Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 05 / Инсон ҳаёти – азиз

Ҳушёрмисиз? – Нохуш бўлмайсиз

 

Ҳар бир фаслнинг бўлгани каби қишнинг ҳам ўзига хос зийнати, завқу шавқи бор. Шу билан бирга зумрад қиш келтирадиган қимматли ташвишлар ҳам йўқ эмас. Аёзли кунларда уйимизни иситиш, газ-печкаларни ёқиб-ўчириш ҳаммамиздан ҳушёрлигу огоҳликни талаб қилади. Одамларнинг эътиборсизлиги туфайли нохуш оқибатларни келтириб чиқарадиган ҳолат бу ис газидан заҳарланишдир.

 

«Сокин қотил»

Маълумки, ис гази (кимёвий номланиши – углерод (II) оксиди) – рангсиз, ҳидсиз, таъмсиз ва энг кўп учрайдиган заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида вужудга келади. Ис гази организмга тушганда у қон таркибидаги гемоглабин ва кислород ташувчи эритроцитларни ўзаро боғлаб, кислороднинг тана бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди. Натижада инсон ҳушини йўқотади. Шунинг учун ҳам печка, ўчоқлар, газ плитаси ёнида узоқ туриш кўнгилсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкин. Ис гази билан заҳарланиш кўпроқ домна печларини нотўғри ишлашидан, уй печкалари ичидаги олов батамом ёниб бўлмасидан унинг эшикчаларини ёпиб қўйишдан ва сандалга кўмир солишдан келиб чиқади. Кўчаларда автомобиль носозлиги туфайли ажралиб чиқаётган газ таркибидаги ис гази билан заҳарланиш ҳам учрайди.

Из гази оддий тутун таркибида 3, ишланган газда 13, портловчи газлар таркибида 50-60, оддий автомобиль тутунида 6,3 фоизгача миқдорда учрайди. Энг ёмони ис гази тарқалаётганлигини аниқлашнинг қийинлигида. Ҳиди, ранги, таъми бўлмаганлиги, организмга таъсири сезилмаслиги, қолаверса ҳаво билан тез аралашиб кетиш хусусиятига эгалиги учун уни «сокин қотил» деб ҳам аташади. Ис газидан заҳарланиш унинг ҳаводаги тўпланиш даражасига ва таъсир муддатига боғлиқ. Яъни, бу кўрсаткич 0,08 фоизни ташкил этганда инсонда бош оғриғи ва бўғилиш юзага келади. Тўпланиш даражаси 0,32 фоизга етганда тана фалажланиб, инсон ҳушидан кетади ҳамда тахминан 30 дақиқадан сўнг ҳалок бўлади. Унинг миқдори 1,2 фоизга тенг бўлганда киши дастлабки нафас олишлардаёқ, узоғи билан 3 дақиқада ҳаётдан кўз юмади.

Ис газидан заҳарланиш белгилари қуйидаги кўринишларда намоён бўлади:

енгил даражадаги заҳарланишда – бош оғриғи, бош айланиши, қулоқ шанғиллаши, кўнгил айниши, қусиш, ҳушдан кетиш кузатилади;

ўртача даражадаги заҳарланишда – мушаклар бўшашиши, нафас қисиши, томир уришининг тезлашуви, артериал қон босимининг пасайиши, кўнгил айниши, ақл хиралашиши, юзда қирмизи доғлар пайдо бўлиши билан кечади;

оғир даражадаги заҳарланишда – одам батамом ҳушдан кетади. Оёқлари кўкариб ёки оқариб, юзида қирмизи доғлар пайдо бўлади. Томир уруши тезлашиб, артериал қон босими кескин пасаяди. Нафас олиш секинлашади ва чуқурлашади, мушаклар бўшашиб, табиий эҳтиёжларнинг беихтиёр бажарилиши кузатилади. Оқибатда нафас олиш тўхтайди.

 

Биринчи ёрдам қандай кўрсатилади

Ис гази билан заҳарланганда биринчи ёрдам кўрсатиш тартиби қуйидагича:

заҳарланиш манбаини имкон қадар тезроқ бартараф этиш (масалан, автомобиль двигатели, газ ускунаси ёки иситгични ўчириш);

жабрланувчини заҳарланган ҳудуддан очиқ жойга – тоза ҳавога олиб чиқиш. Бунда жабрланувчи ўзи ҳаракатлана олса ҳам, уни ётган ҳолда олиб чиқиш мақсадга мувофиқдир.Оёқларини бироз кўтариб, чалқанча ётқизиш ҳамда кийими тугмаларини ечиб, танани сиқиб турган кийимларни бўшатиш;

нафас олиши ва юрак уриши тўхтаган бўлса, сунъий нафас бериш ва юракни уқалаш;

жабрланувчининг ухлаб қолмаслигини назорат қилиш. Жабрланувчини юргизиш тақиқланади;

нашатир спиртини ҳидлатиш;

ҳушига келган вақтида йиқилиб, жароҳатланмаслиги учун чоралар кўриш;

жабрланувчининг ҳолати яхши бўлса, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш;

кислород ёстиғи ёрдамида кислород бериш.

Инсон ҳаёти – азиз неъмат. Шундай экан, бу неъматнинг қадрига етиб, ҳар бир ҳолатда ҳушёру огоҳ бўлишлик бизни саодатга етказади.

 

Зулфия Отахонова,

1-Республика тиббиёт коллежи кимё фани ўқитувчиси.

Прочитано: 1547 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика