Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 46 / Тадбиркорга ёрдам

Якка тартибдаги тадбиркор иш берувчи бўлса

 

Кўпинча кундалик мулоқотда якка тартибдаги тадбиркорни хато равишда хусусий тадбиркор дейдилар. Аслида ХТ қисқартмаси хусусий корхона – тижорат ташкилоти (юридик шахс) турларидан бирига нисбатан қўлланилади. Якка тартибдаги тадбиркор эса қисқача ЯТТ деб белгиланади.

 

2015 йил июлгача ЯТТ ўз фаолиятини фақат мустақил равишда, яъни ходимларни ёллаш ҳуқуқисиз амалга ошириши мумкин эди. 2015 йил 1 июлдан бошлаб ЯТТ бундай ҳуқуқни қўлга киритди. ЯТТнинг ходимларни ёллаш фаолиятига доир барча жиҳатлар махсус Низомда (ВМнинг 31.07.2015 йилдаги 219-сон қарорига 1-илова) акс эттирилган, яъни:

√ ходимлар билан меҳнат шартномаси тузиш хусусиятлари;

√ ёлланган ходимлар меҳнат стажининг ҳисобга олиниши;

√ ЯТТнинг иш берувчи сифатида солиқ органларида ҳисобга олиниши;

√ солиқ солиш ва ҳисобот.

Қонун ҳужжатларида ҳар бир фуқаронинг якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи кафолатланади (ФКнинг 24-моддаси). «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда ЯТТ кичик тадбиркорлик субъектларига киритилган. Илгари шу Қонунда якка тартибдаги ­тадбиркорлик ЯТТ томонидан мустақил равишда, ходимларни ёллаш ҳуқуқисиз амалга оширилиши белгиланган эди.

Бугунги кунда ЯТТ фаолият турига қараб 1 нафардан 3 нафаргача ходимни ёллаши мумкин (Рўйхат, Низомга 1-илова). Мисол учун, чакана савдо билан шуғулланувчи ЯТТ фақат 1 та ходимни, маиший хизматларни кўрсатувчи эса – 3 нафаргача ходимни ишга олишга ҳақли. Бироқ ЯТТ бир нечта фаолият тури билан шуғулланса, фаолиятнинг турларидан қатъи назар, 3 нафардан ортиқ ходимни ололмайди.

ЯТТ фақат махсус Рўйхатга (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон қарорига 1-илова) киритилган фаолият билан шуғулланиши мумкин. Яқинда ҚҲТБТ порталида (www.regulation.gov.uz) муҳокама қилинган Президентнинг Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва бизнес юритиш шароитларини яхшилаш чора-тадбирларига доир фармони лойиҳасида ЯТТга қонун ҳужжатларида тақиқланмаган исталган турдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган.

Ўз мажбуриятлари бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан ташқари, ЯТТ ёллаган ҳар бир ходими учун ҳар ойда қуйидагиларни тўлаши шарт:

√ бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари – ЭКИҲнинг 50%и;

√ қатъий белгиланган солиқ – белгиланган ставканинг 30%и (у амалга ошираётган фаолият турига қараб).

Шуни инобатга олиш муҳимки, солиқ ва суғурта бадалларини тўлаш чоғида ҳар хил ЭКИҲ ҳисобга олинади:

суғурта бадаллари тўлов кунидаги ЭКИҲдан келиб чиқиб тўланади;

қатъий белгиланган солиқ йил бошидаги ЭКИҲдан келиб чиқиб тўланади (2017 йилда 149 775 сўм ҳисобга қабул қилинади).

 

ХОДИМЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ ХУСУСИЯТЛАРИ

ЯТТ ёллаган ходимларга якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида қаралмайди. Улар ЯТТ номидан ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга эмас.

ЯТТ ва у ёллаган ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Яъни ходимларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнат ҳуқуқлари таъминланган бўлиши шарт.

ЯТТ билан ходим ўртасидаги меҳнат шартномаси махсус шаклда (Низомга 2-илова) тузилади. Унинг муддати ЯТТни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг (патент) амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.

Меҳнат шартномаси нусхалари сони ҳам умумқабул қилинганидан фарқ қилади – у 2 нусхада эмас, балки 3 нусхада тузилади:

√ биттаси ЯТТ солиқ ҳисобига олинган жойдаги ДСИга тақдим этилади;

√ иккинчиси ЯТТда қолади;

√ учинчиси ходимга берилади.

Меҳнат шартномасида ЯТТнинг имзосини муҳр билан тасдиқлаш, шунингдек ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилиши талаб қилинмайди. ЯТТ ходимнинг меҳнат дафтарчасини тўлдириши ҳам керак эмас. Ходим учун Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари унинг ЯТТда ишлаган давридаги меҳнат стажининг тасдиғи бўлиб хизмат қилади.

ЯТТнинг меҳнат дафтарчаси эса Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимида расмийлаштирилади ва сақланади.

Республикамизда «Электрон меҳнат дафтарчаси» тизими жорий этилаётганини эслатиб ўтамиз. 2019 йил 1 январдан бошлаб илк бор ишга жойлашаётган ходимларга қоғоз кўринишидаги меҳнат дафтарчаларини беришни тўхтатиш режалаштирилмоқда. Бунда 2018 йил бошидан ЯТТнинг меҳнат стажини электрон ҳисобга олишга ўтказиш режалаштирилмоқда (ВМнинг 4.07.2017 йилдаги 462-сон қарори 2-банди).

 

СОЛИҚ ОРГАНЛАРИДА ҲИСОБГА ОЛИШ ТАРТИБИ

Ходим билан меҳнат шартномаси тузилган пайтдан бошлаб 3 иш куни давомида ЯТТ солиқ ҳисобига олинган жойдаги ДСИга ёлланган ходимни махсус шаклда (Низомга 3-илова) ҳисобга қўйиш тўғрисида ариза тақдим этиши керак. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

√ ЯТТ ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг нусхаси;

√ ходимнинг 3х4 см ўлчамдаги 2 та фотосурати;

√ ходим паспортининг нусхаси.

Ариза олган ДСИ 3 иш куни мобайнида ЯТТга Ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш карточкасини (Низомга 4-илова) беради. У ходим ва ЯТТ ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатига берилади. Шартноманинг амал қилиш муддати тугагач, Ҳисобга қўйиш карточкаси ДСИга топширилади.

Ходим билан меҳнат шартномаси муддатидан олдин тўхтатилган тақдирда ЯТТ ДСИга ходим билан меҳнат шартномаси тўхтатилганлиги тўғрисидаги билдиришномани тақдим этади ва бир вақтнинг ўзида Ҳисобга қўйиш карточкасини топширади.

Ҳисобга қўйиш карточкаси йўқолган ёки яроқсиз бўлиб қолган бўлса, ЯТТ бу ҳақда ҳам ДСИга ариза топширади. Ариза тақдим этилгандан кейин 2 иш куни мобайнида ДСИ унинг дубликатини беради.

 

ЖШДС ЭМАС, ҚАТЪИЙ БЕЛГИЛАНГАН СОЛИҚ

ЯТТ ёллаган ҳар бир ходим учун қатъий белгиланган солиқ (ставканинг 30%и) тўлаши муносабати билан у меҳнат шартномаси бўйича ходимга тўлайдиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи олинмайди (Солиқ кодексининг 180-моддаси 1-қисми 9-банди).

 

МИСОЛ. Тошкентда озиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилувчи ЯТТ ходим – сотувчини ёллади. Бундай фаолиятни амалга оширувчи ЯТТдан қатъий белгиланган солиқ ставкаси 2017 йилда ойига ЭКИҲнинг 9 бараварини ташкил этади (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга ­12-илова). Демак, бу ходим учун ЯТТ ҳар ойда 404 392,5 сўм (9 х 149 775 х 30%) миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлаши керак. Бунда ходимнинг даромадларидан ЖШДС тўланмайди.

 

Кўпинча ЯТТ бир нечта фаолият тури билан шуғулланади ёки бир жойда рўйхатдан ўтиб, бошқасида фаолият юритади. Ҳар бир ходим учун қатъий белгиланган солиқни қайси ставкадан тўлаш лозим? Бундай ҳолларда солиқ тегишли фаолият турлари учун белгиланган ставкаларнинг энг юқорисидан, рўйхатдан ўтказилган жойдаги ва фаолиятни ҳақиқатда амалга ошираётган жойидаги ставкаларнинг энг юқорисидан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

МИСОЛ. ЯТТ Тошкентда ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилади ва маиший хизматлар кўрсатади. Ушбу фаолият турларини амалга оширувчи ЯТТдан қатъий белгиланган солиқ ставкалари 2017 йилда ойига тегишинча ЭКИҲнинг 10 ва 3,5 бараварини ташкил этади ­(ПҚ-2699-сон қарорга 12-илова). Демак, тадбиркор ўз ходими учун энг юқори ставка – ЭКИҲнинг 10 бараваридан келиб чиқиб, яъни 449 325 сўм (10 х 149 775 х 30%) миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлайди.  

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида рўйхатдан ўтказилган бошқа ЯТТ Тошкентда савдо шохобчасини ташкил этган бўлиб, у орқали озиқ-овқат товарларини сотади. Озиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилганлик учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари: Тошкентда – ЭКИҲнинг 9 бараварини, вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – ЭКИҲнинг 6 бараварини ташкил этади. Демак, тадбиркор ўз ходими учун ставкалардан энг каттаси – ЭКИҲнинг 9 бараваридан келиб чиқиб, яъни 404 392,5 сўм (9 х 149 775 х 30%) миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлайди.

 

Автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш (деҳқон бозорларининг автомобиллар тўхташ жойларида сақлаш бундан мустасно) ва болалар ўйин автоматлари хизматларини кўрсатувчи ЯТТ учун ҳам ўзига хос жиҳатлар мавжуд. Улар ҳар бир ходим учун ҳар ойдаги физик кўрсаткич бирлигига белгиланган қатъий солиқ ставкасининг 30%ини тўлайдилар.

 

МИСОЛ. Бухорода рўйхатдан ўтказилган ЯТТ 10 та болалар ўйин автомати ўрнатилган залга эга. 2017 йил сентябрда тадбиркор ходим билан меҳнат шартномаси тузди. Бухорода ўйин автоматларига қатъий белгиланган солиқ ставкаси ҳар битта автомат учун ойига ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида белгиланган (ПҚ-2699-сон қарорга 11-илова).

ЯТТ тўлайдиган қатъий белгиланган солиқ суммаси қуйидаги миқдорни ташкил этади:

сентябрда фақат ўзи учун – 2 995 500 сўм (149 775 х 2 х 10);

октябрда ёлланган ходим учун солиқни ҳам ҳисобга олган ҳолда – 3 894 150 сўм (149 775 х 2 х 10 + 149 775 х 2 х 10 х 30%).

 

Ҳар битта ходим учун қатъий белгиланган солиқни у билан меҳнат шартномаси тузилгандан сўнг кейинги ойдан бошлаб, ҳар ойнинг 25-санасидан кечиктирмасдан тўлаш зарур.

ЯТТ ходимлар – касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ёлласа, улар коллежни тамомлаган кунларидан бошлаб 12 ойга ушбу ходимлар учун қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод қилинади.

Пасайтирувчи коэффициентлар ҳам қўлланиши мумкин. Масалан, Жиззах вилояти ЯТТ учун 2017 йил 1 июлдан 2021 йил 1 январгача халқ депутатлари туманлар кенгашларининг қарорлари билан қатъий белгиланган солиқ ставкаларига пасайтирувчи коэффициентлар белгиланиши мумкин (ВМнинг 31.05.2017 йилдаги 332-сон қарорига 10-илованинг ­7-банди). Яъни ЯТТ ёллаган ходимлари учун қатъий белгиланган солиқ тўлаётганда ҳам бундай коэффициент қўлланади.

ЯТТ қатъий белгиланган солиқни тўлашдан муайян норматив ҳужжатга мувофиқ вақтинчалик озод қилинган ҳолларда, имтиёз қатъий белгиланган солиқни ҳар бир ходим учун тўлашга ҳам татбиқ этилади.

 

СУҒУРТА БАДАЛЛАРИ – ҲАР БИТТА ХОДИМ БЎЙИЧА

Юқорида айтганимиздек, ходим ишлаган кунлар сонидан қатъи назар, ЯТТ ҳар битта ходим учун ойига ЭКИҲнинг 50%и миқдорида суғурта бадаллари тўлайди. Бироқ ходим ёшга доир пенсионер ёхуд I ёки II гуруҳ ногирони бўлса, унинг учун суғурта бадали шу миқдорнинг 50%ини, яъни ЭКИҲнинг 25%ини ташкил этади. Ходим ушбу имтиёзни олиш учун пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг (ТМЭК) маълумотномасини тақдим этиши шарт. Календарь йил мобайнида бундай ҳуқуқ пайдо бўлганда ёки тўхтаганда суғурта бадаллари ушбу ҳуқуқ пайдо бўлган ёки тўхтаган ойдан бошлаб қайта ҳисобланади.

Ходимлар учун суғурта бадали қатъий белгиланган солиқ сингари – улар билан меҳнат шартномалари тузилгандан сўнг кейинги ойдан бошлаб, ҳар ойнинг 25-санасидан кечиктирмасдан тўланади.

 

МИСОЛ. ЯТТ 2017 йил сентябрда ходим – ёшга доир пенсионерни ёллади. Ходим тақдим этган пенсия гувоҳномаси асосида ЯТТ суғурта бадалларини тўлайди:

сентябрда фақат ўзи учун – камида 149 775 сўм;

октябрда ёлланган ходим учун бадалларни ҳам ҳисобга олган ҳолда – камида 187 218,75 сўм (149 775 + 149 775 х 50% х 50%).

«Камида» дегани ЯТТ мавжуд имкониятлари ва хоҳлаётган пенсия таъминоти миқдоридан келиб чиққан ҳолда ўз суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда белгилашини англатади. Бироқ уларнинг миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдор – ЭКИҲнинг 1 бараваридан, ёшга доир пенсионерлар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлари учун – ЭКИҲнинг 50%идан кам бўлмаслиги лозим.

 

Суғурта бадалларини тўлашда тўлов топшириқномаси (ёки нақд пул билан тўлаганда кирим ордери) ҳар бир ёлланган ходим учун алоҳида расмийлаштирилади. Унда ходимнинг Ф.И.Ш., СТИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилади.

 

ФАОЛИЯТ ТЎХТАТИБ ТУРИЛСА

ЯТТ фаолиятини тўхтатиб турса, у туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузурида «ягона дарча» принципи бўйича Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатувчи ягона марказга бу ҳақда ариза тақдим этиши шарт. Бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома (патент) ҳам ўша ерга топширилади. ЯТТ ариза берган ой мобайнида ёлланган ходимларни ҳисобга қўйиш карточкаларини ДСИга топшириши шарт. Рўйхатдан ўтказувчи органдан олинган ахборот ва тадбиркор топширган карточкалар ЯТТ ўз фаолиятини амалга оширмайдиган даврга ҳар бир ёлланган ходим учун суғурта бадалларини ва қатъий белгиланган солиқни ҳисоблашни ДСИ тўхтатиб туриши учун асос ҳисобланади. Бироқ ушбу давр ҳам ЯТТнинг, ҳам ходимларининг меҳнат стажига киритилмаслигини инобатга олиш зарур.

Ўз фаолиятини тўхтатиб турган ЯТТ ҳисобга қўйиш карточкаларини ДСИга белгиланган муддатларда топширмаган тақдирда, ДСИ суғурта бадаллари ва қатъий белгиланган солиқни ҳисоблаб ёзишда давом этади.

 

БУНИНГ УЧУН ҚАНДАЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАНАДИ?

Ходимларни ёллаган тадбиркор улар билан меҳнат шартномаларини тузиши ва уларни ДСИда ҳисобга қўйиши шарт. Акс ҳолда солиқ органлари ҳисобга қўйилмаган ҳар бир ходим учун қатъий белгиланган солиқ ва суғурта бадалларини ундириб оладилар.

ЯТТ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб бундай далиллар аниқланган пайтгача бир йил ва ундан ортиқ вақт ўтган бўлса, қуйидагилар бўйича қўшимча ҳисоблаб ёзиш йиллик миқдорда амалга оширилади:

√ қатъий белгиланган солиқ бўйича – 12 ой х солиқ ставкасининг 30%и;

√ суғурта бадаллари бўйича – 12 ой х ЭКИҲнинг 50%и.

Бу давр бир йилдан камни ташкил этса, қўшимча ҳисоблаб ёзиш фақат якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолият даври учун амалга оширилади.

Тадбиркорнинг ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузмасдан уларни жалб этиши МЖТКнинг ­175-5-моддасида назарда тутилган ходимлар сонини яширганлик учун фуқароларга ЭКИҲнинг 1 бараваридан 5 бараваригача миқдорда маъмурий жарима солинишига сабаб бўлади. Унга ишга жойлашаётган ходимлар эса шуни назарда тутишлари лозимки, расмийлаштирилмаган бундай фаолият фош этилган тақдирда уларга давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар сифатида қаралади. Солиқ органлари улардан қатъий белгиланган солиқни йиллик миқдорда ундиришга ҳақли бўладилар.

 

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 4276 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика