Ишловчи пенсионерлардан қайси бирлари бу йилда ҳам пенсия, ҳам иш ҳақи олиши мумкин эканлиги, ШЖБПҲга мажбурий бадалларнинг янги ставкаси қанчалиги ва пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги яна кўплаб бошқа ўзгартиришлар тўғрисида янги 2018 йилнинг илк сонидан билиб олишингиз мумкин.
«Жавоб берамиз» ахборот хизмати орқали саволлар берган ёки уларни электрон почтага йўллаганлар учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мутахассислари жавоблар тайёрлаганлар.
Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.
Мутахассис тушунтиради
Ўз ўзига инспектор
Қанча пенсия ҳисобланиши ва унинг суммаси таркибий қисмларининг қайси бири энг аҳамиятли эканлиги ҳақидаги саволларни «Норма маслаҳатчи» газетаси ва norma.uz сайти ўқувчилари жуда кўп берадилар. ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев бундай мурожаатлардан бирини шарҳлаб берди.
Газетада жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобланиши ҳақидаги аниқ мисоллар билан келтирилган материаллар ҳар ойда чоп этилади. Газеталарда пенсия ҳисобланишига доир мисоллар чоп этилиб, улар ҳам Пенсия жамғармаси бўлимларига ташриф буюрувчилар учун стендларда илиб қўйилса, маъқул иш бўлар эди.
Ф.Расулев. Тошкент ш.
– Шуни қайд этиш зарурки, даромад солиғи билан солиштирганда пенсия миқдорини ҳисоблаш жуда мураккаб жараён ҳисобланади. Сабаби пенсия миқдори нафақат иш ҳақи миқдори, балки иш стажига ҳам боғлиқ бўлади.
Стажни ҳисоблаб чиқаришда иш стажига қўшиладиган ва қўшилмайдиган даврлар бўлади. Айрим даврлар, масалан, болани парваришлаш таътили эса чекланган ҳолда киритилади. Тегишинча, иш стажини аниқ ҳисоблаш зарур.
Бундан ташқари, айрим тоифадаги фуқароларга, масалан, зарарли ва оғир меҳнат шароитида ишловчиларга пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқаришда алоҳида ёндашув талаб этилади.
Даромад солиғи иш ҳақининг аниқ миқдоридан ҳисоблаб чиқарилади, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақи миқдори эса иш ҳақининг индивидуал коэффициентини қўллаган ҳолда ўтган йиллардаги иш ҳақларини пенсия тайинланадиган кундаги иш ҳақи даражасига келтириш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда қайта ҳисобланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси 2-қисми).
Қайта ҳисобланган иш ҳақидан кетма-кет 5 йилдаги энг мувофиғини (одатда энг юқорисини) танлаш зарур. 5 йиллик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ҳар доим ҳам йил бошидан бошланмаслиги (яъни даврларнинг бошланиши ва якунланиши йилнинг исталган ойига тўғри келиши мумкинлиги) инобатга олинса, унинг 5 йилдагисини аниқлаш ҳам қийин жараён ҳисобланади. 5 йилдаги қайта ҳисобланган иш ҳақи суммасини 60 га бўлиш лозим.
Ана шундай мураккаб ҳисоб-китоблар қилиниши сабабли Пенсия жамғармаси бўлимлари «Пенсия» дастурий комплексидан фойдаланадилар.
Бу ўринда шуни маълум қиламизки, Пенсия жамғармасининг расмий веб-сайтида «Пенсия калькулятори» мавжуд. Ундан фойдаланган ҳолда пенсия миқдорини олдиндан ҳисоблаб чиқаришингиз мумкин. Тўғри, бунда иш стажини ўзингиз ҳисоблаб чиқаришингиз керак бўлади.
Иш стажи ва ўртача ойлик иш ҳақи маълум бўлса, пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқариш қийин бўлмайди. Бироқ ўртача ойлик иш ҳақи ЭКИҲнинг 8 баробаридан ортиқ бўлмаслиги кераклигини назарда тутиш лозим (Қонуннинг 31-моддаси 6-қисми).
Тўлиқ пенсия миқдори 3 қисм: таянч миқдор, иш стажи учун пенсиянинг оширилиши ва пенсияга қўшиладиган устама ҳақлардан таркиб топади. Эркакларда иш стажи 25 йил ва аёлларда 20 йил бўлганда, пенсия миқдори тўлиқ ҳисобланади.
Биринчи навбатда пенсиянинг таянч миқдори аниқланади, у ўртача ойлик иш ҳақининг 55%ига тенг.
Сўнгра иш стажи учун пенсиянинг оширилиши (эркакларда 25 йилдан ва аёлларда 20 йилдан ортиқ) ҳисоблаб чиқарилади. Иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун у ўртача ойлик иш ҳақининг 1%ини ташкил этади. Масалан, эркакларда иш стажи 27 йил бўлганда у 2%га тенг (27 – 25).
Пенсияга қўшиладиган устама ҳақлар Қонуннинг 28-моддасида назарда тутилган айрим тоифадаги шахсларгагина ҳисоблаб чиқарилади. Уларнинг миқдори энг кам иш ҳақига боғлиқ бўлиб, шахслар тоифасига қараб унинг 30%идан 150%игачани ташкил этади.
Қонунчиликдаги янгиликлар
Ставка ошди. Жамғарма кўпайди
Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон қарори билан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларнинг янги ставкаси тасдиқланди.
2017 йилда фуқароларнинг ШЖБПҲга ўтказиладиган ҳар ойлик мажбурий бадаллари ЖШДС солинадиган даромадларидан 1% миқдорида ҳисоблаб чиқарилар эди.
1.01.2018 йилдан бошлаб ШЖБПҲга ўтказиладиган ҳар ойлик бадаллар миқдори 2%гача оширилди (ПҚ-3454-сон қарорнинг 6-банди).
Бунда ЖШДСнинг ШЖБПҲга ўтказиладиган маблағлар суммасига камайтирилиши тартиби сақланиб қолинди, яъни бадаллар суммаси ҳисобланган даромад солиғи суммасидан чегириб ташланади.
Маош ҳам олинг, пенсия ҳам
Президентнинг 28.12.2017 йилдаги ПФ–5291-сон Фармони ҳамда 29.12.2017 йилдаги ПҚ–3450-сон қарори билан шундай имконият яратилди.
2018 йилнинг 1 январидан бошлаб қуйидаги пенсионерлар тўлиқ пенсия олишга ҳақли бўлдилар:
√ улар ишга жойлаштирилганлиги ёки фаолият соҳасидан қатъи назар, республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун қўшган улкан ҳиссаси учун Президент томонидан берилган «Халқ...», «Хизмат кўрсатган... арбоби» ва «Хизмат кўрсатган...» фахрий унвонларига эга бўлганлар;
√ фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлиги ва фойдаланилиши учун фақат муаллифлик ҳақи (гонорар) тарзидаги даромадлар оладиганлар, башарти улар меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга оширишмаса;
√ барча мулкчилик шаклидаги тиббиёт ташкилотларининг ишловчи пенсионер врачлари.
Маълумот учун. Қуйидагилар ҳам 100 фоиз пенсия олиш ҳуқуқига эга:
√ уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;
√ Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий хизматни ўтаган ёки фронт орқасида ишлаган шахслар;
√ I ва II гуруҳ ногиронлари;
√ Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқаролар;
√ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳудудий кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг раислари;
√ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи пенсионер аёллар – ёшга доир пенсияни олганда;
√ Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг барча ходимлари;
√ Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўрсатилган фуқароларнинг бошқа тоифалари.
Қолган ишловчи пенсионерларга уларга тайинланган пенсиянинг 50%и миқдорида пенсия тўланади.
Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 29.12.2017 йилда расман эълон қилинди.
Музаффар Мирзағаниев, Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ экспертлари.
Маълумот учун
Пенсияга ЭКИҲнинг 100%и миқдоридаги устамани «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлганлар ва олий нишон – «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирланганлар олиш ҳуқуқига эга.
Расмий жавоб
Бензин – ўз ҳисобидан
Отам – афғон уруши қатнашчиси. Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-иловага мувофиқ, у байналмилалчи жангчи сифатида уруш қатнашчиларига тенглаштирилган. Автомобиль бензини сотиб олиш харажатларининг бир қисми учун шахсларнинг айрим тоифаларига ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда уруш қатнашчиларига тенглаштирилганлар учун автобензин харажатларини қоплашга компенсация тўловлари назарда тутилган.
Отам ушбу тўловларни олишга ҳақлими?
Н.П.
– Афсуски, йўқ. Агар сиз Автомобиль бензини сотиб олиш харажатларининг бир қисми учун шахсларнинг айрим тоифаларига ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 30.10.2006 йилдаги 223-сон қарорига 1-илова) билан батафсил танишиб чиқсангиз, Низомга 1-иловада ойлик пул компенсацияси олиш ҳуқуқига эга бўлган уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг айрим тоифалари тасдиқланганини кўрасиз.
Ушбу рўйхатга кўра, қуйидаги шахслар уруш қатнашчиларига тенглаштирилади:
а) 1941 йил 22 июндан 1954 йил 31 декабргача бўлган даврда қирувчи батальонлар, взводлар ва халқни ҳимоя қилиш отрядлари таркибида собиқ СССР ҳудудида жангларда қатнашган шахслар;
б) Иккинчи жаҳон уруши йилларида партизан отрядларида ва қўшилмаларида бўлган ёхуд яширин ишлар билан шуғулланган шахслар;
в) Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳаракатдаги армия таркибида ёки ҳарбий ҳаракатлар минтақаларида хизматни ўтаган собиқ СССРнинг ИИВ органлари ва Давлат хавфсизлиги қўмитаси органларининг бошлиқлар ва оддий аскарлар таркибига кирувчи шахслар;
г) Иккинчи жаҳон уруши даврида балоғат ёшига етгунга қадар полк ўғли ёки кичик матрос сифатида ҳаракатдаги армия ва флотнинг қисмлари ва тузилмалари таркибида бўлган шахслар;
д) Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий ҳаракатлар минтақаларида темир йўлларнинг фронт яқинида жойлашган участкаларида, мудофаа чизиғи иншоотларида, ҳарбий-денгиз базаларида, аэродромларда ва бошқа ҳарбий объектлардаги ишларда қатнашган ишчилар;
е) Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳаракатдаги армия таркибида ишлаган эркин ёлланганлар таркибидан бўлган шахслар;
ж) 1956 йил 24 октябрдан 1956 йил 10 ноябргача бўлган даврда Венгриядаги жанговар ҳаракатлар даврида ушбу мамлакат ҳудудида бўлган ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасаларда хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар.
Баён этилганлардан кўриниб турибдики, ҳарбий ҳаракатлар кетаётган мамлакатларда, шу жумладан Афғонистон Республикасида ўз байналмилал бурчларини адо этган, тинчлик ўрнатувчи кучлар таркибида иштирок этган шахслар рўйхатда йўқ.
Стаж плюс?..
Тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган пенсия нима ўзи? Улар нимаси билан фарқланади?
Б.Ашметова. Тошкент ш.
– Тўлиқ пенсия – уни тайинлаш учун талаб этиладиган иш стажига эга бўлганингизда, тўлиқ бўлмаган пенсия эса зарур иш стажингиз кам бўлганда тайинланади.
Масалан, умумий асослардаги ёшга доир пенсия учун зарур иш стажи эркаклар учун – 25 йил, аёллар учун эса 20 йилни ташкил этади.
Мазкур ҳолда пенсиянинг тўлиқ миқдори пенсиянинг таянч қисмига тенг бўлади, яъни:
пенсиянинг таянч миқдори = ўртача ойлик иш ҳақи (пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган) х 55%.
Маълумот учун: ёшга доир, I ва II гуруҳ ногиронларига, шунингдек ҳар иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) боқувчисини йўқотганлик учун ёки вафот этган ёлғиз онанинг болаларига ҳар бир бола учун пенсияларнинг тўлиқ миқдори 2017 йил 1 декабрдан бошлаб ёшга доир энг кам пенсия – 336 880 сўмдан кам бўлмаслиги керак (20.11.2017 йилдаги ПФ-5245-сон Фармон).
Зарур иш стажига эга бўлмаган оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси 2017 йил 1 декабрдан бошлаб ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%и – 168 440 сўмдан кам бўлмаган миқдорда белгиланди (Қонуннинг 26-моддаси).
Агар иш стажи 25 йилдан (эркакларда) ёки 20 йилдан (аёлларда) кам бўлса, стаж тўлиқ бўлмагандаги пенсия тайинланади.
Маълумот учун: ёшга доир пенсияни тайинлаш учун Қонун 37-моддаси 1-қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган энг кам иш стажи камида 7 йилни ташкил этиши керак (Қонуннинг 8-моддаси).
Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсия бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади, яъни унинг миқдори пенсиянинг тўлиқ миқдорига мутаносиб равишда камайтирилади.
Тўлиқ бўлмаган иш стажи ҳолатида пенсия қуйидаги тарзда ҳисоблаб чиқилади. Дастлаб тегишли тўлиқ пенсия аниқланади. Ушбу пенсия талаб этиладиган иш стажи ойлари сонига бўлинади, олинган сумма амалдаги иш стажи ойлари сонига кўпайтирилади (Низомнинг 130-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).
Ушбу ҳолатни ёшга доир пенсия мисолида кўриб чиқиш мумкин:
Иш стажи (эркак)
|
Иш стажига қараб ўртача ойлик иш ҳақидан фоизлардаги пенсия миқдори
|
Пенсиянинг таянч миқдорига фоизлардаги пенсия миқдори
|
Иш стажи (аёл)
|
Иш стажига қараб ўртача ойлик иш ҳақидан фоизлардаги пенсия миқдори
|
Пенсиянинг таянч миқдорига фоизлардаги пенсия миқдори
|
25
|
55
|
100
|
20
|
55
|
100
|
24
|
52,8
|
96
|
19
|
52,3
|
95
|
23
|
50,6
|
92
|
18
|
49,5
|
90
|
22
|
48,4
|
88
|
17
|
46,8
|
85
|
21
|
46,4
|
84
|
16
|
44,0
|
80
|
20
|
44,0
|
80
|
15
|
41,3
|
75
|
19
|
41,8
|
76
|
14
|
38,5
|
70
|
18
|
39,6
|
72
|
13
|
35,8
|
65
|
17
|
37,4
|
68
|
12
|
33,0
|
60
|
16
|
35,2
|
64
|
11
|
30,3
|
55
|
15
|
33,0
|
60
|
10
|
27,5
|
50
|
14
|
30,8
|
56
|
9
|
24,8
|
45
|
13
|
28,6
|
52
|
8
|
22,0
|
40
|
12
|
26,4
|
48
|
7
|
19,3
|
35
|
11
|
24,2
|
44
|
|
|
|
10
|
22,0
|
40
|
|
|
|
9
|
19,8
|
36
|
|
|
|
8
|
17,6
|
32
|
|
|
|
7
|
15,4
|
28
|
|
|
|
Маълумот учун: иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги I гуруҳ ногиронлиги, шунингдек ҳар иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) боқувчисини йўқотганлик учун пенсиялар 2017 йил 1 декабрдан бошлаб ёшга доир энг кам пенсия – 336 880 сўмдан кам бўлмаслиги керак.
Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир, II гуруҳ ногиронлиги, шунингдек оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси 2017 йил 1 декабрдан бошлаб ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%и – 168 440 сўмдан кам бўлмаган миқдорда белгиланди (Қонуннинг 29-моддаси).
Маълумот учун
Боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаганлар фарзандликка олинганларида ҳам мазкур ҳуқуқни сақлаб қоладилар.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра
Архиви сақланмаган ташкилотдаги иш стажим ҳисобга олинмай ҳисобланган пенсияни 6 йил давомида олиб келдим. Ҳозир ўша пайт мен билан ишлаган иккита гувоҳни тақдим этиб, судга мурожаат қилдим. Суд стажни ҳисобга олиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.
Пенсия суммасини қайси пайтдан қайта ҳисоблаб берадилар? У тайинланган кунданми (яъни ўтган 6 йил учун) ёки суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинган кунданми?
Х.Рўзибоев. Тошкент ш.
– Бу суднинг ҳал қилув қарорига боғлиқ. Агар суд муайян вақтда муайян корхонада ишлаганликнинг юридик далилини белгилаган бўлса, Пенсия жамғармаси бўлимлари суднинг ҳал қилув қарори илова қилинган мурожаат тақдим этилган ойдан кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб пенсияни қайта ҳисоблайдилар.
Суд Пенсия жамғармаси бўлимининг иш стажини ҳисобга олмаганлик бўйича ҳаракатлари ноқонунийлиги тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилса, бир вақтнинг ўзида ушбу стаж қайси санадан бошлаб ҳисобга олиниши кераклиги ҳақидаги ҳал қилув қарорини чиқаради.
Суднинг ҳал қилув қарорида бундай сана кўрсатилмаган бўлса, ариза берувчи қарорни қабул қилган ўша судга тегишли тушунтириш беришни, яъни иш стажини ҳисобга олиш санасини аниқлаштиришни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.
Тўлаш тўхтатиб турилган ёки тўхтатилган бўлса
Ўзбекистон фуқароси қизи билан РФда яшаган, вафот этган пайтида унинг қарамоғида бўлган бўлса, унинг қизи онаси Ўзбекистонда ололмай қолган пенсиянинг бир қисмини олишга ҳақлими? «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунда вафот этган пенсионер билан Ўзбекистон ҳудудида бирга яшаган бўлиш керак деб кўрсатилмаган. Пенсионер РФда бўлган пайтида Ўзбекистонда пенсия олмаганлиги эса у қизининг қарамоғида бўлганлигини тасдиқлайди.
Гулсара Р. Тошкент ш.
– Мурожаатингиздан кўринишича, она қизи билан бирга Россия Федерациясида яшаган. Бироқ бу ҳолда айрим масалаларни аниқлаштириш талаб этилади:
1. Унинг қизи Ўзбекистон Республикаси фуқаросими ёки чет эл фуқаросими?
2. Вафот этгунга қадар, шу жумладан ишончнома бўйича пенсия тўланганми?
Биринчи масалага келсак: қизи чет эл фуқароси бўлса, у ҳолда чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб тургандагина пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 1-моддаси 3-қисми). Россия Федерациясида ҳам, МДҲнинг бошқа мамлакатларида ҳам худди шундай қоидалар мавжуд.
252-сон Низомга мувофиқ:
а) тайинланган пенсияни тўлаш доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетилганда тўхтатилади (171-банд);
б) тайинланган пенсияни тўлаш:
√ кетма-кет 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот орқали пенсия олинмаганда;
√ пенсияни тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида пенсионер томонидан ариза берилганда;
√ ишончнома берган шахс унга тайинланган пенсияга ҳуқуқини тасдиқлаш учун белгиланган муддатда келмаганда тўхтатиб турилади (172-банд).
Юқорида кўрсатилган ҳолатлар рўй берганда пенсия ҳисобланмайди.
Вафот этган пайтга келиб пенсия тўлаш тўхтатиб турилган ёки тўхтатилган бўлса, тегишинча, олинмаган қолган пенсия суммаси ҳам мавжуд эмас. Сабаби тўлаш учун жўнатилган, бироқ пенсия етказиб берилган кунда пенсионер вафот этганлиги муносабати билан тўланмаган пенсия ана шундай пенсия деб тан олинади.
Агар у вафотидан олдин тўхтатиб турилган пенсияни тиклашни сўраб мурожаат қилган, бироқ уни олишга улгурмаган бўлса, пенсиянинг тегишли суммалари ота-онаси, эри (хотини), шунингдек пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турган оила аъзоларига тўланади (Қонуннинг 63-моддаси 1-қисми).
Юқорида баён этилганидан келиб чиқишича, чет давлат фуқароси бўлган ва пенсионер вафот этган пайтда Ўзбекистонда яшамаган қизи олинмай қолган пенсия суммасини олишга ҳақли эмас.
Беҳуда гап
Пенсиялар ШЖБПҲ бўйича расмийлаштирилиши тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётган эмиш. Ёшга доир пенсияни ШЖБПҲ бўйича расмийлаштириш мумкинми?
Е.Кажева. Тошкент ш.
– Бундай қонун лойиҳаси йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, сабаби давлат пенсияси ва жамғариб бориладиган пенсия – ҳар хил ташкилотлар бошқарадиган турли ижтимоий таъминот тизимлари.
Давлат пенсиялари Пенсия жамғармасининг таркибий бўлинмалари томонидан тайинланади ва тўланади. Жамғариб бориладиганлари эса – Халқ банки томонидан.
Бундан ташқари, жамғариб бориладиган мажбурий пенсия жисмоний шахсларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғининг тегишлича камайтирилган суммаси ҳисобига шаклланади («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси 1-қисми). Бунда суғурта бадаллари фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан мажбурий ажратмалар ҳисобига шаклланади (Солиқ кодексининг 306-моддаси). Яъни солиқ солинадиган база ва ҳуқуқларнинг шаклланиш манбаи турлича.
Бироқ иш стажи ва суғурта бадаллари, шунингдек Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган иш ҳақи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, Пенсия жамғармаси бўлимлари фуқароларнинг шахсий жамғариб борилган пенсия ҳисобварақларига келиб тушган мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланадилар.
Чунончи, иш ҳақи тўғрисида архив маълумотлари мавжуд бўлмаганда, унинг миқдори 2005 йилдан кейинги давр учун жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек 2015 йилдан кейинги давр учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан келиб чиқиб аниқланади (252-сон Низомнинг 85-банди 2-хатбошиси).
Инспектор ариза берувчининг СТИР ва ШЖБПҲга асосан ДСҚ ва Халқ банки билан ахборот алмашинуви бўйича ўзаро ҳамкорлик, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, ариза берувчининг иш стажи, иш ҳақи ва ҳисобланган суғурта бадаллари суммасини ўзаро солиштиради (АВ томонидан 17.11.2011 йилда 2282-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 13-банди 2-хатбошиси).
Зафаржон Хўжаев,
ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг
пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи.
Бизга мактуб йўллабсиз
Ортиқчаси қайтарилади
Ҳисоблашда хатога йўл қўйилганлиги сабабли пенсиямдан ушлаб қолишар экан. Ойлик чегириладиган суммани ўзим белгилашим мумкинми?
Козим А. Тошкент ш.
– Пенсиялардан чегирмалар миқдорлари қонун ҳужжатлари билан белгиланган ва қуйидаги миқдорларни ташкил этади:
√ ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида – 10%;
√ қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида, пенсия ва нафақалар тўланган вақтда ишга жойлашганлигини яшириш – 30%;
√ ЭКИҲнинг 2 баробаридан кам миқдорда пенсия ёки нафақа олувчи шахслар бўйича – 5% (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида, пенсия ва нафақалар тўланган вақтда ишга жойлашганлигини яшириш ҳолатларидан ташқари).
Чегирма миқдори суд қарори билан белгиланган ҳолатларда, чегирма суд қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Пенсионер ўзи учун кўрсатилганидан кам чегирма миқдорларини белгилай олмайди. Ортиқча тўлов қопламасини оширишга эса ҳақли ҳисобланади. Бунинг учун ёзма ариза зарур, унда у фоиз нисбатида белгилаган миқдор ёки қатъий белгиланган сумма кўрсатилади.
Пенсионер ёки нафақа олувчи янги ёзма ариза тақдим этиш орқали ҳар ой қарздорликни қоплашга йўналтирилаётган суммалар миқдорини ўзгартириши мумкин (АВ томонидан 26.10.2016 йилда 2835-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома).
Шуни ҳам маълум қиламизки, 65 ёшга тўлган бўлсангиз ёки сизга 2010 йилгача бўлган даврда пенсия тайинланган бўлса, Президентнинг 28.12.2017 йилдаги ПФ-5291-сон Фармонига мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра тайинланган пенсия ва нафақалар ҳисобланиши тўғрилигини текшириш натижасида аниқланган ортиқча тўланган пенсия ва нафақаларнинг қолдиқ суммаси ҳисобдан чиқарилади.
Стаждан қатъи назар
Ходим касб касаллиги муносабати билан ногиронлик пенсиясини расмийлаштира оладими? Бунда қандай стаж бўлиши зарур?
Р.А., КБ инспектори.
– Ҳа, бундай қила олади. Ходимлар касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари иш стажидан қатъи назар тайинланади (Қонуннинг 17-моддаси). Бу ҳолда Қонуннинг 17-моддасида назарда тутилган ишнинг давомийлиги эмас, иш стажининг мавжудлиги (масалан, 1 ой) аҳамиятга эга.
Умумий касаллик туфайли ногиронлик пенсияси тайинланаётганда зарур стаж керак бўлади. Эслатиб ўтамиз, у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга тайинланади (Қонуннинг 15-моддаси).
Ногиронлик пенсиясини тайинлаш учун зарур иш стажи:
Ёш
|
Иш стажи
|
23 ёшга қадар
|
2
|
23 ёшдан 26 ёшга қадар
|
3
|
26 ёшдан 31 ёшга қадар
|
5
|
31 ёшдан 36 ёшга қадар
|
7
|
36 ёшдан 41 ёшга қадар
|
9
|
41 ёшдан 46 ёшга қадар
|
11
|
46 ёшдан 51 ёшга қадар
|
14
|
51 ёшдан 56 ёшга қадар
|
17
|
56 ёш ва ундан ошганда
|
20
|
Бунда шуни назарда тутиш лозимки, меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида I ва II гуруҳлар ногиронларига ногиронлик пенсиясининг базавий миқдори ногиронлик бўйича пенсия тайинланган кунда 252-сон Низомнинг 52-бандида (Қонуннинг 17-моддасидагидек) назарда тутилган иш стажи мавжуд бўлганда оширилади (252-сон Низомнинг 110-банди).
Буни билган маъқул
Маълумотнома учун – Марказга
Бўлғуси пенсионер ҳужжатларни расмийлаштириш учун кўпинча архив маълумотномаларини тўплаши керак бўлади. Ҳозир «Бир дарча» принципи бўйича ишлаётган Архив хизматлари кўрсатиш марказига мурожаат қилиш мумкин.
Марказга шахсий сўровнома билан ҳам, ташкилот номидан ҳам мурожаат қилиш мумкин.
Марказ ходимлари зарурат туғилганда архив фондлари ва ташкилотларнинг маълумотлари жойлашган жой ҳақида ахборот берадилар.
Бу ерда электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, 10 дан ортиқ киши ўз сўровномаларини топшириши мумкин.
Мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилотлар Марказ хизматларидан фойдаланиши (ҳужжатларни сақлашга ва депозитар сақлашга топшириши) мумкин.
Марказ Тошкент шаҳар Давлат архивининг Истироҳат кўчаси, 14-уй манзилидаги Учтепа туман филиали биносида жойлашган. Ҳар куни соат 9.00 дан 13.00 гача (шанба ва якшанба кунларидан ташқари) сўровнома топшириш ёки архив маълумотномасини олиш мумкин. Маълумот учун телефон – 231-81-40.
Қадр топган қариялар
Қадимий ва навқирон Хива шаҳрида «Нуронийлар маскани» фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (28.12.2016 йилдаги ПФ-4906-сон) ижроси доирасида бунёд этилган оромбахш маскан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган алоҳида эътиборнинг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
– Бу ерда биз кўнгилли ҳордиқ чиқаришимиз, соғлигимизни тиклашимиз учун барча шароит яратилганидан хурсандмиз, – дейди хивалик меҳнат фахрийси Зуҳур Қурбонов. – Кутубхона, тиббиёт хонаси, чойхона хизматимизда. Бу ерда ёшлар билан, ижодкорлар, санъаткорлар билан учрашувлар ҳам ўтказилиши кўзда тутилган экан. Биз тадбирларда фаол иштирок этиб, ёшларни ватанпарварлик, ҳалоллик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз.
ЎзА материали асосида.
Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради.