Кичик бизнес субъекти ёки хусусий тадбиркор якка ўзи ташқи бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаб, рақобатга кириша олмайди. Демак, ўз ўрнига эга бўлишнинг бошқа усулларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Масалан, бошқа ташкилотлар билан корпорация тузиш, ишлаб чиқариш занжирини жорий этиш, шунингдек, ҳудудий ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш мумкин. Яъни муайян ҳудудда бир йўналишдаги, бир-бирини тўлдирувчи, бирининг маҳсулоти иккинчиси учун хом ашё сифатида ишлатиладиган бир неча корхоналарни бирлаштириш мумкин.
Ишлаб чиқариш кластери ибораси ҳали кенг тарқалмаган бўлса-да, нуфузли экспертлар кичик бизнес ҳамда ҳудудларни ривожлантиришда унга катта умид боғламоқдалар.
Мамлакатимизда юртбошимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан кластер усулида фаолият юритадиган илк ташкилотлар барпо этилмоқда. Хусусан, давлат раҳбари жорий йилнинг март ойида Навоий вилоятига ташрифи давомида Қизилтепа туманидаги енгил саноатни ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар билан танишди. Вилоятдаги «Бахт текстиль», «Бахт Навоий», «Тошработ текстиль» ва «Навбаҳор текстиль» МЧЖлар замонавий ва энергия тежовчи технологик ускуналар асосида кластер усулида сифатли, жаҳон бозори талабларига мос экспортбоп трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқдалар.
Умумий қиймати қарийб 70 млн АҚШ долларлик ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвесторлар ҳам жалб этилган. Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида қайта ишлаш тадбиркорларга кенг қулайликлар яратиб, харажатлар қисқариши, аҳоли даромадлари ошишига омил бўлади. Ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этишда корхоналарнинг ҳукумат, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эгадир.
Кластер иштирокчиларига божхона қонунчилигини тушунтириш, божхона тўловлари ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар бериш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари «Тошработ текстиль» МЧЖ ходимлари билан учрашув ташкил этишди. Ҳозирда ушбу корхонага Туркиядан юқори самарадорликка эга замонавий дастгоҳлар келтирилиб, «Божхона омбори» божхона режимига расмийлаштирилган. Шунингдек, Хитой ва Таиланд давлатларидан ҳам дастгоҳлар келтирилади. Учрашувда четдан келтириладиган товарларнинг божхона расмийлаштирувини тезлаштириш, ўз вақтида чет эл инвестицияларини ўзлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
«Кластер» атамаси илк бор 1990 йилда америкалик иқтисодчи Майкл Портер томонидан қўлланилган. Сўнгги ўн йилликда бутун дунёда иқтисодиётнинг рақобатдошлигини оширишнинг кенг тарқалган усулларидан бири сифатида кластер усулидан кенг фойдаланилмоқда. Ишлаб чиқаришнинг бу янги усулида бир нечта фирма бирлашиб, бир йўналишдаги товарларни ишлаб чиқаради. Шу тариқа, бир фирманинг маҳсулоти ёки чиқиндиси иккинчи фирма учун хом ашё сифатида хизмат қилади1. Кластерда дастлабки хом ашёдан истеъмол учун тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини бир занжирнинг ҳалқалари сифатида тасаввур қилиш мумкин.
Кластер иштирокчиларининг «талаб ва таклиф» асосидаги ўзаро манфаатли алоқаси маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш ва бунинг натижасида ишлаб чиқариш харажатларини қисқартиришга ёрдам беради.
Кластер стратегияси Европа Иттифоқи раҳбарияти томонидан кенг тарғиб қилинмоқда. Европа комиссияси ушбу ҳудудда кластер ривожланишини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.
www.gisip.ru сайтининг маълумотларига кўра, ҳозирда Россия Федерациясида 25 та кластерлар мавжуд. Санкт-Петербург шаҳрида аэрокосмик соҳада, Россия жанубида агросоҳада кластерлар фаолият юритиб келмоқда.
Хитойда автомобилсозлик, кимё, фармацевтика, электротехника, маиший техникалар, тўқимачилик, қурилиш маҳсулотлари, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, балиқчилик каби кўплаб соҳалар кластер усулида ишлайди.
Н.РАҲМОНОВА,
Навоий вилоят божхона бошқармаси Ахборот хизмати ходими.