Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилиши муносабати билан 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб биржадан ташқари валюта бозоридаги операциялар ваколатли банклар томонидан бозор курси бўйича тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилади.
МЧЖ ҚК хизмат кўрсатувчи банк орқали бозор курси бўйича валюта харид қилади ва қопқоқларни импорт қилади. Банк биржадан ташқари валюта бозорида 1 АҚШ доллари учун 8 500 сўмдан валюта харид қилади + банкнинг 2% воситачилик ҳақи. Бозор ва расмий курс ўртасидаги фарқ 443 971 174,4 сўмни ташкил этади.
Бозор курси билан МБ курси ўртасидаги салбий курс фарқи бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади? У товар қийматига киритиладими?
М.Маҳамадалиева, бухгалтер.
– Хорижий валюта МБ курсидан юқори нархда харид қилинганда юзага келувчи курс фарқи молиявий фаолиятдан харажатлар сифатида акс эттирилади.
Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартибидаги ўзгартиришлар (Низом, ВМнинг 10.07.2001 йилдаги 294-сон қарорига 2-илова) хорижий валютадаги операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартибига таъсир кўрсатмади (АВ томонидан 17.09.2004 йилда 1411-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).
Бухгалтерия ҳисобида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш МБнинг харид қилиш ёки сотиш кунидаги курси бўйича акс эттирилади.
Хорижий валютани МБ курсидан паст ёки юқори қийматда сотиш (харид қилиш) натижасида вужудга келадиган курс фарқлари корхонанинг молиявий натижаларига молиявий фаолиятдан даромадлар (харажатлар) сифатида олиб борилади (1411-сон Низомнинг 9-банди).
Хорижий валютани ЎзР МБ курси бўйича сотиб олиш бухгалтерия ҳисобида қуйидаги тартибда акс эттирилади (1411-сон Низомнинг 11-банди):
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Валюта бозорида харид қилиш кунидаги битим курси бўйича хорижий валютани сотиб олиш учун сўмдаги маблағлар ўтказилди
|
5500-«Банкдаги махсус счётлардаги пул маблағлари»
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
Хорижий валюта ЎзР МБ курсидан юқори нархда харид қилинди
|
5200-«Хорижий валютадаги пул маблағлари» (хорижий валютанинг ЎзР МБ курси бўйича сўмдаги эквивалентига)
|
5500-«Банкдаги махсус счётлардаги пул маблағлари» (валюта бозорида харид қилиш кунидаги битим курси бўйича хорижий валютанинг сўмдаги эквивалентига)
|
9620-«Валюталар курслари фарқидан зарарлар» (хорижий валютанинг ЎзР МБ курси бўйича ва валюта бозорида харид қилиш кунидаги битим курси бўйича сўмдаги эквивалентлари ўртасидаги фарққа)
|
Импорт қилинган ТМБ ва бошқа активларнинг (консигнация шартномалари бўйича импорт қилинган товарлар бундан мустасно) харид қийматини шакллантириш тартиби Низомнинг 14-бандида келтирилган ҳамда хорижий валюта ЎзР МБ курсидан паст ёки юқори нархда сотилганда (харид қилинганда) юзага келувчи курс фарқини харид қийматига киритишни назарда тутмайди.
Анжелика НАМ, «Norma Online» эксперти.