Norma.uz

Квартира масаласи

 

Квартирани сотиб олганда янги эгасига ўзбошимчалик билан ўзгартирилган жой мерос қолган бўлса, нима қилмоқ керак? Балкон деразаларига ойна солиш учун рухсат солиш зарурми? Ноқонуний қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги қарорни ким қабул қилади? Нима сабабдан янги кадастрда квартира майдони «катталашди», кўчмас мулкни сотиш тақиқланган-тақиқланмаганлигини қаердан билса бўлади? Шу ва бошқа саволларга жавобларни Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг (бундан кейин – Ергеодезкадастрдавқўм, Қўмита) Facebook даги расмий саҳифасидан топишингиз мумкин. Саҳифа фуқароларни тезкор хабардор қилиш ҳамда ердан фойдаланиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, кўчмас мулк ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш, кўчмас мулкни инвентаризация қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсадида яратилган.

 

Қўмита фуқароларнинг Ергеодезкадастрдавқўм раиси билан реал вақт режимидаги видеоконференцалоқаси сингари интерактив мулоқот шаклини қўллай бошлади. Видеоконференцияда қатнашишни хоҳловчилар унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан бу ҳақдаги барча ахборотни топишлари мумкин. Идора фуқароларни очиқ мулоқотга, саволлар, шикоятлар ва таклифлар билан бевосита Қўмитанинг ҳудудий бўлинмаларига фаол мурожаат қилишга, ҳал этишни талаб қиладиган масалаларни очиқ муҳокама қилиш имкониятидан фойдаланишга чорламоқда.

Хоналарнинг ўзгартирилиши ва реконструкция қилиниши натижасида кадастрга киритиладиган ўзгартиришларга доир кўпгина мурожаатлар Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ваколатига киради. Уларнинг долзарблигини инобатга олган ҳолда мазкур идора ҳам ижтимоий тармоқдаги мулоқотга қўшилса, нур устига аъло нур бўлар эди.

Ергеодезкадастрдавқўм саҳифасига келиб тушаётган, мавзувий сонимизнинг ўқувчилари бизга кўп йўллайдиган айрим мурожаатлар ва саволларга шарҳни эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

 

 

Квартира «катталашдими»?

 

Эски кадастр ҳужжатларидаги квартира майдони Ергеодезкадастрдавқўм корхонаси коммунал ва солиқ хизматларига тақдим этадиган маълумотларга мувофиқ келмаслиги нимага боғлиқ?

 

Ергеодезкадастрдавқўм: 1992–1993 йилларда уй-жой фонди ялпи хусусийлаштирилган вақтда ҳусусийлаштириш ҳужжатларида (эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ордерларида) квартираларнинг умумий майдони ўша пайтда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари (шаҳар ижроия қўмиталари ва туман ижроия қўмиталари) берадиган кўчиб кириш ордерлари маълумотлари асосида кўрсатилган.

1994 йилдан бошлаб квартираларга доир ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида илгари техник инвентаризация бюролари, кейинчалик эса Ергеодезкадастрдавқўм бўлимлари квартиралар майдонларини ҳисоблашда КМК 2.08.01-94 «Турар жой бинолари» билан белгиланган нормаларга риоя этганлар. Уларда назарда тутилганидек, квартиралар ва турар жой хоналарининг умумий майдонини яшаш учун мўлжалланган ва қўшимча хоналар, ичига қурилган шкафлар, ёзги хоналар ва омборхоналар майдонлари йиғиндиси сифатида аниқлаш лозим. Ёзги хоналар ва омборхоналар майдонлари қуйидаги пасайтирувчи коэффициентлар билан ҳисобланади: усти ёпилган ҳовличалар, ойна солинган иситилмайдиган ёзги хоналар ва совуқ омборхоналар учун – 0,5; қолганлари, шу жумладан қисман ёпилган террасалар учун – 0,3; очиқ террасалар майдони ҳисобга киритилмайди.

Айни вақтда солиқ органлари ва коммунал корхоналар билан биргаликда Тошкентдаги уй-жой фондининг ҳисобини юритиш ва кўп квартирали уйларни инвентаризация қилишда Тошкент шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси квартиралар майдонларини аниқлашда ШНҚ 2.08.01-05 «Турар жой бинолари»га асосланмоқда. Уларда белгиланишича, квартираларнинг умумий майдонини улардаги хоналар, омборхоналар, ичига қурилган шкафлар, шунингдек, ойна солинган ёзги хоналар ва совуқ омборхоналар учун – 1,0; ойнасиз пешайвонлар учун – 0,5; қаватлардаги балконлар ва террасалар учун – 0,3 пасайтирувчи коэффициентлари билан ҳисобланадиган ёзги хоналар ва совуқ омборхоналар майдонлари йиғиндиси сифатида аниқлаш лозим.

Бунда ШНҚ 2.08.01-05 билан белгиланишича, пешайвон – 3 томонидан девор билан ўралган, очиқ ёки ташқи томони ойнавон, бино ҳажмидаги ёзги хона; айвон – бинонинг асосий ҳажмига тақаб қурилган ойнавон ёзги хона; терраса – бинога тақаб қурилган очиқ ёки ёпиқ майдонча – ҳордиқ чиқариш учун ҳовлича, шу жумладан қуйи қават томида жойлашган; балкон – консолли тиркамада жойлашган фасад девори юзасидан чиқиб турадиган, тўсилган майдонча.

Ергеодезкадастрдавқўм корхонасининг маълумотлар базаларидаги квартираларнинг техник тавсифларига ўзгартиришлар режали тарзда киритиб борилади. Улар аниқлаштирилиши ва такроран инвентаризация қилинишига қараб солиқ органлари ва коммунал хизматларга берилади. Кўчмас мулк эгаларининг кадастр йиғмажилдларига уларнинг мурожаати асосида ўзгартиришлар киритилади.

 

 

 

Квартирани сотиш тақиқлангани ҳақида онлайн билиб олиш мумкин

Квартира ёки уйни сотиш тақиқлангани ва хатлангани, уларнинг инвентаризация қиймати тўғрисидаги ахборот, майдони ва хоналари, солиқ солиш зонаси ҳақидаги ва бошқа маълумотларни фуқаролар odnookno.uz/ru/services сайтидан олишлари мумкин.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг кўчмас мулк майдонлари, инвентаризация қийматини аниқлаштириш ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлари ҳажми ошганлиги муносабати билан кўчмас мулкнинг техник тавсифлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этувчи онлайн-ресурс ишга туширилди. ВМнинг 3.08.2016 йилдаги 251-сон қарорида назарда тутилганидек, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари инвентаризация қилинганда уларга аниқлик киритилади. Инвентаризация натижасида олинган маълумотлар кўчмас мулк объектларининг автоматик ҳисобини юритиш учун ягона маълумотлар базасига, эгаларининг кадастр йиғмажилдларига эса – улар Ергеодезкадастрдавқўм тузилмаларига мурожаат этган тақдирда киритилади. 

 

 

 

Ўзгартирилган уй мерос қолган

 

Квартира сотиб олгач, аввалги эгалари турар жой хонасини ўзгартирганларини, кадастр ҳужжатларига ушбу ўзгартиришларни киритмаганларини билиб қолдик. Энди бизда муаммо юзага келмоқда. Қандай қилиб кадастр хизмати ходими квартиранинг аввалги соҳибига нотариал идорага тақдим этиладиган маълумотномани бера олган? Мавжуд вазиятда биз қандай йўл тутишимиз лозим?

 

Ергеодезкадастрдавқўм: Давархитектқурилиш ҳудудий органларига мурожаат қилиб, тегишли хулоса (ўзгартириш киритиш мумкин эдими, у шаҳарсозлик нормаларини бузмайдими) олишингиз зарур. Хулоса асосида судга мурожаат қилиш керак, у реконструкция қилиш (ўзгартириш) қонунийлиги масаласини кўриб чиқади. Агар суд уни қонуний деб топса, ушбу ҳал қилув қарорига асосан кадастр йиғмажилдида қилинган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлади.

Нима учун кадастр хизмати ходими жойга чиқмай туриб нотариал идора учун ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотномани берган, деган савол туғилиши табиий. Ё квартира соҳибининг сўзига ишонган, ёхуд коррупция ҳолати юз берган. Ергеодезкадастрдавқўм ходимлари пора олиши далилига тўқнаш келсангиз, бу ҳақда 1097 ишонч телефони орқали хабар беришингиз мумкинлигига эътибор қаратмоқчимиз. Инсон омилини иложи борича чеклаш мақсадида айни пайтда кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни рўйхатдан ўтказиш тизимини автоматлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳалаштириш ва конструкциялаш, шаҳарсозлик қоидалари ва нормаларига риоя этиш, шунингдек бинолар ва хоналарни ўзгартириш ва реконструкция қилишга тааллуқли масалалар Ергеодезкадастрдавқўм ваколатига кирмайди. Кадастр хизматининг иши ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар асосида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва кўчмас мулкка доир ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказишдан иборат.

 

Уй-жой сотиб олиш олдидан квартиранинг реал режаси кадастр йиғмажилдида кўрсатилган режага мувофиқлигига ишонч ҳосил қилинг.

 

Таҳририятдан: Уй-жойларнинг янги соҳибларига аввалги эгаларидан кадастр ҳужжатларида қайд этилмаган (демак, ноқонуний) ўзгартириш мерос қолган ҳолатлар жуда кўп учрайди. Бундан янги мулкдорлар ютқизадилар. Хотиржам яшаш ўрнига идорама-идора қатнашларига, судларда тушунтириш беришларига, эҳтимол, аввалги мулкдорларнинг хатоларини тузатишларига тўғри келади. Бунга вақтлари, саломатликлари, анча маблағларини кетказадилар. 

Бунда нотариал идорага сохта маълумотнома берган кадастр хизматлари ходимларининг айби бор, албатта. Ергеодезкадастрдавқўм бундай вазиятларда чора кўриш учун фуқароларни ишонч телефони орқали мурожаат этишга ундайди.

Аслида квартирани расмийлаштиришдан олдин харидор уни кўришга келган, барча ўзгартиришларни ўз кўзи билан кўрган бўлади. Гап шундаки, кўпчилик кадастр ҳужжатларини реал ҳолат билан таққослаб кўриш кераклиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Охир-оқибат, бехабарлиги ва беэътиборлиги унга қимматга тушади.

Харидор квартирадаги ўзгартиришларни кадастр билан солиштиришга ақли етиб, улар қайд этилмаганини кўрди, бироқ шу квартирани олишдан манфаатдор, дейлик. Бунда ўзгартиришни қонунийлаштиришга сарфлайдиган харажатларини қоплаш учун нархини камайтиришни талаб қилиш имконига эга бўлади.

 

 

 

Ноқонуний қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги қарорни ким қабул қилади?

 

Ҳоким эгалари белгиланган тартибда расмийлаштирмаган иморатларни бузиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлими?

 

Ергеодезкадастрдавқўм: Фуқаролар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини мунтазам равишда бузишлари сабабли ВМнинг «Аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (12.02.2009 йилдаги 41-сон) қабул қилинган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш комиссияси республика минтақалари бўйича ишчи гуруҳлари билан ташкил этилган. Айни пайтда ушбу қарорни амалга ошириш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Комиссия раиси ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишини бартараф этиш ва ноқонуний қурилган иморатларни бузиш зарурати ҳақида ҳуқуқбузарларга хабарномалар (талабномалар) йўллайди. Хабарномалар эътиборсиз қолдирилса, кейинги қадам – ҳокимнинг объектни бузиш тўғрисидаги қарори чиқарилади. Бу ҳам кор қилмаса (ҳокимнинг қарори ижро этилмаса) низо суд тартибида ҳал қилинади.

 

 

Балконга ойна солишга рухсатнома талаб қилинадими?

 

Балкон деразасига ойна солмоқчиман. Бунинг учун рухсатнома талаб этиладими?

 

Максим Черников, Facebook даги «ТЧСЖ и как с ним жить» («ХУМШ ва у билан қандай яшаш мумкин») гуруҳи модератори: Балконлар деразаларига ойна солинганда уй фасадининг ташқи кўриниши ўзгаради. Ушбу масала Бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 9.03.2016 йилдаги 70-сон қарорига 1-илова) билан тартибга солинган.

Агар бино ва иншоотлар шаҳар ва туман аҳамиятидаги магистрал кўчалар (аҳоли пунктлари доирасида), халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўллари бўйлаб жойлашган бўлса, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш талаб этилади.

Посёлкаларда жойлашган, туманларнинг маъмурий марказлари ҳисобланмаган, қишлоқ аҳоли пунктларида (қишлоқлар, овуллар) ва аҳоли пунктларидан ташқарида жойлашган бино ва иншоотлар бўйича бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш керак эмас.

Халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўллари, шаҳар ва туман аҳамиятидаги магистрал кўчалар (аҳоли пунктлари доирасида) рўйхати ваколатли орган томонидан йўллардан фойдаланиш ташкилотлари билан келишувга кўра ҳар йили янгиланган ҳолда (ҳар йили 10 январгача) Давархитектқурилишга унинг Интернет тармоғидаги расмий сайтида жойлаштириш учун, шунингдек «ягона дарча» принципи бўйича тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш марказларига уларнинг электрон таблосида жойлаштириш учун тақдим этилади (Низомнинг 4-банди).

Хулоса шуки: агар кўп квартирали уй йўл бўйида эмас, мавзе ичида жойлашган бўлса, унинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш талаб этилмайди.

 

 

 

ХУМШ: муаммолар ва амалиёт

 

Аралашувдан ҳимоялаш – ҳаракат

 

Яқинда «Биз яшайдиган уй» мавзувий сонида ҳокимликлар ширкатларга ишларни бажариш ва кредитлар олишга мажбурлаётганликлари ҳақидаги мақола чоп этилган эди. Бизда ҳам вазият худди шундай. Мен Чилонзор-8, 54-уйда яшайман. Бир куни уйимиз йўлагида эски ромларни олиб ташлаб, янги, пластик ромларни ўрнатаётганларини кўрдим. Бундан ҳайратланиб, тушунтириш беришини сўраб ХУМШ раисига мурожаат қилдим. Қонун ҳужжатларида назарда тутилганидек, уй аҳли умумий йиғилишда пластик ромлар ўрнатиш масаласини муҳокама қилганини, бунинг учун овоз берганини эслай олмайман дедим. Уйимиз учун бу бирламчи муаммо эмаску? Раиснинг тушунтиришича, буни ҳокимлик талаб қилаётган экан. ХУМШда бу ишни бажаришга маблағ йўқ, шу сабабли ширкатни салкам мажбурлаган ҳолда кредит олишга кўндираётган эканлар.

Бундан ташқари, йўлаклар, соябонларни таъмирлаш, ҳар бир йўлак олдига ахлатдон қўйиш, ҳудудни ободонлаштиришга доир бошқа ишларни бажариш режалаштирилган. Бу ишларнинг бари маъқул, албатта. Бироқ, уй учун қандай ишларни бажариш кераклигини бизнинг ўрнимизга ҳокимликдагилар ҳал этиши керак эмас – зеро пул бизники.

Бутун уйни айланиб чиқиб, бу ишларни бажаришга розилик билдирган биронта мулкдорни топмадим. Бунинг устига, аксарият мулкдорлар бу ишлар ўз пулимизга қилинаётганидан бехабарлар. Улар буларнинг бари биз учун бепул, давлат маблағлари ҳисобидан қилинаётганлигига амин эканлар.

Эҳтимол, ХУМШ раҳбарлари аҳолини вазиятдан хабардор қилиши мумкин эди. Тўғри, ширкат раисининг ёлғиз ўзи буни уддалай олмайди, бироқ бошқарув, уйбошилар, йўлакбошилар бор. Мен раис устидан шикоят қилмаяпман – бу мушкул ва биров миннатдор бўлмайдиган иш. Аксинча, уни четдаги босимдан ҳимояламоқчиман.

Уй бежирим кўринганига нима етсин. Аммо, унда қувурлар тешилган, ертўласини сув босган, йўлаклар чивинга тўла бўлса-чи... Болалар майдончалари аянчли аҳволда, ариқлар ахлатга тўлган, ёмғирдан кейин ҳамма ёқни сув босади... Бундай вазиятда пластик ромлар ўрнатиш устувор вазифа бўла оладими?

Йўлакларда кодли қулф ўрнатиш учун кредит ҳам шундай буйруқ тартибида олинган эди. Оқибатда нима бўлди? Ҳамма эшиклар ланг очилиб ётибди. Сабаби болалар у ёқдан бу ёққа кириб чиқаверадилар, эшикни ёпишдан фойда йўқ. Беҳудага пул сарфлангани қолди.

Яни бир жиҳат. Йўлакни таъмирлаётган ишчилар бу ишларни бажарувчи фирма номини ҳам, на телефони, на бошқа координаталарини айта олмадилар. Улар четдан келган тасофидий кишилар кўринади, уларнинг малакаси ҳақида гапиришнинг ўрни йўқ. Ҳозир бутун даҳадаги йўлаклар ёппасига таъмирланмоқда. Кимдир аҳолига эмас, балки ўзига наф келтирадиган ишни бажаришга ширкатни мажбурлаётгандек таассурот ҳосил бўлаяпти. Ахир ширкатларнинг ишига аралашиш – белгиланган қонун ҳужжатларини бузиш саналади. Бу кимга фойда келтираяпти? Бунга қандай тўсқинлик қилиш мумкин?

О.Горбунова.

 

 

Дод десангиз ҳам, фойдаси бўлмаса-чи?

 

Кирган кишининг баҳри-дили очиладиган уйда яшаш уй аҳлининг ўзига маъқул келишига аминмиз. Бундан аввало шахсан улар манфаатдор бўлишлари ва уйларини яхшилаш учун саъй-ҳаракат қилишлари лозим. Акс ҳолда уй хўжалиги бошқаруви ва аҳоли бепарволик қилса, бу ҳақда бошқа тузилмалар қайғурадилар.

Мурожаат муаллифи саволларига қисман ўзи жавоб берган. Агар пластик ромлар, домофонлар ўрнатиш, бошқа ишлар, шунингдек уларни бажариш учун кредитлардан фойдаланиш ширкат аъзоларини хабардор қилмай, ушбу масалалар умумий йиғилишда тасдиқланмай амалга оширилаётган бўлса, демак, бунинг бари қонунга зид, ХУМШ раиси ҳам, бошқарув, уйбошилар ва йўлакбошилар ўз вазифаларини уддалай олмаяптилар.

Келинг, шуни тан олайлик: кўпинча ХУМШ ишларига четдаги тузилмалар аралашишига олиб келадиган вазиятни ўзимиз юзага келтирамиз. Ҳаракатсизлигимиз, бепарволигимиз, ҳуқуқни билмаслигимиз, ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳақида оддий тасаввурга ҳам эга эмаслигимиз бунга замин яратади. Одатда босимга қарши чиқа олмайдиган, фаол позицияга эга бўлмаган, ўз уйи ва шахсий маблағларини сақлашни ширкатга ишониб топширган мулкдорларни ҳимоя қила олмайдиган, қонун ҳужжатларини билмайдиган, унинг бузилишига йўл қўядиганларга зуғум қиладилар. Хусусийлаштириш давридан буён камида чорак аср ўтди, кўп қаватли уйлар аҳли эса кимнинг ҳисобидан ромлар алмаштирилаётгани, домофонлар ўрнатилаётгани ва бошқа ишлар қилинаётганидан ҳанузгача бехабар. Демак, уйда ким нима учун жавоб беришини квартиралар мулкдорларига тушунтира олмаган раисни, бошқарув аъзоларини алмаштириш керак.

ХУМШ ишларига аралашишга қарши энг таъсирчан чора – тўғрисўз, серғайрат, билимдон, ширкат аъзоларининг манфаатларини кўзлайдиган раис, фаол бошқарув ва уларни қўллаб-қувватловчи, бадалларни ўз вақтида тўловчи, маблағлари нималарга сарфланаётгани билан қизиқувчи уй аҳли. Бундай ХУМШ уй хўжалигини ўзи эплайди ва ташқаридан ишларига ноқонуний аралашишга доим қарши туриш имконини топади. Агар ҳаммаси бунинг буткул тескариси бўлса, дод десангиз ҳам фойдаси бўлмаса-чи? Ана шунда ўша ҳокимлик, бошқа тузилмалар вазиятга таъсир ўтказишлари, уни яхши томонга ўзгартиришлари мумкин.

Кредитларга келсак, уларни ҳамма ҳам ёмон қарши олмайди. Кўпгина ХУМШ учун улар вазиятдан чиқиш йўли ҳисобланади. Зеро серхарж ишларни бажариш учун бир неча йил маблағ жамлашга тўғри келади. Бироқ қандай ишларга кредит олиш-олмаслик ҳақидаги қарорни бегона кишилар эмас, балки қонун ҳужжатларида белгиланганидек, мулкдорлар жамоаси қабул қилиши шарт. 

 

 

Раисга маслаҳат

Агар ширкат уй хўжалигини сақлаш вазифасини уддалаётган бўлса, турли тузилмаларнинг ХУМШ ишларига ноқонуний аралашувига қандай қилиб қарши туриш мумкин?

1. ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида уй учун тавсия этилаётган ишларни бажариш, бунинг учун кредит маблағларидан фойдаланиш заруратини муҳокама қилиш лозим. Умумий йиғилиш баённомасида ушбу масала юзасидан мулкдорларнинг қарорини қайд этиш керак.

2. Агар ХУМШ аъзолари тавсияларга қарши овоз берган бўлсалар, уларни бераётган тузилмага умумий йиғилиш қарори баённомасини илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилиш керак.

Баённома ёки аризада ХУМШ аъзолари тавсия этилаётган ишларни айни пайтда амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблашларини (бошқа устувор вазифалар мавжуд; таклиф қилинаётган ишлар бирламчи аҳамият касб этмайди, ХУМШ маблағлари ҳисобига кейинчалик бажарилиши режалаштирилган ва ҳ.к.) асослаб бериш лозим.

3. Капитал таъмирлаш доирасида ХУМШ қанча ҳажмдаги ишларни бажарганини, қандай маблағлар ҳисобига яна нималар қилишни мўлжаллаётганини, ширкатнинг молиявий имкониятлари қандайлигини кўрсатиб, рад жавобини асосланг.

4. Агар бу иш бермай, тавсиялар келишда давом этса, мазкур ташкилот вакили қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида ширкатга талаб қўяётганини сўраб, ёзма равишда мурожаат қилинг.

5. Турли тузилмалар вакилларининг қатъий таклифлар билдиришидан чарчаган ширкат аъзолари ташриф дафтари юритиши амалиёти мавжуд. ХУМШ ишларига аралашганда раис фамилияси, иш жойи, гувоҳнома рақами, келишдан мақсадини журналда қайд этиб, имзо қўйишини талаб қилади. Ширкатга буйруқ бериш истагини билдирганлар сони анча камайган.

6. ХУМШ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганда прокуратура, судга мурожаат қилиши мумкин.

 

 

Маълумот учун!

УЖКХни ислоҳ қилиш доирасида навбатдаги 2017–2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш шароитларини яхшилаш дастури бўсағасида турибмиз. У Президентнинг 24.04.2017 йилдаги ПҚ-2922-сон қарори билан тасдиқланган ва қуйидагиларни ўз ичига олган:

1. Кўп хонадонли уй-жой фондининг умумий фойдаланиладиган жойларини мукаммал ва жорий таъмирлаш параметрлари. Улар том, йўлаклар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари, фасад таъмирланишини назарда тутади. Молиялаштириш манбалари – тижорат банклари кредитлари, ХУМШнинг махсус банк ҳисобварақларида алоҳида тўпланадиган ўз маблағлари.

2. Кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудларни ободонлаштириш параметрлари. Улар болалар майдончаларини қуриш ва таъмирлаш, ирригацион тармоқларни таъмирлаш, йўлкаларни бетонлаш, ташқи ёритишни таъмирлашни ўз ичига олади. Молиялаштириш манбалари – Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари, шунингдек, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари.

3. Кўп хонадонли уй-жой фондининг лифт ускуналарини таъмирлаш ва алмаштириш параметрлари. Молиялаштириш манбалари – ХУМШнинг ўз маблағлари, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари маблағлари, халқаро молия институтлари кредитлари, шунингдек, лизинг ҳисобидан.

Дастурнинг амалга оширилиши юзасидан кўп саволлар юзага келади, албатта. Унинг биринчи ўриндаги таркибий қисми – фақат ХУМШ, яъни аҳоли маблағларидан иборат. Турар жойлар қандай мезонларга кўра Дастурга киритилади? Уйларнинг техник ҳолати мониторинг қилинадими, устувор вазифалар белгиланадими, ХУМШ фикри инобатга олинадими? Зеро ширкатларнинг бир қисми, шу жумладан кредитлар ҳисобидан капитал таъмирлашни бажариб бўлган.

Кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришга доир ҳужжатларда давлат бошқаруви кучайтирилишига урғу берилмоқда. Уларда назарда тутилган УЖКХни бошқаришнинг вертикал тизимини яратиш чора-тадбирлари амалда ўз ўрнини топишини вақт кўрсатади. Уй-жой-коммунал соҳадаги муносабатларни давлат томонидан тартибга солиш чора-тадбирлари асосий конституцион ҳуқуқлардан бири – хусусий мулк ҳуқуқини бузмаган ҳолда қўлланади ва турар жойлар мулкдорларининг уй-жойни бошқариш ҳуқуқларини амалга оширишларига тўсқинлик қилмайди деб умид қиламиз.

 

 

 

Ортиқча йўл-йўриқлар кўрсатмаган ҳолда

 

ХУМШнинг ҳокимликлар ва маҳалла қўмиталари билан муносабатлари қандай ҳужжатлар билан тартибга солинади?

А.Ҳакимов.

 

ХУМШнинг ҳокимликлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро муносабатлари доиралари қонун ҳужжатлари билан белгиланган.

 

1. ХУМШ – маҳаллий давлат ҳокимияти органлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ХУМШлар билан ўзаро муносабатлари ширкатнинг ўз фаолиятини мустақил амалга оширувчи, уй-жой мулкдорлари ўзини ўзи бошқаришининг ҳақиқий институти сифатидаги мақомидан келиб чиқиб, ортиқча йўл-йўриқлар кўрсатмаган ҳолда ташкил этилади («Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси).

Давлат ширкатларнинг ва ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари таъминланиши ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, ХУМШларнинг ривожланиши ва мустаҳкамланишига кўмаклашади.

Ширкатлар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

♦ уй-жой соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан стандартлар қабул қилиш;

♦ коммунал хизматларга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш;

♦ уй-жой-коммунал соҳасида хизматлар кўрсатишда рақобатни ривожлантириш учун шароитлар яратиш;

♦ имтиёзлар ва кредитлар бериш;

♦ таъмирлаш-тиклаш ишлари учун бюджет ссудалари бериш;

♦ кўп квартирали уйларни сақлаш ва коммунал хизматларга ҳақ тўлашда кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш;

♦ доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкалари бериш;

♦ алоҳида дастурлар қабул қилиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирлар кўриш (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 7-моддаси).

Шу жумладан, бошқарув раиси ва бошқарувчи (ижрочи директор) ширкат аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этмаган тақдирда, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг бошқарув раисини чақириб олиш ҳамда бошқарувчини (ижрочи директори) лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги таклифларини, шунингдек ана шу лавозимларга номзодлар бўйича тавсияларини кўриб чиқиш ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатларига киради (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддаси).

Ширкат қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйган тақдирда ХУМШ аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан чақирилиши мумкин (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 20-моддаси).

Уй-жой мулкдорлари ва уй-жойдан фойдаланувчилар коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлашга доир талабларни қўпол равишда бузган ҳолларда туманларнинг, шаҳарларнинг (шаҳарлар таркибига кирувчи туманларнинг) ҳокимлари коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисида коммунал хизмат кўрсатувчилар ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг такдимномасига мувофиқ даъволар билан судга мурожаат қилади («Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддаси).

 

2. ХУМШ – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

Ширкатлар ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг ташкил этилиши, кўп квартирали уйларда яшовчиларнинг уй-жой фондида яшаш қоидаларига риоя этиши масалалари ҳамда биргаликда ҳал этишни талаб қиладиган бошқа масалаларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилади (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 8-моддаси).

Фуқаролар йиғини:

♦ ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, тегишли ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария жиҳатдан тозалаш, кам таъминланган оилаларга уларнинг уйлари ва квартираларини таъмирлашда, шунингдек коммунал хизматлари ҳақини тўлашда ёрдам кўрсатиш учун ихтиёрийлик асосида жисмоний шахслардан маблағ йиғиш, юридик шахсларнинг маблағларидан шартнома асосида фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

♦ коммунал тўловлар ундирилишини таъминлаш, иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланиш бўйича тадбирлар ўтказишда, тегишли ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, уйлар ва ҳовлиларни намунали сақлашга доир ишларни ихтиёрийлик асосида ташкил этишда ХУМШга кўмаклашади;

♦ иморатлар қуриш ҳамда ҳовлилар ва уйлар атрофидаги ҳудудларни сақлаш қоидаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади («Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси).

Фуқаролар йиғинининг кенгаши:

♦ тегишли ҳудуддаги аҳолининг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар, спорт майдончаларини жиҳозлаш, моддий маданий мерос объектларини яроқли ҳолда сақлаш, дафн этиш жойларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва яроқли ҳолда сақлашга доир ишларда ихтиёрийлик асосида қатнашишини ташкил этади, ана шу мақсадларда туман, шаҳар ижро этувчи ҳокимият органи ажратадиган моддий маблағлардан ва бошқа воситалардан, ўз маблағларидан фойдаланади, жамоатчилик ёрдамини (хашарни) уюштиради, кўриклар ва танловлар ўтказади;

♦ иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланиш ва уларнинг беҳуда сарфланишини камайтиришга қаратилган тадбирларни ўтказади;

♦ уй-жой фондидан фойдаланиш ва унинг сақланишини таъминлашда фуқароларга кўмаклашади;

♦ фуқаролар томонидан коммунал хизматлар ҳақини тўлиқ ва ўз вақтида, ҳисоб-китобини банклар орқали амалга оширган ҳолда тўлашларини коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан биргаликда уюштиради ва назорат қилади. Аҳоли коммунал хизматлар ҳақини тўлиқ тўлашини таъминлаганлиги учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ўтказиладиган маблағларни белгиланган тартибда кам таъминланган оилаларга коммунал хизматлар ҳақини тўлашда ёрдам бериш, фуқаролар йиғинлари органларининг ходимларини рағбатлантириш учун, шунингдек ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга оид ишларни ўтказишга ишлатади («Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси).

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

ХУМШ бадалларнинг 80%ини таъмирлашга йўналтирадилар

 

Вазирлар Маҳкамасининг 1.08.2017 йилдаги 570-сон қарори билан Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар тўплаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

 

Ҳужжатда белгиланишича, кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун ХУМШ хизмат кўрсатувчи банкларда «Нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамғарма депозитлари» (бундан кейинтўплаш ҳисобварағи) очадилар.

Уларга қуйидаги маблағлар келиб тушади:

а) турар ва нотурар жой мулкдорларининг мажбурий бадалларидан шаклланган маблағлар;

б) кўп квартирали уйларнинг ташқи фасади, том ва ертўла қисмлари ҳамда бошқа ижарага берилган майдонлар учун ижарачилардан келиб тушадиган маблағлар;

в) умумий фойдаланиш жойлари ва муҳандислик коммуникацияларини капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда лифт ускуналарини таъмирлаш ва алмаштириш учун маҳаллий бюджетлар маблағлари (шу жумладан йил бошидаги қолдиқ бўш маблағлар ва I–III чорак якунлари бўйича ошириб бажарилган даромад қисми), шунингдек Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан жалб қилинадиган бюджетдан ташқари маблағлар;

г) кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

д) қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағлар.

Бунда капитал ва жорий таъмирлаш учун ҳар бир ХУМШ бўйича аниқ ажратмалар меъёри кўп квартирали уйнинг ҳақиқий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда 2 та манба – мулкдорларнинг мажбурий бадаллари ва ижарачиларнинг маблағларидан келиб чиқиб 30%дан 80%гача миқдорида белгиланади. Меъёр Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлими билан, агар таъмирлаш кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилса, тижорат банки билан ҳам келишилган ҳолда белгиланади. Меъёр ХУМШнинг умумий йиғилиши қарори билан тасдиқланади.

Тўплаш ҳисобварағига белгиланган меъёрлардан ортиқ келиб тушган ушбу маблағлар банк томонидан ХУМШнинг асосий ҳисобварағига мемориал ордер орқали ўтказилади ва ширкат томонидан мустақил равишда тасарруф этилади. Қолган манбалардан тушадиган маблағлар бевосита тўплаш ҳисобварағига ўтказилади ва ХУМШнинг асосий ҳисобварағига ажратма қилинмайди.

 

Маълумот учун. ХУМШ кўп квартирали уйнинг ҳар бир квартирасига шахсий ҳисобварақ очади. Шахсий ҳисобварақда ХУМШ номи, кўп квартирали уй рақами, квартира рақами ва уй-жой мулкдори шахси тўғрисидаги маълумотлар, тўланган маблағлар суммаси, сарфланган маблағлар суммаси ва қолдиқ сумма кўрсатилади.

 

Тўплаш ҳисобварағидан қуйидаги харажатлар амалга оширилишига рухсат этилади:

а) кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун пудрат ташкилотлари –«Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ДУК ва бошқа пудрат ташкилотларига тўловларни амалга ошириш;

б) кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш мақсадида олинган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни қайтариш.

 

Маълумот учун. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ташкил этилган Ягона ҳисоб-китоб марказлари томонидан ХУМШга бухгалтерлик ҳисобини юритиш, консалтинг хизматларни кўрсатиш ва мажбурий бадаллар йиғиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ширкатнинг асосий ҳисобварағидан амалга оширилади.

 

Тўплаш ҳисобварағига ўтказилган ва йил охиригача фойдаланилмаган маблағлар ҳисобварақда жамланади ва олиб қўйилмайди.

Пудрат ташкилотлари ХУМШдан маблағларни «Корхона ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари» ҳисобварағига кирим қиладилар, улардан фақат мақсадли равишда фойдаланадилар, бироқ бошқа мақсадларга сарфлашга рухсат этилмайди.

Пудрат ишлари бажарилганидан кейин ихтисослаштирилган ташкилотлар назорат ўлчовларини амалга оширадилар. Бажарилган ишлар ҳажми ва қиймати ошириб ёзилганлиги аниқланган тақдирда, ортиқча олинган маблағлар пудратчидан ундирилади. Аниқланган ошириб ёзишлар учун жавобгарлик эса қонун ҳужжатлари асосида белгиланади.

 

ХУМШ тугатилган ёки кўп квартирали уйлар бузиб ташланган тақдирда, тўплаш ҳисобварағида йиғилган ва фойдаланилмаган маблағлар ХУМШнинг умумий йиғилиши қарорига асосан уларнинг аъзоларига, улушларига мутаносиб равишда қайтариб берилади.

 

Самир Латипов,

«Norma Online» эксперти.

 

 

 

Таҳририят почтасидан

 

Газ ҳисоблагичлари – етказиб берувчи ҳисобидан

 

Газ ускунасини текшириш чоғида тумангаз вакили электрон ҳисоблагич ўрнатишимиз шартлигини тайинлади. Қонун ҳужжатларига мувофиқ газни ҳисоблаш замонавий ускуналари етказиб берувчининг ҳисобидан ўрнатилиши кераклигини айтганимда, эътироз билдириб: «Фақат истеъмолчи ҳисобидан ўрнатилади» деди. Аслида қандай бўлиши керак? Бу хусусда қандай ҳужжатлар мавжуд?

А.Илюшкина.

 

– Эслатиб ўтамиз, аввалбошдан Президентнинг 20.04.2017 йилдаги ПҚ-2907-сон қарори 5-банди 4-хатбошисида маиший истеъмолчиларга табиий газни ҳисоблаш замонавий электрон ускуналарини харид қилиш ва ўрнатиш «Ўзтрансгаз» АКнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши, кейинчалик газ ҳисоблагичлари қийматини истеъмолчилар бир йил ичида тўлаши назарда тутилган эди. Яъни – истеъмолчилар ҳисобидан.

Бироқ Президентнинг 15.06.2017 йилдаги ПҚ-3060-сон қарори 6-бандига кўра, ушбу хатбоши янги таҳрирда баён этилган:

«маиший истеъмолчиларга табиий газни ҳисоблаш замонавий электрон ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш ва кейинчалик хизмат кўрсатиш «Ўзтрансгаз» АКнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади».

Бундан ташқари, 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб табиий газни ҳисоблаш ускуналари бўлмаган маиший истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш, табиий газга белгиланган тариф миқдорининг икки баробари қўлланилган ҳолда амалга оширилишини белгиловчи талаб ПҚ-2907-сон қарордан чиқариб ташланган.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 1711 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика