Корхонамиз музқаймоқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Февралда Москва шаҳридаги кўргазмада қатнашамиз. Стендни ижарага олишга контракт тузиб, ТСОЯЭАТда хизматлар импортини рўйхатдан ўтказганмиз. Кўргазмада қатнашиш учун учиб кетадиган кунда қарийб 100 кг музқаймоқни шахсий юк сифатида ўзимиз олиб чиқиб кетишни режалаштиряпмиз.
Экспорт контракти тузишимиз ва БЮДни расмийлаштиришимиз керакми?
Е.Солиҳова, бош бухгалтер.
– 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун мўлжалланган, қиймати 5 000 АҚШ долларигача бўлган товарларни товарларнинг юк ҳужжатларига мувофиқ олиб чиқишга рухсат этилган. Яъни бунинг учун экспорт контракти тузиш ҳамда божхона юк декларациясини расмийлаштириш керак эмас (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3451-сон қарорнинг 1-банди).
Президентнинг 3.11.2017 йилдаги ПҚ-3351-сон қарорига иловада қайд этилган товарлар бундан мустасно. Кўрсатилган иловада музқаймоқ қайд этилмаган.
Хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазмаларда (ярмаркаларда) намойиш этиш учун мўлжалланган товарларни олиб чиқишда кесиб ўтиладиган чегара божхона постини:
√ хорижий давлатлардаги кўргазмада (ярмаркада) уларнинг иштирок этиш режалаштирилаётгани;
√ тадбир ўтказиладиган жой, унинг муддати ва вақти;
√ олиб чиқиладиган товарлар (номи, миқдори ва қиймати) тўғрисида хабардор қилиш лозим (ПҚ-3451-сон қарорнинг 3-банди).
Олдиндан ташиш ҳақини тўлаб, божхона постини хабардор қилган маъқул.
Хорижий давлатлардаги кўргазмага олиб чиқиладиган товарларни сотиш мумкин. Тушган маблағларни ЎзР тижорат банкларидаги ҳисобрақамларга, шу жумладан банк ўтказмаси, шунингдек хорижий валютадаги нақд пул шаклида киритинг (ПҚ-3451-сон қарорнинг 2-банди).
Александр Лобанов, «Norma» МЧЖ эксперти.