Ходимимиз алимент тўлайди. Пул маблағларини қабул қилувчига почта орқали ўтказамиз. Қабул қилувчи келмаганлиги сабабли сентябрь ойи учун алимент яқинда почтадан қайтиб келди.
Алиментни почта орқали ўтказишда давом этайликми, зеро ходимнинг иш ҳақидан пул ўтказмаси учун харажатлар ҳам чегирилмоқда?
Е.Степанишчева, бош бухгалтер.
– Пул маблағларининг почта ўтказмалари ўтказилган манзилга қайтарилганда, улар қарздорга иш ҳақини тўлаган ташкилотнинг ҳисобрақамига, кейинчалик ижро ҳужжатини ижрога тақдим этган суд ижрочилари бўлимининг* депозит ҳисобрақамига кўчириш учун ўтказилади. Бунда жўнатмаларни ўтказиш учун олинган тўлов қайтарилмайди (АВ томонидан 8.07.2009 йилда 1980-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидаларнинг 16-банди).
Ундирувчининг (қабул қилувчининг) манзилини аниқлаштириш зарур бўлган ҳолат бундан мустасно. Унинг манзилини аниқлаштириш пайтида маблағлар суд ижрочилари бўлимининг депозит ҳисобрақамига кўчирилмайди. Зеро қабул қилувчи манзилини ўзгартирган ва пул маблағларини янги манзилга қайта йўллашнинг ўзи кифоя бўлиши мумкин.
Ундирувчи ёки ижро ҳужжати бўйича иш ҳақидан ушлаб қолинган қарздорнинг талаби бўйича ташкилот амалга оширилган ундирувлар юзасидан маълумотнома беришга мажбурдир (Қоидаларнинг 18-банди).
Бундан ташқари, қарздорга иш ҳақи тўлаётган ташкилот кейинги ойнинг 5-санасидан кечиктирмай, суд ижрочисига ижро ҳужжатлари бўйича пул маблағларини ундириш тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади (Қоидаларнинг 28-банди). Суд ижрочиси эса улар ўз вақтида ўтказилиши юзасидан текшириш ўтказади (Қоидаларнинг 29-банди).
Қоидалар талабларини бузган айбдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари назарда тутилган (МЖТКнинг 198-2-моддаси; ЖКнинг 232-моддаси).
Ташкилотингиз манзилига қайтарилган почта пул ўтказмасини суд ижрочилари бўлимининг депозит ҳисобрақамига кўчириш зарур. Ундирувчининг (қабул қилувчининг) келмаганлиги муносабати билан почта пул ўтказмаси қайтарилганлиги ҳақида суд ижрочисини хабардор қилиш ва унинг манзилини аниқлаштиришини сўраш ҳам лозим.
Ижро ҳужжатини бажармаганлигингиз сабабли жазоламасликлари учун, ҳатто ундирувчи уларни қабул қилиш учун келмаётган бўлса ҳам, алимент тўлаш ва ўтказишни ўзбошимчалик билан тўхтатиб қўйманг.
Зебо Қўйлиева,
«Norma» МЧЖ эксперти.
*Президентнинг 30.05.2017 йилдаги ПҚ-3016-сон қарори қабул қилиниши билан суд ижрочилари бўлими Мажбурий ижро бюроси бўлимига айлантирилди, суд ижрочиси эса давлат ижрочиси этиб номланди. Қоидаларга ҳозирча тегишли ўзгартиришлар киритилмади.