Norma.uz

«E-ijro auksion» – шаффоф тизим

 

Тўлов интизоми – ҳар бир давлатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминловчи муҳим омиллардандир. Бунга ҳар бир фуқаро ва юридик шахснинг солиқларни, истеъмол қилинган ресурслар ҳақини ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўлаши киради.

 

Ушбу масалада юртимизда айрим муаммолар пайдо бўлгани, электр ва газ каби ресурслардан истеъмолчиларнинг миллиардлаб қарзи вужудга келгани сир эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилгани тўлов интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 27 июлдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингани соҳада яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур қарор ижро иши юритишни амалга оширишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича аукцион савдоларининг қонунийлиги, шаффофлиги ва холислигини таъминлашга қаратилган. Нарх-наво манипуляцияси ва бошқа суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслик ҳамда уларнинг олдини олиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари сўзсиз ижро этилишини таъминлашнинг замонавий механизми яратилаётгани шу мақсадга хизмат қилади.

Президент қарори асосида «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси ташкил этилаётир. Мазкур майдончадаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Мажбурий ижро бюроси ҳузурида «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК ташкил этилди. Марказ зарур моддий-техника воситалари билан таъминланди ҳамда юқори малакали кадрлар билан тўлдирилди.

2017 йил 1 сентябрдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича аукцион савдолари фақатгина «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукционлар шаклида ўтказилади.

Соддароқ қилиб айтганда, аҳоли ва юридик шахслар томонидан йўл қўйилган турли қарздорликлар тўланмаган тақдирда, уни мажбурий тартибда ундириш бўйича ваколатли органлар судга даъво аризаси киритади. Шу асосда суд қарздорнинг қарзини унинг мол-мулкига қаратиш ҳақида қарор чиқарса, ана шу мол-мулк давлат ижрочилари томонидан электрон онлайн-аукционларда сотиш учун чиқарилади.

Электрон онлайн-аукционлар «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасида ўтказилади. Бу майдонча интернет тармоғида Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш марказининг яқинда ишга тушириладиган e-auksion.uz веб-сайтидан жой олади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, илгари мажбурий ундирув тартибида қарз мол-мулкка қаратилса, ана шу мол-мулк турли риэлторлик ва бошқа ихтисослашган савдо ташкилотлари орқали сотилган. Кўп ҳолларда мол-мулк савдога қўйилганлиги тўғрисидаги ахборотдан кўпчилик хабардор бўлмаган, чунки бундай хабарномалар савдодан бир ой олдин фақат бир марта босма ОАВда чоп этилган. Бу эса айрим инсофсиз савдо ташкилотлари томонидан аукционда иштирок этувчи харидорларнинг сонини сунъий равишда чеклашга, натижада мол-мулкларнинг арзон нархларда манфаатдор шахсларга сотилишига замин яратган.

Эндиликда электрон онлайн-аукционларда ҳар қандай шахсга интернет тармоғи орқали иштирок этишга имконият яратилади. Бунинг учун электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон аризани бериш ва мол-мулкнинг 5 фоизи миқдоридаги закалат пулини киритиш кифоя.

Бундан ташқари, бевосита аукционни ўтказиш ва ғолибни аниқлаш жараёни махсус дастур орқали амалга оширилиб, унга ташқаридан аралашишнинг мутлақо имкони бўлмайди.

Савдога қўйилаётган товарга оид маълумотлар очиқ бўлгани ҳолда, уни харид қилувчилар шахси кўрсатилмаслиги савдонинг ҳақиқатан ҳалол ўтишини таъминлайди. Ўз навбатида, аукционга қўйилган товарнинг нархи реал талаб ва таклиф бўйича бозор таомиллари асосида шаклланади. Бу мол-мулки мажбурий ижрога қаратилган шахсларнинг манфаатига ҳам хизмат қилади. Чунки товар қанча юқори нархда сотилса, қарздорнинг қарзи қоплангандан қолган маблағ эгасига қайтарилиши ёки келгуси тўловларга йўналтириб берилиши мумкин.

Демак, шу йил 1 сентябрдан бошланиши кутилаётган электрон онлайн-аукционлар ўтказилиши ҳақидаги хабарнома ва лот (лот – қарздорнинг ёки учинчи шахснинг электрон онлайн-аукционда сотиладиган мол-мулки ёки мулкий ҳуқуқи) тўғрисидаги маълумот электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли операторнинг веб-порталида, шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий бошқармалари веб-сайтларида аукцион ўтказиш бошланишига 10 календарь кундан кечиктирмасдан жойлаштирилади.

Дастлабки электрон онлайн-аукцион нархни ошириб бориш, такрорийлари эса нархни тушириб бориш тамойили бўйича ўтказилади.

Мол-мулк электрон онлайн-аукционга баҳолаш қиймати бўйича қўйилади. Давлат ижрочилари электрон онлайн-аукционларда сотилмаган мол-мулкни арзонлаштиришга ҳақли эмас.

Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази мол-мулкни электрон онлайн-аукционларда сотилишини ташкил этиш билан бирга, уларни реализация қилиш билан боғлиқ масалалар бўйича ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатади. Фуқароларни электрон онлайн-аукционларда иштирок этиш тартиби, шунингдек, савдога қўйилган мол-мулк ҳақида кенг хабардор қилади.

Шу билан бирга, марказ электрон онлайн-аукционларда иштирок этиш учун электрон рақамли имзо (ЭРИ) калитларининг сертификатларини ҳам беради. Бунинг учун марказда ЭРИ бериш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Бу борадаги таомиллар соддалаштирилмоқда. Яқин кунларда фуқаролар электрон мурожаат орқали ҳам ЭРИ олиши мумкин бўлади. Марказ томонидан мол-мулкни сақлаш, ташиш, сақлаб туриш ва савдога тайёрлаш бўйича хизматлар кўрсатилади.

Бир сўз билан айтганда, бу замонавий тизим бошқа соҳаларда бўлганидек, фақат адолат тамойили асосида иш кўришга, юртдошларимизга қулайлик яратиш, халқимиз манфаатини таъминлашга хизмат қилади.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 5135 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика