Солиқлар – ундируви билан аҳамиятли. Агар тадбиркор фаолият юритса-ю, лекин ўлпонини тўлашдан бўйин товласа, унда солиқларнинг қадр-қиммати қолармиди?
Вилоятимизда солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, улар профилактикаси самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан бир қатор тарғибот-ташвиқот тадбирлари, тадбиркорлик субъектлари иштирокида очиқ мулоқотлар ташкил этиб келинмоқда. Афсуски, Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган бундай тадбирларда жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқларни ўз вақтида тўламаслиги, пайсалга солиши ёки ундан бўйин товлаши каби ҳолатлар ҳам аниқланади.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида суд ҳужжатлари асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг 54,2 млрд сўмлик солиқ қарздорлиги мажбурий тартибда ундирилган. Масалан, Урганч шаҳрида рўйхатдан ўтган «Отаназар ҳисобчи» МЧЖ умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланади. Ушбу тадбиркорлик субъекти 30 млн сўмлик муддати ўтган солиққа оид қарзларини тўланмаганлиги сабабли жамиятга тегишли «Cobalt» русумли автомашина хатловга олинди. Шунингдек Мажбурий ижро бюроси иш юритувида бўлган 76,8 млн сўмлик ижро ҳужжатига асосан автотранспорт хизмати фаолияти билан шуғулланувчи «Жанубгазавтохизмат» унитар корхонасига тегишли «Nexia» автомашинаси хатловга олинди.
– Маълумки, Солиқ кодексининг 272 ва 287-моддаларига асосан эгалигида солиқ солинадиган мол-мулки ва ер участкалари бўлган жисмоний шахслар учун мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш муддати ҳар йилнинг 15 октябрига қадар этиб белгиланган, – дейди Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Р.Бабаязов. – Муддатида тўланмаган ёки солиқ суммасининг тўлови кечиктирилган ҳар бир кун учун қонунчиликда белгиланган тартибда пеня ҳисобланади ва бундай қарздорлик суд тартибида мажбурий ундирилади.
Ўтказилган назорат тадбирлари давомида даромад солиғи ва суғурта бадалидан 6 693 минг сўмлик солиқ қарздорлиги бўлган Хива туманилик якка тартибдаги тадбиркор Фарҳод Жабборовнинг мулкий аҳволи кўздан кечирилиб, унга тегишли соз ҳолатдаги мебель ва «Roison» русумли телевизор, декларация асосида ҳисобланган даромад солиғидан мавжуд 2 434,7 минг сўмлик солиқ қарздорлиги эвазига фуқаро Наврўз Маҳмудовдан ойна ва эшиклар ясаш ускунаси ҳамда 475,0 минг сўмлик ер солиғидан қарздорлиги эвазига фуқаро Полвонов Ойбекнинг уйидаги 2 та гилам хатловга олинди ва қарздорлик эвазига ундирилди.
Дилрабо КУРЯЗОВА,
Хоразм вилоят ДСБ
бўлим бошлиғи.