Мамлакатимиз фаунасини оққуйруқ, яъни сайғоқ ҳамда жайронларсиз тасаввур қилиш қийин. Ўзбекистон ноёб жонивор – сайғоқлар сақланиб қолган дунёнинг атиги бешта мамлакатидан бири ҳисобланади.
Саҳро кенгликларида яшашга мослашган бу жониворлар табиат инжиқликларидан эмас, балки одамзоднинг ҳакалак отган нафси туфайли қирилиб кетаётгани ачинарлидир. Улар нафақат гўшти, энг аввало, қимматбаҳо шохлари учун браконьерларнинг ўлжасига айланмоқда.
Сайғоқ шохлари Хитой ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари табобатида кенг қўлланилаётгани боис мўмай даромад воситасига айланиб улгурган. Сайғоқ ва жайрон миллий ва халқаро «Қизил китоб»га киритилган бўлиб, уни овлаш республикамизда тақиқланган.
Афсуски, Ўзбекистонда сайғоқлар ва жайронларни асраш, улар яшаб, кўпаядиган ҳудудларни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор берилаётганига қарамай, қонунга хилоф тарзда овланган бу ҳайвонларнинг шохларини яширин равишда олиб чиқишга бўлган уринишлар кўзга ташланмоқда.
«Қорақалпоғистон» темир йўл-чегара божхона пости ходимлари «Тошкент-Волгоград» йўналиши бўйича ҳаракатланаётган йўловчи поездини божхона кўригидан ўтказишганда, йўловчи Ж.Тўхтасинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимларининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилинмаган 8 дона сайғоқ ва 4 дона жайрон шохларини яширин равишда олиб чиқишга уринганда фош этилди.
Ушбу поезднинг яна бир йўловчиси С.Абдуқодиров 7 дона сайғоқ ва 7 дона жайрон шохларини божхона назоратидан четлаб олиб чиқиб кетаётган пайтда тўхтатиб қолинди.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича экспертларнинг хулосасига кўра, ушбу қонунбузарликлар ортидан табиатга етказилган зарар миқдори 97 млн сўмдан ошган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ашёвий далил тариқасида олинган мазкур ҳайвон шохлари Қорақалпоғистон Давлат ўлкашунослик музейига топширилди.
Эслатиб ўтамиз! Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунига биноан ёввойи ҳайвонларни, шунингдек уларнинг қисмларини Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш табиатни муҳофаза қилиш органлари берадиган рухсатномалар асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.