Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 27 / Юридик маслаҳатлар

Тўлов ҳужжати: тўлдириш хусусиятлари

 

Жисмоний шахсларга хизматлар кўрсатишда корхона қарзни назорат қилиш ва сўндиришда қийинчиликларга тўқнаш келади. Бу тўлов тафсилотларида банклардан келиб тушадиган суммалар аниқ кўрсатилмаслиги ёки буюртмачи маълумотлари умуман кўрсатилмаслиги билан боғлиқ. Кўпинча суммалар буюртмачи номидан эмас, пластик карталар эгалари, шунингдек ўзга якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар номидан келиб тушади. Даъволарга банк жавоб бермайди.

Тўлов тафсилотларини тўлдиришга доир тушунтиришлар қандай НҲҲларда берилган? Тўлов тафсилотларида буюртмачи – жисмоний шахснинг паспорт маълумотларини кўрсатишни банкдан талаб қилиш тўғрими?

А.Матназаров.

 

– Нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилаётганда пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини тўлдиришга доир талаблар Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Унда, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бўлгани каби, тўловчининг (шартнома тарафининг) паспорт маълумотларини тўлов тафсилотларида кўрсатиш талаблари келтирилмаган.

Хатдан маълум бўлишича, жисмоний шахслар шартномага мувофиқ хизматлар ҳақини банк кассаси орқали ёхуд банк пластик картаси (бундан кейин – БПК) воситасида нақд пул маблағлари билан тўлайдилар. Ушбу вазиятларни тартиби билан кўриб чиқамиз.

 

1

Банк касса ишини ташкил этиш тартиби Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқнома (АВ томонидан 27.06.2008 йилда 1831-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган. Барча бир марталик тўловлар 002-Ш-ТХ-шаклдаги бланкалар ёрдамида амалга оширилади. Бланка шакли Йўриқноманинг 49-иловасида келтирилган. Бланка хабарномасининг биринчи қисми банкнинг кунлик касса ҳужжатларига тикиб қўйилади, иккинчи қисми эса мижозга берилади (Йўриқноманинг 72-банди).

 

2

БПКлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ҳисоб-китоблар қоғозда (слип, электрон терминал квитанцияси) ёки электрон шаклда (банкомат ёки терминалнинг электрон ҳужжати) ёки бошқа маълумотномалар билан тасдиқланади. Бунда мазкур маълумотномалар ҳисоб-китобларни амалга оширишда иштирок этувчи томонларга етарли нусхаларда шакллантирилади. Маълумотномалар БПК орқали амалга оширилган операциялар тўғрисидаги барча маълумотларни ўз ичига олиши керак (2465-сон Низомнинг 112-банди).

Шу тариқа, сизга квитанцияларда қайд этилган ахборот тақдим этилиши керак. Бунда қонун ҳужжатларида банкка квитанцияларни тўлдириш, бунинг устига унда тўлов тафсилотларини кўрсатиш мажбуриятини юкловчи нормалар мавжуд эмас. Шуни ҳисобга олиш зарурки, квитанцияни тўловчи тўлдиради, тўлов мақсадини унинг ўзи тўғри акс эттириши шарт.

Банклар тўловлар бир банкдан бошқа банкка ўз вақтида ўтиши ҳамда маблағларнинг корхоналар ва ташкилотлар ҳисоб-китоб варақларига киритилиши учун ўз мижозлари олдида жавобгардирлар («Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддаси; АВ томонидан 30.06.2001 йилда 1044-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). Ушбу норма маъносидан келиб чиқишича, модомики банк тўлов киритилиши учун жавобгар экан, у тўлов ҳужжатлари тўғри тўлдирилганлигини текшириши шарт. Зеро айни улар асосида пул маблағлари бир шахсдан бошқасига келиб тушади. Бинобарин, банк кассаси ходими зарурат бўлганда тўловчига квитанцияни тўлдириш тартибини тушунтириши ва қабул қилишдан олдин унинг тўғрилигини текшириши шарт.

 

Шу муносабат билан қуйидагиларни тавсия этамиз:

I. Хизматлар ҳақи нақд пул маблағлари билан тўланганда:

1) корхонада фискал хотирага эга назорат-касса машинасини ўрнатинг (Низом, ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига 1-илова) ва шартномага кўра тўловни мустақил равишда, кейинчалик банкка топширган ҳолда қабул қилинг;

2) жисмоний шахслар билан тузиладиган шартномаларда буюртмачининг тўлов тафсилотларини тўғри тўлдириш мажбуриятини қайд этинг. Масалан: «Буюртмачи Ижрочининг хизматлари ҳақини банк кассаси орқали нақд пул маблағлари билан тўлаганда квитанциядаги тўлов тафсилотларида тўлов амалга ошириладиган шартнома рақами ва санасини кўрсатиш мажбуриятини олади». Бунда тўғри тўлдирилган 002-Ш-ТХ-шаклдаги бланка намунасини сайтингизда жойлаштиринг.

 

II. Хизматларингиз ҳақи БПК ёрдамида тўланганда:

1) 2017 йилнинг 1 мартидан бошлаб чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари аҳолидан тўловлар пластик карточкалар ёрдамида қабул қилинишини таъминлайдиган, ўрнатиш мажбурий бўлган ҳисоб-китоб терминалларини ўрнатмаган тақдирда ўз фаолиятларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмайдилар (15.02.2017 йилдаги ПҚ-2777-сон қарорнинг 1-банди). Сиз аҳолига (жисмоний шахсларга) хизматлар кўрсатишингиз сабабли тўловларни БПКдан фойдаланиб қабул қилиш учун ҳисоб-китоб терминалини ўрнатинг;

2) буюртмачига хизматлар ҳақини БПК воситасида банк кассаси орқали тўлаш қулай бўлган ҳоллар учун ўз тўлов бланкангиз (квитанция) шаклини ишлаб чиқишингиз мумкин. Масалан, коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар тўлов бланкаларининг ўз шаклларини ишлаб чиқишга ҳақли (Йўриқноманинг 72-банди). Бошқа корхоналарга нисбатан бундай имконият Йўриқномада тўғридан-тўғри кўрсатилмаган, бироқ тақиқланмаган ҳам. Шу сабабли аҳолига хизматлар кўрсатувчи кўпгина корхоналар 002-Ш-ТХ-шаклдаги бланка талабларини ҳисобга олиб, тўлов бланкаларининг ўз шаклларини ишлаб чиқадилар.

Тўлов бланкасининг шаклини ишлаб чиқинг, уни сайтингизда жойлаштиринг ва тузилган шартномага илова қилинг. Тўлдирилган намунада «Тўлов мақсади» сатрини қуйидагича акс эттиринг: «Суюнов Б.нинг ҳужжатларини расмийлаштириш учун ___ даги ___-сон шартнома бўйича тўлов».

 

Буюртмачи учун бошқа шахслар ҳақ тўлаганда нима қилмоқ керак?

I. Агар буюртмачи жисмоний шахс хизматларингиз ҳақини бошқа жисмоний шахснинг (акаси, ўртоғи ва ҳ.к.) БПК воситасида тўлаган бўлса, у буни қилишга ҳақли1. Юқорида кўрсатилган тавсияларга риоя этган ҳолда буюртмачини, шартнома рақами ва санасини осон идентификациялай оласиз.

II. Жисмоний шахс учун юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ҳақ тўлаган бўлса, бунга ҳуқуқий асос (юридик ҳужжат)2 бўлиши керак. Асослар мавжуд бўлмаганда мазкур операция қонун ҳужжатлари билан тақиқланган учинчи шахс учун тўлов деб тан олиниши мумкин. Белгиланган ҳақ тўлаш тартибини бузиш даромадни яшириш деб баҳоланади ва айбдорларга нисбатан қонунларда кўзда тутилган жазо чоралари қўлланилади (9.08.1996 йилдаги ПФ-1504-сон Фармоннинг 5-банди).

Буюртмачи учун учинчи шахсдан ҳақ олиб, сиз:

а) хизматлар ҳақини тўлаган шахсга у билан учинчи шахс фойдасига шартнома тузишни таклиф қилишингиз мумкин (ФКнинг 362-моддаси)3. Бу ҳолда айни тўловни тўлаган шахс буюртмачи ҳисобланади. Худди шу предмет бўйича жисмоний шахс билан илгари тузилган шартномани бекор қилиш керак бўлади;

б) тўланган тўловни қайтаришингиз мумкин, сабаби тўлов сиз билан шартнома тузмаган шахсдан келиб тушган.

 

Сабоҳат Султонова,

«Norma Online» эксперти.

 


1«Плачу за всех...» материалига қаранг («Норма» газетасининг 27.08.2011 йилдаги 35 (320)-сони).

2Масалан, кафолат шартномаси ёки қарзни ўтказиш тўғрисида келишув ва ҳ.к.

3Масалан, Петров И.В. учун ҳужжатларни расмийлаштириш шартнома предмети бўлади.

Прочитано: 1854 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика