Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 07 / Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари билан таништирамиз

Солиқ таътиллари қандай берилади

 

ҚҲТБТ порталида Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси жойлаштирилган.

 

Шуни эслатиб ўтамизки, Солиқ кодексининг 54-моддаси 30.12.2017 йилдаги ЎРҚ-455-сон Қонун таҳририда янгича баён этилган. Унда солиқ тўловчиларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни маълум бир муддат давомида тўлашни кечиктириш ёки қисмларга бўлган ҳолда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилади.

Тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш солиқ таътиллари тарзида ёхуд солиқ қарзини тўлаш муддатини кейинроқ муддатга кўчириш тарзида берилади.

Илгари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида «солиқ таътиллари» тушунчаси йўқ эди – бунда солиқ тўловчи солиқ мажбуриятини бажариш муддатини ўзгартириш ҳисобига тўлаши лозим бўлган солиқ тўловларини муайян муддат давомида камайтириш ва кейинчалик тўлаб бериш ҳуқуқига эга бўлади. 

Таътиллар қуйидагиларга берилиши мумкин:

вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган инсофли солиқ тўловчиларга – 24 ойгача бўлган муддатга;

янги ташкил этилган корхоналар – ЯСТ тўловчиларга (савдо ва умумий овқатланиш корхоналари бундан мустасно) – давлат рўйхатидан ўтган пайтдан эътиборан 1 йилгача бўлган муддатга.

«Инсофли» мақоми охирги 2 йил ичида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб келган солиқ тўловчиларга берилади.

Инсофли солиқ тўловчиларга солиқ таътиллари, шунингдек солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш Ҳукумат ёки у ваколат берган орган томонидан берилади. ЯСТ тўловчиларга таътиллар эса – солиқ ҳисобига олинган жойдаги солиқ инспекцияси томонидан берилади.

 

Лойиҳа билан нималар тартибга солинади?

Тасдиқлаш учун киритилган Низом билан солиқ таътилларини, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини бериш тартиби ва механизмини белгилаш назарда тутилган.

У солиқ таътиллари даврида солиқ ҳисоботини тақдим этиш, кечиктирилган солиқлар ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш тартибини ҳам белгилайди.

Шуни қайд этиб ўтамизки, Низом фақат инсофли солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланади. У янги ташкил этилган микрофирмалар ва кичик корхоналарга нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Умумий шартлар қандай?

Солиқ таътиллари ваколатли органнинг қарори асосида берилади.

Таътиллар тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан 24 ойгача бўлган муддатга берилиши мумкин.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқига фақат юридик шахслар эга бўлиши мумкин. Жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга бундай ҳуқуқ берилмаган.

Солиқ кодексининг 23-моддасида назарда тутилган солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича солиқ таътиллари берилиши мумкин.

Бунда у божхона тўловларини ва давлат божини тўлашга нисбатан татбиқ этилмайди. Ушбу тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва асосларда амалга оширилади.

 

Солиқ таътилларини ким беради?

Кечиктирилаётган солиқларнинг умумий суммасига қараб, солиқ таътиллари қуйидагилар томонидан берилиши мумкин:

ЭКИҲнинг 100 бараваригача – туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан;

ЭКИҲнинг 100 бараваридан 1 000 бараваригача – вилоят ҳокимлиги томонидан;

ЭКИҲнинг 1 000 бараваридан юқори бўлганда – Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Давлат солиқ қўмитаси томонидан.

Давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар бўйича солиқ таътиллари Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси билан келишилган ҳолда Давлат солиқ қўмитаси томонидан берилади.

 

Солиқ таътилларини қандай олиш мумкин?

Бунинг учун хўжалик юритувчи субъект солиқ ҳисобига олинган жойдаги ДСИга белгиланган шаклда ариза тақдим этиши керак.

Аризада солиқ тўловчи солиқ таътиллари даври ва қандай солиқ тури бўйича сўралаётганини кўрсатади.

Ариза ҳисобот чораги бошланишидан камида 15 кун олдин берилади.

ДСИ ариза келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни давомида ариза берувчи «инсофли солиқ тўловчи» мақомига мувофиқ келишини текширади ва солиқ таътиллари суммасидан келиб чиқиб, тегишли органга хулоса тақдим этади.

Ваколатли орган 10 кун ичида солиқ таътили бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор чиқаради.

Қабул қилинган қарор тўғрисида солиқ тўловчи 3 иш кунида ёзма ёки унинг шахсий кабинетига юбориш йўли билан электрон шаклда хабардор этилади.

 

Қандай ҳолларда солиқ таътилларини бериш рад этилиши мумкин?

Қуйидаги ҳолларда солиқ таътилларини бериш рад этилиши мумкин:

солиқ тўловчи инсофли ҳисобланмаса;

ариза белгиланган шаклда тақдим этилмаган ёки белгиланган муддатдан кейин топширилган бўлса.

Бошқа сабаблар солиқ таътили беришни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди.

 

Тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини ким беради?

Миқдоридан қатъи назар, солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи Давлат солиқ қўмитаси томонидан:

солиқлар бўйича – Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда;

давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар бўйича – Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси билан келишилган ҳолда берилади.

Тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш солиқ қарзининг жамига ёки бир қисмига нисбатан берилиши мумкин.

Тўлашни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиш даврида кечиктирилган солиқ қарзи суммасига пеня ҳисобланмайди.

 

Тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқига қандай эга бўлиш мумкин?

Солиқ тўловчи тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқига эга бўлиш учун   солиқ қарзи ҳосил бўлган жойдаги ДСИга ариза (белгиланган шаклда) тақдим этиши шарт. Аризага солиқ тўловчининг қарзни сўндириш жадвали ва у қандай манбалар ҳисобидан сўндирилиши кўрсатилган кафолат хати илова қилинади.

ДСИ 3 иш кунида белгиланган шаклдаги хулосани тегишли солиқ бошқармаси орқали ДСҚга юборади.

ДСҚ 10 кун муддатда Молия вазирлиги билан (мажбурий ажратмалар бўйича тегишли мақсадли жамғармалар билан) келишган ҳолда тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қабул қилинган қарор тўғрисида солиқ тўловчи 3 иш кунида ёзма ёки унинг шахсий кабинетига юбориш йўли билан электрон шаклда хабардор этилади.

Ваколатли орган солиқ қарзини сўндиришнинг солиқ тўловчи кўрсатган муддатлардан фарқ қилувчи бошқа муддатларини белгилашга ҳақли. Солиқ тўловчи солиқ қарзини ушбу тасдиқланган муддатларда сўндиришга мажбур бўлади.

 

Солиқ таътиллари даврида солиқ ҳисоботи қандай топширилади?

Солиқ таътиллари даврида солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича ҳисоботлар умумбелгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этилади.

Таътил берилган солиқ ҳисоб-китобида махсус белги – «Солиқ таътили берилган» қайд этилади.

Солиқ таътили даврида солиқ ҳисоботини тақдим этмаган ёки уни ўз вақтида тақдим этмаган солиқ тўловчининг раҳбари ва бош бухгалтери белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

 

Солиқ таътиллари муддати тугагандан кейин солиқлар қандай тўланади?

Солиқ таътиллари тугагандан кейин ушбу давр учун муддати кечиктирилган солиқларнинг умумий суммаси 12 ой давомида тўланади. Солиқ муддати кечиктирилган солиқларнинг умумий суммасидан ­1/12 миқдорида тенг улушлар билан тўланади.

Улар солиқ таътиллари муддати тугашидан сўнг бошланадиган ойнинг 1-кунидан бошлаб, кейинги йил ўша ойининг 1-кунигача тўланади.

Бунда солиқлар ҳар бир ойнинг ­25-кунига қадар тўланиши шарт.

Масалан, солиқ таътиллари муддати 2020 йил 20 апрелда тугади. Бу ҳолда тўлаш муддати кечиктирилган солиқлар ва мажбурий тўловлар 2020 йил 1 майдан бошлаб тўлана бошлайди. Сўнгги тўловни тўлаш муддати – 2021 йилнинг 25 апрелидан кечиктирилмайди.

Солиқ тўловчининг хоҳишига қараб муддати кечиктирилган солиқлар суммаси муддатидан аввал сўндирилиши мумкин.

Мазкур Низом 2018 йил 1 апрелдан бошлаб кучга кириши режалаштирилмоқда.

 

Маълумот учун. Ҳозир бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзларни тўлаш муддатини кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш имконини бериш, пеня ҳисоблашни тўхтатиш, шунингдек пеня ва жарима санкцияларини ҳисобдан чиқариш тартиби битта Низом (АВ томонидан 14.01.2005 йилда 1442-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.  

Музаффар Мирзағаниев,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1635 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика