига мулк ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилган. Энди БУШ аъзоларининг умумий йиғилиши сизни ширкат аъзолигига қабул қилиш тўғрисида қарор чиқариши керак.
Низомда кириш бадали тўлангандан кейин ушбу қарор қабул қилиниши кўрсатилмаган. Бироқ БУШ уставида ёки бошқа локал ҳужжатида бу масала аниқлаштирилиши шарт.
Бунда БУШ аъзоси кириш, аъзолик ва мақсадли бадалларни ўз вақтида тўлаши зарур (Низомнинг 22-банди).
2 |
БУШ устави ёки умумий йиғилиши қарорига мувофиқ кириш бадали шахсни аъзоликка қабул қилиш кунида амал қилувчи ЭКИҲ миқдорида белгиланган бўлса, ЭКИҲнинг ўзгариши кириш бадали миқдорига таъсир кўрсатади.
3 |
БУШ аъзоси бадалларни ўзига тегишли ер участкаси майдони улушига мутаносиб равишда тўлайди (Низомнинг 22-банди 5-хатбошиси).
Кадастр объектларининг қиймат ва сифат жиҳатидан тавсифлари тегишли давлат органлари томонидан ҳисобга олинади («Давлат кадастрлари тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси).
Бинолар ва иншоотлар давлат кадастри маълумотлари барча давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий юридик кучга эгадир. Кадастр ҳужжатлари улар билан фуқаролик-ҳуқуқий битишувларни амалга оширишда, уларни лойиҳалаштиришда ва бошқа юридик ҳаракатларда ҳуқуқий, иқтисодий ва техник маълумотлар сифатида қабул қилиниши керак (Низомнинг 3-банди, ВМнинг 2.06.1997 йилдаги 278-сон қарорига 1-илова).
Шу сабабли БУШ унинг аъзосига тегишли ер участкаси умумий майдони ҳажмини мустақил белгилашга ҳақли эмас. У кадастр ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлардан фойдаланиши шарт.
Сабоҳат Султонова,
«Norma» МЧЖ эксперти.