Norma.uz

Валюта сиёсати янада эркинлашди

 

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 2 сентябрда «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177-сон Фармони (кейинги ўринлардаФармон) қабул қилинди. Фармон 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига биноан, шунингдек, валютага оид тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий этиш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, ички ва ташқи бозорларда миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатдошлигини ошириш, республикада инвестициявий иқлим ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида қабул қилинди.

 

Устувор йўналишлар

Фармон билан валюта бозорини янада эркинлаштириш соҳасида давлат иқтисодий сиёсатининг жумладан қуйидаги устувор йўналишлари белгиланди:

► юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш, ўзининг валюта маблағларини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишини тўлиқ таъминлаш;

► чет эл валютасига нисбатан миллий валюта курсини белгилашда фақатгина бозор механизмларидан фойдаланиш;

► валюта сиёсатини эркинлаштириш оқибатида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами ҳаёт даражасида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни камайтириш юзасидан ҳар томонлама манзилли ижтимоий кўмак чораларини амалга ошириш.

 

Чет эл валютаси муомалада бўлган ҳамда хорижий давлатда қонуний тўлов воситаси ҳисобланган банкнотлар, хазина билетлари ва тангалар кўринишидаги чет эл пул белгилари, муомаладан чиқарилган ёки чиқарилаётган ҳамда худди шу хорижий давлатнинг пул белгиларига алмаштирилиши лозим бўлган чет эл пул белгилари, шунингдек ҳисобварақларда ва омонатларда бўлган хорижий давлатларнинг пул бирликларидаги ҳамда халқаро пул ёки ҳисоб-китоб бирликларидаги маблағлардир («Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун 3-моддасининг иккинчи қисми (янги таҳрири 2003 йил 11 декабрда тасдиқланган).

 

Чет эл валютасини харид қилсангиз...

Фармонга кўра 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб:

► Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари жорий халқаро операциялар (товарлар, ишлар ва хизматлар импорти, фойдани репатриация қилиш, кредитларни сўндириш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо хусусиятига эга бўлмаган пул ўтказмалари) бўйича чет эл валютасини тижорат банкларидан чекланмаган миқдорда харид қилишлари мумкин;

жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари айирбошлаш шохобчаларида чет эл валютасини эркин сотишлари ҳамда амалдаги тартибга мувофиқ тижорат банкларининг конверсион бўлимларида эркин харид қилишлари мумкин. Бунда ўрнатилган қоидага кўра, сотиб олинган маблағлар халқаро тўлов карталарига ўтказиб берилади ва ундан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиш мумкин бўлади;

► юридик шахс мақомига эга бўлмаган, хорижда истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларга валютани жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда банк ҳисобварақлари орқали харид қилишга рухсат берилади;

► мулкчилик шаклидан қатъи назар, экспорт билан шуғулланувчиларга чет эл валютаси тушумини мажбурий сотиш талаби бекор қилинади;

► юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, чет эл валютасида даромадга эга бўлган фермер хўжаликларига ўзларининг банкдаги ҳисобварағидан нақд валюта ечиб олишига рухсат берилади.

 

Амалдаги қонунчиликда:

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари қуйидагилардир:

► Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари;

► Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

► Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида рўйхатдан ўтган юридик шахслар;

► Ўзбекистон Республикасининг иммунитет ва дипломатик имтиёзлардан фойдаланадиган хориждаги дипломатия ҳамда бошқа ваколатхоналари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ташкилотларининг чет элдаги, хўжалик ёки бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланмайдиган ваколатхоналари («Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси).

 

Фақат миллий валютада

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги тартиб ўрнатилади:

● товарлар (иш ва хизматлар) учун тўловни чет эл валютасида амалга ошириш тақиқланади, халқаро амалиётга мос равишда халқаро тўлов карталари билан амалга ошириладиган тўловлар бундан мустасно;

● товарлар, иш ва хизмат учун нархлар ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг устав жамғармасига минимал талаблар фақат миллий валютада кўрсатилади;

● давлат божлари, йиғим ва бошқа мажбурий тўловлар фақат миллий валютада амалга оширилади, консуллик йиғимлари бундан мустасно.

 

Банк таваккалчилиги ва лицензия

Шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга кўра:

● чет эл валютасида кредитлар бериш ва уни сўндириш шартлари тижорат банклари томонидан ўзларининг кредит сиёсатидан келиб чиқиб ва томонларнинг келишувига кўра мустақил белгиланади;

● банкларнинг чет эл валютасининг олди-сотдиси билан боғлиқ таваккалчиликлари ишбилармонлик таваккалчилиги ҳисобланади ва уларни бошқариш тижорат банкининг ўз ихтиёрида бўлади;

● чет эл валютасини харид қилиш ва сотишда воситачилик мукофотлари миқдори тижорат банклари томонидан мустақил ўрнатилади;

● тижорат банкларига чет эл валютасида операциялар ўтказиш учун лицензия бериш амалиёти бекор қилинади. Тижорат банклари чет эл валюталари билан операцияларни банк фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида амалга оширади.

 

2013 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг резидентлари – жисмоний шахсларга ваколатли банклар томонидан чет эл валютасини халқаро тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда нақдсиз шаклда сотиш механизми жорий этилган.

 

Янги таҳрирдаги Қонун бўйича

Марказий банк 2018 йил биринчи ярми якунига кўра Фармон билан ўрнатилган нормалар таъсирини таҳлил қилган ҳолда «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун янги таҳририни ишлаб чиқиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.

Мазкур ҳужжатда қуйидагилар ўз ифодасини топган бўлиши даркор:

● валюта операцияларининг амалиётда учрайдиган барча жиҳатларини қамраб олиш, ҳаволаки нормаларни максимал тарзда қисқартириш;

● Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси барқарорлигини таъминлаш;

● жисмоний ва юридик шахсларнинг ўз валюта маблағларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш;

● мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, капитал ҳаракатланиши билан боғлиқ операцияларни тартибга солиш масалалари.

Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд чет эл валютасининг ноқонуний муомаласини ва нақд чет эл валютаси билан ноқонуний операцияларни амалга оширишни бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни кўриши лозим.

 

Фаррухжон Файзиев, ҳуқуқшунос.

 

Прочитано: 2418 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика