чўғланма лампалар қўшма корхонага нима мақсадда олиб келинган эди?
Бугун ҳар бир хонадонда турли хилдаги маиший электр мосламаларини учратиш мумкин. Улардан фойдаланишда энергия ресурсларини иқтисод қилиш, тежамкорликка эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада сотиладиган маиший электр приборларини, янгидан қуриладиган бинолар ва иншоотларни энергетика жиҳатидан мажбурий маркировкалаш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (9.04.2015 йилдаги 86-сон) билан четдан олиб кирилаётган ва сотилаётган маиший электр приборларининг, шунингдек, юртимизда янгидан қурилаётган бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини таъминлаш мақсадида бир қанча талаблар белгиланган. Ана шу тартиб-қоидалар хусусида тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай, тадбиркорлар – ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари қарор талабларига зид маиший электр приборларининг импорти билан шуғулланган ҳоллар аниқланган. Мисол учун, «Ko‘kdumaloq-gaz» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона масъулларининг эътиборсизлиги оқибатида корхона эҳтиёжи учун четдан 5 туркумдаги қиймати 631 АҚШ долларилик, вазни 15,5 кг бўлган 103 дона турли хилдаги энергия самарадорлиги паст (электр энергиясини кўп сарфлайдиган) чўғланма лампалар юртимизга олиб кирилган. Мазкур лампалар юқорида қайд этилган қарор талабларига зид бўлганлиги сабабли белгиланган тартибда йўқ қилиниши таъминланди.
Шуни таъкидлаш лозимки, қарор иловасида кўрсатилган техник ҳужжатларида, маркировкасида ва этикеткаларида энергия самарадорлигининг тегишли класси тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаган маиший электр приборларини сотиш ва сотиш мақсадида сақлаш муайян муддатлар ўтгандан кейин тегишли қоидаларни бузиш деб ҳисобланади ва қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланилади.
Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси Ахборот хизмати.