Республикамизга импорт қилинаётган товарлар учун ундириладиган божхона тўловлари мамлакат бюджетини шакллантириш манбаи бўлиб, бутун халқ манфаатларини кўзлаган ҳолда муҳим ижтимоий харажатларга йўналтирилади. Ана шу оддий ҳақиқатни тушуниб етмаётган айрим «тадбиркорлар» божхона тўловларидан бўйин товлаб, турли найрангларга қўл уришади.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, республикамизнинг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш муайян тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради. Шунга қарамай, айрим ТИФ қатнашчилари республикамизга олиб кирилаётган товар-моддий бойликларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш чоғида божхоначиларни чалғитишга уринадилар.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ана шундай уринишлардан бир нечтасини фош қилиб, катта миқдордаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйдилар. Жумладан, «Тошкент-товар» ТИФ божхона постида пойтахтимизда фаолият юритувчи «Grand Sport-Tex» МЧЖ номига Хитойдан келтирилган темир йўл контейнери юк эгаси ва холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди. Гап шундаки, божхона таомилларига кўра юклар божхона расмийлаштируви тугагунига қадар вақтинча сақловга олиниб, кейин эркин муомалага чиқарилади. Айни шу жараёнда юк эгалари томонидан айнан бир турдаги товар учун турли хил маълумотлар тақдим қилингани божхоначиларда шубҳа уйғотди.
Контейнердаги 96 тўпдан иборат салкам 5 минг квадрат метрлик матони божхона юк декларациясида дастлаб Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича бошқа код, яъни автомобиллар салони учун мўлжалланган гиламга ўхшаган газмол учун бериладиган код билан белгилашади. Эркин муомалага чиқаришдан олдин эса худди шу товарлар автомобиллар салони учун мўлжалланган бўялган синтетик тўқима мато сифатида белгиланиб, товар коди ўзгартирилади.
Ўтказилган божхона экспертизалари ҳамда суд-экcпертиза хулосаларига кўра, ушбу газламалар бутунлай бошқа код билан таснифланувчи намат тусидаги мато эканлиги аниқланди. Шу тариқа тегишли кодларни ўзгартириш орқали қонунбузарлар 62 млн сўмдан ортиқ божхона тўловларидан бўйин товлашга уринишгани маълум бўлди.
Яна бир ҳолатда Хитойдан «Cen Chen Textile Group» МЧЖ номига келтирилган юклар кўздан кечирилганда йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилган паҳмоқ матолар белгиланган миқдордан кам эканлиги, уларнинг ўрнига эса тайёр маҳсулот ҳисобланувчи 7 200 дона болалар адёллари келтирилгани маълум бўлди. Бу билан қонунбузарлар қиймати 180 млн сўмлик адёлларни божхона назоратидан яширишга уринишган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан айбдорларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Тошкент шаҳар
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.