Автомобилни вақтинча олиб кириш муддати тугагани сабабли уни республикадан олиб чиқиш зарур. Бироқ автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома расмийлаштирилган ҳайдовчи касал бўлиб қолди.
Автомобилни бошқа ҳайдовчи олиб чиқса бўладими? Бунинг учун нима қилиш зарур, ушбу масалада қандайдир чекловлар мавжудми?
Д.Х.
– Хорижий автотранспорт воситаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришида кириш божхона пости ходими томонидан автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома расмийлаштирилади. Ушбу ҳужжатни расмийлаштириш учун автотранспорт воситасининг эгаси (ҳайдовчиси) томонидан тақдим этилган фуқаролик паспорти, автомобилни қайд этиш гувоҳномаси ва оғзаки маълумотлар асос бўлади (АВ томонидан 19.11.2010 йилда 2156-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 3, 6-бандлари).
Шу билан бирга Низомда «автотранспорт воситасининг эгаси» тушунчаси келтирилган. У автомобилнинг мулкдори ёки қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва доирада автотранспорт воситасига эгалик қилувчи ёки ундан фойдаланувчи ёхуд уни тасарруф этувчи фуқаро ёки юридик шахсдир.
Шу сабабли автомобилни тегишинча ушбу автотранспортга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган шахс олиб чиқиши мумкин. Олиб чиқаётганда божхона постига нотариал тартибда тасдиқланган ишончномани тақдим этиш лозим. Мажбуриятномада муайян автотранспортни олиб чиқишнинг аниқ муддати қайд этилади, бунда уни ким олиб чиқиши кўрсатилмайди.
ДБҚнинг «Авто» ЯААТ электрон маълумотлар базасида автотранспорт воситаси Ўзбекистон ташқарисига олиб чиқилганлиги муносабати билан назоратдан чиқарилганлиги ҳақида белги қўйилади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.