Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 12 / Тадбиркорга ёрдам

ЯТТ ва унинг меҳнат дафтарчаси

 

«ЯТТ фаолиятни нимадан бошлайди» мақоласида («СБХ»нинг 6.03.2018 йилдаги 10 (1230)-сони) якка тартибдаги тадбиркор қаерда ва қандай қилиб рўйхатдан ўтиши ва банкда счёт очиши мумкинлиги ҳақида сўз юритган эдик. Бугун ЯТТнинг меҳнат дафтарчасини ким юритиши ва меҳнат стажини ҳисобга олиши, шунингдек нима учун у суғурта бадаллари тўлаши кераклигини билиб оламиз.

 

ЯТТга меҳнат дафтарчаси бериш ва уни юритиш, шунингдек меҳнат стажини ҳисобга олиш тартиби қуйидаги ҳужжатлар билан белгиланган:

● Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқнома (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган);

● Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова);

● Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова).

2019 йил 1 январдан бошлаб республикамизда «Электрон меҳнат дафтарчаси» тизимини жорий этиш режалаштирилган. Биринчи марта ишга кираётган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилмайди. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб ЯТТнинг меҳнат стажини электрон ҳисобга олишга ўтказиш назарда тутилган эди (ВМнинг 4.07.2017 йилдаги 462-сон қарори 2-банди). Бироқ бундай ўтиш ҳали якунига етказилмади.

Меҳнат фаолиятини якка тартибдаги тадбиркорликдан бошлаётган шахсларга меҳнат дафтарчаларини ҳозирча доимий яшаш жойидаги Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари расмийлаштирмоқда. Меҳнат дафтарчасини (ёки унинг дубликатини) берганлик учун ЯТТдан ЭКИҲнинг 10%игача миқдорда ҳақ ундирилади. ЯТТ бошқа ишга жойлашгунча ёки унинг яшаш жойи ўзгарган, унга пенсия тайинланган, якка тартибдаги меҳнат фаолияти тугатилган тақдирда унинг меҳнат дафтарчаси Пенсия жамғармаси бўлимида сақланади. Агар якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти жисмоний шахс учун қўшимча фаолият ҳисобланса, унинг меҳнат дафтарчаси асосий иш жойида юритилади. Бироқ унинг хоҳишига кўра Пенсия жамғармаси бўлими ходими томонидан меҳнат дафтарчасига ЯТТ сифатидаги фаолият даври тўғрисидаги ёзув киритилиши мумкин.

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ЯТТнинг меҳнат стажи ва иш ҳақи Пенсия жамғармаси бўлими томонидан суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар асосида ҳисобга олинади. Пенсия миқдори тўланган суғурта бадаллари миқдори ва иш стажининг давомийлигига боғлиқ бўлади.

ЯТТ Пенсия жамғармасига тўлаган суғурта бадаллари ҳисоби унинг доимий яшаш жойидаги ДСИ ва ПЖ бўлимида юритилади. Бунинг учун ЯТТ Пенсия жамғармаси бўлимида ҳисобда туриши шарт (ҳисобга қўйиш учун ҳужжатлар рўйхати 46-сон Низомнинг 19-бандида кўрсатилган). Суғурта бадаллари тўланганлигини ЯТТ махсус Суғурта бадаллари тўланишини ҳисобга олиш дафтарчасида (46-сон Низомга ­5-илова) қайд этади. Уни Пенсия жамғармаси бўлими очади. ЯТТ хоҳишга қараб Ҳисобга олиш дафтарчасидаги ёзувларни Пенсия жамғармаси бўлимида мавжуд маълумотлар билан солиштириши мумкин. Солиштириш натижалари Ҳисобга олиш дафтарчасига киритилади ҳамда ЯТТ ва Пенсия жамғармаси бўлими масъул ходимларининг имзоси билан тасдиқланади.

Агар ЯТТ меҳнат дафтарчасига эга бўлмаган ёки у йўқолган бўлса, пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажи фақат тўлов ҳужжатлари билан тасдиқланган Ҳисобга олиш дафтарчасидаги ёзувлар асосида ҳисоблаб чиқилади. Суғурта бадалларини тўлаш далили гувоҳлар кўрсатмалари билан тасдиқланмайди.

Фаолият тўхтатилган ёки доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда Пенсия жамғармаси бўлими ЯТТ мурожаат этган куни меҳнат дафтарчасини қўлига беради.

Пенсия тайинлаш учун ЯТТнинг иш стажини ҳисоблаб чиқишда, агар Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари суммаси ушбу йилнинг барча ойлари учун белгиланган энг кам суғурта бадалларидан кам бўлмаса (тўланган пеняларни ҳисобга олмаган ҳолда), иш стажига календарь йил қўшилади.

Пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган аниқ бир ой (йил) учун ЯТТнинг даромади Пенсия жамғармасига тўланган ойлик (йиллик) суғурта бадали суммасини тўлаш даврида амалда бўлган ягона ижтимоий тўлов (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун) ва суғурта бадалларининг қонун ҳужжатларида белгиланган умумий ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади.

 

МИСОЛ. 2017 йилда ЯТТ 1 819 765 сўмлик суғурта бадалларини тўлаган, шу жумладан:

январь–ноябрь учун – 1 647 525 сўм (149 775 х 11);

декабрь учун – 172 240 сўм.

2017 йилда кичик бизнес корхоналари ва фермер хўжаликлари учун ЯИТ ставкаси – 15%, суғурта бадаллари ставкаси эса 8%ни ташкил этган.

ЯТТ тўлаган суғурта бадаллари суммасидан келиб чиқилса, пенсия тайинлашда ҳисобга олинадиган 2017 йилги даромад:

(1 647 525 + 172 240) / (15 + 8) х 100 = 7 912 022 сўмни ташкил этади.

Ирина АХМЕТОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 2897 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика