Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 35 / Парламент хабарлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

 

2017 йил 24-25 август кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев бошқарди.

 

Сенаторлар қуйидаги қонунларни кўриб чиқдилар ва маъқулладилар:

♦ «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги. Қонунда давлат органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган. Бунда ҳуқуқий ахборотни тарқатишни ташкил этиш, бу борадаги барча ишларни мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ваколатли орган деб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгиланган. Қонун билан ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг аниқ тартиби ва усуллари белгилаб берилган. Қонун аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги, ҳуқуқий маданиятини ошириш, мамлакатимизда қонунийлик, ижро интизомини таъминлашнинг муҳим омилига айланиши лозим;

♦ «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги. Глобаллашув, ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет тармоғи кенг ривожланган бир шароитда болалар соғлиғига зарар етказувчи, шунингдек, халқимизнинг ёшлар тарбияси пойдеворини ташкил этувчи маънавий асосларини емирувчи ахборотдан улар ҳимоя қилинишини таъминловчи янада самарали ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни шакллантириш муҳим вазифага айланди. Қонунда давлат органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари, бу фаолиятда фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг механизмлари аниқ белгиланган. Мазкур Қонунга мувофиқ давлат органлари, фуқаролик институтлари, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситаларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул ваколатли давлат органи этиб Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги белгиланган. Қонунда болаларга зарар етказувчи ахборот турлари таърифланган. Қонунда ахборот маҳсулоти экспертизасини ўтказиш ва болалар орасида тақиқланган ахборот маҳсулотлари реестрини юритиш шартлари, тартиби ўрнатилган. Ахборотни болалар ёшига қараб таснифлашнинг батафсил тартиби, шунингдек, уларни у ёки бу тоифага киритиш мезонлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган алоҳида низом билан белгиланади;

♦ «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги. Қонун Вакилга соҳада назоратни амалга ошириш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний ­манфаатларига шубҳасиз риоя этилаётганлиги устидан назоратни амалга ошириш бўйича кенг ваколатлар беради. Хусусан, у давлат органларининг (ташкилотларининг) қарорлари, улар мансабдор шахсларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини бузувчи ҳаракатлари устидан шикоятларни кўриб чиқади, уларнинг фаолиятини текшириш қонунийлиги устидан мониторинг ўтказади, аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилади, давлат органларининг мажлисларида иштирок этади, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Вакил институти Қонунга мувофиқ нафақат мамлакатимиз тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини, балки Ўзбекистон Республикасида ўз бизнесини юритаётган хорижий компаниялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлаши лозим. Сенаторларнинг фикрича, бу Ўзбекистоннинг инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини оширишга, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга кўмаклашади.

Шу билан бирга, Қонунда Вакил томонидан кўриб чиқилмайдиган масалалар ҳам белгиланган. Тадбиркорлар ўртасидаги иқтисодий низолар, оилавий, меҳнат ва тадбиркорлик билан боғлиқ бўлмаган бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, шунингдек, суднинг, тезкор-қидирув фаолиятини, терговни, суриштирувни ва жазо ижросини амалга оширувчи органларнинг ваколат доирасига кирадиган масалалар шулар жумласидан;

♦ «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги. Янги Қонуннинг қоидалари жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий механизмларини аниқлаштиради, бу эса мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилашга хизмат қилади. Қонуннинг кучи аввалгидек давлат органларига нисбатан татбиқ этилибгина қолмай, балки давлат томонидан ёки унинг иштирокида ташкил этилган, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ва фуқароларга давлат хизматларини кўрсатадиган ташкилотларга нисбатан ҳам татбиқ этилади;

♦ «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги. Қонун Тошкент шаҳрининг туманларида халқ депутатлари Кенгашларини тузиш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиб беради. Бу эса ҳокимиятнинг маҳаллий органлари бюджет ваколатлари амалга оширилиши устидан назоратни ўрнатишга, уларнинг мамлакатимиз пойтахти туманларини ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг муҳим масалаларини ҳал қилишдаги ўрнини мустаҳкамлашга, ислоҳотларни рўёбга чиқаришдаги роли ва аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади;

♦ «Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида»ги. Қонуннинг қабул қилиниши ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали рўёбга чиқаришга, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ қилишга кўмаклашади;

♦ «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши қишлоқ меҳнаткашлари жонбозлигининг, давлат мустақиллигини мустаҳкамлашга, мамлакат гуллаб-яшнашига улар қўшаётган ҳиссасининг эътироф этилишидир;

♦ «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги. Қонун фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга доир Вакилнинг вазифаларини белгилаб берувчи янги нормалар билан тўлдирилди. Вакилнинг минтақавий вакиллари фаолиятини, омбудсманнинг судлар билан ҳамкорлигини ташкил этиш механизмлари аниқ таърифлаб берилди;

♦ «Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур қўшимчаларда амалда терговга қадар текширув институтини такрорлайдиган суриштирув институтини жиноят-процессуал қонун ҳужжатларидан олиб ташлаш назарда тутилмоқда. Қонун жамиятга катта хавф солмайдиган жиноятлар тўғрисидаги ишларни судга қадар юритишнинг соддалаштирилган тартибини белгилаб беради. Қонун билан ижтимоий хавфли бир қанча жиноятларни ички ишлар органларидан прокуратура органлари терговига ўтказиш назарда тутилмоқда;

♦ «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги. Ушбу Қонун депутатлар, Ҳукумат, Бош прокуратура ва қонунчилик ташаббусининг бошқа субъектлари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган 15 та қонун лойиҳасини бирлаштиради. Хусусан, «Прокуратура тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Меҳнат, Солиқ, Оила кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, вояга етмаганлар ишлари, одам савдосига қарши курашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияларининг фаолиятида Бош прокуратуранинг мувофиқлаштирувчи ролини белгилаб қўйиш назарда тутилмоқда. Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий сайтларига профилактика тадбирларининг моҳияти ва аҳамиятига бағишланган материалларни, қонунийликнинг ҳолати ва жиноятчиликнинг даражаси ҳақидаги маълумотларни, содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳамда уларга чек қўйиш чора-тадбирлари ҳақидаги ахборотни жойлаштириш тўғрисидаги нормалар келтирилган.

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ва «Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, Солиқ кодексига киритилаётган тузатишларга кўра, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар билан судга мурожаат қилганда, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда давлат божини тўлашдан озод этилади.

Фуқаролар йиғини ваколатлари кенгайтирилмоқда. Қонунда фуқаролар йиғини раисининг, унинг ўринбосарларининг, маслаҳатчиларининг, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда тафтиш комиссияси раисларининг ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиш тартиби белгилаб қўйилмоқда. «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги» ва «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунларга киритилаётган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ижтимоий аҳамиятга молик вазифаларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бевосита давлат ижтимоий буюртмасини бериш ҳуқуқини тақдим этиш назарда тутилмоқда.

«Прокуратура тўғрисида»ги ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу тузатишларга мувофиқ турли даражадаги прокурорлар тегишли равишда ҳисоботлар тақдим этади, зарур ­ҳолларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қонунийлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳолати тўғрисида хабардор қилади.

Қонун билан прокурорларнинг ҳисоботларини, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини, соғлиқни сақлаш бошқармаси органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, туман марказий кўп тармоқли поликлиникалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашининг асосий ваколатларига киритилди.

Тузатишларга мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари томонидан ўз фаолияти тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳисоботлар тақдим этиш тизими жорий этилмоқда.

«Банкротлик тўғрисида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунларга ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонунларга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

♦ Мажлисда сенаторлар Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳри ва Ўрта Чирчиқ туманининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тўйтепа шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш, шунингдек, Тўйтепа шаҳрини Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгилаш тўғрисидаги, Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри ва Янгийўл туманининг чегараларини ўзгартириш, шунингдек, Янгийўл шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри ва Оҳангарон туманининг чегараларини ўзгартириш, шунингдек, Оҳангарон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар. Мамлакат ҳукумати томонидан киритилган ушбу таклифларнинг маъқулланиши Тошкент вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишини такомиллаштиришга, ҳудудларни самарали бошқаришга, аҳоли учун шарт-шароитларни янада яхшилашга кўмаклашади, туризм соҳасининг ривожланишига туртки беради.

♦ Тошкент вилояти Тўйтепа шаҳрининг номини ўзгартириш тўғрисида. Вазирлар Маҳкамасининг таклифини кўриб чиқиш якунлари бўйича Тошкент вилояти Тўйтепа шаҳрини Нурафшон шаҳри деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

♦ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг бир қатор судьяларини сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди;

♦ Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг одоби қоидаларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раисини сайлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари таркибига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритилди. Ушбу масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди;

♦ «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти таркибига кирмайдиган корхоналар темир йўлларини сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳолати, шунингдек, ушбу корхоналарда темир йўл орқали ташувлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат назоратининг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юбориш ҳақидаги масала.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикасидаги маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек, бошқа маданий-кўнгилочар масканларда ўрнатилган юқори технологияли аттракционлардан фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан йўлга қўйилган давлат назоратининг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Ариповга юборилган парламент сўрови натижалари бўйича ахборотни ҳам муҳокама қилдилар.

Вазирликлар ва идоралар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан 148 та маданият ва истироҳат боғининг ҳолати ўрганилди. Маданият ва истироҳат боғларида ишлаб турган 1 758 та аттракцион ва ўйин қурилмаси улардан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан текширилди.

Жойлардаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш натижаларига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан мазкур объектлардан хавфсиз фойдаланишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга, ушбу соҳадаги ягона давлат назорати самарадорлигини оширишга йўналтирилган тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурини босқичма-босқич ижро этишга қаратилган 27 та масала, шу жумладан, 10 та қонун (шундан 6 таси янги қонун) кўриб чиқилди. Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида қабул қилинган қарорлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашнинг, аҳоли турмуш даражасини оширишнинг, мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлиши таъкидланди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати материали асосида.

Прочитано: 1580 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика