Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 12 / Солиқ солиш

Тўқимачилар учун имтиёзлар

 

Президентнинг «2017–2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори (21.12.2016 йилдаги ­ПҚ-2687-сон) билан 2020 йил 1 январгача божхона ва солиқ имтиёзлари берилган.

 

Имтиёзлардан кимлар фойдаланиши мумкин

Тўқимачилик ва тикув-трикотаж товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, қуйидаги шартларга жавоб берувчи корхоналар имтиёзлардан фойдаланади:

1) маҳсулотлари ПҚ-2687-сон қарорга 7-иловада келтирилган товарлар рўйхатига кирадиган;

2) ҳисобот даври якунлари бўйича умумий сотиш ҳажмида шундай товарларни ишлаб чиқариш камида 60%ни ташкил этадиган. Ҳисобот даври – чорак (ПҚ-2687-сон қарорнинг 14-банди 2-қисми).

 

Диққат! Корхонага тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ИФУТ коди берилган, бироқ ушбу талабларга риоя этилмаётган бўлса, у имтиёзларни қўллашга ҳақли эмас.

 

Қандай имтиёзлар назарда тутилган

Божхона тўловлари бўйича:

● божхона тўловларини тўлашдан озод қилиш (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) – тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё ва материаллар, импорт қилинадиган ускуналар, бутловчи буюмлар учун. Рўйхатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

● тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ўзида ишлаб чиқариш учун зарур бўлган, Вазирлар Маҳкамасининг рўйхатларига киритилмаган хом ашё, материаллар ва фурнитурани импорт қилишда – божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб божхона тўловларини 60 кунгача муддатга кечиктириш (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно).

 

Солиқ солиш бўйича

Солиқ имтиёзлари фойда солиғи ва мол-мулк солиғи, ЯСТ, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилиш тарзида берилган (ПҚ-2687-сон қарорнинг 14-банди 1-қисми).

 

Эътибор беринг! 2018 йил 1 январдан бошлаб:

Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалар ягона тўловга – мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий ажратмалар (МДЖА) тўлови этиб бирлаштирилган. ­Ажратмалар ­ставкаси – 3,2% (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорнинг 4-банди).

Республика йўл жамғармасига ажратмалар тўлашдан озод қилинганда МДЖА Пенсия жамғармасига тўлиқ ҳажмда ўтказиш билан 1,5%лик имтиёзли ставка бўйича тўланади (ПҚ-3454-сон қарорга 24-илова изоҳи);

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи билан бирлаштирилди. Фойда солиғи ставкаси – 14% (ПҚ-3454-сон қарорнинг 3-банди 2-хатбошиси; 7-илованинг ­1-банди). Фойда солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш кўринишидаги ­имтиёз амал ­қилганда у 2 баравар пасайтирилган ставкада, яъни 7% миқдорида тўланади ­(ПҚ-3454-сон қарорга ­7-илова изоҳи).

 

Имтиёзлар бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади

Қарор билан тақдим этилган имтиёзларни қўллаш тартиби махсус Низом (АВ томонидан 16.05.2017 йилда 2885-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.

ПҚ-2687-сон қарор билан тақдим этилган имтиёзлар – мақсадли эмас. Улар қўлланганда имтиёз бериладиган солиқлар, божхона ва мажбурий тўловлар маҳсулотнинг сотиш (харид) қийматига ҳисоблаб ёзилмайди ва киритилмайди (АВ томонидан 2.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 3-банди). Улар бухгалтерия ҳисобининг баланс счётларида акс эттирилмайди.

Солиқлар ва божхона тўловларини тўлашдан озод этилган маблағлар ҳисобини юритиш учун «Вақтинчалик солиқ ва божхона имтиёзлари» балансдан ташқари счётлари очилади. Имтиёз бўйича бўшаган маблағлар суммаси счётнинг дебетида акс эттирилади, имтиёзли давр тугаганидан сўнг эса – счётнинг кредитига ҳисобдан чиқарилади. Имтиёзлар тўғрисидаги ахборот молиявий ҳисоботга тушунтириш хатида очиб берилади ­(1463-сон Низомнинг 10–13-бандлари).

 

МИСОЛ. Кичик тўқимачилик корхонаси 2018 йилнинг I чораги якунларига кўра ПҚ-2687-сон қарорнинг 14-бандига мувофиқ ЯСТ бўйича имтиёз қўллаш шартларига жавоб беради.

Маҳсулотни сотишдан ялпи тушум 200 000 минг сўмни ташкил этди. Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган даромад – 10 000 минг сўм. ЯСТ ставкаси – 5% (ПҚ-3454-сон қарорга 9-1-илованинг 1-банди).

ЯСТ бўйича имтиёз суммаси 10 500 минг сўмни ((200 000 + 10 000) х 5%) ташкил этади.

Имтиёз суммасини ҳисоблаб чиқаришда корхона 013-«ЯСТ бўйича вақтинчалик имтиёзлар» балансдан ташқари счётини очади ва унга 10 500 минг сўмни дебетлайди.

Имтиёз 2020 йил 1 январгача амал қилади. Корхона жамғарилган имтиёзнинг бутун суммасини 013-«ЯСТ бўйича вақтинчалик имтиёзлар» счётининг кредитига ҳисобдан чиқаради.

 

Имтиёз ва преференциялар қандай ва қачон қўлланилади

Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар олиб кирилаётган товарларнинг божхона расмийлаштируви пайтида тақдим этилади (2885-сон Низомнинг 3-банди).

Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имкониятини олиш учун божхона органларига:

● божхона тўловлари суммаларини тўлаш бўйича ёзма мажбуриятни ўз ичига олган ариза;

● Божхона кодексининг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланиши таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади (БКнинг 330-моддаси; 2885-сон Низомнинг 4-банди).

Тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашганлигини тасдиқлаш учун корхона йил якунлари бўйича солиқ ҳисоботи билан бирга солиқ органига 2885-сон Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги Маълумотнома ҳисоб-китобни тақдим этади (2885-сон Низомнинг 5-банди).

Фойда солиғи, мол-мулк солиғи, МДЖА ёки ЯСТ бўйича ҳисоб-китобларни тўлдириш чоғида ҳам корхона ПҚ-2687-сон қарор бўйича имтиёзлардан фойдаланаётганини кўрсатиш зарур.

 

1-вазият. Йил давомида имтиёзларни қўллаган корхона йил якунларига кўра имтиёзларни бериш учун белгиланган мезонларга мос келмаяпти.

Агар ҳисобот йили якунлари бўйича корхона имтиёз бериш учун белгиланган мезонларга мос келмаса, улар бекор қилинади. Солиқ кодексининг ­120-моддасида белгиланган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда, бюджетга солиқларни тўлаш бўйича мажбурият тикланади. Бу ҳолда солиқ органи 10 иш куни ичида аввал тўланмаган божхона тўловларини ундириш чораларини кўриш учун божхона органларини хабардор қилади (2885-сон Низомнинг 6-банди).

 

2-вазият. Корхона имтиёз мезонига мос келади. У ЯСТ энг кам миқдорининг маълумотнома-ҳисоб-китобини топшириши керакми?

ЯСТни унинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби ушбу солиқни тўлашдан тўлиқ озод этиш кўринишида имтиёзга эга бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 2-банди «б» кичик банди). ПҚ-2687-сон қарор бўйича имтиёзлар эса фақат чорак якунларига кўра қўлланилади. Бироқ ЯСТ энг кам миқдорининг маълумотнома-ҳисоб-китоби жорий йилнинг 1 февралигача топширилади. Январда корхона энди бошланган йилдаги сотишнинг ҳақиқий ҳажмлари ҳақида маълумот бера олмайди. Шу сабабли солиқ органига Маълумотнома-ҳисоб-китобни топшириш керак эмас. Акс ҳолда корхона мансабдор шахслари ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима тўлашларига тўғри келади (МЖТКнинг 175-1-моддаси).

Чорак якунларига кўра корхона имтиёзни қўллашга ҳақли бўлмаса, ЯСТ энг кам миқдорни инобатга олган ҳолда ҳисобланади.

 

3-вазият. Корхона имтиёз мезонига мос келади. Бошқа даромадларга солиқ солинадими?

Корхоналарнинг имтиёзни қўллаш шартларига жавоб берувчи барча даромадларига солиқ имтиёзлари берилади (ПҚ-2687-сон қарорнинг 14-банди). Бинобарин, корхонанинг бошқа даромадларига ЯСТ солинмайди.

Корхона умумбелгиланган солиқларни тўласа, бошқа даромадларга 2 баравар пасайтирилган ставкадаги фойда солиғи солинади.

 

4-вазият. Имтиёзларни қўлловчи корхона маҳсулотни таннархидан паст баҳода сотади ёки уни текинга беради. У имтиёзлардан қандай фойдаланиши мумкин?

Имтиёзга эга корхоналарда тайёр маҳсулотнинг таннархидан паст баҳода сотилишидан тушган тушумга ҳам имтиёз қўлланилади.

ЯСТ тўловчилар учун сотиш баҳоси билан таннарх ўртасидаги фарққа солиқ солинмайди.

Фойда солиғини тўловчилар учун сотиш баҳоси билан таннарх ўртасидаги фарқ солиқ солинадиган базага киритилади, бироқ солиқ ставкасини 2 баравар пасайтириш кўринишидаги имтиёз қўлланади.

Тайёр маҳсулот текинга берилганда имтиёзлар худди шундай қўлланилади.

 

5-вазият. Имтиёзларни қўлловчи корхонада чегирилмайдиган харажатлар мавжуд. Фойда солиғи қандай ҳисобланади?

Фойда солиғи бўйича бутун солиқ солинадиган базага имтиёз татбиқ этилади. У 2 баравар пасайтирилган ставкада, шу жумладан Солиқ кодексининг 147-моддасида келтирилган чегирилмайдиган харажатлар бўйича ҳам тўланади.

 

6-вазият. Имтиёзларни қўлловчи корхона ЯСТ тўловчиси ҳисобланади, ихтиёрий равишда ҚҚС тўлайди. Унинг учун ушбу солиқ бўйича имтиёзлар борми?

ПҚ-2687-сон қарорда ҚҚС бўйича имтиёз йўқ. ҚҚСни ихтиёрий равишда тўлайдиган ЯСТ тўловчилари имтиёзлардан фойдалансалар, уларни фақат ЯСТ қисмида қўллашлари мумкин. ҚҚС ҳисоб-китобга мувофиқ тўланади.

 

7-вазият. Корхона Президентнинг «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (23.02.2017 йилдаги ПҚ-2796-сон) билан берилган имтиёзларни қўллайди. Айни пайтда ПҚ-2687-сон қарор бўйича имтиёзлар мезонига мос келади. Мол-мулк солиғи бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми?

ПҚ-2687-сон қарорнинг 14-банди талабларига жавоб берувчи корхона барча солиқ солиш объектларидан мол-мулк солиғи тўлашдан озод этилади. Корхонадаги биронта объект ПҚ-2796-сон қарор таъсири остига тушса, ушбу объектга мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ этилмайди.

 

Изоҳ. Барча хўжалик юритувчи субъектлар, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашганидан қатъи назар, қуйидагиларни олиб киришда божхона тўловларидан озод қилинади (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно):

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар (ПҚ-2687-сон қарорга 2-илова);

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ўрнатилган технологик ускуналарига эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар (ПҚ-2687-сон қарорнинг 13-банди).

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 2082 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика