Norma.uz

Ҳисоб-китобларни солиштирамиз

 

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (Давлат рақобат қўмитаси, Қўмита) абонентларнинг газ ва электр энергияси учун низоли қарзларини солиштиришда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига кўмаклашишга тайёр. Қўмитанинг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Дилшод Азимовнинг сўзларига қараганда, мавжуд бўлмаган қарзларни ҳисоблаш давом этмоқда ва фуқаролар коммунал хизматлар етказиб берувчилар уларнинг ҳуқуқларини поймол қилишларидан илгаригидек ҳимояланмаганлар.

 

– Вазият шундайки, деярли ҳар биримиз қарздор бўлиб чиқишимиз мумкин, қарз мавжуд эмаслиги тўғрисида етказиб берувчилар тақдим этган маълумотнома ҳам ноқонуний ҳисобланмалар маълумотлар базасидан чиқариб ташланганлигини кафолатлай олмайди, – дейди Дилшод Азимов. – Улар кўчмас мулкнинг олди-сотди битимларини расмийлаштиришдан тортиб мамлакатдан чиқишгача бўлган турли вазиятларда қалқиб чиқади. Ҳисоб маълумотларининг ишончсизлигига сабаб ҳисобланмаларни автоматик тарзда амалга оширувчи дастурларнинг такомиллашмаганлиги, электр ва газ таъминоти ташкилотлари ходимларининг билимсизлиги ва ҳуқуқий нигилизми, илгари ушбу тузилмалар вакиллари йўл қўйган суиистеъмолчиликларда. Кўпинча хусусий турар жойларда яшовчи ва газ ускуналарининг бир нечта нуқтасига эга бўлганларда муаммолар юзага келади.

Газ ва электр энергияси учун қарзни ундириш билан Мажбурий ижро бюроси бўлинмалари шуғулланадилар. Реал қарздорлик бўлмаган ҳолатларда уни сўндириш учун қонунчиликда белгиланган беш кун – жуда қисқа муддат. Абонент ёрдам сўраб Қўмитага мурожаат қилса ёки судга даъво аризаси берса, бу вақтни олади, иш кўриладиган бутун даврда уни етказиб берилаётган коммунал маҳсулотлардан узиб қўйишлари мумкин. Бу истеъмолчилар ҳуқуқларини бузишдир. Ҳозир иситиш мавсуми бошланди, фуқаролар ноқонуний ҳисобланмалар юзасидан кўп мурожаат қилишлари ва кейинчалик ундан узиб қўйилишлари эҳтимол. Бундай қилишдан аввал муаммо юзага келмаслиги учун етказиб берувчиларнинг ахбороти ишончлилигини текшириш зарур.

Истеъмолчилар йил сайин ҳуқуқларини поймол қилаётган коммунал хизматларни етказиб берувчилар билан илгаригидек мунозарага бормоқдалар. Низоли масалаларни ечиш билан холис тараф шуғулланиши лозим, Қўмита ана шундай тараф бўлиб чиқиши мумкин. Биз фуқароларнинг мурожаатлари устида ишлаяпмиз, асоссиз қарзларга муносабат билдириш амалиётини ишлаб чиққанмиз. Улар қандай ва қай сабабга кўра шаклланишидан хабардормиз, уларни фош этишда ёрдам бера оламиз. Бугунги кунда Бюро ходимлари ҳам газ ва электр энергияси учун қарздорликни солиштирмоқдалар. Улар орасида собиқ коммуналчилар кўп. Улар абонент огоҳлантириш хатида кўрсатилган суммани тўлашидан манфаатдор – моддий тақдирланишлари шунга боғлиқ. Илгари коммунал соҳа билан боғлиқ бўлмаган ёш ходимларга эса низоли, мавжуд бўлмаган қарзларни солиштиришда тажриба ва билим етишмайди. Биз буни қандай қилиб тўғри амалга ошириш хусусида уларга маълумот бера оламиз, ўта мураккаб масалаларни кўриб чиқишда кўмак беришга тайёрмиз.

Қўмитанинг Бюро билан ҳамкорлик қилиш механизми қуйидагича бўлиши мумкин. Бюро низоли масалалар бўйича ахборотни Қўмитага юборади. Қўмита ходимлари уни ўрганиб, етказиб берувчининг ҳисоб маълумотлари ва истеъмолчи тақдим этган тўлов ҳужжатлари асосида солиштирув ўтказадилар. Сўнгра солиштириш далолатномаси тузилади, уни истеъмолчи, етказиб берувчи ва Қўмита вакиллари имзолайдилар. Истеъмолчига қарздорлик мавжуд эмаслиги ёхуд мавжудлиги тўғрисида маълумотнома берилади. Бюрога хулоса юборилади, у реал қарздорни узиб қўйиш учун асос ҳисобланади. Етказиб берувчи далолатнома асосида маълумотлар базасидан мавжуд бўлмаган ҳисобланмаларни чиқариб ташлайди. Иш судда кўрилса, суд органлари абонентнинг қарзи йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани Қўмитадан сўрайдилар.

Ушбу амалиёт Бухоро вилоятида муваффақиятли қўллаб келинмоқда, Давлат рақобат қўмитасининг Бухоро вилоятидаги ҳудудий бошқармаси Бюронинг вилоятдаги бўлинмаси билан биргаликда ишламоқда. Шу йилнинг 9 ойи давомида «Ромитантумангаз», «Шофирконтумангаз», «Вобкенттумангаз» ва «Когонгаз» филиаллари иши ўрганилганда Қўмита бошқармаси ходимлари прокуратура ва Бюро билан ҳамкорликда 3,6 млрд сўм миқдоридаги газ истеъмоли учун қарздорлик ноқонуний ҳисобланганлигини аниқладилар. Солиштиришлар натижаларининг гувоҳлик беришича, аксарият ҳолларда газ ва электр энергияси учун сохта қарздорлик ҳисоблаб ёзилади, уларнинг йўқлигини исботлаётган истеъмолчилар ҳақлилар.

Тўғри, бу осон иш эмас, бироқ шу тариқа етказиб берувчиларнинг маълумотлар базалари ишончлилигини таъминлаш, электр ва газ таъминоти хизматлари ягона биллинг тизимига ўтишни жадаллаштириш, истеъмолчилар шикоятлари сонини қисқартириш ва коммунал хизматлар ҳақини виждонан тўлаб келаётганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мумкин бўлар эди.

 

 

Бир шикоят изидан

 

Қибрай «газга босди»

 

Қибрай туманидаги хусусий турар жойда ёки кўп квартирали уйда яшовчи ҳар бир мулкдор истеъмол қилинган газ учун қарздор бўлиб қолган кўринади. Ҳисобланмалар қаердан юзага келганлигининг тагига етиш учун тумангаз идорасида навбат кутаётганларни кўриб, шу хаёлингизга келиши ажаб эмас. Одамлар саҳарги соат 4 дан бошлаб навбат эгаллаб, тартиб учун дафтарда рўйхатга турмоқдалар.

 

– Давлат рақобат қўмитасининг Тошкент вилоятидаги ҳудудий бошқармаси мутахассиси Акмал Абдураззоқов билан Қибрай тумангаз офисига эрталаб соат 9 да келганимизда истеъмолчи 101-рақам остида ёзилди. Кеча эса эрталабки соат 8 да навбатда турганлар сони 157 кишидан ошган эди. Кун давомида у сезиларли даражада кўпайди. Шунча одам кечгача ҳам ўта олмаслиги маълум. Аҳолини тумангазнинг атиги 1 та ходими қабул қилаётган эди. У ҳам... монтёр. Одамлар ишларини ташлаб, бир неча кундан буён газ таъминоти ташкилотига қатнаяптилар. Кеча ўта олмаганлар эрталабдан яна навбатга ёзилишларига тўғри келади. Улар орасида эса кекса кишилар жуда кўп.

Штатдан ташқари вазиятнинг муаммоси нимада? Тумангаз ҳар ойда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман бўлинмасига қарздорлар ҳақида ахборот беради. У ўз навбатида истеъмолчиларга қарздорликлари мавжуд эканлиги ва уни 5 кун мобайнида сўндириш зарурлиги ҳақида огоҳлантириш хатларини йўллайди. Акс ҳолда – газ таъминоти тармоғидан узиб қўйиладилар, такроран улаш учун эса энг кам иш ҳақининг 2 бараварини тўлашларига тўғри келади*.

Тумангазда бўлган пайтимизда идора раҳбарияти жойида йўқ эди. Навбат кутиб эзилган кишилар тўлов квитанцияларини кўрсатишарди. Деярли ҳамма олдиндан ҳақ тўлаб қўйган, қарздорлик йўқлиги ҳақида газчилар берган маълумотномалари қўлларида. 1,5, 2, 3, 4 млн сўмлик ҳисобланмалар қаердан пайдо бўлган?

 

Маълумотлар базасидаги тартибсизлик

Тумангазнинг ҳисоб-китоб бўлимида масъул ходимлар умуман йўқлиги сабабли монтёр Мирсултон Аҳмедов истеъмолчиларнинг қарзлари билан шуғулланаётган экан. Томонларнинг муносабатларини тартибга солувчи қонунчиликни билишидаги нуқсонларни етказиб берувчи доим ҳақли деган гап билан беркитаётганига гувоҳ бўлдик.

Абонентлар базасидаги ҳисоб умуман бетартиб юритилган. Аксарият ҳисобланмалар сохта, бир неча йил – 8 ва ҳатто 10 йил аввалги қарзлар қайд этилган. Бюронинг огоҳлантириш хатида ва етказиб берувчининг маълумотлар базасида кўрсатилган қарздорлик миқдорлари мос келмаяпти.

 

Қибрай тумангаздаги мунозаралар.

 

Масалан, Н.Йўлдошеванинг қарзи йўқлиги тўлов квитанциялари билан тасдиқланган. Бюро кўрсатмасида унинг 1 300 минг сўм қарзи борлиги қайд этилган, газчиларнинг базасидаги қарзи эса 300 минг сўмни ташкил этади. Квитанцияга кўра ҳаммаси тўланган бўлса ҳам, етказиб берувчиларда 2008 йилнинг қайсидир даври учун тўлов қайд этилмаган. Шунга қарамай, монтёр учун бу далил бўла олмади – сохта қарзни тўлашни талаб қилаверди. Бироқ, Чакана истеъмолчига табиий газ етказиб бериш шартномасида абонентда қарздорлик мавжуд бўлганда етказиб берувчининг хатти-ҳаракатлари механизми белгиланган. У истеъмолчини 10 кун давомида уни сўндириши зарурлиги тўғрисида ёзма равишда огоҳлантириши шарт. Тўламаган тақдирда – уни газ таъминоти тармоғидан узиб қўяди (айни пайтда ушбу тартиб ўзгарди). Агар шундай қилинмаган бўлса, демак, етказиб берувчининг ўзи қонунчиликни бузган. Тўлов квитанцияси тўлов ҳужжати ҳисобланади, истеъмолчи ҳеч нимани исботлаши керак эмас – у газ ҳақини тўлаш мажбуриятини виждонан бажарган.

Б.Зайниддинов 2017 йил апрелда тумангазда қарзи йўқлиги тўғрисида маълумотнома олган. Сентябрда газ учун олдиндан тўлов 1,5 млн сўмни ташкил этган. Шунга қарамай, Бюродан 1 500 минг сўм миқдоридаги ҳисобланмалар тўғрисида огоҳлантириш хатини олди. Солиштиришдан сўнг етказиб берувчининг маълумотлар базасидаги қарз 53 минг сўмни ташкил этди. У қаердан олинганлиги тушунарсиз. Етказиб берувчи қарз йўқлиги тўғрисида маълумотнома берган ходимдан бунинг сабабини сўраши керак, бироқ у ишдан бўшаб кетган экан. Демак, газчининг фикрича, истеъмолчи айбдор. Ҳар доимгидек, синалган зўравонлик усули қўл келади.

Р.Жўраевнинг қўлида ҳам барча квитанциялар ва қарзи йўқлиги тўғрисида маълумотнома бор, ҳисобланмалар эса кўп эмас, кам эмас, 4 180 минг сўмни ташкил этади. С.Содиқов 2010 йилда газ ҳисоблагичини текширувдан ўтказдирган. Бироқ, Мирсултон аканинг сўзларига қараганда, гўё сертификат нусхасини тумангазга топширмаган. Кекса киши 8 йил аввал нима бўлганлигини эслай олмади. Батартиб қилиб тахланган бир неча йиллик квитанцияларни, ўша машъум сертификатни ҳам кўрсатди. Бюронинг кўрсатмасига кўра у 1 122 минг сўм қарз. Етказиб берувчининг абонентлик базасида 500 минг сўмлик қарзи кўрсатилган. 8 йил ўтган, унга нисбатан ҳеч қандай даъво билдирилмаган. Демак, газчилар текширув ўтказилганлиги далилини тан олганлар. Акс ҳолда уни ўтказиш зарурлиги ҳақида ўз вақтида огоҳлантириш хати йўллашлари керак эди. Абонент буни қилмаганида эса, Шартномага биноан ҳисобланмалар ёзила бошлар эди. Бу ҳам етказиб берувчи томонидан қонунбузарликка йўл қўйилганлигини кўрсатади.

Монтёрни қувонтирадиган воқеа ҳам рўй берди – охири ҳисобланмалар асосли ёзилган истеъмолчига тўқнаш келдик. Ҳисоблагич назорат тартибида кўрикдан ўтказилганда у нотўғри ишлаётгани аниқланди. Юз фоиз носозлигини Ўзстандарт лабораторияси тасдиқлади. Аҳмедовнинг сўзларига қараганда, бундай далиллар етарлича топилади.

 

Ўтган кунлар солномаси

Мирсултон акадан нореал қарзлар қаердан олинишини, навбат кутишнинг сабабини сўрадим. Бунга очиқчасига жавоб берди: «Илгари тумангаз ходимларининг маълумотлар базасига ноқонуний аралашганида. Инсофли истеъмолчиларга катта суммадаги сохта қарзлар ёзилиб, реал қарздорлардан эса қонунга хилоф равишда ҳисобдан чиқарилган. Бу ходимлар жазоланди, базани эса ҳанузгача тартибга сола олмаяпмиз». Бошқача айтганда, истеъмолчилар аввалги хатоликлар мевасини тотмоқдалар.

Яна бир муаммо. Абонентлар базаси ҳар ой янгиланиши керак. Қибрай тумангаз идорасига борганимизда етказиб берувчи 2017 йил май ойидаги, яъни ярим йил аввалги ҳисоб маълумотларидан фойдаланаётган эди. Демак, ярим йил ичида газ ҳақини тўлаган абонентлар шунча пайтдан буён қарздор сифатида қайд этилмоқдалар, ўзлари идорага келиб маълумотларни солиштиришлари керак. Аҳмедовнинг айтишича, тумангаз идорасида маълумотлар базасини мунтазам янгилаб туриши керак бўлган оператор йўқ. Илгари улар олти киши эди, эндиликда уларни қисқартирганлар. Улар суиистеъмолчиликларга йўл қўйган кўринади. Бу ҳам нотўғри иш. Туман тузилмасида биронта инспектор йўқ, 3 нафар уста бор. Қибрай туманида 45 960 та абонент мавжуд. Кети узилмайдиган навбатлар, абонентларнинг қарзлари билан монтёр шуғулланишининг сабаби ана шунда. У лавозим мажбуриятлари бўйича бунга ҳақлими деган савол туғилади.

Газ таъминоти ташкилотлари ходимларининг қўшиб ёзишлари оқибатида давлатга улкан зарар етказилган. Содир этган ҳуқуқбузарликлари учун кўпчилик жиноий жавобгарликка тортилди. Бутун республика бўйича газ ҳисобини юритувчи ва реализация қилувчи 4 255 штат назоратчиси ишдан бўшатилди. Ахир ана шу даражада ҳам катта суиистеъмолчиликлар қилинган, улар абонентлар базалари тўғрилигига таъсир кўрсатгани шубҳасиз. Оқибатда нимага эришилди? Уларни ишдан бўшатиб қўяқолдилар, истеъмолчилар эса ҳанузгача ўша бўғиннинг айбини ёпмоқда. Маълумотлар базасидаги чалкашлик ва тартибсизлик сабабини нима учун улардан сўрамаслик керак?

Қибрай тумангаз ва бошқа жойлардаги идораларда юзага келган вазиятда давлат ва истеъмолчилар зарар кўрган тараф ҳисобланади. Бугунга келиб бунга реал баҳо берилган, бироқ истеъмолчиларга зуғум ўтказишда давом этмоқдалар. Ахир маълумотлар базаси солиштирилмоқда, унда кўп ҳолларда мавжуд бўлмаган, қўшиб ёзилган қарзлар қайд этилган. Абонент унинг ҳуқуқларини мунтазам равишда поймол қилган ўша тузилмага боради. Ҳар бир истеъмолчига эҳтимолий қонунбузар сифатида қарашларига яна гувоҳ бўлади. Такроран исботлаши, ўзини оқлаши, газчиларнинг илгариги фирибгарликлари сабабли навбат кутишига тўғри келади.

Мажбурий ижро бюросининг Қибрай туманидаги бўлинмасида ҳам газ учун қарздорликлар солиштирилмоқда, аслида бу унинг асосий вазифаси эмас. Эслатиб ўтамиз, ушбу тузилмага газ ва электр энергияси учун дебиторлик қарзини қисқартириш мажбурияти ҳам юкланган. Бу ерда абонентларни 2 киши қабул қилар, навбат камроқ, тартиблироқ эди. Қабул қилишдан ташқари, Бюро ходимлари хусусий турар жойлар ва квартираларни айланиб чиқиш йўли билан табиий газ истеъмолчиларини инвентарлашдан ўтказмоқдалар. Мақсад ўша – тумангаз собиқ таркибининг суиистеъмолчиликлари туфайли ишончсиз бўлган маълумотлар базасини тартибга келтириш.

 

Қибрай Мажбурий ижро бюросида қарзларни солиштириш.

 

– Тўғри, буларнинг бари тўловдан қарзи бўлмаган фуқароларнинг эътирозига сабабчи бўлиб, ноқулайлик туғдирмоқда, – дейди Бюронинг Қибрай туманидаги бўлинмаси бошлиғи Алишер Назаров, – бироқ ўзга чорамиз йўқ. Тумандаги Бюронинг 4 ойлик фаолияти давомида 7 млрд сўмлик ноқонуний қарздорликлар фош этилди. Бу ишни йил охиригача якунлашни мўлжаллаяпмиз. Туманда хусусий турар жойлар кўп, уларнинг 2–3 нуқтасида газ ускуналари бор, шу сабабли ҳисобланмалар миқдори катта. Реал қарзларни сўндиришга 5 кун муҳлат берилади. Улар сохта бўлиб, абонент буни исботлаши учун вақт талаб этилса, у бизга мурожаат қилиши керак. Бундай ҳолларда истеъмолчиларни ана шу даврда газдан узиб қўймаймиз.

 

*Президентнинг 13.11.2017 йилдаги ПҚ-3384-сон қарори 18-бандига мувофиқ, 15.11.2017 йилдан бошлаб мазкур тартиб ўз кучини йўқотди.

 

 

 

Хориж тажрибасидан

 

Янги субъект – мулкдор

 

РФ ҳукумати кўп квартирали уйда машина жойи сотиб олинганда умумий мол-мулкка бўлган умумий мулк ҳуқуқидаги улуш ҳам мулкдорга ўтиши назарда тутилган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.

 

«Россия Федерацияси ҳукумати қонун лойиҳасида таклиф этилаётган кўп квартирали уйдаги хоналар мулкдорлари ҳуқуқларининг тартибга солинишини асосли деб ҳисоблайди. Шу билан бирга РФ ФКга янги субъект – машина жойи мулкдори киритилиши унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари комплекс равишда белгиланишини талаб этади, сабаби Кодекснинг хоналар мулкдорларига тегишли барча қоидаларини ҳам машина жойлари мулкдорларига нисбатан қўллаб бўлмайди», – дейилади Вазирлар Маҳкамаси хабарида.

Айрим қонун ҳужжатларига машина жойлари мулкдорлари кўрсатилган қўшимчаларни киритиш мақсадга мувофиқ.

 

Манба: «Новости» Россия ахборот агентлиги.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

Сув учун олдиндан тўлаш керак бўлади

 

Президентнинг 16.11.2017 йилдаги ПФ-5241-сон Фармони билан сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар белгиланди.

 

Ҳужжат билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига қўшимча вазифалар юклатилди:

√ сувдан ноқонуний фойдаланиш, водопровод ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

√ сув учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;

√ сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимини жорий этиш жараёнини мониторинг қилиш;

√ сувни сотиш ва истеъмол қилишнинг ҳисобини юритишда иштирок этиш.

1.01.2018 йилдан бошлаб сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тарифлар янгиланади.

Шу билан бирга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматларининг янги тартиби жорий этилади. 2018 йил бошидан бошлаб барча гуруҳ истеъмолчиларига сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш 100%лик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Ҳақини олдиндан тўламаган истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда сув таъминоти ва сув чиқариш тизимидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади. Илгари узиб қўйилган истеъмолчиларни қайта улаш учун тўлов ундирилади:

√ I гуруҳ истеъмолчиларидан – ЭКИҲнинг 2 баравари;

√ II ва III гуруҳ истеъмолчиларидан – ЭКИҲнинг 10 баравари.

Маълумот учун: I гуруҳга ўз уйи ва кўп хонадонли уйлар хонадонларида яшайдиган жисмоний шахслар; II гуруҳга – иссиқлик таъминоти ташкилотлари ва водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари, идоравий уй-жой фонди ва Мудофаа вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотларнинг ётоқхоналари, бюджет, диний ташкилотлар, элчихоналар ва дипломатик ваколатхоналар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ХУМШ; III гуруҳга – I ва II гуруҳга кирмаган ташкилотлар киради.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 15.11.2017 йилдан кучга кирди.

 

 

Янги намунадаги ҳисоблагичлар ҳар 10 йилда кўрикдан ўтказилади

 

Президентнинг 13.11.2017 йилдаги ПҚ-3384-сон қарори билан электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этишга доир чора-тадбирлар белгиланди.

 

Камида 2 млн дона янги намунадаги ҳисоблагичлар ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун «Sagemcom» (Франция), «Elster GmbH» (Германия) ва «Tosheleсtroapparat» МЧЖ ХК (Ўзбекистон) компанияларидан 2 млн дона электр энергияси ва газни ҳисобга олиш ускуналари харид қилинади.

Бунга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ орқали 10 йил муддатга кредит кўринишида маблағлар ажратади.

Изоҳ. Ҳужжатда охирги истеъмолчи янги ҳисоблагичлар ўрнатилганлиги учун тўловни амалга ошириши лозимлиги масаласи бевосита тартибга солинмаган.

Ҳисобга олиш ускуналарини пломбалаш «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ходимлари томонидан амалга оширилади. Мазкур ускуналарни кўрикдан ўтказиш ишлари эса ҳар 10 йилда амалга оширилади. Истеъмолчидан давлат кўригидан ўтказиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа ишларни бажариш учун ечиб олинган ҳисобга олиш ускунасининг ўрнига зудлик билан «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ маблағлари ҳисобидан бошқа кўрикдан ўтган ҳисобга олиш ускунаси ўрнатилади.

Республика ҳудудига лойиҳанинг техник параметрларига мос келмайдиган ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни олиб кириш ва ўрнатиш тақиқланади.

Президентнинг қуйидагиларни белгиловчи 20.04.2017 йилдаги ПҚ–2907-сон қарори ўз кучини йўқотган деб топилди:

√ 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб газ таъминоти маҳаллий объектларини хусусий операторларга ишончли бошқарувга топшириш;

√ шу санадан бошлаб етказиб берилган табиий газ учун қарзи бўлиб, тармоқдан узиб қўйилган истеъмолчилардан газ таъминоти тармоқларига қайта уланиши учун ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида тўлов ундириш;

√ маиший истеъмолчиларга табиий газни ҳисоблаш замонавий электрон ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш ва кейинчалик хизмат кўрсатиш «Ўзтрансгаз» АКнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 15.11.2017 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, Самир Латипов, «Norma Online» экспертлари.

 

 

Қарзсиз яшаш

 

Иш жойидан кетмай туриб коммунал хизматлар ҳақини тўлаш

 

Ҳаммага маълумки, истеъмол қилинган коммунал хизматлар (совуқ ва иссиқ сув таъминоти, сув чиқариш, электр, газ ва иссиқлик таъминоти, маиший чиқиндиларни олиб чиқиш) учун ўз вақтида ҳақ тўлаш зарур. Ишловчи фуқаролар иш жойларини тарк этмай туриб коммунал тўловларни тўлашлари мумкин. Буни қандай қилиб ўз вақтида амалга ошириш мумкинлигини, қайси ҳужжатларни расмийлаштириш ва уларни ҳисобда қай йўсинда акс эттириш кераклигини «Norma Ekspert» мутахассисларининг тушунтиришлари орқали билиб оласиз.

 

Шуни қайд этиб ўтамизки, иш берувчи ходимнинг ёзма розилиги билан ёки, масалан, суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун бундай розилик бўлмаган тақдирда ҳам, коммунал хизматлар ҳақини меҳнат ҳақидан ушлаб қолиши мумкин (МКнинг 164-моддаси). Корхонанинг ушланмаларни расмийлаштириши ушбу асосларга боғлиқ. Эҳтимолий вазиятларни кўриб чиқамиз.

 

Аризага биноан

Ходимнинг розилиги билан коммунал тўловларнинг ушлаб қолиниши Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 15.05.2001 йилда 1031-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади.

Ходим коммунал хизматлар учун бевосита иш ҳақидан ҳақ тўламоқчи бўлса, ёзма ариза беради. Унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади: шахсий ҳисобварағи, коммунал ташкилот реквизитлари, хизматлар тури ва қиймати, ушланма амалга оширилиши зарур бўлган давр (Низомнинг 3-банди). Аризани корхона раҳбари ёки ваколатли шахс имзолаган бўлиши керак.

Ушланмалар суммаси тўлов пайтида аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича (ҳисоблагичга кўра ёки у бўлмаганда – ойига 1 киши учун) ҳисобланади. Тўлов бир марта ёки ҳар ойда амалга оширилиши мумкин. Иккинчи ҳолатнинг вариантлари мавжуд:

1) тўлов суммасини олдиндан (масалан, ҳисоблагич бўлмаганда – кишилар сони ва амалдаги тарифдан келиб чиқиб) аниқлаш мумкин бўлса ёки олдиндан тўлов тўланаётган бўлса, аризада қатъий белгиланган суммани дарҳол кўрсатиш ва ойларни санаб ўтиш мумкин;

2) тўлов суммаси олдиндан маълум бўлмаса (масалан, ҳисоблагич кўрсаткичларига биноан тўлаганда), аризада жорий ой учун тўловнинг аниқ суммаси бухгалтерияга тегишли ариза топшириш йўли билан қўшимча равишда кўрсатилишини қайд этиш лозим.

 

МИСОЛ. Ходим ҳисоблагич бўлмаганда 3 киши учун 2 ойга (октябрь ва ноябрь) совуқ сув учун ҳақ тўлаяпти. 1.10.2017 йилга келиб аҳоли учун ойига 1 кишига совуқ сув таъминоти тарифлари 5 972,31 сўм миқдорида белгиланган. Ходим берадиган ариза қуйидагича бўлиши мумкин.

 

«Кафолат» МЧЖ директори

Норбеков А.А.га

«Кафолат» МЧЖ технологи

Ниёзов Р.О.дан,

қуйидаги манзилда яшовчи:

Тошкент ш., Учтепа тумани,

Г-9А-мавзе, 35-уй, 5-кв.

Ариза

2017 йил октябрь-ноябрь ойлари учун 3 кишига белгиланган тариф бўйича 35 833,86 сўм миқдоридаги
(5 972,31 х 2 х 3) совуқ сув ҳақини 2017 йил октябрь ойи учун меҳнат ҳақимдан ушлаб қолишингизни ва кўрсатилган суммани Тошкент шаҳар «Сувсоз» трестидаги 3-101-105-шахсий ҳисобрақамимга ўтказишингизни сўрайман (Ипотекабанкнинг Меҳнат филиалидаги ҳисоб-китоб счёти – 20210000500101499015, МФО – 00423, СТИР – 201052713).

 

Ниёзов Р.О.

 

Тўловлар ҳисоблагич кўрсаткичларига биноан ҳисобланган бўлса, аризада унинг маълумотларини кўрсатиш лозим. Бу ҳолда ариза қисми қуйидагича бўлади:

 

«2017 йил ноябрь ойидаги 25 куб метр учун 1 куб метрга белгиланган тариф (500 сўм) бўйича 12 500 сўм миқдоридаги (25 х 500) совуқ сув ҳақини 2017 йил ноябрь ойи учун меҳнат ҳақимдан ушлаб қолишингизни сўрайман. Ҳисоблагич кўрсаткичи 1.11.2017 йилда – 485 куб метр, 1.10.2017 йилда – 460 куб метр.

Кўрсатилган суммани Тошкент шаҳар «Сувсоз» трестидаги 3-101-105-шахсий ҳисобрақамимга ўтказишингизни сўрайман (Ипотекабанкнинг Меҳнат филиалидаги ҳисоб-китоб счёти – 20210000500101499015, МФО – 00423, СТИР – 201052713)».

 

Ходимнинг аризаси ушлаб қолиш учун асос ҳисобланади. Бухгалтерия ушлаб қолинган суммани ҳисоблаб, коммунал ташкилот счётига ўтказиши учун у олдиндан топширилган бўлиши лозим. Тўлов топшириқномасининг тўлов тафсилотларида ходим ҳақидаги маълумотлар (Ф.И.О., шахсий ҳисобрақами, манзили), хизмат тури кўрсатилади. Маблағлар ўтказилганидан кейин ходимга корхона бош бухгалтери имзо чеккан тўлов топшириқномасининг нусхаси ва коммунал тўловлар тўланганини тасдиқлайдиган маълумотнома топширилади (1031-сон Низомнинг 6, 8-бандлари).

 

«Кафолат» МЧЖ

(корхонанинг бурчакли штампи)

ёки фирма бланкаси

Ходим коммунал тўловларни тўлаганлиги ҳақида

МАЪЛУМОТНОМА

«Кафолат» МЧЖ технологи Ниёзов Р.О.га, қуйидаги манзилда яшовчи: Тошкент ш., Учтепа тумани,
Г-9А-мавзе, 35-уй, 5-кв., шу ҳақда берилдики, топширилган аризага биноан 2017 йил октябрь ойи учун меҳнат ҳақидан 2017 йил октябрь-ноябрь ойлари учун 3 кишига 35 833,86 сўм миқдоридаги (5 972,31 сўм х 2 ой х 3 киши) совуқ сув ҳақи ушлаб қолинди ва 3.11.2017 йилдаги 8-сон тўлов топшириқномасига асосан (нусхаси илова қилинмоқда) абонентнинг Тошкент шаҳар «Сувсоз» трестидаги (Ипотекабанкнинг Меҳнат филиалидаги ҳисоб-китоб счёти – 20210000500101499015, МФО – 00423, СТИР – 201052713) 3-101-105-шахсий ҳисобрақамига ўтказилди.

Бош бухгалтер М.З.Лепко.

М.Ў. (муҳр мавжуд бўлганда).

 

Ихтиёрий тўловчилар бир нечта бўлса, тўловни битта тўлов топшириқномаси билан ўтказиш мумкин. Бунда тўлов тафсилотларида «Ходимларнинг иш ҳақидан коммунал тўловлар ушланиши» ёзуви қайд этилади, топшириқномага эса ходимларнинг фамилия ва инициали, уларнинг яшаш жойи, коммунал хизматлар тури кўрсатилган реестр илова қилинади (Низомнинг 5-банди). Реестрнинг иккинчи нусхаси коммунал ташкилотга йўлланади.

 

МИСОЛ. Корхона бухгалтериясига турли туманларда яшовчи ходимлардан коммунал хизматлар ҳақини ушлаб қолиш тўғрисида 2 та ариза келиб тушди. Келтирилган (шартли) шаклдаги реестр хизмат кўрсатувчи банкка ва корхона жойлашган жойдаги тегишли коммунал ташкилотга йўлланади.

2017 йил октябрь ойи учун

коммунал хизматлар ҳақини тўловчи ходимларнинг

1-сон РЕЕСТРИ

Т/р

 

Ходимнинг Ф.И.О.

 

Манзили (шаҳар, туман, даҳа, мавзе, кўча, уй, квартира)

 

Коммунал хизматлар тури

 

Коммунал ташкилотнинг ҳисоб-китоб счёти

 

Абонентнинг шахсий ҳисобрақами

 

Сумма, сўм

 

Давр

 

1

 

2

 

3

 

4

 

5

 

6

 

7

 

8

 

1

 

Ниёзов Р.О.

 

Тошкент ш., Учтепа тумани,

Г-9А-мавзе, 35-уй, 5-кв.

Сув таъминоти (совуқ сув)

 

Ипотекабанкнинг Меҳнат филиалидаги 20210000500101499015

 

3-101-105

 

35 833,86

 

2017 йил октябрь-

ноябрь

2

 

Саркисян А.Э.

 

Тошкент ш., Миробод тумани, Меҳрижон кўч., 11-уй

 

Сув таъминоти (совуқ сув)

 

Ипотекабанкнинг Меҳнат филиалидаги 20210000500101499015

 

3-171-120

 

20 000

 

2017 йил октябрь

 

 

Жами

 

 

 

 

 

 

 

55 833,86

 

 

 

Тўловчилар битта туманда яшасалар, бевосита уларнинг туман коммунал ташкилотларига реестр йўлланиши мумкин.

 

Талабга биноан

Коммунал хизматлар учун қарздорлик мажбурий тартибда ундирилиши мумкин («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 64-моддаси). Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг талабномаси (тақдимномаси) асосида етказиб берилган энергия ресурслари (электр энергияси ва табиий газ) учун қарздорлик ундирилади (29.05.2017 йилдаги ­ПФ-5059-сон Фармоннинг 4-банди). Президентнинг 16.11.2017 йилдаги ПФ-5241-сон Фармони 2-бандига мувофиқ, мазкур тартиб сув таъминоти ва сув чиқариш хизматларига ҳам татбиқ этилади.

Бюро етказиб берилган энергия ресурслари ва сув учун қарздорликни қарздор ходимларнинг меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисидаги талабномаларни уларнинг иш берувчиларига йўллайди, улар ижро этиш учун мажбурий саналади. Бюро талабномасига кўра ушланма суммаси ЭКИҲнинг 2 бараваридан, яъни 1.12.2017 йилгача – 299 550 сўмдан (ЭКИҲ миқдори 149 775 сўм бўлганда), 1.12.2017 йилдан эса – 344 480 сўмдан (20.11.2017 йилдаги ПФ-5245-сон Фармонга мувофиқ, ЭКИҲ миқдори 172 240 сўм бўлганда) ошмаслиги керак. Талабномада қарздорнинг Ф.И.О., ушланма миқдори ва ундирувчининг реквизитлари (номи, манзили, ҳисоб-китоб счёти ва б.) кўрсатилади (АВ томонидан 8.07.2009 йилда 1980-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидаларнинг 6-банди).

Ушланма суммалари бўйича чекловлар МКнинг 164-моддасида ҳам белгиланган – иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг 50%идан ортиб кетмаслиги лозим.

 

Ҳисоб ва ҳисобот

Ходимларнинг коммунал хизматлар олдидаги мажбуриятлари юзасидан улар билан ҳисоб-китоб қилиш ҳисоби 4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари» счётида юритилади.

 

Коммунал тўловлар учун ушланмалар ҳисоби 

 

 

Дебет 

 

Кредит

 

Ходимларнинг коммунал хизматлар учун қарзи акс эттирилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

Ходимларнинг коммунал хизматлар учун қарзи ушлаб қолинди

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

Ходимларнинг коммунал хизматлар учун қарзи ўтказилди

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

 

 

Ушлаб қолинган сумма Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларга 1-илова «Тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ШЖБПҲга бадаллар суммасининг расшифровкаси (бундан дивидендлар ва фоизлар мустасно)» 6 ва 7-устунларида пул маблағлари ўтказилган санада акс эттирилади (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

МИСОЛ. Ходим берган аризага асосан корхона 2017 йилда ҳар ой унинг меҳнат ҳақидан 4 кишига маиший чиқиндиларни олиб чиққанлик учун тўловни ушлаб қолиб, «Махсустранс» счётига ўтказади. Тўлов суммаси тўлаш пайтида амалда бўлган тариф бўйича ҳисобланади (январдан августгача – 1 кишидан 3 200 сўм, сентябрдан бошлаб – 3 500 сўм) ва 2017 йил январдан августгача 12 800 сўмни (3 200 х 4), сентябрдан – 14 000 сўмни (3 500 х 4) ташкил этади. 2017 йил III чораги учун Маълумотларга Расшифровкада коммунал тўловлар ушлаб қолинаётган даромадлар 2 ва 3-устунларда ҳисобланган даромадлар умумий суммасида (ҳисоблаш санасида), коммунал хизматлар учун тўлов ушлаб қолиниши эса – 6 ва 7-устунларда ўтказиш саналари бўйича акс эттирилади:

3.07.2017 йил – 12 800 сўм (июнь учун);

3.08.2017 йил – 12 800 сўм (июль учун);

4.09.2017 йил – 12 800 сўм (август учун).

3.10.2017 йилда ўтказилган сентябрь учун тўлов (14 000 сўм) ҳисобот даврига (июнь–август) кирмайди, у IV чорак учун Маълумотларга Расшифровкада акс эттирилади.

 

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 1772 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика