2017 йил иккинчи чораги учун
«СБХ»нинг 4.04.2017 йилдаги 14 (1182)-сонида «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрлаган жорий йилнинг I чораги учун ягона солиқ тўловини ҳисоблашга доир тавсиялар чоп этилган эди. Бугун ушбу мавзуни давом эттириб, фаолиятнинг турли соҳаларидаги корхоналар учун II чоракка ЯСТни ҳисоблаш ва ҳисоботларни тўлдиришга доир тушунтиришларни тақдим этамиз.
Ягона солиқ тўлови солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.
Ягона солиқ тўлови:
микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан – Ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай;
микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган корхоналар томонидан – ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириш муддатидан кечиктирмай тўланади.
Солиқ кодекси 360-моддасининг 1, 4 ва 5-қисмлари
*ЯСТни ҳисоблашга доир тавсиялар «Norma Ekspert» мутахассисларининг эксклюзив ишланмаси саналади, у «Практическое налогообложение» («Амалий солиқ солиш»), «Практическая бухгалтерия» («Амалий бухгалтерия») ва «Малое предприятие: учет, налоги, право» («Кичик корхона: ҳисоб, солиқлар, ҳуқуқ») электрон маълумотнома тизимлари асосида тайёрланди. Уларни, шу жумладан электрон ОАВларда «Norma» gazetalari birlashgan tahririyati» МЧЖ ёки «Norma Ekspert» ХКнинг ёзма рухсатномаси билангина кўчириб босишга рухсат берилади.
1-ВАЗИЯТ.
ЧАКАНА САВДО КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ
Микрофирма Самарқанд шаҳрида рўйхатдан ўтказилган, озиқ-овқат маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчи дўконга эга.
2017 йил I чораги якунларига кўра:
товарлар реализациясидан тушум – 39 000 минг сўм;
дивидендлар тарзидаги бошқа даромадлар – 10 000 минг сўм олинган.
Бюджетга 2 295,95 минг сўм миқдорида ЯСТ, шу жумладан энг кам ЯСТгача қўшимча ҳисобланма – 735,95 минг сўм тўланган.
II чоракда товарлар реализациясидан тушум 61 000 минг сўмни, шу жумладан терминал бўйича – 42 000 минг сўмни ташкил этди.
Мартда етказиб берувчилардан бири товарга 5 000 минг сўм миқдорида чегирма қилди.
Корхона воситачилик шартномасига кўра совутиш ускунасини реализация қилди. Апрель–май учун воситачилик ҳақи 25 000 минг сўмни ташкил этди.
Майда таннархи 10 000 минг сўмни ташкил этувчи текинга берилган товарлар кўринишида қариялар ва ногиронлар уй-интернатига хайрия ёрдами кўрсатилди.
II чорак учун ЯСТни ҳисоблашда қуйидагиларни инобатга оламиз:
турли солиқ солиш объектлари ва ЯСТ ставкалари белгиланган бир нечта фаолиятни амалга оширишда корхона Солиқ кодексининг 353-моддасига мувофиқ алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши керак.
Товар обороти савдо бўйича ЯСТ солиш объекти ҳисобланади, ставка 4%ни ташкил этади (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга 10-2-илова). Воситачилик фаолиятида воситачилик ҳақи солиқ солиш объекти ҳисобланади, ЯСТ ставкаси 33%га тенг (ПҚ-2699-сон қарорга 10-1-илова);
етказиб берувчидан чегирма суммаси бошқа даромадларга киради (Солиқ кодексининг 132-моддаси 16-банди). Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 6-бандига асосан ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база етказиб берувчилардан олинган чегирма суммасига камайтирилади. Яъни аввал чегирмалар бошқа даромадлар таркибида (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ягона солиқ тўлови ҳисоб-китобига 2-илова), кейин эса солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайтирилиши кўринишида ҳисобга олинади (ЯСТ ҳисоб-китобига 4-илова);
товарлар текинга берилганда уларнинг таннархи ЯСТ солинадиган тушумга киритилади (Солиқ кодексининг 355-моддаси 2-қисми 1-банди). Бироқ ушбу қоида экология, соғломлаштириш ҳамда хайрия жамғармаларига, маданият, соғлиқни сақлаш, меҳнат, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт, таълим муассасаларига текин бериладиган товарларга нисбатан татбиқ этилмайди. Тегишинча, қариялар ва ногиронлар уй-интернатига текинга берилган товарлар қиймати ЯСТ солиш объектига киритилмайди;
корхона ЯСТнинг турли энг кам миқдорлари белгиланган фаолиятнинг 2 турини амалга оширади: чакана савдо бўйича – қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда, воситачилик фаолияти бўйича – ер солиғининг 3 баравар миқдорини ҳисобга олган ҳолда.
Энг кам миқдорнинг қайси бирини ҳисобга олиб солиқ тўлаш кераклигини аниқлаш учун ҳисобот чораги якунларига кўра асосий фаолият тури ортиб бормайдиган якун билан белгиланади. Асосий фаолият тури воситачилик хизматлари бўлганда ЯСТ Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ҳисобланади. Асосий фаолият тури якка тартибдаги тадбиркорлар реализация қилишига рухсат берилган товарлар билан чакана савдо қилиш бўлганда ЯСТ Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ҳисобланади.
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда айрим турдаги солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқаришда уларнинг тўланиши лозим бўлган энг кам миқдори белгиланади.
Солиқ кодексининг 28-моддаси 4-қисми
Ярим йиллик якунларига кўра ягона солиқ тўлови қуйидаги тартибда ҳисобланади.
Фаолиятнинг 2 тури бўйича товарлар ва хизматлар реализациясидан соф тушум 125 000 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри «Жами» устуни), шу жумладан:
савдо фаолияти бўйича – 100 000 минг сўм (39 000 + 61 000);
воситачилик фаолияти бўйича – 25 000 минг сўм.
ЯСТ ҳисоб-китобининг 020-сатрида фаолиятнинг 2 тури бўйича тушумнинг салмоғи кўрсатилади:
чакана савдо – 80% (100 000 / 125 000 х 100);
воситачилик фаолияти – 20% (25 000 / 125 000 х 100).
Ярим йиллик якунларига кўра бошқа даромадлар 15 000 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатри «Жами» устуни). Бошқа даромадлар бўйича Ҳисоб-китобга 2-илова тўлдирилади:
150-сатрда I чоракда олинган дивидендлар (10 000 минг сўм);
180 ва 1802-сатрларда – 5 000 минг сўм миқдоридаги чегирма;
010-сатрда – бошқа даромадларнинг умумий суммаси (15 000 минг сўм) кўрсатилади.
Ярим йиллик якунлари бўйича солиқ солинадиган ялпи тушум 140 000 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри «Жами» устуни), шу жумладан:
савдо бўйича – 115 000 минг сўм (100 000 + 15 000) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 1-устуни);
воситачилик фаолияти бўйича – 25 000 минг сўм (ЯСТ ҳисоб-китобининг 2-устуни).
Солиқ солинадиган ялпи тушум I чоракда олинган дивидендлар суммасига ва қилинган чегирма суммасига камайтирилади (Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 2, 6-бандлари). Солиқ солинадиган тушумнинг камайиши ЯСТ ҳисоб-китобига 4-иловада акс эттирилади:
0202-сатрда 10 000 минг сўм миқдоридаги дивидендлар;
0206-сатрда – чегирма суммаси – 5 000 минг сўм;
010-сатрда – солиқ солинадиган ялпи тушум камайтириладиган якуний сумма – 15 000 минг сўм кўрсатилади. Ушбу кўрсаткич ЯСТ ҳисоб-китобининг 0502 ва 050-сатрларига ўтказилади (1-устун).
ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база 125 000 минг сўмга тенг (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри «Жами» устуни), шу жумладан:
савдо бўйича – 100 000 минг сўм (115 000 – 15 000) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 1-устуни);
воситачилик фаолияти бўйича – 25 000 минг сўм (ЯСТ ҳисоб-китобининг 2-устуни).
Ярим йиллик якунларига кўра ЯСТ суммаси 12 250 минг сўмга тенг (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090-сатри «Жами» устуни), шу жумладан:
савдо фаолияти бўйича – 4 000 минг сўм (100 000 х 4%) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 1-устуни);
воситачилик фаолияти бўйича – 8 250 минг сўм (25 000 х 33%) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 2-устуни).
090-сатр кўрсаткичи ЯСТ ҳисоб-китобининг 120, 130-сатрларига ҳам ўтказилади (12 250 минг сўм).
ЯСТ ҳисоб-китобининг 091-сатрида фаолият турлари бўйича ЯСТ суммасининг ягона солиқ тўлови умумий суммасидаги салмоғи (%да) кўрсатилади. Ушбу сатрнинг 1-устунида («Чакана савдо») 33% (4 000 / 12 250 х 100), 2-устунида – 67% (8 250 / 12 250 х 100) кўрсатилади.
Сўнгра ЯСТнинг энг кам миқдорини аниқлаш ва уни ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси билан солиштириш зарур. Корхона фаолиятнинг 2 тури билан шуғулланади. II чорак якунларига кўра ортиб бормайдиган якун билан салмоғи 71%ни ташкил этувчи чакана савдо (61 000 / (61 000 + 25 000) х 100) асосий фаолият тури ҳисобланади. Шу сабабли ЯСТ 2449-сон Низомга мувофиқ, яъни қатъий белгиланган солиқ кўринишидаги энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади.
Ҳисобот бериладиган II чорак маълумотлари қайд этилган 2449-сон Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китоби ортиб бормайдиган якун билан тўлдирилади. ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасини аниқлаш мақсадида чорак учун солиқ солинадиган ялпи тушум ҳисобот ва ундан олдинги ҳисобот даврлари учун ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрлари фарқи сифатида, ялпи тушумни дивидендлар ва чегирма суммасига камайтирмасдан ҳисоблаб чиқарилади. У 91 000 минг сўмни ташкил этади (140 000 – 49 000) (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 010-сатри «Жами» устуни), шу жумладан:
чакана савдо бўйича – 66 000 минг сўм (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 1-устуни);
воситачилик фаолияти бўйича – 25 000 минг сўм (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 2-устуни).
Ҳисобот чораги учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 030-сатри «Жами» устуни) 10 890 минг сўмни (66 000 х 4% + 25 000 х 33%) ташкил этади.
ЯСТнинг энг кам миқдори озиқ-овқат товарлари билан савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкасига қараб аниқланади, у Самарқанд шаҳрида 6 ЭКИҲни ташкил этади (ПҚ-2699-сон қарорга 12-илова). II чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 2 695,95 минг сўмни (6 х 149 775 х 3) ташкил этади (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050-сатри).
ЯСТнинг энг кам миқдори унинг ҳисоб-китоб суммасидан кам, шу сабабли ЯСТ қўшимча ҳисоблаб ёзилмайди ва Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 060-сатрида «0» кўрсатилади.
I чорак учун қўшимча ҳисобланган сумма Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 070 ва 080-сатрларида кўрсатилади (735,95 минг сўм) ва ҳисобот даври учун ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрига ўтказилади.
Ярим йиллик учун бюджетга тўланадиган ЯСТ суммаси (I чоракда энг кам ЯСТгача қўшимча ҳисоблаб ёзишни инобатга олганда) 12 985,95 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 180-сатри). II чорак учун бюджетга I чорак учун тўланган солиқ (2 295,95 минг сўм) чегирилган сумма, яъни 10 690 минг сўм ўтказилади.
2-ВАЗИЯТ.
ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ
2017 йил 1 февралда рўйхатдан ўтказилган ишлаб чиқариш корхонаси ЯСТ ва ихтиёрий асосда ҚҚС тўловчиси ҳисобланади. Шунингдек тузилган шартнома асосида «Камолот» жамғармасига ажратмалар тўлайди.
Корхона умумий майдони 920 кв.м бўлган офис, ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналарни ижарага олади.
I чорак учун қуйидаги маълумотлар мавжуд:
маҳсулот реализациясидан соф тушум – 45 000 минг сўм (ҚҚСсиз);
маҳсулотнинг бир қисмини таннархидан паст нархда реализация қилишдан зарарлар – 5 000 минг сўм (ҚҚСсиз);
солиқ солинадиган оборотлардан, шу жумладан товарлар туркуми таннархидан паст нархда реализация қилинишидан ҳисобланган ҚҚС – 10 000 минг сўм;
ҳисобга қабул қилинган ҚҚС – 1 600 минг сўм;
бюджетга тўланадиган ҚҚС – 8 400 минг сўм;
ҚҚС тўланиши муносабати билан камайтиришни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ – 1 250 минг сўм, шундан «Камолот» жамғармасига 100 минг сўм, бюджетга – 1 150 минг сўм ўтказилди.
II чоракда корхона ўз маҳсулотининг бир қисмини экспортга реализация қилди. Экспорт контракти бўйича тушум тўлиқ миқдорда келиб тушди.
Чорак якунларига кўра реализациядан тушум:
республика ичида – 62 000 минг сўмни (ҚҚСсиз);
экспортга – БЮД расмийлаштирилган санадаги МБ курси бўйича қайта ҳисоблаганда 36 000 минг сўмни ташкил этди.
Ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хом ашё ва материаллар сотиб олинди, шунингдек чет ташкилотларнинг хизматларига 24 000 минг сўм суммасида, шу жумладан 15 600 минг сўмлик ҚҚС билан ҳақ тўланди. Олинган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС 2 600 минг сўмни ташкил этди.
Ижобий курс фарқи 2 200 минг сўмни, салбийси – 1 800 минг сўмни ташкил этди.
II чорак учун ЯСТ ва ҚҚСни ҳисоблашда қуйидагиларни инобатга оламиз:
ишлаб чиқариш корхонаси ЯСТни 5%лик ставкада ҳисоблайди (ПҚ-2699-сон қарорга 10-1-илова). ЯСТ солиш объекти ялпи тушум ҳисобланади, унга республика ичида маҳсулот реализациясидан тушум (ҚҚС чегирилган ҳолда) ва экспортдан тушум киритилади.
Ўз маҳсулотини (ишларни, хизматларни) экспорт қилувчи корхоналар экспорт улуши қуйидагича бўлганда ЯСТнинг пасайтирилган ставкасини қўллашга ҳақли:
реализациянинг умумий ҳажмида 15%дан 30%гача бўлганда – ставка 30%га камайтирилади;
30% ва ундан кўпроқ бўлганда – ставка 50%га камайтирилади (5.06.2000 йилдаги ПФ-2613-сон Фармоннинг 1-банди; ПҚ-2699-сон қарорга 10-1-илова).
Имтиёзни қўллаш мақсадида экспорт улуши ортиб борувчи якун билан белгиланади. Экспорт улушига қараб ЯСТнинг пасайтирилган ставкаси ЯСТ ҳисоб-китобига 6-илова «Экспорт улушига қараб ягона солиқ тўлови ставкасига тузатиш киритиш» бўйича аниқланади;
баланснинг валюта моддаларини қайта баҳолаш чоғида курсдаги ижобий ва салбий фарқлар ўртасидаги сальдо ЯСТ солиш объекти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 355-моддаси 5-қисми). Салбий сальдо ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани камайтирмайди;
ҚҚС Солиқ кодексининг VII бўлимига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади ва тўланади. Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишда ҚҚС солиш объекти, унга ҚҚСни киритмаган ҳолда, реализация қиймати ҳисобланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси).
Товарларни чет эл валютасида экспортга реализация қилиш (қимматбаҳо металлар бундан мустасно) оборотига ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади (Солиқ кодексининг 212-моддаси). Ноль даражали ставкани қўллаш учун товарларнинг экспорт қилинганлиги далили экспорт контракти, БЮД ва божхона органининг қайд белгиси қўйилган товарга илова қилинадиган ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак (Солиқ кодексининг 213-моддаси).
ҚҚС билан сотиб олинган товарлар, ишлар ва хизматлар бўйича ҚҚС (етказиб берувчининг ҳисобварақ-фактурасида ҚҚС суммаси ажратиб кўрсатилган) Солиқ кодексининг 218-моддасида белгиланган шартларга риоя қилганда ҳисобга қабул қилинади. Экспорт қилинадиган маҳсулотни ишлаб чиқариш учун фойдаланилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС фақат чет эллик харидордан тўлов келиб тушгандан кейин ҳисобга қабул қилинади.
Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС солиқ солинадиган оборотлардан ҳисоблаб ёзилган ҚҚС суммаси билан ҳисобга қабул қилинган ҚҚС ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади. Экспорт қилувчи корхоналарда ноль даражали ставка қўлланилганда ушбу суммалар ўртасида салбий фарқ юзага келиши мумкин, у Солиқ кодексининг 227, 228-моддалари ва Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 7.04.2016 йилда 2775-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган тартибда қайтарилиши лозим.
Ҳисоблаб ёзилган ЯСТ суммаси бюджетга ўтказиладиган ҚҚС суммасига, лекин ЯСТ суммасининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилади.
ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини микрофирмалар ва кичик корхоналар ҳар чоракда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмай, 2439-сон қарорга 3-иловага мувофиқ шаклда тақдим этадилар;
ЯСТ ҳисоб-китоби бўйича (ҚҚС суммасига камайтиришни ҳисобга олиб) ҳисоблаб чиқарилган ЯСТ суммасидан 8% «Камолот» жамғармасига ўтказилади;
корхона янги ташкил этилган корхона сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 6 ой давомида ер солиғининг 3 баравар суммаси тарзидаги ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олмасдан ЯСТ тўлайди (2203-сон Низомнинг 2-банди «г» кичик банди). Корхона давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 6 ойлик муддат тугаган ойдан кейинги ойдан, яъни 2017 йил сентябрдан бошлаб ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТни тўлай бошлайди.
Ярим йиллик якунларига кўра ЯСТ қуйидаги тартибда ҳисоб-китоб қилинади.
Маҳсулот реализациясидан соф тушум 143 000 минг сўмга тенг (45 000 + 62 000 + 36 000) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри).
Маҳсулот таннархидан паст нархда реализация қилинишидан I чоракда кўрилган зарарлар (5 000 минг сўм) ярим йиллик якунлари бўйича ЯСТ ҳисоб-китобининг 025-сатрида акс эттирилади, сўнгра солиқ солинадиган тушумни аниқлашда ҳисобга олинади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри).
Ярим йиллик якунларига кўра бошқа даромадлар (ижобий ва салбий курс фарқи ўртасидаги сальдо) 400 минг сўмни (2 200 – 1 800) ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 010 ва 140-сатрлари; ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатри).
Ярим йиллик якунларига кўра солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) 148 400 минг сўмни (143 000 + 5 000 + 400) ташкил этади. Корхона солиқ солинадиган ялпи тушумни камайтириш бўйича имтиёзларга эга эмас, шу сабабли солиқ солинадиган база ҳам шу суммага тенг бўлади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри).
Саноат соҳасидаги корхоналар учун ЯСТ ставкаси 5%ни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 070-сатри). ЯСТ ҳисоб-китобига 6-иловадаги экспорт улушига қараб унга 30%лик ёки 50%лик тузатиш киритилади. Унда қуйидагилар кўрсатилади:
010-сатрда – реализациядан соф тушум – 143 000 минг сўм (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри маълумотларига кўра);
020 ва 030-сатрларда – ўз маҳсулотининг экспортидан тушум – 36 000 минг сўм;
040-сатрда – реализациянинг умумий ҳажмида экспортдан тушумнинг салмоғи – 25% ((36 000 / 143 000) х 100);
050-сатрда – белгиланган ЯСТ ставкаси – 5%;
060-сатрда – ЯСТнинг тузатиш киритилган ставкаси. Экспорт улуши 25%ни ташкил этади, шу сабабли ставка 30%га камайтирилади ва 3,5%ни ташкил этади (5 – (5 х 30 / 100)).
ЯСТ ҳисоб-китобининг 080-сатрида 3,5% қайд этилади.
Ярим йиллик якунларига кўра ЯСТ суммаси – 5 194 минг сўм (148 400 х 3,5%) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090-сатри).
Сўнгра ҚҚС ҳисобланади. II чорак учун солиқ солинадиган оборотлардан ҚҚС 12 400 минг сўмга тенг (62 000 х 20%). Ярим йиллик якунларига кўра ҚҚС:
солиқ солинадиган оборотлар бўйича – 22 400 минг сўмни (10 000 + 12 400) (ҚҚС ҳисоб-китобининг 040-сатри);
ҳисобга қабул қилинадигани – 4 200 минг сўмни (1 600 + 2 600) (ҚҚС ҳисоб-китобининг 010, 030-сатрлари);
бюджетга тўланадигани – 18 200 минг сўмни (ҚҚС ҳисоб-китобининг 050-сатри; ЯСТ ҳисоб-китобининг 100-сатри) ташкил этади.
ЯСТ ҚҚС суммасига, бироқ ЯСТ ҳисоб-китобининг 090-сатрида кўрсатилган ЯСТ суммасининг 50%идан ошмайдиган қисмига камайтирилади. ҚҚС суммаси (18 200 минг сўм) ЯСТ суммасининг 50%идан кўплиги сабабли ҳисобланган ЯСТ фақат 2 597 минг сўмга (5 194 / 2) камайтирилади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 110-сатри).
Ҳисоб-китоб бўйича ҳисоблаб чиқарилган ЯСТ (ЯСТ ҳисоб-китобининг 120-сатри) 2 597 минг сўмни ташкил этади. Ярим йиллик якунларига кўра «Камолот» жамғармасига ажратмалар 207,76 минг сўмни (2 597 х 8%) ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 160-сатри).
«Камолот» жамғармасига ажратмалар чегирилган ҳолда ЯСТ – 2 389,24 минг сўм (2 597 – 207,76) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 130-сатри).
Ярим йиллик якунларига кўра 2 389,24 минг сўм миқдоридаги ЯСТ суммаси тўланиши лозим (ЯСТ ҳисоб-китобининг 180-сатри). II чорак учун бюджетга I чорак учун тўланган солиқ (1 150 минг сўм) чегирилган сумма, яъни 1 239,24 минг сўм ўтказилади.
3-ВАЗИЯТ.
УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШ КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ
Корхона Бухоро шаҳрида 2 та умумий овқатланиш шохобчасига (қаҳвахонага) эга, майдони 80 кв.м бўлган битта қаҳвахона ижарага берилади. Корхонанинг ўзи умумий овқатланиш хизматларини кўрсатадиган қаҳвахона майдони 100 кв.метрни ташкил этади.
I чорак якунларига кўра қуйидаги маълумотлар мавжуд:
умумий овқатланиш хизматлари реализациясидан тушум – 46 500 минг сўм;
ижарадан даромадлар – 2 400 минг сўм (майдони 80 кв.м бўлган қаҳвахонанинг ойлик ижара тўлови 800 минг сўм).
Бюджетга 4 890 минг сўм миқдорида ЯСТ тўланган.
II чоракда умумий овқатланиш хизматлари реализациясидан тушум 48 000 минг сўмни, қаҳвахонани ижарага беришдан даромадлар – 2 400 минг сўмни ташкил этди.
Корхона шартномага кўра (3.04.2017 йилдаги) бошқа корхонага йиллик 10% ставкасида фоизларни тўлаш шарти билан 30 календарь кун муддатга 20 000 минг сўм миқдорида қарз берди. Фоизлар тарзидаги даромадлар 164,384 минг сўмни ташкил этди, фоизлардан солиқ – 16,438 минг сўмни тўлов манбаи (қарз берувчи) ушлаб қолди. Корхона 147,946 минг сўм олди.
Ярим йиллик якунларига кўра ЯСТни ҳисоблашда қуйидагиларни инобатга оламиз:
умумий овқатланиш корхоналари учун ЯСТ ставкаси 10% миқдорида белгиланган (ПҚ-2699-сон қарорга 10-2-илова);
бошқа даромадлар таркибига қуйидагилар киради:
ижарага беришдан даромадлар (Солиқ кодексининг 132-моддаси 2-банди);
фоизлар тарзидаги даромадлар (Солиқ кодексининг 132-моддаси 14-банди).
Ижарага беришдан даромадларга солиқ солишда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳисобга олинади. Шартномада белгиланган ижара тўлови ставкаси энг кам ставкалар бўйича ҳисоблаб чиқарилган ижара тўлови билан солиштирилади ва энг катта суммага солиқ солинади (МВ ва ДСҚнинг 26.01.2012 йилдаги ММ/04-01-32-14/87 ва 13/1-954-сон тушунтириш хати). Яъни энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган ижара тўлови шартнома бўйича ижара тўловидан кўп бўлса, ошган сумма ҳам ЯСТ солинадиган тушумга киритилади.
Қарз шартномаси бўйича олинган фоизлар суммаси бошқа даромадларга киради ва унга тўлов манбаида 10%лик ставкада солиқ солинади. Солиқни тўлов манбаида ушлаб қолиш ва ўтказиш мажбурияти қарз берувчи – юридик шахс зиммасига юклатилади (Солиқ кодексининг 156-моддаси). Шу сабабли олувчи-қарз берувчининг фоизлар тарзидаги даромадлари ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда солиқ солинадиган ялпи тушумдан чегирилади (Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 2-банди). ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда фоизлар аввал бошқа даромадлар сифатида (ушлаб қолинган солиқни чегирмаган ҳолда тўлиқ суммада), кейин эса солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайиши тарзида (ЯСТ ҳисоб-китобига 4-илова) ҳисобга олинади;
корхонанинг асосий фаолият тури умумий овқатланиш ҳисобланади, шу сабабли ЯСТ 2203-сон Низомга мувофиқ ер солиғининг 3 баравари кўринишидаги ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади. Энг кам ЯСТни ҳисоблашда 2 та умумий овқатланиш шохобчаси майдони, шу жумладан ижарага берилаётган қаҳвахона майдони ҳисобга олинади. Бухоро шаҳрида юридик шахслар учун ер солиғи ставкаси 1 га учун 14 646 583 сўмни ташкил этади (Президентнинг ПҚ-2699-сон қарорига 20-илова).
Ярим йиллик якунларига кўра реализациядан соф тушум 94 500 минг сўмни ташкил этди (46 500 + 48 000) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри).
Бошқа даромадлар (ижарага беришдан даромадлар, қарз бўйича фоизлар) бўйича ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илова тўлдирилади. Бунда ижарага беришдан даромадларга солиқ солиш тартибини ҳисобга олган ҳолда 1-илова ҳам тўлдирилади. Унда шартнома бўйича ижара тўлови билан давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган ижара тўлови ўртасидаги фарқ аниқланади.
Бунинг учун шартномада белгиланган ижара тўлови ва энг кам ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳисобот даврида 1 кв.м учун ижара тўлови суммаси ҳисобланади. 1 кв.м учун бир йил ҳисобида умумий овқатланиш объектлари бўйича ижара тўловининг энг кам ставкаси 10 800 сўмни ташкил этади (Давлат рақобат қўмитасининг 16.12.2016 йилдаги 377/01-14-сон хатига илованинг 51-сатри маълумотларига кўра) (1-илованинг 021-сатри).
Январь–июнда 1 кв.м учун ижара тўлови суммаси:
шартномага кўра ижара тўлови бўйича – 60 000 сўм (800 000 / 80 кв.м х 6 ой) (1-илованинг 031-сатри);
энг кам ставкадан келиб чиққанда – 5 400 минг сўм (10 800 / 12 х 6) (1-илованинг 041-сатри).
041-сатр қиймати 031-сатрдагидан кам, яъни ошиш суммаси мавжуд эмас ва 4 800 минг сўм миқдоридаги ярим йиллик якунларига кўра ижарага беришдан даромадлар 2-илованинг 030-сатрида кўрсатилади.
Фоизлар тарзидаги даромадлар (164,384 минг сўм) 2-илованинг 160-сатрида акс эттирилади.
Ярим йиллик якунларига кўра бошқа даромадларнинг умумий суммаси 4 964,384 минг сўмга (4 800 + 164,384) тенг (ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 010-сатри; 030-сатри).
Солиқ солинадиган ялпи тушум 99 464,384 минг сўмни (94 500 + 4 964,384) ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри). У қарз шартномаси бўйича олинган фоизлар суммаси – 164,384 минг сўмга камайтирилади (ЯСТ ҳисоб-китобига 4-илованинг 0202 ва 010-сатрлари; ЯСТ ҳисоб-китобининг 0502 ва 050-сатрлари).
Ярим йиллик якунларига кўра ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри) 99 300 минг сўмни (99 464,384 – 164,384), ЯСТ суммаси эса – 9 930 минг сўмни (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090, 120 ва 130-сатрлари) ташкил этади.
Сўнгра ЯСТнинг энг кам миқдори ва ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси солиштирилади. 2203-сон Низомга 3-иловага кўра шаклда Маълумотнома-ҳисоб-китоб тўлдирилади.
II чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси реализациядан тушум, ижарага беришдан даромадлар ва фоизларни ўз ичига оладиган солиқ солинадиган ялпи тушумдан (ҳисобот ва бундан аввалги ҳисобот даврларидаги ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрларидаги фарқ) келиб чиқиб аниқланади. У 5 056,438 минг сўмга ((99 464,384 – 48 900) х 10%) тенг (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 030-сатри).
Кўчмас мулкнинг 2 та объекти умумий майдони – 0,018 га ҳамда ер солиғи ставкаси – 14 646 583 сўм/га бўйича ҳисобланган ЯСТнинг энг кам миқдори бир чорак учун 197 729 сўмга (3 х 0,018 х 14 646 583 / 4) тенг (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 040-сатри). У ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасидан кам, шу сабабли ЯСТ қўшимча ҳисоблаб ёзилмайди ҳамда Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050-сатрида ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрида «0» қайд этилади.
Ярим йиллик якунларига кўра ЯСТ суммаси 9 930 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 180-сатри). I чорак учун тўланган солиқни (4 890 минг сўм) ҳисобга олганда II чорак учун бюджетга 5 040 минг сўм миқдорида ЯСТ тўланади.
4-ВАЗИЯТ.
ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СОҲАСИДАГИ КОРХОНА УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ
Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказилган микрофирма маиший электрон ва электр ускуналарни таъмирлаш хизматларини кўрсатади. «Камолот» жамғармаси билан шартнома тузилган.
Корхона балансида бино бор, ундаги хоналарнинг умумий майдони 240 кв.метрни ташкил этади. Кадастр ҳужжатларига кўра, бино учун ажратилган ер участкаси 0,11 гектарга тенг.
Маълумотнома-ҳисоб-китоб (2203-сон Низомга 2-илова, ҳар йили 1 февралгача тақдим этилади) маълумотларига кўра энг кам ЯСТнинг йиллик миқдори – 7 528 331 сўм.
I чорак якунларига кўра қуйидаги кўрсаткичлар мавжуд:
хизматларни реализация қилишдан тушум – 32 600 минг сўм;
бошқа даромадлар (талаб қилинмаган, 3 йил ўтгач ҳисобдан чиқарилган депонентланган иш ҳақи, етказиб берувчидан чегирма) – 2 300 минг сўм (500 + 1 800);
солиқ солинадиган ялпи тушумнинг чегирма суммасига камайтирилиши – 1 800 минг сўм.
Бюджетга 1 659,683 минг сўм (1 522,6 + 137,083) миқдорида (қўшимча ҳисобланган суммани инобатга олганда) ЯСТ тўланган. «Камолот» жамғармасига 132,4 минг сўм ўтказилган.
II чоракда реализациядан тушум 54 000 минг сўмни ташкил этди.
Апрелда корхона ходимнинг аризаси ва раҳбарнинг буйруғи асосида ходим – ёш оила аъзоси расмийлаштирган ипотека кредити бўйича бадал сифатида 10 000 минг сўмни текин йўналтирди. Ходим кўп квартирали уйдан квартира сотиб олиш учун ипотека кредити олишга шартнома нусхасини ҳам тақдим этган.
Майда 5 600 минг сўмга автомобиль сотилди. Бошланғич қиймати – 11 000 минг сўм, ҳисобланган амортизация – 4 500 минг сўм, қайта баҳолаш сальдоси – 200 минг сўм.
Ярим йиллик якунларига кўра ЯСТни ҳисоблашда қуйидагиларни инобатга оламиз:
хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналар учун ЯСТ ставкаси 5%ни ташкил этади (ПҚ-2699-сон қарорга 10-1-илова). 2017 йил 1 январдан бошлаб шаҳардаги маиший электрон ва электр ускуналарни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича хизматларга белгиланган тартибда ЯСТ солинади;
автотранспорт воситасини сотишдан олинган молиявий натижа реализациядан тушум ва қолдиқ қиймат ўртасидаги, қайта баҳолаш сальдосига тузатилган фарқ сифатида белгиланади (АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 24-банди) . Автомобилни реализация қилишдан кўрилган зарарлар ЯСТни ҳисоблашда инобатга олинмайди;
солиқ солинадиган ялпи тушум қуйидагиларга камайтирилади:
Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 6-бандига мувофиқ чегирма суммасига;
ёш оилалар жумласидан бўлган ходимларга ипотека кредитлари бўйича бадаллар тўлашга ва (ёки) мулк қилиб уй-жой олишга текин йўналтирилган маблағлар суммасига, лекин солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 10%ига (Солиқ кодексининг 356-моддаси 3-қисми). ССБни камайтириш фоизи ялпи тушумдан, шу жумладан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ЯСТ бўйича чегирмалар суммасига камайтирилган бошқа даромадлардан ҳисобланади. Яъни кўрилаётган вазиятда солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри кўрсаткичи) чегирма суммасига камайтирилади ва олинган натижага қараб ҳисобот даври якунларига кўра ССБ камайтириладиган чекланган сумма аниқланади.
Банк (бошқа кредит ташкилоти) билан ёш оила аъзоси бўлган ходим ўртасида тузилган шартнома, шунингдек иш берувчи-корхона раҳбарининг ипотека кредитлари бўйича бадаллар текин йўналтирилиши тўғрисидаги буйруғи нусхаси тақдим этилганда солиқ солинадиган база камайтирилади.
Ушбу имтиёзни қўллашда ёш оила тоифасига турмуш қурганларнинг ёши 30 ёшдан ошмаган, ёки болаларни (болани) 30 ёшдан ошмаган ота-онадан бири, шу жумладан, турмушидан ажрашган эркак (аёл), бева (бева аёл) кишилар тарбиялаётган оилалар киритилишини назарда тутиш лозим («Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси; 17.02.2017 йилдаги ПФ-4962-сон Фармон таҳриридаги 18.05.2007 йилдаги ПФ-3878-сон Фармоннинг 3-банди).
Солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайтирилиши ЯСТ ҳисоб-китобига 4-иловада акс эттирилади;
ЯСТ 2203-сон Низомга мувофиқ ер солиғининг 3 баравар суммасини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади, сабаби корхонанинг асосий фаолият тури хизматлар кўрсатиш ҳисобланади. Энг кам ЯСТ қуйидагилардан келиб чиқиб ҳисобланади:
Тошкент шаҳрида 5-иқтисодий зона учун белгиланган ер солиғи ставкаси (энг кам ставка) – 22 813 125 сўм/га (ПҚ-2699-сон қарорга 20-илова);
бино учун ажратилган ер участкаси майдони (бинонинг умумий хоналари майдонини ҳисобга олмаганда) – 0,11 га.
Ярим йиллик якунларига кўра хизматлар реализациясидан соф тушум 86 600 минг сўмни (32 600 + 54 000) ташкил этди (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри).
Автомобилни сотишдан 700 минг сўм (5 600 – (11 000 – 4 500 – 200)) миқдорида зарар кўрилди. У ЯСТни ҳисоблашда инобатга олинмайди. Тегишинча, ярим йиллик якунларига кўра бошқа даромадлар I чорак якунлари бўйича бўлганидек, 2 300 минг сўмни ташкил этади. 2-иловада қуйидагилар кўрсатилади:
080-сатрда – мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар (500 минг сўм);
180, 1802-сатрларда – етказиб берувчидан чегирма суммаси (1 800 минг сўм).
Бошқа даромадларнинг умумий суммаси (2 300 минг сўм) 2-илованинг 010-сатрида кўрсатилади ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатрига кўчирилади.
Ҳисобот даври якунларига кўра солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) 88 900 минг сўмни (86 600 + 2 300) ташкил этади.
ССБни ҳисоблашда солиқ солинадиган ялпи тушум чегирма ва ипотека кредити бўйича бадал суммасига, бироқ солиқ солинадиган базанинг 10%идан кўп эмас, камайтирилиши керак.
II чорак учун ипотека бадалига текин йўналтирилган маблағлар қисмида ССБ камайтирилиши мумкин бўлган чекланган сумма чегирма суммасини айирганда солиқ солинадиган ялпи тушумдан келиб чиқиб аниқланади. У 8 710 минг сўмни ((88 900 – 1 800) х 10%) ташкил этади. Ипотека бадалига 10 000 минг сўм йўналтирилган, у ССБ камайтириладиган чекланган суммадан ошади, шу сабабли ҳисобот даври якунларига кўра солиқ солинадиган ялпи тушум 8 710 минг сўмга камайтирилади.
4-илова «Солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайтирилиши»да қуйидагилар кўрсатилади:
020 ва 0206-сатрларда – 1 800 минг сўм (I чоракда етказиб берувчидан олинган чегирма суммаси кўчирилади);
040-сатрда – 8 710 минг сўм;
010-сатрда – 10 510 минг сўм – ярим йиллик якунларига кўра ялпи тушум камайтириладиган умумий сумма. Сатр кўрсаткичи ЯСТ ҳисоб-китобининг 050 ва 0502-сатрларига кўчирилади.
Солиқ солинадиган база 78 390 минг сўмни (88 900 – 10 510) ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри).
Ярим йиллик якунларига кўра ҳисоблаб ёзилган ЯСТ суммаси 3 919,5 минг сўмга (78 390 х 5%) тенг (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090 ва 120-сатрлари). «Камолот» жамғармасига ажратмалар 313,56 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 160-сатри). Ажратмаларни чегирган ҳолда ЯСТ – 3 605,94 минг сўм (3 919,5 – 313,56) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 130-сатри).
Сўнгра ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китоб суммаси билан солиштирилади (2203-сон Низомга 3-иловага кўра Маълумотнома-ҳисоб-китоб).
II чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТ ставкасига кўпайтирилган, ҳисобот ва бундан аввалги ҳисобот даврлари учун ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрлари фарқи сифатида ортиб бормайдиган якун билан аниқланади. Бунда солиқ солинадиган ялпи тушум чегирма ва ипотека кредити бўйича бадал суммасига камайтирилмайди. Ҳисобот чораги учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 2 700 минг сўмни ((88 900 – 34 900) х 5%) ташкил этади (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 030-сатри).
Чорак учун энг кам ЯСТ 1 882,083 минг сўмга (7 528 331 / 4) тенг (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 040-сатри).
ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси энг кам ЯСТдан катта, шу сабабли қўшимча ҳисоблаб ёзиш мавжуд эмас. I чорак учун қўшимча ҳисоблаб ёзиш суммаси (137,083 минг сўм) Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 060, 070-сатрларида кўрсатилади ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрига кўчирилади.
Ярим йиллик учун бюджетга тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммаси (I чоракда энг кам ЯСТгача қўшимча ҳисоблаб ёзишни инобатга олган ҳолда) 3 743,023 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 180-сатри). II чорак учун бюджетга I чорак учун тўланган солиқ (1 659,683 минг сўм) чегирилган сумма, яъни 2 083,34 минг сўм ўтказилади. II чорак учун «Камолот» жамғармасига ажратмалар 181,16 минг сўмни (313,56 – 132,4) ташкил этади.
«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар