Norma.uz

Бир киши ҳамма учун

 

Ушбу сон мавзуси нафақат газетамиз таҳририятига, балки Пенсия жамғармаси бўлимларига ҳам энг кўп келиб тушадиган саволлардан ташкил топган. Мутахассис тушунтиришлари юзага келган вазиятлардан чиқишда ёрдам беради.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

Мутахассис тушунтиради

 

Бир киши ҳамма учун

 

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси давлат томонидан кафолатланган пенсиялар сирасига киради. ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш ва фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев пенсия тўловларининг ушбу тури ҳақида ҳикоя қилади.

 

– Ушбу пенсияни олишга ким ҳақли?

– Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси, бундан кейин – Қонун).

Марҳумнинг 16 ёшга тўлмаган болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ва набиралари ушбу тоифага киради. Айрим ҳолларда 16 ёшдан катта бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари ҳам, башарти 16 ёшга тўлмасдан ногирон бўлиб қолган бўлсалар, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин.

Шуни қайд этиш лозимки, 16 ёшга тўлмаган болаликдан ногирон боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ҳам, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳам бир вақтнинг ўзида олишга ҳақли. Бироқ 16 ёшга тўлгач, тўловнинг фақат 1 тури – пенсия ёки нафақани ола бошлайдилар (Низомнинг 18-банди 2–4-хатбошилари, ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон қарорига 1-илова).

Башарти ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнат қилишга қобилиятли ота-оналари бўлмаса, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олишга ҳақли бўладилар.

Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган фарзандлар, улар фарзандликка олинганларида ҳам бу ҳуқуқни сақлаб қоладилар.

Ўгай ўғил ва ўгай қиз, агар улар ота-оналаридан алимент олмаган бўлсалар, ҳақиқий фарзандлар сингари пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Бир вақтнинг ўзида ўқувчилар 18 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Қуйидагилар ҳам боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин:

√ ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти, улар Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига (эркаклар – 60 ёшга, аёллар – 55 ёшга) тўлган ёки ногирон (I ёки II гуруҳ) бўлсалар;

√ ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга (МКнинг 234-моддаси 1 ва 2-қисмларига мувофиқ 2 ёшга) тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;

√ бува ва буви – агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса.

Бунда шуни назарда тутиш лозимки, агар фуқаро, айтайлик, барча турдаги – ёшга доир, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияларини олишга ҳақли бўлса, унга ўзи танлаган битта пенсия тайинланади.

Пенсияларнинг бир турини олган пенсионер Қонунга мувофиқ унга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлган тақдирда пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказишда тайинланган пенсияни тўлаш тўхтатилади ва қонун ҳужжатлари билан қўйиладиган талабларга мувофиқ бошқа турдаги пенсия тайинланади (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 133-банди).

Одатда бошқа турдаги пенсияси боқувчисини йўқотганлик пенсиясидан камроқ бўлган кишилар ушбу ҳуқуқдан фойдаланадилар.

 

МИСОЛ. Аёлнинг ёшга доир пенсияси 292 минг сўмни, турмуш ўртоғининг вафот этганлиги муносабати билан боқувчисини йўқотганлик пенсияси эса 350 минг сўмни ташкил этади. У боқувчисини йўқотганлик пенсиясига ўтиш ҳуқуқига эга.

 

Эр (хотин)нинг вафот этганлиги сабабли тайинланган пенсия пенсионер янги никоҳдан ўтганида ҳам сақланиб қолишини қайд этиб ўтмоқчиман.

 

– Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар зарур бўлади?

– 252-сон Низомнинг 14-бандига мувофиқ, ушбу пенсияни тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

√ пенсия тайинланаётган шахснинг ёшини тасдиқловчи туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт;

√ оила аъзосининг вафот этган боқувчи билан қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, у бўлмаган тақдирда – фуқаролик ҳолати далолатномаларидаги ёзувдан кўчирма, ваколатли ташкилотларнинг ёки хорижий давлатлар мансабдор шахсларининг маълумотномаси);

√ боқувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки унинг бедарак йўқолганлиги тўғрисида суднинг қарори;

√ вафот этган боқувчининг иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

√ вафот этган боқувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси (2005 йил 1 январдан кейин);

√ вафот этган боқувчининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома.

Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади:

√ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вафот этган боқувчининг қарамоғидаги оила аъзолари таркиби тўғрисидаги маълумотномаси;

√ таълим муассасасининг вафот этган боқувчининг оила аъзолари 16–18 ёшдаги ўқувчилар ҳисобланиши тўғрисидаги маълумотномаси;

√ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вафот этган боқувчининг ота-онасидан бири, турмуш ўртоғи, буваси, бувиси, акаси (укаси) ёки опаси (синглиси) вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларига, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан бандлигини ва ишламаётганлигини тасдиқловчи маълумотномаси;

√ бахтсиз ҳодиса ва соғлиқнинг ишлаб чиқаришда бошқа шикастланиши тўғрисидаги ҳужжат ёки агар боқувчининг вафоти меҳнатда майибланиш оқибатида содир бўлган бўлса – бошқа расмий ҳужжат.

Шунингдек, вафот этган боқувчининг номига расмийлаштирилган (ёзилган) ҳужжатлар (252-сон Низомнинг 12-банди «а»–«п» кичик бандларида кўрсатилган) тақдим этилади.

Боқувчи-пенсионер вафот этган тақдирда ушбу бандда кўрсатилган зарур ҳужжатлар тақдим этилиши керак, вафот этганнинг пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдида мавжуд бўлган ҳужжатлар бундан мустасно.

Пенсия жамғармаси бўлими аризага боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқи ногиронлик оқибатида бериладиган оиланинг катта ёшдаги аъзосига ТМЭКдан олинган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг тегишли қисмини илова қилади.

 

– Ушбу пенсия (боқувчининг стажи, иш ҳақи) қандай ҳисобланади?

– Боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдорини ҳисоблаш тартиби Қонуннинг 21 ва 22, 25–29 ва 31-моддаларида белгиланган.

Чунончи, меҳнатда майиб бўлганлик ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида вафот этган боқувчининг оиласига, шунингдек марҳум пенсионернинг оиласига пенсия боқувчининг иш стажидан қатъи назар тайинланади.

Башарти, боқувчи вафот этган кунга қадар унга ногиронлик пенсияси тайинланиши учун зарур иш стажига эга бўлган (Қонуннинг 17-моддаси) бўлса, умумий касаллик ёки иш билан боғлиқ бўлмаган майиб бўлиш оқибатида вафот этган боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланади:

 

Ёш

 

Иш стажи (йилларда)

 

23 ёшга қадар

 

2

 

23 ёшдан 26 ёшга қадар

 

3

 

26 ёшдан 31 ёшга қадар

 

5

 

31 ёшдан 36 ёшга қадар

 

7

 

36 ёшдан 41 ёшга қадар

 

9

 

41 ёшдан 46 ёшга қадар

 

11

 

46 ёшдан 51 ёшга қадар

 

14

 

51 ёшдан 56 ёшга қадар

 

17

 

56 ёш ва ундан ошганда

 

20

 

 

МИСОЛ. Агар боқувчи 37 ёшда вафот этган бўлса, зарур иш стажи 9 йилни ташкил этади.

 

Пенсия миқдори иш стажи даврига боғлиқ бўлади ҳамда пенсиянинг базавий миқдоридан, иш стажи учун пенсия оширилишидан ва унга устама ҳақлардан шаклланади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсиясининг базавий миқдорлари қуйидача:

√ оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига – пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30%и миқдорида, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%идан кам эмас (292 940 х 50% = 146 470 сўм);

√ иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун ёки вафот этган ёлғиз онанинг болаларига ҳар бир бола учун – пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30%и, бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100%идан кам эмас (292 940 сўм).

Оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига пенсияни тайинлаш учун талаб қилинадигандан ортиқ иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун ушбу пенсиянинг базавий миқдорлари (Қонуннинг 37–40-моддалари) – боқувчи ўртача ойлик иш ҳақининг 0,5%ига оширилади.

 

МИСОЛ. 37 ёшда вафот этган боқувчи 15 йиллик иш стажига эга бўлган. Талаб этиладиган иш стажи 9 йилни ташкил этади. Боқувчининг ўртача ойлик иш ҳақи 1 500 000 сўмни ташкил этган. Бироқ пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун 8 ЭКИҲдан ортиқ бўлмаган ўртача иш ҳақи (8 х 149 775 = 1 198 200 сўм) қабул қилинади. Оиланинг битта меҳнатга қобилиятсиз аъзоси учун пенсия миқдори 395 406 сўмни ташкил этади:

базавий миқдор – 359 460 сўм (1 198 200 х 30%);

иш стажи учун пенсия оширилиши – 35 946 сўм (1 198 200 х ((15 – 9) х 0,5%)).

 

Иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсияларни ошириш ЭКИҲнинг 8 баравари миқдори доирасида иккала ота-онанинг иш ҳақи умумий миқдоридан амалга оширилади.

Бунда иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдори иккала ота-онанинг умумий иш стажи миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади, яъни пенсия тайинлаш ва талаб этиладигандан ортиқ стаж учун пенсияни ошириш иккала ота-онанинг умумий иш стажи миқдори бўйича амалга оширилади.

Чин етим мақомини сақлаб қолган ҳолда, мурожаат этганнинг хоҳиши бўйича ота-онадан бирининг иш стажи ва иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган пенсиянинг энг кўп миқдори тайинланади (252-сон Низомнинг 109-банди).

Агар вафот этган боқувчининг иш стажи талаб этилганидан кам бўлса, иш стажи тўлиқ бўлмаганда пенсия мавжуд стажга мутаносиб миқдорда тайинланади: аввал тегишли тўлиқ пенсия аниқланади; ушбу пенсия талаб этиладиган иш стажи ойлари сонига бўлинади; олинган сумма ҳақиқатдаги стаж ойлари сонига кўпайтирилади.

 

МИСОЛ. Агар вафот этган боқувчининг иш стажи 4 йил, 37 ёш учун талаб этиладиган иш стажи эса – 9 йил бўлса, тўлиқ пенсия миқдори (9 йиллик стаждан келиб чиқиб ҳисобланган) 108 ойга (9 йил х 12 ой) бўлинади ва 48 ойга (4 йил х 12 ой) кўпайтирилади.

 

Шуни назарда тутиш лозимки, ҳатто иш стажи тўлиқ бўлмаганда ҳам боқувчисини йўқотганлик пенсияси қуйидаги миқдордан кам бўлмаслиги керак:

√ оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%идан (292 940 х 50% = 146 470 сўм);

√ иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун – бироқ ёшга доир энг кам пенсиянинг 100%идан (292 940 сўм).

Фуқароларнинг айрим тоифалари тайинланган пенсия туридан қатъи назар, пенсияга устама ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин (Қонуннинг 28-моддаси).

 

– Пенсияни бир киши оладими ёки оиланинг ҳар бир аъзосими?

– Оиланинг пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган барча аъзоларига битта умумий пенсия тайинланади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ўзига олувчи шахслар ишга қабул қилинганда ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилганда, уларга пенсия иш жойидан 50% миқдорида амалга оширилади (пенсияларини тўлиқ миқдорда олиш ҳуқуқига эга пенсионерлардан ташқари).

Бошқа оила аъзоларига (васийликка олинганларга) боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи ишловчи фуқароларга (васийларга) пенсиялар, уларнинг яшаш жойидан тўлиқ миқдорда тўланади (АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 6-банди).

 

– Баъзан оила аъзоларидан бири бошқа туман ёки шаҳарда яшайдиган ҳоллар учрайди. Бу ҳолда унга тўловларнинг бир қисми ажратиладими, бунинг учун нима қилиш керак?

– Яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига ўзига пенсия улушини тайинлаш ёки ажратиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиш зарур. Тегишли хабарнома оиланинг барча аъзоларига пенсия ҳужжатларини расмийлаштирган ёки ушбу оиланинг амалдаги пенсия ҳужжатлар йиғмажилди турган Пенсия жамғармаси бўлимига юборилади. Хабарномага ариза ва янгидан мурожаат қилган оила аъзосининг пенсия олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилинади. Ушбу ҳолатда пенсия мурожаат қилинган ойдан кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб тайинланади.

