Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 39 / Шахсий манфаат

Мерос қолган қарз

 

800 кв.м ер участкасида онамизга қарашли уй жойлашган (умумий фойдаланиладиган майдон – 95,75 кв.м, шу жумладан турар жой – 69,61 кв.м). ДСИнинг 18.05.2017 йилдаги маълумотномасига кўра, уйнинг инвентаризация қиймати 6 096 699 сўмни ташкил этади.

2014 йил 30 майда онамиз вафот этганидан кейин ушбу уйга эгалик қилиш ҳуқуқи васиятномага кўра фарзандларига ўтди. 6 ой ўтгач, 2014 йил декабрда иккала ўғли меросни қабул қилди. Бироқ меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани фақат 2016 йил июнда олишга муваффақ бўлдилар, сабаби шу вақт давомида учинчи меросхўр меросда ўзига тегишли бўлган улушни қабул қилишни рад этаётган эди.

Онамиз (I гуруҳ ногирони) мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод этилгани, 3 нафар меросхўрнинг бари пенсия ёшида (улардан бири II гуруҳ ногирони) эканлиги сабабли биз эҳтимолий солиқ мажбуриятлари юзасидан ДСИга мурожаат қилмаган эдик.

2017 йил 26 июлда, яъни онамиз вафот этганидан кейин 3 йил ўтгач, участка солиқ инспектори мол-мулк солиғи бўйича қарз (433 431 сўм) мавжудлиги ҳақида унинг номига ёзилган огоҳлантириш хатини олиб келди.

Кейинги куни ДСИга учала меросхўрнинг барча зарур ҳужжатларини, шу жумладан уларнинг имтиёзларга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этдим. Бироқ инспектор меросхўрлардан фақат биттасининг (акамнинг) маълумотларини компьютер базасига киритиб, расмий ҳужжатсиз (оддий қоғозда, қайси давр учун солиқлар ҳисобланганини кўрсатмай) ҳисоб-китобни қўлимга тутқизди, унда:

онамизнинг қарзи 222 000 сўмни ташкил этади, шундан мол-мулк солиғи бўйича – 218 000 сўм;

акамнинг қарзи – 231 000 сўм, шундан мол-мулк солиғи бўйича – 97 000 сўм, ер солиғи бўйича – 133 000 сўм.

1. Агар ДСИнинг солиқ қарзи мавжудлиги ҳақидаги огоҳлантириш хатида ҳеч қандай кўрсаткичлар қайд этилмаган бўлса, қайси давр учун ва кўчмас мулкнинг қанча миқдордаги инвентаризация қийматидан мол-мулк солиғи ва ер солиғи ҳисобланганини қандай аниқлаш мумкин?

2. Онамиз – I гуруҳ ногирони ҳаётлигида солиқ қарзи юзага келган бўлса, солиқ органлари бу ҳақда қанча муддатда хабар қилишлари шарт эди? Улар мулкдор вафотидан кейин ёки меросни қабул қилиш чоғида солиқ қарзи мавжудлиги ҳақида меросхўрларга хабар беришлари шартми? Мулк эгаси вафот этгандан кейин унинг меросхўрлари солиқ мажбуриятларини қандай ижро этишлари керак?

3. Агар мулкдор вафотидан кейин унинг мулки бир нечта меросхўрлар ўртасида тақсимланган бўлса, ДСИ ҳар битта меросхўрнинг улушини объектма-объект ҳисобга олиб, бу ҳақда ўз вақтида хабар бериши шартми?

4. Меросхўрлар бир нечта мулкдорнинг умумий улушли мулкида бўлган кўчмас мулк учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича имтиёзларни қўллашлари мумкинми?

Т.Болтаев.

 

1

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби Солиқ кодексининг 272–277, 287–294-моддаларида назарда тутилган.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғини ҳисоблаб чиқариш кўчмас мулк рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органи (ДСИ) томонидан амалга оширилади. ДСИ кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида мустақил равишда (жисмоний шахсни жалб этмасдан) жорий йил учун солиқлар суммасини белгилайди.

ДСИ томонидан ҳисоблаб чиқарилган солиқлар тўлов хабарномасида (ҳар бир солиқ бўйича алоҳида) қайд этилиб, улар солиқ тўловчига имзо қўйдирилган ҳолда ёки у олинганлигини ва олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда топширилади. Ушбу солиқлар бўйича тўлов хабарномалари ДСИ томонидан ҳар йили ёзиб берилади ва ҳисобот йилининг 1 майидан кечиктирмай солиқ тўловчига тақдим этилади.

Жисмоний шахс солиқларни 15 октябрга қадар тўлаши шарт.

Шу тариқа, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг юқорида баён этилган талабларидан келиб чиқилса, ҳар бир ҳисобот йилида сизга (онангизга, кейин меросхўрларга) ҳисобот йили учун бюджетга тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммалари қайд этилган тўлов хабарномаларини топширишлари (ёки почта орқали етказишлари) шарт эди.

Сиз қайси йил учун ва қанча солиқ суммасини бюджетга тўлашингиз кераклиги қайд этилган ДСИнинг ушбу тўлов хабарномаларини топишингиз зарур. Агар ДСИ илгари тақдим этган тўлов хабарномаларини топишнинг иложи бўлмаса, солиқ солиш объекти ҳисобга олинган жойдаги ДСИга ёзма мурожаат қилиб, солиқларнинг суммалари йиллари ва турлари бўйича расшифровкаланган солиқ қарзи бўйича зарур маълумотларни олишга ҳақлисиз («Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддаси).

Имтиёзларга бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш учун ДСИга сўровномага қўшимча қилиб пенсия гувоҳномаси нусхасини ёки ТМЭК маълумотномасини илова қилишингиз зарур.

ДСИ расмий сўровномангиз асосида қайси йил учун ва қанча солиқ суммасини бюджетга тўлашингиз кераклиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.

 

2

ДСИ жисмоний шахсларга мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича тўлов хабарномаларини ҳар йили топшириши керак.

Агар тўлов хабарномалари тақдим этилмаган бўлса, ДСИнинг мансабдор шахслари устидан шикоят билан юқори турувчи органга (вилоят ДСБ ёки ДСҚ) мурожаат қилишга ҳақлисиз.

Вафот этган жисмоний шахснинг солиқларни тўлаш мажбурияти унинг мерос қилинган мол-мулкини қабул қилган меросхўрлари томонидан, унинг қиймати доирасида ва меросдаги улушга мутаносиб равишда, мерос қабул қилиб олинган кундан эътиборан 1 йилдан кечиктирмасдан бажарилади (Солиқ кодексининг 52-моддаси).

Уй-жой мерос бўйича ўтиши билан биргаликда мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи ва фойдаланиш ҳуқуқи ўтган ер участкалари учун ер солиғи мерос қолдирувчининг солиқ мажбуриятлари ҳисобга олинган ҳолда меросхўрлардан ундирилади (Солиқ кодексининг 287-моддаси).

Мол-мулк меросхўрлари сўровнома бериш орқали ДСИдан оналарининг солиқ қарзи суммасини билиб олишлари ва меросдаги улушларига мутаносиб равишда уни тўлашлари зарур.

 

3

Мол-мулк солиғи бўйича ҳам (инвентарь қиймати), ер солиғи бўйича ҳам (ер участкаси майдони) солиқ солинадиган база кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида белгиланади.

Сизнинг ҳолатда – ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномаси асосида кўчмас мулк ягона инвентарь рақами остида рўйхатдан ўтказилган ва битта инвентарь қийматига эга. Шу сабабли солиқ органи кўчмас мулкингиз ва ер участкангизга ягона солиқ солиш объекти сифатида қарамоқда.

Кўчмас мулк ва ер участкаси алоҳида солиқ солиш объектлари сифатида ДСИда ҳисобга олиниши учун аввалига кўчмас мулкни ҳар бир мулкдор (меросхўр) номига ва уларнинг меросдаги улушига мувофиқ равишда алоҳида қайта расмийлаштиришингиз лозим. Яъни кўчмас мулкни меросхўрлар ўртасида тақсимлашингиз ва унинг ҳар битта қисмига кадастр ҳужжатларини олишингиз керак. 

Ана шундан кейингина солиқ органи кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида уларни алоҳида солиқ солиш объектлари сифатида ҳисобга қўя олади. Шундай қилинмагунча бир нечта мулкдорнинг умумий улушли мулкида бўлган кўчмас мулк учун мол-мулк солиғи мулкдорларнинг ҳар бири томонидан уларнинг кўчмас мулкдаги улушига мутаносиб равишда тўланади (Солиқ кодексининг ­277-моддаси 4-қисми).

 

4

Пенсионерлар, I ва II гуруҳ ногиронларининг мулкида бўлган мол-мулкдан жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ундирилмайди (Солиқ кодексининг ­275-моддаси 5, 6-бандлари). Ушбу имтиёз солиқ солинмайдиган майдон ҳажми доирасида тақдим этилади. 2017 йил учун у умумий майдондан 60 кв.м ҳажмида белгиланган (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга 19-илова).

Имтиёзларни қўллаш учун ДСИга имтиёзга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни (пенсия гувоҳномаси ёки ТМЭК маълумотномаси) тақдим этиш зарур.

Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, имтиёзлар мулкдорнинг танлаши бўйича фақат 1 та мол-мулк объектига татбиқ этилади. Шу сабабли сизнинг ҳолатда умумий улушли мулк иштирокчиларидан икки нафари (пенсионер ва II гуруҳ ногирони) мулкларида бўлган бошқа мол-мулк бўйича ушбу имтиёзни қўлласалар, ушбу кўчмас мулк объекти бўйича имтиёзларни қўллай олмайдилар.

Ер солиғидан озод қилинганлар сирасига I ва II гуруҳ ногиронлари ҳамда ёлғиз пенсионерлар киради (Солиқ кодексининг 290-моддаси 4, 5-бандлари). Ушбу имтиёз якка тартибдаги уй-жой қурилиши, деҳқон хўжалиги юритиш учун берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органда рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга берилади. Бунда имтиёзлар солиқ тўловчининг танлаши бўйича фақат 1 та ер участкасига берилиши мумкин.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкалари берилади (Ер кодексининг 27-моддаси).

Сизнинг ҳолатда уй 0,08 га (800 кв.м) майдонга эга ер участкасида жойлашган. Шу сабабли имтиёзни фақат 0,06 га ер участкасига нисбатан қўллаш мумкин, ушбу нормадан ортиқ ер участкаси майдонидан (0,02 га) эса белгиланган тартибда солиқ тўланиши керак.

Ушбу имтиёзни қўллаш учун турар жой мерос бўйича ўтиши билан биргаликда мулк ҳуқуқи ўтган ер участкаси имтиёзга эга бўлган шахс номига расмийлаштирилган бўлиши керак. Бунда жисмоний шахс имтиёзни фақат битта ер участкаси бўйича қўллайди.

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1621 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика