1. Хусусий корхона мулкдори уни туғишган акасига сотиш ёки ҳадя қилишга ҳақлими?
2. Агар ҳақли бўлса, ХК ҳадя қилинганда ва сотилганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Дилором, МЧЖ бухгалтери.
1 |
Ҳа, хусусий корхона мулкдори ўзининг хусусий корхонасини мол-мулк мажмуаси сифатида сотишга, ҳадя қилишга, васият қилиб қолдиришга ёки уни ўзгача усулда бошқа шахсга ўтказишга ҳақли («Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси).
2 |
Ўз корхонасини акасига ҳадя этганда мулкдорда солиқ мажбуриятлари юзага келмайди, сабаби даромад мавжуд эмас.
Акасида ҳам солиқ мажбуриятлари юзага келмайди, чунки жисмоний шахслардан ҳадя тартибида олинган натура шаклидаги даромадларга солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 15-банди).
Бундан ташқари, яқин қариндошлардан текин олинган улушлар, пайлар ва акциялар тарзидаги даромадларга солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 32-банди). Туғишган ака-укалар яқин қариндошлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Шу сабабли активида улушлар, пайлар ёки акциялар бўлган ХК акасига ҳадя қилинганда ЖШДС тўлаш мажбуриятлари ҳам юзага келмайди.
Жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадлар ЖШДСдан озод қилинган, бундан:
♦ қимматли қоғозларни (бундан фонд биржасида реализация қилинадиган эмиссиявий қимматли қоғозлар мустасно), юридик шахсларнинг УФдаги улушларини;
♦ яшаш учун мўлжалланмаган жойларни;
♦ кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида 1 мартадан ортиқ битим тузилган тақдирда, турар жойларни сотишдан олинадиган даромадлар мустасно (Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-банди).
ХК мулкий комплекс сифатида бошқа шахсга ўтказилади. ХК активида санаб ўтилган мол-мулк мавжуд бўлса, корхонани сотиш чоғида ушбу мол-мулкни сотиш қисмида ЖШДС солинадиган даромад юзага келиши мумкин.
Мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мол-мулкни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати даромад деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 176-моддаси 4-банди).
МИСОЛ. ХК балансида яшаш учун мўлжалланмаган жой бор. ХКни сотиш чоғида корхонанинг умумий қийматидаги унинг қиймати 100 млн сўм этиб белгиланди. Агар ушбу кўчмас мулкнинг қиймати (масалан, 70 млн сўм) кўрсатилган уни олиш тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлса, ЖШДС солинадиган даромад 30 млн сўмга (100 – 70) тенг. Ҳужжатлар сақланмаган бўлса, 100 млн сўмга ЖШДС солинади.
Доимий яшаш жойи бўйича ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиладиган даромадлар тўғрисидаги декларация асосида мулкий даромадларга ЖШДС солинади. Декларациянинг маълумотлари асосида солиқ 1 июндан кечиктирмай тўланади (Солиқ кодексининг 192, 193-моддалари).
Замира ЖЎРАЕВА, «Norma Online» эксперти.