Norma.uz

Ҳуқуқий ахборотлар вақтида етиб боради

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан жамиятимиз ҳаётида муҳим ўрин тутувчи қатор қонунлар маъқулланди.

 

«Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Қонун шулардан бири бўлиб, у аҳолининг ҳуқуқий ахборотлардан ўз вақтида хабардор бўлишини таъминлашга қаратилган. Қонун асосида яратилаётган механизм жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишининг қулай тизимини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси яратилган. Мазкур база айни пайтда 30 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўз ичига қамраган.

Жорий йил февраль ойида Президентимизнинг «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингани ушбу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан тамомила янги босқичга олиб чиқди.

Мазкур қарор ҳамда Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент муҳокамасига киритилган эди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилиниб Сенатга тақдим этилган мазкур Қонун ялпи мажлисда сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мазкур Қонун 4 боб, 28 моддадан иборат бўлиб, мақсади ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир.

Қонунда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашнинг асосий принциплари, ундан фойдаланиш кафолатлари мустаҳкамланган. Ундан вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларининг ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари ўрин олган. Таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг ушбу жараёндаги иштироки каби масалалар қамраб олинган.

Қонунда янги тушунчалар мавжуд. Жумладан, ҳуқуқий ахборот, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тушунчаларининг мазмуни баён этилган.

Қонунга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларга оид расмий шарҳлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби тўғрисидаги тушунтиришлар, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қарорлари, Олий суд Пленумининг қонун ҳужжатлари қўлланилиши масалалари бўйича қарорлари матнлари, шунингдек, суд амалиётини умумлаштириш материаллари ҳуқуқий ахборот ҳисобланади.

Ошкоралик, очиқлик, ҳуқуқий ахборотни излаш ва олиш эркинлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашнинг асосий принциплари сифатида белгиланган.

Ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш давлат томонидан кафолатланади. Фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотни монеликсиз излаш, олиш ва уни тарқатиш хуқуқи кафолатлари кучайтирилган.

Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятини белгиланган тартибда таъминлаши шарт.

Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш усуллари ҳам қонундан ўрин олган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини юбориш, уларни расмий ­эълон қилиш, норасмий эълон қилиш, ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборот тақдим этиш шулар жумласидандир.

Жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборот тақдим этиш механизмлари белгиланган. Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровига кўра давлат органлари ва ташкилотлари томонидан улар фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартибини тушунтириш билан боғлиқ нормалар назарда тутилган. Давлат органларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритишнинг мажбурийлиги белгиланган.

Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинганда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш тартиби ҳамда ушбу Қонунни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, янги Қонуннинг кучга кириши ва ҳаётга татбиқ этилиши ҳуқуқий ахборотни олиш ва ундан фойдаланиш борасида аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишга замин яратади. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга, пировардида халқнинг давлат органларидан рози бўлишига кўмаклашади. Ўз навбатида, давлат органларининг ҳам аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш бўйича масъулияти ошишига хизмат қилади.

 

Толибжон Мадумаров,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари

қўмитаси раисининг ўринбосари.

 

ЎзА.

Прочитано: 1895 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика