Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 46 / Ишбилармонлик муҳити

Ўзбекистон – бизнес юритиш учун мақбул мамлакат

 

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, қулай ишбилармонлик шароитини яратиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантиришга йўналтирилган кенг миқёсли ислоҳотлар ўтказилмоқда.

 

Бир қатор қонунлар, мамлакат Президентининг 20 дан ортиқ фармон ва 35 қарорлари бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган. Лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришни тубдан соддалаштириш ва уларнинг шаффофлигини ошириш, давлат хизматларини кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилди.

2017 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларини онлайн-рўйхатдан ўтказиш тизими амал қила бошлади. Бизнесни рўйхатдан ўтказиш учун аввалги 2 иш куни ўрнига энди бор-йўғи 30 дақиқа керак бўлади. Буюртманоманинг ўзи эса онлайн режимда тўлдирилади. Бунда ариза берувчиларга таъсис ҳужжатларини ўз хоҳишлари бўйича намунавий шакллар асосида расмийлаштириш имконияти берилади. Жорий йилнинг 9 ойи ичидагина янги барпо этилган кичик бизнес субъектларининг сони ўтган йил билан таққослаганда 1,3 баравар ўсгани ҳам бизнесни очиш таомилининг соддалашганидан дарак беради.

Жаҳон банки тайёрлаган «Бизнес юритиш» («Doing Business») халқаро ҳисоботининг охирги нашри ҳам ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича сўнгги йилда қабул қилинган чораларнинг самарадорлигини тасдиқлайди.

«Бизнес юритиш 2018: иш жойларини яратиш учун ислоҳ қилиш» охирги маърузасининг маълумотларига кўра Ўзбекистон 190 мамлакат ўртасида 74-ўринни эгаллаб, ўз рейтингини ўтган йил билан таққослаганда бирданига 13 позицияда яхшилади. Бунинг устига, мамлакат бизнес юритиш учун энг мақбул шарт-шароитлар яратиш бўйича ислоҳотчи мамлакатларнинг дастлабки ўнлигига кирди.

Рейтингда Ўзбекистоннинг яхши кўрсаткичлари 10 индикатордан 6 тасида қайд этилди:

● корхоналарни рўйхатдан ўтказиш – 11-ўрин (+ 14 позиция);

● электр таъминоти тизимига уланиш – 27-ўрин (+ 56 позиция);

● миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш – 62-ўрин (+ 8 позиция);

● мулкчиликни рўйхатдан ўтказиш – 73-ўрин (+ 2 позиция);

● солиқ солиш – 78-ўрин (+ 60 позиция);

● қурилишга рухсатномалар олиниши – 135-ўрин (+ 12 позиция).

«Солиқ солиш» кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз рейтингининг ошиши энг салмоқли бўлди. Солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини пасайтириш масалалари – республика раҳбариятининг доимо эътибор марказида. Чунончи, Президентнинг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (18.07.2017 йилдаги ПФ-5116-сон) солиқ тизимини ислоҳ қилишнинг биринчи энг муҳим йўналиши сифатида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини солиқ маъмуриятчилиги жараёнига кенг жалб этиш, солиқ тўловчиларга, аввало тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш белгиланган. Мамлакатимизда солиқ ҳисоботини топширишнинг электрон шаклига тўлиқ ўтиш якунланган ва солиқларни масофадан туриб тўлаш амалиёти кенгаймоқда. Барча ушбу тадбирлар юқори натижаларга эришишга имкон берди. «Бизнес юритиш» ҳисоботи муаллифлари бўлган экспертлар жамоаси баҳоларига кўра, Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларига солиқ юкининг даражаси АҚШ, Австралия, Германия, Швеция, Туркия, Хитой ва Россиядагига қараганда анча паст.

«Тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш» индикатори кўрсаткичи рейтингда 87-ўринга тушиб қолди. Қолган индикаторлар – «Кредитлар олиш» (55-ўрин), «Халқаро савдо» (168-ўрин) ва «Контрактларнинг ижросини таъминлаш» (39-ўрин) аввалги йилнинг кўрсаткичлари билан таққослаганда ўзгармади. Тадқиқот анъанавий тарзда «Меҳнат бозорини тартибга солиш»ни ҳам аниқлайди, бироқ мазкур кўрсаткич жорий йилда рейтингга кирмади.

Маърузада, шунингдек, охирги йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бизнесни тартибга солишнинг 10 йўналиши бўйича жами 11 та ислоҳотни амалга оширганлиги таъкидланди. Бунда аввалги йиллар билан таққослаганда энг юқори кўтарилиш айни Ўзбекистонда юз берди, бу эса унга «Doing Business 2018» глобал рейтингида етакчи ислоҳотчи мамлакатларнинг ўнталигига кириш имконини берди.

Агар энг яқин қўшниларимиз рейтинги натижаларига тўхталадиган бўлсак, қуйидагиларни қайд этиш мумкин:

● Россия 1 бандга кўтарилиб, ­35-ўринни эгаллади;

● Қозоғистон 1 позиция пастга тушди ва 36-ўринни эгаллади;

● Қирғизистон 2 бандга тушиб кетди ва 77-ўринда бўлиб қолди;

● Тожикистон 5 позицияга кўтарилди ва 123-сатрдан жой олди.

Туркманистон бўйича маълумотлар тақдим этилмаган.

Эълон қилинган маълумотларга қараганда, Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг кўп ислоҳотларни амалга оширган мамлакат Ўзбекистон бўлади – 5 та, Қозоғистонда – 3 та, Тожикистонда – 2 та, Қирғизистонда – 1 та.

«Бизнес юритиш 2018: иш жойларини яратиш бўйича ислоҳотлар» маърузаси Жаҳон банки гуруҳининг 15-йиллик нашридир, у тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасида тартибга солувчи нормаларни баҳолайди. «Бизнес юритиш 2018» маърузасининг маълумотлари 2017 йил 1 июндаги ҳолат бўйича тайёрланган. Ушбу индикаторлар иқтисодий натижаларни таҳлил қилиш ва бизнесни тартибга солиш соҳасида муваффақиятли ислоҳотларни аниқлаш, шунингдек улар қаерда ва нима учун самарали бўлганлигини белгилаш учун фойдаланилади.

 

Ўз ахборотимиз.

Прочитано: 1417 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика