Компаниямиз ходимни декрет таътилидан чақирмоқчи. Буни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин?
И.Абдураҳмонова.
– Қонун ҳужжатларида «декрет таътили» атамаси мавжуд эмас. Бунда ижтимоий таътиллар назарда тутилиб (МКнинг 149-моддаси), ходимларга:
1) ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари (МКнинг 233-моддаси);
2) болаларни парваришлаш таътиллари (МКнинг 234-моддаси) берилади.
I. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили ходимлар вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлган барча ҳоллардаги сингари меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида, ижтимоий суғурта бўйича комиссиянинг баённомаси билан расмийлаштирилади ва аёлга тўлиқ берилади.
II. Болаларни парваришлаш таътиллари.
Аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар бу даврда нафақа тўлаш тўғрисидаги ёзма аризаси асосида болани парваришлаш учун таътил берилади.
Аёлга, унинг аризасига кўра, боласи 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади.
Аёл бундай таътиллардан тўлиқ ёки қисман фойдаланиши мумкин.
Иш берувчи ўз ташаббусига кўра аёлни ижтимоий таътиллардан чақириб ололмайди. Ташаббус (хоҳиш) ходим томонидан билдирилиши керак.
Шу сабабли болаларни 2 ёки 3 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорни ходим қабул қилади. Аёл исталган пайтда болаларни парваришлаш таътилларини узиб, ишга киришишга ҳақли.
Ариза намунаси
«Гарант» МЧЖ директори
Қурбонов И.К.га
офис менежери Саломова Ф.В.дан
АРИЗА
Сиздан 2017 йил 10 августдан бошлаб мени болани парваришлаш таътилидан қайтган ва бола 2 ёшга тўлгунга қадар нафақа олиш ҳуқуқини сақлаган ҳолда 5 кунлик иш ҳафтасида кунига 4 соат – тўлиқсиз иш вақти шартларида ишга киришган деб ҳисоблашингизни сўрайман.
________________ Саломова Ф.В. 10.08.2017 й.
Иш берувчи ходимнинг аризасини олиб, аризада кўрсатилган кундан бошлаб таътилни тўхтатиш ва уни ишга қўйиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Ходимнинг болани парваришлаш таътили вақтига мўлжаллаб унинг ўрнига бошқа ходим ишга қабул қилинган бўлса, у билан тузилган меҳнат шартномаси МКнинг 105-моддасига мувофиқ бекор қилинади.
Буйруқ намунаси
115-к-сон БУЙРУҚ
2017 йил 10 август Тошкент ш.
1. Офис менежери Саломова Феруза Ваҳобовна унинг илтимосига кўра болани 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилидан қайтган ва бола 2 ёшга тўлгунга қадар нафақа олиш ҳуқуқини сақлаган ҳолда (МКнинг 234-моддаси) 5 кунлик иш ҳафтасида кунига 4 соат – тўлиқсиз иш вақти шартларида 2017 йил 10 августдан ишга киришган деб ҳисоблансин.
Асос: Саломова Ф.В.нинг 10.08.2017 йилдаги аризаси.
2. 2017 йил 10 августда асосий ходим болани парваришлаш таътилидан қайтганлиги муносабати билан офис менежери Ҳайдарова Саодат Икром қизи билан меҳнат шартномаси бекор қилинсин (МКнинг 105-моддаси).
Ҳайдарова С.И.га 2017 йил 2 январдан 10 августгача ишлаб берган даврида фойдаланилмаган меҳнат таътили – 14 (ўр тўрт) иш куни учун пуллик компенсация тўлансин (МКнинг 151-моддаси).
Аёл ўз хоҳишига кўра, болани 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлаши мумкин. Бунда унинг нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади (МКнинг 234-моддаси 4-қисми).
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.