Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 47 / Хўжалик юритиш амалиётидан

Қурилишда ёрдамчи пудрат: ҳужжатли расмийлаштириш

 

Қурилиш корхонаси буюртмачининг объектларида ўрнатиш шарти билан алюмин деразалар, эшиклар ва композит панеллар, шунингдек дарвозалар тайёрлаш учун чет ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорларни жалб этади. Ушбу ташкилотларнинг ИФУТ коди қурилишга тааллуқли эмас, якка тартибдаги тадбиркорларда эса умуман йўқ.

Алюмин деразалар, эшиклар, композит панеллар ва дарвозаларни тайёрлаш ва ўрнатиш ишлари қурилишга кирадими, ЯСТ солиқ мақсадида уларни ёрдамчи пудрат ташкилотлари деб ҳисоблаш мумкинми?

Бу ҳолда ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишлар далолатномасини қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин?

М.Абдуллаева, МЧЖ бош бухгалтери.

 

 

– ЯСТ солиш мақсадида реализация қилишдан тушган тушум деганда қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш ташкилотлари учун – ўз кучлари билан бажарилган, тегишинча қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш ишларини реализация қилишдан тушган тушум тушунилади (Солиқ кодексининг 355-моддаси). Яъни ишларни бажаришга ёрдамчи пудратчилар жалб этилган ҳолда фақат ўз кучлари билан бажарилган ишлар бош пудратчи учун ЯСТ солиш объекти ҳисобланади. Бош пудратчи ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаш мақсадида буюртмачига тўлов учун тақдим этиладиган умумий ишлар ҳажмидан ёрдамчи пудратчилар ишларни бажарганликлари далилини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида улар бажарган ишлар қийматини чегириши зарур.

Ким ёрдамчи пудратчи бўла олади?

Юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) алюмин деразалар, эшиклар ва композит панеллар, шунингдек дарвозаларни тайёрлашлари мумкин.

Юридик шахслар – алюмин деразалар, эшиклар ва композит панеллар ишлаб чиқарувчилар учун бу – ишлаб чиқариш фаолияти (ИФУТ коди – 25.1-«Қурилиш металл конструкциялари ва буюмларини ишлаб чиқариш»). Одатда, ишлаб чиқарувчи уларни ўрнатиш ишларини ҳам бажаради.

Бинобарин, сизнинг ҳолатда юридик шахсга ёрдамчи пудратчи сифатида қараш мумкин. У қурилиш билан боғлиқ ИФУТ кодига эга бўлиши шарт эмас.

Якка тартибдаги тадбиркорлар фақат алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар, шунингдек металл ва тунука буюмлар тайёрлаш билан шуғулланишга ҳақлилар (Рўйхатнинг 15, 18-бандлари, ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарорига 1-илова). Шунингдек қурилиш, таъмирлаш ва безаш бўйича алоҳида ишларни бажаришларига рухсат берилган (капитал қурилиш, қурилиш-монтаж ишлари бўйича юридик шахсларга хизмат кўрсатишдан ташқари) (Рўйхатнинг 38-банди).

Яъни:

тадбиркор объектингиз учун алюминий профилдан ва металлдан турли буюмлар тайёрлашга ҳақли;

сизнинг ҳолатда ўрнатиш ишларини бажара олмайди.

Капитал қурилиш ва қурилиш-монтаж ишларини бажараётган бўлсангиз, ЯТТга буюртмачининг объектларида ўрнатиш шарти билан алюмин деразалар, эшиклар, композит панеллар, шунингдек дарвозалар тайёрловчи ёрдамчи пудратчи сифатида қараб бўлмайди.

ЯТТдан алюминий профилдан ва металлдан ясалган тайёр буюмларни сотиб олишингиз мумкин. Уларни ўрнатиш учун пудрат шартномаси бўйича бошқа ташкилотни жалб этиб, ЯТТдан сотиб олинган тайёр буюмларни унга топшира оласиз. Бу ҳолда фақат ўрнатиш ишлари ёрдамчи пудрат ишлари деб ҳисобланиши мумкин.

Солиқ солиш мақсадида бош пудратчининг буюмлар ва уларни ўрнатиш ишлари қийматини буюртмачига тақдим этилган умумий ишлар ҳажмидан чегириш имконияти шартнома турига ва бошланғич ҳужжатлар расмийлаштирилишига боғлиқ бўлади.

 

1-вариант

Бош пудратчи ташкилот – металл конструкциялардан буюмлар ишлаб чиқарувчи билан қурилиш пудрати шартномасини тузди (ФКнинг 37-боби 3-параграфи).

Буюмларнинг қийматини ҳам ўз ичига олувчи ўрнатиш бўйича бажарилган ишлар қийматига Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши керак. У капитал қурилишда асосий бошланғич ҳисоб ҳужжати саналади (Кўрсатмалар, Қурилиш соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши ва фаолиятни лицензиялаш мониторинги бўйича республика комиссиясининг 2.02.2009 йилдаги 1-сон баённомасига 2-илова). Бу вазиятда фойдаланилган буюмлар қийматини ҳисобга олган ҳолда бажарилган ишларни ёрдамчи пудрат ишлари сифатида баҳолаш мумкин. Улар бош пудратчи томонидан ЯСТ солиш чоғида умумий тушумдан чегирилади.

 

2-вариант

Бош пудратчи ташкилот – металл конструкциялардан буюмлар ишлаб чиқарувчи билан уларни етказиб беришга доир олди-сотди шартномасини тузди (ФКнинг 29-боби 1-параграфи). Ўрнатиш шартнома шартларидан бири ҳисобланади, бироқ унинг қиймати шартномада алоҳида ажратиб кўрсатилмаган.

Ўрнатиш қиймати сотиб олинаётган буюмлар қийматига киритилган ва ҳисобварақ-фактурада алоҳида сумма билан акс эттирилмаган бўлса, ишлаб чиқарувчига ёрдамчи пудратчи сифатида қараб бўлмайди. Бинобарин, бош пудратчида қурилиш буюртмачиси тасдиқлаган бажарилган ишлардан тушган бутун тушумга ЯСТ солинади.

 

3-вариант

Бош пудратчи ташкилот – металл конструкциялардан буюмлар ишлаб чиқарувчи билан уларни етказиб беришга доир олди-сотди шартномасини тузди (ФКнинг 29-боби 1-параграфи). Ўрнатиш шартнома шартларидан бири ҳисобланади. Ўрнатиш қиймати шартномада алоҳида ажратиб кўрсатилган.

Бу ҳолда ишлаб чиқарувчига ёрдамчи пудратчи сифатида қараш мумкин, бироқ фақат ўрнатиш ишлари қисмида. Буюмларнинг қийматини киритмаган ҳолда ўрнатиш бўйича бажарилган ишлар қийматига Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши керак. Фойдаланилган буюмлар қийматини ҳисобга олмаган ҳолда бажарилган ишларни ёрдамчи пудрат ишлари сифатида баҳолаш мумкин. Улар бош пудратчи томонидан ЯСТ солиш чоғида умумий тушумдан чегирилади.

 

4-вариант

Бош пудратчи ЯТТ билан металл конструкциядан буюмлар тайёрлашга доир олди-сотди шартномасини тузди (ФКнинг 29-боби 1-параграфи). Шунингдек юридик шахс билан ўрнатиш ишларини бажаришга доир қурилиш пудрати шартномаси тузилди (ФКнинг 37-боби 3-параграфи).

ЯТТ билан шартномага кўра бош пудратчи ундан алюминий профилидан ва металлдан ясалган буюмларни сотиб олади. Бу ҳолда ЯТТга ёрдамчи пудратчи сифатида қараб бўлмайди.

Буюмларни ўрнатиш билан чет ташкилот шуғулланади. Ўрнатиш бўйича бажарилган ишлар қийматига Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилиши керак. Ўрнатиш бўйича бажарилган ишларни (буюмлар қийматини ҳисобга олмаган ҳолда) қийматига Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) ёрдамчи пудрат ишлари сифатида баҳолаш мумкин. Улар бош пудратчи томонидан ЯСТ солиш чоғида умумий тушумдан чегирилади.

 

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1525 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика