Мен хусусий тадбиркорман, Қозоғистондан парёстиқларни тозаловчи ускуна сотиб олмоқчиман. Унинг қиймати 200 АҚШ долларидан ошмайди. Ушбу ускунани қандай расмийлаштиришим ва Ўзбекистонга олиб чиқишим мумкин, бож тўлаш керак бўладими?
Ш.Қосимова.
– Қўшни давлатлардан шахсий фойдаланиш учун жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига бир йўла олиб кириладиган импорт истеъмол товарларининг бож тўловлари олинмайдиган умумий қиймати 10 АҚШ долларини ташкил этади (1.06.2009 йилдаги ПҚ-1118-сон қарор).
Бироқ товарларни божсиз олиб кириш нормаларининг амал қилиши тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб кирувчи жисмоний шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Тўловлар
Товарлар ва транспорт воситаларини олиб кириш чоғида қуйидаги божхона тўловлари ундирилади (БКнинг 289-моддаси):
√ импорт божхона божи (29.09.2017 йилдаги ПҚ-3303-сон қарорга 1-илова);
√ акциз солиғи солинадиган импорт товарларга акциз солиғи (ПҚ-3303-сон қарорга 2-илова);
√ ҚҚС – солиқ солинадиган базанинг 20%и (Солиқ кодексининг 206-моддаси; ПҚ-2699-сон қарорнинг 3-банди);
√ божхона расмийлаштируви учун йиғим – олиб кирилаётган товарлар божхона қийматининг 0,2%и, бироқ 25 АҚШ долларидан кам ва 3 000 АҚШ долларидан кўп эмас (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги 204-сон қарори).
Бунда импортчи товарларни декларациялаш чоғида божхона органларига уларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларни тақдим этса, божхона тўловларини тўлаш пайтида тегишли имтиёз олиши мумкин (БКнинг 300-моддаси).
Мисол учун, эркин савдо режимини назарда тутувчи битимлар имзоланган Эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги битим иштирокчилари бўлган давлатларда ишлаб чиқариладиган ва улардан олиб кириладиган товарларга божхона божлари солинмайди (АВ томонидан 8.04.1998 йилда 429-сон билан рўйхатдан ўтказилган Рўйхат). Қозоғистон Республикаси билан бундай битим имзоланган.
Энг яхши қулайлик режими тақдим этиладиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган мамлакатларда ишлаб чиқариладиган ва улардан олиб кириладиган товарлардан божхона божи бир баравар миқдорда ундирилади (АВ томонидан 8.04.1998 йилда 426-сон билан рўйхатдан ўтказилган Рўйхат).
Бошқа ҳолларда божхона божи икки баравар миқдорда ундирилади.
Товарнинг ушбу мамлакатда ишлаб чиқарилганлиги товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат билан тасдиқланади. Товарнинг ушбу мамлакатда ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайдиган, шу жумладан электрон шаклдаги мазкур ҳужжат экспорт қилувчи мамлакатда белгиланган тартиб ва шаклга мувофиқ ваколатли орган томонидан берилади (БКнинг 363-моддаси).
Божхона тўловларини аниқ ҳисоблаш ва уларнинг ставкаларини белгилаш учун олиб кирилаётган ускунанинг тўлиқ номи ва техник тавсифлари, ЎзР ТИФ ТН бўйича товар коди, товар келиб чиққан мамлакат, ишлаб чиқарилган йили ва ҳ.к. зарур.
Бунда олиб кирилаётган товарларни «Эркин муомалага чиқариш» режимида божхонада расмийлаштириш чоғида тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммаларининг якуний ҳисоб-китобини чиқариш учун тадбиркор божхона постига мурожаат қилиши ва ЎзРнинг амалдаги божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ барча зарур ҳужжатларни тақдим этиши керак.
Божхонада расмийлаштириш
Экспорт-импорт юкларни расмийлаштиришда божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ВМнинг 20.07.2015 йилдаги 197-сон қарори билан тасдиқланган.
Товарларнинг электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви Товарларни электрон шаклда божхонада расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 31.12.2014 йилдаги 376-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ амалга оширилади.
ТИФ иштирокчисининг хоҳишига кўра божхонада расмийлаштириш учун зарур барча ҳужжатлар қоғоз кўринишидаги ташувчида ҳам тақдим этилиши мумкин.
Товарларнинг, шу жумладан электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви хизмат кўрсатувчи банклар (ғазначиликлар) тақдим этадиган, ЎзР ДБҚ Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида тўловчининг шахсий счёти бўйича божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлганда (уларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган ҳолат бундан мустасно) амалга оширилади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.