Корхонамиз янги импорт технологик ускуналарни 500 000 минг сўмга сотиб олди (ускуналарни ишлаб чиқариш санаси – 2016 йил). Янги технологик ускуналарни фойдаланишга жорий этиш ҳисобига ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш ҳуқуқига эгамиз. Ускуналар ўрнатиш учун берилди. Уларни ўрнатиш ва монтаж қилиш чоғида корхона монтаж бўйича, шунингдек қўшимча ёрдамчи материалларга (энергия билан таъминлаш учун – симлар, кабель ва бошқа материалларга) қўшимча харажатлар қилди. Қўшимча харажатларнинг умумий суммаси қарийб 120 000 минг сўмни ташкил этди.
Импорт ускуналарни монтаж қилишга қўшимча харажатларни ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани камайтиришга доир имтиёз суммасига киритиш мумкинми?
А.Фатьян, МЧЖ бош бухгалтери.
– Ҳа, янги технологик ускуналарни монтаж қилиш билан боғлиқ харажатлар ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган базани камайтиради. Сиз ЯСТ бўйича базани ускуналарни олишга йўналтирилган маблағлар суммасига, шу жумладан уни монтаж қилиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, яъни 620 млн сўмга камайтиришингиз мумкин.
Бунда солиқ солинадиган база ускуналар фойдаланишга жорий этилган пайтдан эътиборан 5 йил давомида 25%дан ортиқ бўлмаган миқдорга камайтирилади (Солиқ кодексининг 356-моддаси; АВ томонидан 25.08.2017 йилда 2918-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
Асосий воситалар корхона балансига бошланғич қиймати бўйича киритилади. У ускуналарни олиш қиймати ва уларни олиш билан боғлиқ харажатлардан таркиб топади (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган 5-сон БҲМСнинг 11-банди). Ускуналарни олиш харажатлари, бошқалардан ташқари, монтаж ва ўрнатиш харажатларини ўз ичига олади. Ўз навбатида ускуналарни монтаж қилиш харажатлари фойдаланилаётган материаллар қийматини ўз ичига олади.
Шу тариқа, корхона солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги ЯСТ бўйича имтиёзни янги технологик ускуналарни олишга йўналтирилган, уларни монтаж қилиш харажатларини ўз ичига олувчи маблағлар суммасига нисбатан қўллаши мумкин.
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Online» эксперти.