Norma.uz

«Селфимания» – юқумли ва хавфли «касаллик»

 

Инсон қилаётган ишларини акс эттириб, эсдалик учун суратга тушиши, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини фотога муҳрлашга интилишини тушуниш мумкин. Аммо унинг шундай тури борки, инсонлар унга қарам бўлиб қолмоқда. Инсон ўзининг суратини олиши, яъни «селфимания» билан шуғулланиши, доимий равишда ижтимоий тармоқларга жойлаштириши бугунги кунда авж олмоқда. Ўз сурати билан безалган профиллар гўёки уларга машҳурлик келтирадигандек.

 

Селфи инглизчадан таржима қилинганда «self» – «ўзини-ўзи» маъносини билдиради. Демак, у ўзини кўз-кўз қилиш мақсадида суратга олиш деган тушунчага мос келади. Хўш? Ўзини мақтаса нима бўпти?

Айтиш жоизки, айни вақтда мутахассис шифокорлар томонидан бу «селфитис» касаллиги дея баҳоланмоқда. Маълум бўлишича, у бошланғич, ўткир ва сурункали босқичларга эга.

Бошланғич босқичда одамлар кунига камида уч марта ўзини суратга олади, аммо ижтимоий тармоқларга жойламайди. Ўткир ҳолатда эса олинган селфилар ҳар куни интернетда пайдо бўлади. Сурункали босқич кеча-кундуз ва бошқариб бўлмайдиган равишда ўзини суратга олиш ва суратларни интернетга жойлаш истаги билан намоён бўлар экан. Айнан шу иштиёқ инсон руҳиятидаги салбий ўзгаришларнинг авжи ҳисобланар экан.

Бундай ҳолатда одамлар эҳтиёткорлик ҳиссини бутунлай йўқотади ва ноодатий суратга олиш, интернетнинг бошқа фойдаланувчилари эътибори ва баҳосини ошириш учун ҳеч нарсадан тап тортмайди.

Ижтимоий тармоқларда «ўзингни суратга ол ва бизга юбор», «энг кулгили суратингни тармоққа жойла» каби даъватлар кўпаймоқда. Энг ачинарлиси, ён-атрофимизда ана шундай инсонларга эргашадиганлар кўпайиб бормоқда. «Улар нега айнан шу ерда, баланд бинода, поезд йўлида ёки машина ойнасидан бошини чиқариб суратга тушяпти. Демак, бир сабаби бор», деб ўйлаётган ва уларга тақлид қилаётганларга нима дейсиз? Бу касалликнинг юқумли эканидан далолат эмасми?...

 

...Дилноза ижтимоий тармоқларда жуда фаол. Дўстлар орттириш, улар билан суҳбат қуриш унга жуда ёқади. Суратларини тармоққа жойлаштириш эса жону дили. Аммо унинг бу қизиқиши бошига бало бўлди. Тармоқдаги нотаниш йигитнинг дил изҳоридан сўнг Дилноза ҳам унга боғланиб қола бошлади. Улар бир-бирига турли жойларда тушган суратини юборар, кейин унга изоҳ берарди. Қиз дугоналари билан бирга тоққа чиқди. Ўзини қоя устида «селфи» услубида суратга олишга уринган Дилноза бехосдан йиқилиб кетди. Натижада суякларининг синиши, умуртқа суягининг кучли зарарланиши ва бош юмшоқ қопламасининг қаттиқ шикастланиши каби касалликларни орттириб олди. Бу унинг руҳиятига ҳам таъсир этмай қолмади.

 

Тадқиқотлар натижаси

Ҳиндистонлик олимлар ўтказган сўров натижаларига кўра, «селфитис»га чалинганларнинг кўпчилиги эътибор, меҳр-муҳаббатга муҳтож, ўзига ишончи суст кишилардир. Улар ўзининг жамиятдаги ўрнини топишга уринади. Атрофдагилар унга эътибор бериши учун ўзини гуруҳнинг бир қисми сифатида ҳис қилиш умидида доимий равишда суратларини чоп этиб боради. Ўзлигини намоён қилиш, атрофдагилар эътиборини кенг жалб этишга бўлган кучли истак онгни бошқаради.

Руҳшуносларнинг фикрича, улар бора-бора атрофдагиларнинг эътироф ва эътиборига, қолаверса, ўзининг кўринишига қарамлик (нарциссизм) гирдобига тушиб қолади. Кейинчалик асаб тизими муаммолари уларни қийнайди. Феъл-атворида ўзини бошқалардан устун қўйиш, худбинлик, манманлик, лоқайдлик каби жиддий қусурлар пайдо бўлади. Ўз камчилигини тан олмайдиган, фақат яхши таърифларни эшитишга мойил бўлгани боис тажовузкор феъл-атвор эгасига айланади.

Селфи тушишга боғланиб қолиш кейинчалик невроз ва ҳаттоки янада чуқурроқ патологик ҳолатлар – психозга ҳам олиб келиши мумкин. Бошқалар томонидан беэътибор қолдирилган селфибоз ўзида ноқисликни ҳис этиб, оқибатда жиззакилик, норозилик ёки аксинча, руҳий тушкунликка (депрессия) тушиб қолиши мумкин. Бундай одамларга албатта психологик ёрдам кўрсатилиши лозим. Чунки улар ўзини суратга олиш ва уни интернетга жойлаштириш истаги чегарадан аллақачон чиқиб кетганини ва бу ҳолат кейинчалик оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини англай олмасликлари эҳтимоли юқори.

 

Уларнинг орасида фарзандингиз йўқлигига ишончингиз комилми?

...Тўққизинчи қават томида йигитларнинг бири иккинчисини итарган, ўйнаган, кулган ва бошқа хатти-ҳаракатлар қилиб суратга тушмоқда. Агар пастдан уларни кўраётган бўлсангиз, хаёлингизга келган биринчи фикр нима бўлади?

Уларнинг орасида ўз фарзандингиз йўқлигига ишончингиз комилми? Унинг ўқишда, ишда ёки машғулотларда банд эканини аниқ биласизми?

Ҳа, аслида селфиманиянинг ҳаёт хавфсизлигидаги ўрни эътиборни тортади. Ўзини суратга оламан деб юз бераётган кўнгилсизликлар, ҳалокатлар, ҳаётдан эрта кўз юмишлар содир бўлаётгани ачинарли.

Ўз автоуловида тоғли ҳудудга саёҳатга чиққан йигит-қизлар қайтаётиб, ҳалокатга учради. Маълум бўлишича, машинани бошқараётган йигит селфи олишга чалғиб, айлана йўлни кўрмай қолган. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда анча овоза бўлди. Аммо бу хабар ёшларни ҳушёр қила олмади.

Хорижий мамлакатларда симёғочга ёпишиб куйиб кетган мактаб ўқувчиси, парвоз вақтида мувозанатнинг йўқолишига сабабчи бўлган учувчилар, ўн олтинчи қаватдан йиқилган қиз, поезд остида қолган йигитлар, машина уриб юборган ёшлар... Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Юртимизда ҳам шу каби ҳолатлар, афсуски, учраб турибди.

Манманлик одамда ахлоқсизликнинг шаклланишигача олиб келаётир. Инсоний ҳис-туйғуларни четга суриб қўяётганлар сафи кенгайиб бормоқда. Дафн маросимлари, автоҳалокатлар пайтида, ёнғин, табиий ё техноген ҳодиса рўй берганда жабрланганларга кўмакка шошилиш, йиқилиб қолган кексаларга ёрдам бериш ўрнига уларнинг ёнида ёки фонида суратга тушиш, ҳаёсизларча видеога олиш ахлоқсизлик ва маънавиятсизликдан бошқа нарса эмас. Инсонийлик туйғуларидан йироқ бундай одамлар ҳақида нима дейиш мумкин?

– Халқимизда «Уят – ўлимдан қаттиқ» деган нақл бор, – дейди пойтахтимизнинг Яшнобод тумани Катта Янгиобод маҳалласида яшовчи Тўтихон ая Йўлдошева. – Ота-боболаримиз, оқила момоларимизнинг онгу-тафаккурида асрлар давомида шаклланиб, сайқал топган ор-номус, уят, андиша, шарму-ҳаё, ибо, иффат каби юксак ахлоқий туйғу ва диний-маънавий тушунчалар турмуш тарзимиз асосини ташкил этган. Шундай экан, қизларимиздаги ор-номус, йигитларимиздаги ғурур қаерда қолди?! Ҳатто айтишга хижолат бўладиган жойларда ўзини суратга олиб, тармоқларда фаол бўлиш одоб чегарасидан чиқиш эмасми?!

Ўғил-қизларимиз, келажагимиз ­бунёдкорларининг бўш вақтини фойдали ишларга йўналтириш муҳим вазифалардандир. Таълим муассасалари, маданият ва маърифат марказларида ташкил этилган турли тўгаракларга ёшларни жалб этиш, уларга тўғри таълим-тарбия бериш ўз самарасини беради. Мазмунли ташкил этилган вақт ва кучли маънавий тарбия фарзандларимизнинг бу касалликни юқтириб олишига йўл қўймасликнинг кафолатидир.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 1407 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика