Бизнинг МЧЖ улгуржи савдога лицензияга эга, савдо маркасининг ягона дистрибьютори ва эгаси ҳисобланади. У мазкур савдо маркаси остида шарбатлар ва нектарлар ишлаб чиқарувчи завод билан ўраш материалини сотиб олиш учун текин топшириқ шартномасини тузди. МЧЖ топшириқ шартномасини бажараётганда ўраш материалини сотиб олиш учун импорт контрактини тузди. Унда у харидор, завод эса юк олувчи бўлиб чиқди.
1. Текин топшириқ шартномасини тузиш тўғрими?
2. Агар завод юк олувчи ва барча божхона харажатларини зиммасига олувчи тараф ҳисобланса, харидор (МЧЖ) ўров материалини кирим қилиши шартми? Агар шарт бўлса, қандай бухгалтерия проводкалари қилинади?
3. Завод қандай ҳужжат воситасида ўров материалини сотиб олишга сарфлаган пул маблағларини тўлаш талабини қўйиши мумкин? Қандай бухгалтерия проводкалари қилинади?
4. МЧЖ зиммасига қандайдир солиқ мажбуриятлари юкланадими?
М.Ҳусанова, МЧЖ бош бухгалтери.
1 |
Ҳа, завод топшириғини текинга бажариш шартномасини тузишингиз мумкин. Юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Яъни шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади (ФКнинг 354-моддаси).
Қонун ҳужжатларида шартномани ҳақ эвазига ёки текинга тузиш имконияти назарда тутилган. Шартнома бўйича бир тараф иккинчи тарафга ундан ҳақ ёки бошқа муқобил тўлов олмасдан бирон нарсани бериш мажбуриятини олса, бундай шартнома текинга тузилган шартнома ҳисобланади (ФКнинг 355-моддаси).
Дарвоқе, топшириқ шартномаси бўйича товар етказиб берувчи ташкилот учун улгуржи савдога лицензия керак эмас, сабаби бу савдо эмас, балки воситачилик фаолияти ҳисобланади.
2 |
Агар ўров материали тўғридан-тўғри заводга юклаб жўнатилса, МЧЖ уни кирим қилиши керак эмас. Агар МЧЖ товарни олиб, сўнгра заводга берганида, заводга бериш пайтигача унинг ҳисоби 002-«Масъул сақлашга қабул қилинган товар-моддий бойликлар» балансдан ташқари счётида юритилиши керак эди.
Хорижий ҳамкор ўров материалини етказиб бериш мажбуриятини бажараётганда МЧЖ етказиб берувчининг қарзини камайтириш ва ижро этилган топшириқ юзасидан харажатларни қоплашга доир заводнинг қарзини ошириш бўйича проводкаларни қилиши керак.
3 |
Ўров материалини сотиб олишга сарфланган пул маблағларини тўлаш шартлари топшириқ шартномасида қайд этилган бўлиши лозим.
Топшириқ шартномалари бўйича ўзаро ҳисоб-китоб қилиш қоидалари Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибида (3-илова, АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) баён этилган.
Топшириқни ижро этувчи – ишончли вакил (сизнинг МЧЖ) ишонч билдирувчининг (завод) манфаатларини кўзлаб товарларни харид қилиш операциялари бўйича қонунчиликда бошланғич ҳужжатлар учун белгиланган шартнома тарафларининг барча реквизитларини ўз ичига олган ҳисоботни унга тақдим этади.
Ишончли вакил ишонч билдирувчига унинг учун харид қилинган товарлар бўйича ҳисобварақ-фактурани сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурадаги кўрсаткичларни қайд этган ҳолда тақдим этади. Бошқача айтганда, ишончли вакил ишонч билдирувчи номига сотувчи тақдим этган ҳисобварақ-фактурани ўз номидан қайта тақдим этади. Бунда «Етказиб берувчи» сатрида номига қўшимча равишда «Ишончли вакил» кўрсатилади. Ишонч билдирувчи ишончли вакилдан олган ушбу ҳисобварақ-фактура Солиқ кодексининг 39-бобига мувофиқ ҚҚСни ҳисобга олиш учун асос ҳисобланади.
Ишончли вакилнинг ҳисоботига кўра ишонч билдирувчи тўлаши лозим бўлган маблағлар хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги далолатномада қайд этилади.
Проводкалар қуйидагича бўлади:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Комитент учун харид қилинадиган ўров материалининг хорижий етказиб берувчисига пул маблағлари ўтказилди
|
4310-«ТМБ учун мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган аванслар»
|
5210-«Мамлакат ичидаги валюта счётлари»
|
Товарни заводга етказиб бериш пайтида топшириқни бажариш учун қилинган харажатлар бўйича комитентнинг қарзи акс эттирилди
|
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари» (комитент – завод)
|
4310-«ТМБ учун мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган аванслар»
|
Воситачи (МЧЖ) сарфлаган харажатлар қопланиши ҳисобига комитентнинг (завод) пул маблағлари келиб тушди
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари» (комитент – завод)
|
Ишончли вакилнинг харажатларини тўлаш учун МБ курсига боғланмаган бозор курсини ҳисобга олувчи аниқ сумма шартномада белгилаб қўйилиши мумкин. Бу ҳолда МБ курси бўйича импорт қиймати билан тўланган сумма ўртасидаги фарқ ишончли вакил учун бошқа даромад ҳисобланади.
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
МБ курси бўйича импорт ҳақини тўлаш қиймати билан копланган сумма ўртасидаги фарқ ҳисобига ишончли вакилнинг даромади акс эттирилди
|
4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари» (комитент – завод)
|
9390-«Бошқа операцион даромадлар»
|
4 |
Ушбу ҳолатда текинга воситачилик хизматлари кўрсатилган. Улар текинга кўрсатилганда солиқ солиш мақсадида даромад хизматлар таннархидан келиб чиқиб аниқланади (Солиқ кодексининг 130, 355-моддалари). Сиз воситачилик хизматлари таннархини ҳисоблашингиз ва ушбу суммани солиқ базасига киритишингиз зарур. Таннархга киритиладиган харажатлар Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ аниқланади.
Ишонч билдирувчи учун ҳам ишончли вакилдан текинга олинган хизматлар қиймати даромад бўлади.
Лилия ХИСМАТОВА,
«Norma Online» эксперти.