Пенсия ишини расмийлаштиришнинг барча ҳолларида оила ҳар бир аъзосининг пенсияга бўлган ҳуқуқини тасдиқлайдиган барча ҳужжатлар тикиб қўйилади.

 

Маълумот учун!

Пенсия ёшига (эркаклар – 60 ёшга, аёллар – 55 ёшга) тўлмаган шахслар, шунингдек I ёки II гуруҳ ногиронлари бўлмаган шахслар меҳнат қилишга қобилиятли ота-оналар сирасига киради.

 

Маълумот учун!

Вафот этган боқувчи иш стажига эга бўлганда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланади. Иш стажи тўлиқ бўлмаганда, агар камида 1 ой ишлаган бўлса, пенсия тайинланиши мумкин.

Қонуннинг 1-моддаси 4-қисмига мувофиқ, иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари ушбу Қонунга биноан давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Уларнинг ижтимоий таъминланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

УЖКХдаги пенсионерлар «десанти»

 

Президент 6.07.2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари пенсионерлари ижтимоий муҳофаза қилинишини янада такомиллаштириш чора-тадбирларига доир 17.02.2017 йилдаги Фармонига қўшимча киритиш бўйича Фармонни имзолади. Давлат раҳбарининг матбуот хизмати (www.prezident.uz) шу ҳақда хабар берди.

 

Ҳужжатда белгиланишича, 1.08.2017 йилдан бошлаб Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизими ташкилотларида бошқарув ходимлари сирасидаги мутахассислар сифатида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, МХХ ва ДБҚ ҳарбий хизматчилари ва ходимларидан бўлган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади*.

Агар юқоридаги фаолият пенсионернинг ягона иш жойи бўлса, пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.

Мамлакат уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимига ҳарбий хизматчилар ва ходимлар сирасидан бўлган пенсионерларни ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 25.07.2017 йилгача бўлган муддатда ишлаб чиқилади.

Самир Латипов, «Norma Online» эксперти.

 


*ЎзР Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси, Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳудудий инспекциялари билан бирга ва «Коммунхизмат» агентлиги.

 

 

 

Расмий жавоб

 

Бировнинг масъулиятсизлиги учун жавоб берамизми?

 

Микрофирмада ишловчи ходимнинг пенсияга чиқадиган пайти келди. Барча маълумотномалар тўпланди. Маълум бўлишича, 2014 йилда ШЖБПҲга бадаллар тўланмаган, бинобарин, улар бўйича Халқ банкига реестрлар топширилмаган, сабаби микрофирмада ўтган давр учун ортиқча тўлов мавжуд бўлган. Энди Пенсия жамғармасининг туман бўлимида ходимнинг 2014 йилги стажи ҳисобга олинмаяпти. Туман ижтимоий таъминот бўлими ходими ушбу вазиятда ходимнинг стажини ҳисобга олмасликка ҳақлими?

Н.Цепкова, бухгалтер.

 

Жисмоний шахсларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғининг тегишлича камайтирилган суммаси ҳисобига жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадаллари шаклланади Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси).

Реестрда жамғариб бориладиган пенсия бадалларини киритувчи хўжалик юритувчи субъектнинг барча ходимлари, шу жумладан ўриндошлик бўйича ишловчи ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишларни бажарувчи ходимлар (агар ушбу ходимлардан қонун ҳужжатларига мувофиқ жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқ ушлаб қолинса) кўрсатилади (Низомнинг 17-банди 2-хатбошиси, ВМнинг 21.12.2004 йилдаги 595-сон қарорига 2-илова).

Солиқ кодексида жисмоний шахсларнинг солиқ ҳисобланадиган даромадлари белгиланган (171–178-моддалар). Ходимнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадларига (Солиқ кодексининг 172-моддаси) Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари (Солиқ кодексининг ­306-моддаси) ҳам ҳисобланади.

Бундан келиб чиқишича, агар шахсий жамғариб бориладиган ҳисобварақларга ажратмалар қилинган бўлса, тегишинча, Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳам ушлаб қолинган.

Пенсия жамғармаси бўлими инспектори ариза берувчининг солиқ тўловчининг идентификация рақами ва ШЖБПҲга асосан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, унинг иш стажи, иш ҳақи ва ҳисобланган суғурта бадаллари суммасини ўзаро солиштиради (АВ томонидан 17.11.2011 йилда 2282-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 13-банди 2-хатбошиси).

Ушбу масалани 2 хил йўл билан ҳал қилиш мумкин.

1. Агар ШЖБПҲга бадаллар реестри мазкур ташкилотдаги барча ходимлар бўйича тақдим этилган, ушбу реестрда пенсионернинг маълумотлари мавжуд бўлмаса, Пенсия жамғармаси бўлимининг хатти-ҳаракатлари тўғри.

Ушбу вазиятда реестр тўғри тўлдирилганлигини ҳам аниқлаш лозим, сабаби у Халқ банкига хатолар билан тақдим этилган бўлиши мумкин. Бу ҳолда иш берувчи хатоларни тузатиши ва янги реестр топшириши зарур. Фақат шундан кейингина Пенсия жамғармаси бўлими муайян даврни иш стажига киритиш масаласини қўшимча равишда кўриб чиқа олади.

2. Агар муайян вақт даври учун мазкур ташкилотнинг барча ходимлари бўйича ШЖБПҲга бадаллар реестри тақдим этилмаган бўлса, Пенсия жамғармаси бўлимининг хатти-ҳаракатлари ҳуқуққа зид, сабаби ходим иш берувчи Халқ банкига реестрни ўз вақтида тақдим этиши учун жавобгар эмас. Пенсия жамғармаси бўлими ташкилотнинг бухгалтерия ҳужжатлари асосида ушбу давр иш стажига киритилишини кўриб чиқиши лозим.

 

 

 

Бадаллар тўланмаган бўлса...

 

Меҳнат стажини ҳисоблаётганда Россия Федерациясидаги фирмалардан бирида 1997–1998 йилларда ишлаган давримни Ўзбекистон Пенсия жамғармасига бадаллар тўламаганлигимни рўкач қилиб, инобатга олмадилар. Пенсия жамғармаси ходимлари ҳақлими?

А.Д., Тошкент ш.

 

Ҳа, Пенсия жамғармаси ходимлари ҳақли. Чет элда ишланган даврлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг ­40-моддаси).

Пенсия таъминоти соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатнашчилари бўлган давлатларнинг фуқаролари ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги битимнинг (Москва, 13.03.1992 й.) 6-моддасига мувофиқ, пенсияга, шу жумладан кўп йил ишлаганлик учун имтиёзли асосдаги пенсияга бўлган ҳуқуқни белгилаш учун Битимга аъзо давлатлар фуқароларининг ушбу давлатларнинг исталгани ҳудудида, шунингдек собиқ Иттифоқ ҳудудида мазкур Битим кучга киргунча, яъни 1992 йил 13 мартгача эга бўлган иш стажи ҳисобга олинади.

Тегишинча, Ўзбекистон фуқароларининг 1992 йил 13 мартдан кейинги иш даври Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганда ҳисобга олинади.

 

 

 

Туман коэффициенти ҳақида батафсил

 

Мен Навоий вилоятида яшаб, ишлаб келаман. Яқинда пенсияга чиқаман. Эшитишимча, пенсияни ҳисоблашда туман коэффициенти инобатга олинмас эмиш. Шу тўғрими?

Р.Худойберганов. Навоий вилояти.

 

Ҳақиқатан ҳам, қонун ҳужжатларида пенсия миқдорларини ҳисоблаб чиқаришда туман коэффициентларининг қўлланиши назарда тутилмаган. Ушбу норма фақат ходимларнинг иш ҳақига нисбатан амал қилади (ВМнинг 20.04.1992 йилдаги 200-сон қарори).

Пенсия миқдори республика ҳудудида расман белгиланган энг кам иш ҳақи миқдори, шунингдек ёшга доир энг кам пенсия миқдорини қўллаган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Президентнинг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги фармонлари билан барча учун ягона энг кам иш ҳақи миқдорлари ва ёшга доир пенсиялар белгиланади. Бунда уларда иш ҳақига туман коэффициентлари жорий этилган ҳудудларда энг кам иш ҳақи ва ёшга доир пенсия миқдорлари бошқа миқдорларда, шу жумладан туман коэффициентини қўллаган ҳолда қабул қилинишини белгиловчи норма мавжуд эмас.

Тегишинча, пенсиялар миқдорларини ҳисоблаб чиқаришда энг кам иш ҳақи ва ёшга доир пенсиялар миқдорлари Президент қарорлари билан тасдиқланган миқдорда, туман коэффициентини ҳисобга олмаган ҳолда қабул қилиниши шарт.

Бунда ишловчиларнинг иш ҳақига минтақавий коэффициент белгиланган ҳудудларда яшовчи шахслар ва оилаларга пенсия тайинлашда минтақавий коэффициент эътиборга олинган ҳолда ҳисоблаб чиқилган амалдаги иш ҳақи ҳисобга олинади (Қонуннинг 33-моддаси).

 

 

 

Стаж йўқолмайди

 

Амаким ногиронлик пенсиясини олади, бироқ ишлашда давом этмоқда. Агар у ёшга доир пенсияга чиқса, ногиронлик пенсиясини олган ҳолда эга бўлган стажини ҳисобга оладиларми?

Раҳим И. Тошкент ш.

 

– Пенсияни қайта ҳисоблаш пенсионер пенсия миқдорига таъсир кўрсатувчи, масалан, пенсия тайинланишигача бўлган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги ҳамда бошқа қўшимча ҳужжатларни тақдим этган тақдирда амалга оширилади (Қонуннинг 49-моддаси).

Сизнинг ҳолатда ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун иш стажига қўшиб ҳисобланади (252-сон Низомнинг 54-банди).

Бироқ шуни назарда тутиш лозимки, илгари шахснинг ёшига доир тайинланган пенсияни пенсияларнинг бошқа турларидан биттаси бўйича тўловнинг тўхтатилиши муносабати билан тиклашда ёшга доир пенсия тайинлангандан кейин эга бўлинган иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинмайди. Пенсияни ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ёшга доир илгари тайинланган пенсиядан олдинги ишнинг охирги 10 йилидан келиб чиққан ҳолда, тиклаш вақтида амалда бўлган қонун ҳужжатларида назарда тутилган пенсияни ҳисоблаш учун иш ҳақи ва иш стажини ҳисоблаш шартлари қўлланган ҳолда аниқланади (252-сон Низомнинг 137-банди 3-хатбошиси).

 

 

 

Меҳнат дафтарчаси – пенсионерга

 

Қариндошларим – пенсионерлар Қарши вилоятидаги туманлардан бирида истиқомат қиладилар. Саккиз йил аввал пенсияга чиққанлар. Уларнинг меҳнат дафтарчалари Пенсия жамғармаси бўлимида қолган. ПЖ ходимлари уларни қайтаришлари керак эдими ёки улар пенсионернинг шахсий йиғмажилдида қоладими?

К.Авдеева. Тошкент ш.

 

Ҳақиқатан ҳам, илгари (2010 йилгача) Пенсия жамғармаси бўлимлари пенсионерларнинг меҳнат дафтарчаларини сақлаш учун қолдирар ва уларни пенсия йиғмажилдларига тикиб қўяр эдилар. Бироқ баъзан меҳнат дафтарчалари йўқолиб қолар, бу пенсионерларнинг норозилигига сабаб бўлар эди.

Амалдаги қонун ҳужжатларида пенсияни тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин меҳнат дафтарчалари қайтарилиши назарда тутилган (АВ томонидан 17.11.2011 йилда 2282-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 11-банди). Пенсия йиғмажилдига Пенсия жамғармаси ходими ёки нотариус тасдиқлаган меҳнат дафтарчаларининг нусхалари тикиб қўйилади.

Қариндошларингиз ўз меҳнат дафтарчаларини олишни сўраб Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилишлари мумкин.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш

ва фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари

 

Хусусий клиникага – бепул

 

ҚҲТБТ порталида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг «Солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишнинг тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (1.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон) билан аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари 1.01.2022 йилгача қуйидаги барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилган, бунда бўшаган маблағлар:

√ уларни замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш, уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, материаллар, инвентарь ва бошқа буюмлар харид қилишга;

√ тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга;

√ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилиши белгиланган.

Хусусий клиникаларда бепул тиббий хизмат (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) кўрсатиш ҳуқуқидан қуйидагилар фойдалана олишлари назарда тутилган:

√ болаликдан ногиронлар;

√ чин етимлар;

√ I ва II гуруҳ ногиронлари;

√ 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;

√ ёшга оид пенсияга чиққан ишламайдиган шахслар;

√ 1941–1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари;

√ Чернобиль АЭС фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлар;

√ байналмилалчи жангчилар;

√ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларга мансуб шахслар.

Хусусий клиникалар аҳолининг мазкур тоифалари учун бепул тиббий хизматлар кўрсатиши – мажбурий. Бунинг учун мурожаат этувчи унинг шахсини ва имтиёзли тоифага мансублигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши асос бўлиб хизмат қилади.

Бепул кўрсатиладиган хизматларнинг турлари ва ҳажми лицензияда кўрсатилган ихтисосликлар доирасида ташхис қўйиш ва даволаш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан мустақил равишда белгиланади. Бироқ уларнинг миқдори бундан аввалги ҳисобот даврида солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатда бўшаган жами маблағларнинг 25%дан кам бўлмаган қисмини ташкил этиши лозим. Бунда аниқ хусусий тиббиёт ташкилотида тиббий хизматларга белгиланган ўртача нархлар ҳисоб-китоб учун қабул қилинади.

Хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан имтиёзли тоифадаги шахсларга кўрсатилиши режалаштирилган бепул тиббий хизматларнинг йиллик тақсимоти тўғрисидаги ахборот ташкилотга кираверишда, маълумотлар пештахтасида жойлаштирилади. Ушбу ахборот ва хусусий тиббиёт ташкилотларига мурожаат қилган имтиёз эгалари ҳақидаги маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтидаги махсус электрон базага киритиб борилади.

 

Лойиҳага доир таклиф: лойиҳада таклиф этилаётган Низом талабларига риоя этмаганлик учун хусусий тиббиёт муассасаларига аниқ жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.

Биринчидан, бепул тиббий хизматлар кўрсатишни асоссиз рад этиш ҳуқуқбузарликнинг қандай тури: солиққа оид ҳуқуқбузарлик ёхуд лицензия талаблари ва шартларига риоя этмаслик ҳисобланиши лойиҳада аниқ қайд этилмаган. Чунончи, Нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасига мазкур мажбурият тўғридан-тўғри киритилмаган, лицензия талаблари ва шартлари рўйхатида эса ҳатто хусусий тиббиёт ташкилоти қонун ҳужжатларига риоя этиши зарурлиги ҳақида эслатма, яъни бланкет изоҳи ҳам мавжуд эмас.

Иккинчидан, имтиёз эгасига бепул тиббий хизматлар кўрсатишни асоссиз рад этиш солиқлар бўйича берилган имтиёзлар муносабати билан бўшаган маблағлардан белгиланмаган мақсадда фойдаланилган тақдирда бу сумма ўрнатилган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга ундириб олинишини назарда тутувчи Солиқ кодексининг 30-моддаси 4-қисми нормаси қўлланишига олиб келадими? Яъни лойиҳада мажбурий хизмат кўрсатишни рад этиш маблағлардан белгиланмаган мақсадда фойдаланиш деб ҳисобланиш-ҳисобланмаслиги қайд этилмаган.

Хусусий тиббиёт ташкилотларининг ўз манфаатларини кўзлаб ва назорат органларининг қонун ҳужжатлари нормаларини эркин талқин қилишидан уларни ҳимоялаш мақсадида ушбу масалаларни ҳал этиш зарур.

 

Лойиҳа муҳокама босқичида, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши ёки у рад этилиши мумкин.

 

Самир Латипов, «Norma Online» эксперти.

 

Маълумот учун!

Бошқа давлатдан келган шахснинг, шу жумладан, илгари Ўзбекистондан кўчиб кетган шахснинг пенсия йиғмажилдини ҳисобга қабул қилиб олишда, унинг бошқа давлатда пенсия олганлигидан қатъи назар, унинг МИҚДОРИ мурожаат қилинган вақтда амалда бўлган ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади.

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 1887 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика