Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 28-29 / Бошловчи импортёрга

Валюта билан ишлаш қоидалари

 

Контрагентлар билан ҳар қандай ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун бир қатор ҳужжатларни расмийлаштириш зарур. Ташқи иқтисодий шартномалар бўйича хорижий валютадаги ҳисоб-китоблар ҳам бундан мустасно эмас. Валюта тўловларига доир бошланғич ҳужжатларни алоҳида синчковлик билан расмийлаштириш лозим – бунда хато қилиш жуда қимматга тушиши мумкин. 

Мутахассис Феруза МИРХОНОВА тайёрлаган амалий тавсиялар валюта тўловлари учун қандай ҳужжатларни тайёрлаш, нохуш вазиятлар ва молиявий таваккалчиликларга йўл қўймаслик учун нималарга алоҳида эътибор бериш зарурлигини билиб олишда ёрдам беради.

 

Бошланғич ҳужжатлар

Қуйидагилар валюта тўловларини тайёрлаш учун бошланғич ҳужжатлар бўлиб хизмат қилади:

● шартномалар (уларни кўпинча контрактлар деб номлайдилар);

● хорижий етказиб берувчилардан (товарлар ёки хизматларни) олдиндан тўлов учун счётлар ёки инвойслар (invoice);

● бажарилган ишлар далолатномаси билан счётлар. Айрим мамлакатларда ҳисобварақ-фактура сингари ҳужжат мавжуд эмас. Счёт-инвойс (invoice) қўйилади ва унга кўрсатилган хизматлар рўйхати (act of acceptance) илова қилинади;

● БЮД (божхона юк декларацияси) ва товар олиб кирилганлиги карточкаси. Бу ҳужжатлар импорт товарлар ёки ускуналар учун валюта пул маблағларини ўтказиш учун зарур. Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) БЮДни тўлдириш қоидалари билан батафсил танишиб чиқиш мумкин.

Агар импортчи счёт ёки шартнома шартларига кўра олдиндан тўловни тўлаган бўлса (унинг миқдоридан қатъи назар), контрактда назарда тутилган муддатлар давомида ёки тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 кундан ортиқ бўлмаган муддатда ишлар бажарилганлигини (хизматлар кўрсатилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида (бундан кейин – ТСОЯЭАТ) рўйхатдан ўтказиши зарур. Бажарилган ишлар далолатномаси ёки БЮД шундай ҳужжатлар бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ушбу талаб Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 30.09.2003 йилдаги 416-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – 416-сон Низом) 13 ва 19-бандларида назарда тутилган. Давлат божхона қўмитаси ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунигача экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ва улар бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳақидаги йиғма ахборотни Давлат солиқ қўмитасига юборади.

Солиқ органлари ТСОЯЭАТдан ва божхона органларидан олинган ахборотни таҳлил қилади. Улар корхона пул маблағларини чет элга асоссиз равишда ўтказиши аломатларини аниқлаган тақдирда Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашига текшириш ўтказиш тўғрисида буюртманома беради. Зарурат бўлганда текшириш божхона органлари билан биргаликда ўтказилади.

Ҳуқуқни бузиш содир этилганлиги ҳолати тасдиқланган тақдирда солиқ органлари томонидан текшириш материаллари зарур чоралар кўриш учун тегишли органларга берилади ­(416-сон Низомнинг 25-банди).

 

МАСЛАҲАТ: оффшор зоналарда рўйхатдан ўтказилган компаниялар билан ташқи савдо контрактларини тузиш тавсия этилмайди. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 12.06.2013 йилда 2467-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1-иловада уларнинг рўйхати келтирилган. Ушбу норматив ҳужжат трансмиллий уюшган жиноятчиликка ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

Шартномани расмийлаштириш хусусиятлари ва талаблари

Қонун ҳужжатларида ташқи савдо контрактларини расмийлаштиришга ва мазмунига доир муайян талаблар назарда тутилган. Улар 416-сон Низомнинг 3–5-бандларида батафсил тавсифланган.

 

МАСЛАҲАТ: Ускунани импорт етказиб беришга доир айрим контрактларда уни ўрнатиш ва ходимларни ўқитиш хизматлари ҳам назарда тутилади. Хизматлар ва ускуна нархларини алоҳида кўрсатишни тавсия этамиз.

 

Ташқи савдо контракти нафақат чет тилида, балки давлат ёки рус тилида ҳам баён этилган бўлиши керак. Контракт шартлари амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги ҳақида юридик хулоса ҳам зарур.

Валюта тўлов топшириқномасини тайёрлаётганда бошланғич ҳужжатларда мавжуд бўлган қуйидаги ахборотга эътибор беринг:

√ шартнома рақами ва санаси;

√ товар, ишлар ва хизматлар номи;

√ битим тури;

√ контракт нархи ва умумий суммаси;

√ тўлов шартлари – тўлов валютаси, тўлаш муддатлари, тўловни кечиктирганлик учун жарима ва пенялар, олдиндан тўлов фоизи, тўловни тўлашга асос бўладиган ҳужжатнинг номи;

√ реквизитлар – шартнома тарафларининг номи, валюта счётлари, олувчи ва тўловчи банкининг номи, банк-корреспондентларнинг номи, банк-корреспондентларнинг счётлари, тарафларнинг манзили. Инвойслар ёхуд бошқа бошланғич ҳужжатлардаги реквизитлар тўғрисидаги ахборот контрактдагидек бўлиши шарт. Агар у контрактдагидан фарқ қилса, етказиб берувчида реквизитларни аниқлаштириш зарур. Улар ўзгарганда реквизитлар ўзгаргани тўғрисида қўшимча битим тузилгунга қадар тўловни тўлай олмайсиз.

Амалиётда контракт тузмасдан, 100 фоиз олдиндан тўлов учун счётни тақдим этиши мумкин бўлган хорижий компаниялар учрайди. Булар одатда ўқув курслари, семинарлар ёки халқаро кўргазмалар ташкилотчилари бўлиб, уларнинг давомийлиги 3–5 кунни ташкил этади. Улар қатъий муддатларни белгилайдилар, унинг давомида валюта тўловини тўлашга улгуриш лозим. Бундай счётлар бўйича тўловларни контрактсиз тўлаш мумкин, сабаби бу турдаги битимга савдо операцияси сифатида қаралмайди.

Бироқ айрим банклар контракт тузмасдан туриб, фақат счёт (инвойс) асосида валютани ўтказишни тавсия этмайдилар. Ҳатто баъзида улар хизмат кўрсатилмаганлиги боис пул маблағлари қайтарилмаслигидан тўловчини ҳимоялаш мақсадида бундай операцияларни ўтказмаслик ҳуқуқидан фойдаланадилар. Шу сабабли имкон қадар счёт олгунча контракт тузишга ҳаракат қилинг.

 

АМАЛИЁТДАН МИСОЛ. А компанияси штатдаги иккита дастурчи АҚШдаги тренингда қатнашиши учун В компаниясига $5 000 – 100% олдиндан ҳақ тўлади. Олдиндан тўлов тренинг бошланишидан 60 кун олдин счёт асосида тўланди.

Бироқ машғулотлар бошланишига бир ой қолганда АҚШ элчихонаси дастурчиларнинг виза олишини рад этди. А компанияси ушбу вазият сабабли ўтказилган пул маблағларини қайтаришни илтимос қилиб ҳамкорига мурожаат этди. Бунга В компанияси рад жавобини берди. У ўз уставига мувофиқ пулни қайтармасликка ҳақли экан, сабаби А компанияси брон қилган тренинг жойларини қайта сотишга улгурмайди.

А компанияси бундай вазиятларни назарда тутиши мумкин бўлган контрактга эга бўлмаганлиги учун халқаро судга даъво тақдим этганда сарфлайдиган харажатларини ҳисоблади. Маълум бўлишича, бу харажатлар $5 000 дан ошар ва ишда ютиб чиқишни кафолатламас экан. Натижада А компанияси ушбу суммани зарарга ҳисобдан чиқаришга мажбур бўлди.

 

Баъзи хорижий етказиб берувчилар счётларда санани қайд этадилар, у ўтиши билан импортчига тўловни кечиктирганлик учун пеня (жарималар) қўядилар. Контракт бўйича тўлов шартларини кўриб чиқинг. Агар унда шундай санкциялар қайд этилган бўлса, шошилишга ва талаб этилаётган муддатга амал қилишга тўғри келади. Улар мавжуд бўлмаганда счётни алмаштиришни талаб қилинг, сабаби счётдаги тўлов шартлари контракт шартларига зид келади.

 

ТСОЯЭАТда рўйхатдан ўтказиш

416-сон Низомга мувофиқ барча ташқи савдо контрактлари, шунингдек уларга доир ҳар қандай операциялар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши шарт.

ТСОЯЭАТда контракт, счётлар ва бажарилган ишлар далолатномалари бўйича умумий ахборотни корхона киритади. Буни корхона номига рўйхатдан ўтказилган электрон калитдан фойдаланиб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш мумкин.

ТСОЯЭАТга қуйидаги ахборот киритилади:

√ импорт қилувчи (экспорт қилувчи)нинг номи ва реквизитлари, шу жумладан СТИР;

√ хорижий шерикнинг номи ва унинг реквизитлари;

√ контрактнинг санаси ва тартиб рақами;

√ контрактнинг тури;

√ контракт (товар, иш, хизмат)нинг предмети;

√ контрактнинг умумий суммаси;

√ контрактнинг валютаси;

√ тўлов валютаси;

√ товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш шартлари ва муддатлари;

√ тўлов шартлари;

√ қўшимча битимлар;

√ бажарилган ишлар ва (ёки) кўрсатилган хизматларнинг далолатномалари;

√ контрактни бошқа банкка ёки товар-хом ашё биржасига бериш;

√ контракт бўйича операцияларни тугаллаш.

Маблағлар ҳаракати тўғрисидаги ахборотни корхонанинг валюта ҳисоб-китоб счётига хизмат кўрсатувчи банк киритади, товарлар юклаб жўнатилганлиги ва тушганлиги ҳақида эса – ДБҚнинг жойлардаги бўлинмалари улар юклаб жўнатилганда ёки тушганда киритадилар.

 

МАСЛАҲАТ: БЮД асосида тўлов топшириқномасини тайёрлашдан аввал у ТСОЯЭАТда рўйхатдан ўтказилганлигини текширинг.

 

Хорижий валютадаги тўлов топшириқномаси

Ҳозирча техник шароитлар Ўзбекистон корхоналарига масофадан туриб «Банк-мижоз» электрон хизмат кўрсатиш тизими орқали валюта операцияларини ўтказиш имконини бермайди. Шу сабабли валютадаги тўлов топшириқномасини қоғозда тўлдириш ва уни банкка олиб бориб беришга тўғри келади.

Валютадаги тўлов топшириқномасининг шакли ва мазмуни миллий валюта – сўмда тўланадиган тўлов топшириқномасидан бирмунча фарқланади. Банклар валютадаги тўлов топшириқномасининг ўз шаклларига эга бўлишлари мумкин, бироқ унинг мазмуни бир хил бўлади. Ушбу шаклни сўраб олинг ва сизга хизмат кўрсатувчи банкнинг валюта тўловлари бўйича мутахассисидан қайси ҳошияларни тўлдириш, қайсиларини тўлдирмаслик кераклигини билиб олинг.

Банкларда тўлов муддатлари фарқланади. Муайян банк 1 кунда валютадаги тўловни ўтказса, бошқасига бунинг учун 3 суткагача муҳлат керак бўлади. Ҳар қандай ҳолда тўлов муддати 10 кундан ошмаслиги керак. Шу сабабли контракт тузишдан олдин валютани ўтказиш муддатларини аниқлаштириб олинг.

Валютадаги тўлов топшириқномаси одатда 4 нусхада расмийлаштирилади. Бироқ айрим банклар 5 нусхани ҳам талаб қилишлари мумкин. Ҳужжат инглиз тилида тўлдирилади. Шу сабабли, иложи бўлса, валютадаги тўловлар билан боғлиқ бошланғич ҳужжатларни икки тилда (ўзбек ёки рус ва инглиз тилида) тузинг.

Валютадаги тўлов топшириқномасида контракт рақами ва санаси, етказиб берувчининг номи ва реквизитлари, IBAN (етказиб берувчи-юридик шахснинг халқаро ҳисоб-китоб счёти), SWIFT-код, рақам ва ёзув билан тўлов суммаси, тўлов валютаси, товарлар ёки хизматлар номи, шунингдек олувчи ва унинг банки манзиллари ҳақидаги ахборотни қайд этинг. Санаб ўтилган барча маълумотлар инглиз тилида тўлдирилади.

Контракт бўйича тўлов шартларида валютани ўтказганлик учун воситачилик ҳақи тўғрисидаги бандга эътибор қаратинг. Агар у корхона ҳисобидан тўланса, OUR катакчасига белги қўйинг. Воситачилик ҳақини ҳар бир тараф ўз ҳудудида тўласа, SHA катакчасига белги қўйинг. Воситачилик учун валюта олувчи тўласа, BEN катакчасига белги қўйинг.

 

Тўлдириш намунаси

Тўловчи инглиз тилида тўлдиради. (Fillupbyremitter)

 

 

 

Тўлов топшириқномаси 1-сон       04.01.2017 й.

Paymentorder: 1dd:  04.01.2017

 

 

50. Тўловчининг счёти, номи ва манзили

Remitter’saccountandname.

Acc. No.20208000000000000000

FE «Company A» LLC

INN000000000

Adress:001,XXXXX str., Tashkent, 100000, Uzbekistan

52. Тўловчининг банки

Remitter’sbank.

 JSCB «UZBANK»

Tashkent, Uzbekistan

32. Ўтказма валютаси ва суммаси

(рақам ва ёзув билан)

Currencyamount

(in figures, in words)

USD 6 432,75 (Six thousand four hundred thirty two,75 cent) US dollars

 

56. Ўтказма валютасида бенефициар банк корреспонденти

Correspondent of beneficiary’s bank by currency of transfer

 

JPHANSON CHASE BANK NEW YORK, USA

SWIFT:AAAAA11

57. Бенефициар банкнинг номи

(манзил, шаҳар, мамлакат ва бошқа мавжуд маълумотлар)

Beneficiary’s bank (address, city, country, other details).

JSC UBS bank

KIEV REGIONAL BRANCH

SWIFT:BBBBBBBBB

IBANЎ

ACC:001-1-Ў1

59. Бенефициарнинг счёти, номи ва манзили

Beneficiary’saccountandname

Acc.№ 2000000000008

COMPANY B LLC

0000 Ukraina, Kiev, Kirova st.,00

70. Тўлов мақсади

(бенефициар учун ахборот)

Details of payment (information details)

Payment for services according to the act dated 01.01.2017 under the general agreement NO 000 dd. 10.06.2017

 

72. Ўтказманинг алоҳида шартлари

(тўловчининг банки учун ахборот)

Special terms of transfer.

(Information for beneficiary).

 

Тўловчининг банки воситачилик ҳақи счётдан ҳисобдан чиқарилсин:

Remitter’s bank charges to be written off the account:   Acc.No. 20208000000000000000 

71. Хорижий банкнинг воситачилик ҳақи қуйидагилар ҳисобидан:

Foreign bank charges to be paid by:1

Тўловчи

Remitter. «OUR»

 

Муҳр

Seal

Тўловчи ва бенефициар

Beneficiary. «SHA»

X

 

Бенефициар

Beneficiary. «BEN»

 

Тўловчи, раҳбар имзоси.

Signature of remitter, manager.

Бош бухгалтер имзоси.

Signature of chief accountant.

 

         

 

Тўловчининг банки ходимлари томонидан тўлдирилади.

 

 

Банклараро ҳисоб-китоблар бошқармаси ходимлари томонидан тўлдирилади

 

Банк раҳбари

 

 

Муҳр

 

 

Банк раҳбари

 

 

Бош бухгалтер

 

 

 

Бош бухгалтер

 

 

Бошқарма бошлиғи

 

 

 

Бошқарма бошлиғи

 

 

Масъул ижрочи

 

 

 

Масъул ижрочи

 

 

 

 

АМАЛИЁТДАН МИСОЛ. А компанияси бухгалтери хизмат кўрсатувчи банкнинг барча талабларига мувофиқ $10 000 га валютадаги тўлов топшириқномасини тайёрлади. Буни тўлов муддати ўтишига бир кун қолганда қилди, ушбу муддат ўтганидан кейин хорижий ҳамкор тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 2% миқдорида жарима санкцияларини қўйиши мумкин. Бироқ бухгалтер валютадаги тўлов топшириқномаси бланкасининг қуйи қисмидаги OUR, SHA ва BEN қисқартмалари кўрсатилган 3 та бўш катакчага эътибор бермади. У буларни эътиборсиз қолдириш мумкин бўлган банкнинг ички маълумотлари деб ҳисоблаган. Банк кейинги куни тўлов топшириқномасини ижро этмай қайтарди, сабаби топшириқномада воситачилик ҳақи кимнинг ҳисобига тўланиши қайд этилмаган эди. Шу тариқа, бухгалтернинг беэътиборлиги компанияга $200 га тушди.

 

Валютадаги тўлов топшириқномасининг ҳар бир нусхасига биринчи (одатда директор) ва иккинчи (бош бухгалтер) имзо ҳуқуқига эга бўлган шахслар имзо чекадилар. Корхона муҳрини қўйинг (муҳр мавжуд бўлганда).

 

Илова қилинувчи ҳужжатлар

Тўлов топшириқномаси контрактнинг «Тўлов шартлари» бўлимида қайд этилган ҳужжатлар асосида тайёрланади. Тўлов муддатларига эътибор беринг ва уларга риоя этинг.

Агар шартларда тўлов шартнома асосида тўланиши назарда тутилган бўлса, тўлов топшириқномасини ­тайёрлашингизнинг ўзи кифоя. Қолган ахборотни банк ТСОЯЭАТда кўриши мумкин. Бироқ баъзида банк контракт нусхасини сўраб олишига сабабчи бўлувчи вазиятлар юзага келади.

Инвойс асосида тўлаганда унинг нусхасини тўлов топшириқномасига илова қилинг, асл нусхасини эса ўзингизда қолдиринг.

Агар БЮД асосида тўлаётган бўлсангиз, банк барча ахборотни ТСОЯЭАТдан олиши мумкин, шу сабабли бу ҳолда ҳам тўлов топшириқномасини тайёрлашнинг ўзи етарли (ВМнинг 21.07.2014 йилдаги 199-сон қарори).

 

Норезидентнинг даромадларидан солиқ

Норезидентнинг даромадларидан солиқни ҳисоблаш тартиби Солиқ кодексининг 155-моддасида баён этилган. У мамлакатимиздаги манбалардан олган даромадлар солиқ солиш объекти ҳисобланади. Манба – солиқ тўловчига тўловларни амалга оширувчи юридик шахс (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Агар норезидент Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган юридик шахсга хизматлар кўрсатса, тўлов мамлакат ичида ёки ундан ташқарида тўланганидан қатъи назар, тўлов манбаида унинг даромадига солиқ солинади. Агар хорижий ҳамкор мамлакатида хизмат кўрсатилган бўлса, норезидентнинг даромадларидан солиқ ушлаб қолинмайди.

Норезидентнинг даромадларидан солиқни инвойс суммасидан (ишлар, хизматлар учун) ҳисобланг. Тўлов топшириқномасида ушлаб қолинган солиқ суммасини чегирган ҳолда тўлов миқдорини кўрсатинг. Солиқнинг тўлов манбаида ушлаб қолиниши контрактда назарда тутилган бўлиши керак.

Норезидентга даромадлар тўлов манбаида юридик шахсдан олинадиган фойда солиғи ушлаб қолинмаган ёки пасайтирилган ставкаси қўлланилган ҳолда тўланиши мумкин. Бироқ бу Ўзбекистон билан тузилган халқаро шартномада назарда тутилган бўлиши керак. Бунинг учун сиз билан шартномавий муносабатларни ўрнатган хорижий компания резидентлик тўғрисида ҳужжатни (одатда сертификат) тақдим этиши лозим. Бу Солиқ кодексининг 155-моддаси 12-қисмида назарда тутилган. Ушбу ҳужжатни текширув чоғида тақдим этиш учун ўзингизда сақланг.

Технологиялар ривожланиши ва график редакторлар такомиллашиши билан электрон кўринишда тақдим этилган ҳар қандай ҳужжат юридик кучини йўқотган ҳолда сохталаштирилиши хавфи мавжуд. Бундай хатарларнинг олдини олиш учун хорижий ҳамкорлардан Ўзбекистон Республикаси иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузган мамлакат резидентлигини тасдиқловчи сертификатнинг асл нусхасини сўраш тавсия этилади. Ҳужжат почта алоқаси бўлинмалари ёки почта хизматларини кўрсатувчи бошқа компаниялар орқали жўнатилиши мумкин.

Хорижий ҳамкорнинг сертификати унинг мамлакатидаги Ўзбекистон Республикаси Консулхонаси томонидан легаллаштирилган бўлиши керак. Легаллаштириш хорижга (ЎзРга) йўлланган, ўша мамлакатнинг давлат органлари берган чиқувчи ҳужжат унинг қонунларига мувофиқ эканлигини тасдиқлайди. Бироқ резидентларидан сертификатни консуллик орқали легаллаштириш талаб этилмайдиган бир қатор мамлакатлар мавжуд. Ушбу ҳужжат апостиль билан тасдиқланиши мумкин.

Апостиль – хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи, легаллаштиришнинг бундай шаклини тан олувчи Гаага конвенциясига (1961 йил) аъзо мамлакатлар ҳудудида тақдим этиш учун ҳужжатнинг қонунийлиги ҳақидаги маълумотларни тўлдиришнинг халқаро стандартлаштирилган шакли. Юқорида тилга олинган Гаага конвенциясининг амал қилиши Ўзбекистонда ҳам 2012 йил 15 апрелдан бошлаб татбиқ этилади. Апостиль ҳужжатни бошқача тасдиқлаш ёки легаллаштиришни талаб этмайди ва Конвенцияга аъзо барча давлатларнинг расмий органлари томонидан тан олинади.

Агар юқорида кўрсатилган ҳужжат чет тилида тузилган бўлса, солиқ органлари уни нотариал тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимасини талаб этишга ҳақли.

Агар ишлар (хизматлар) ҳақи Ўзбекистон иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим имзоламаган давлатнинг резиденти ҳисобланувчи хорижий шахсга тўланса, у олган даромадга Солиқ кодексининг 182-моддасида белгиланган тартибда ва ставкаларда солиқ солинади.

Солиқ даромад тўланган санадаги МБ курси бўйича сўмда ҳисобланади ва тўланади. Солиқни валютадаги тўлов топшириқномаси тайёрланган санада тўланг.

 

АМАЛИЁТДАН МИСОЛ. А компанияси ускунага техник ёрдам бериш хизматларини 3 ой давомида олиш учун С компанияси билан ташқи савдо контрактини тузди. Бироқ А компанияси тўлов норезидентнинг даромад солиғини чегирган ҳолда тўланишини контрактда назарда тутмади. У С компаниясига контракт суммасининг 80%ини тўлади, қолган 20%ни эса (сўмда) норезидентнинг даромадидан солиқ сифатида туман ДСИга йўналтирди.

С компанияси яна 20%ни қўшимча тўлашни талаб қилди, сабаби контрактда ҳеч қандай ушланмалар ҳақида қайд этилмаган. Акс ҳолда у ускунага учинчи ойда хизмат кўрсатишдан бош тортди. Ускуна А компаниясига асосий даромад келтиради, шу сабабли у мазкур талабни бажарди. А компанияси С компанияси билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилгандан кейин норезидентнинг даромад солиғини қўшимча тўлаб, уни ўз харажатларига киритишига тўғри келди.

Прочитано: 2336 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика