Norma.uz

Олий ўқув юртига киришдаги янги қоидалар

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 393-сон қарори билан олий таълим муассасаларининг бакалавриати ва магистратурасига талабаларни ўқишга қабул қилишнинг янги тартиблари тасдиқланди.

Мазкур қарор билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низомда белгиланишича, олий таълим муассасалари қабулни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида қабул квоталарига мувофиқ амалга оширадилар.

 

Қандай принциплар асосида?

Олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тест синовлари натижаларига кўра тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларига қабул барча учун (ҳам грантлар, ҳам тўлов-контракт бўйича) тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, тест синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган абитуриентлар тест баллари рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.

 

Мақсадли қабул

Танлов ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича таълим йўналишлари, ўқитиш тиллари ва шаклларига кўра алоҳида ўтказилади. Айрим йўналишлар бўйича ҳудудлар кесимида мақсадли қабул квоталари тасдиқланган тақдирда, танлов ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказилади. Мақсадли қабул танловида қатнашиб давлат гранти асосида қабул қилинмаган абитуриентлар мазкур таълим йўналишида тўплаган тест баллари билан умумий тўлов-контракт доирасидаги танловда иштирок этади.

Республика Президентининг 2017 йил 5 майдаги «2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги ПҚ-2955-сон қарорига мувофиқ 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан юқори малакали тиббиёт кадрларига ўткир талаб мавжуд бўлган ҳудудлар учун мақсадли қабул бўйича квоталарни Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлашнинг умумий белгиланган параметрлари доирасида ажратиш бўйича таклифи қабул қилинган.

 

Қўшимча қабул қачондан бошланади?

Олий таълим муассасаларининг таклифига мувофиқ, уларнинг имкониятлари, танлов ва тўпланган баллар миқдоридан келиб чиқиб, Давлат комиссияси қарори асосида абитуриентлар тўлов-контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Қўшимча қабулни амалга ошириш таклифлари олий таълим муассасалари томонидан бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда 15 октябрга қадар Давлат комиссиясига киритилади.

Давлат комиссияси олий таълим муассасаларининг имконияти, танлов ва тўпланган баллар миқдоридан келиб чиқиб, оширилган тўлов-контракт шарти билан абитуриентларни қўшимча қабул қилиш кўрсаткичлари юзасидан 20 октябрга қадар қарор қабул қилади.

 

Ҳаммаси ариза асосида

Бунда:

баллар кетма-кетлиги бўйича рўйхатда олдинги ўринда турган абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосидаги ўқишни аризаси билан рад этган тақдирда ёки тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ой муддатда ариза бермаганда рўйхатдаги кейинги абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади;

қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш олий таълим муассасасининг бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолдаги таклифларига (қабул кўрсаткичлари бўйича) биноан Давлат комиссияси қарори асосида олий таълим муассасаларининг имконияти инобатга олиниб амалга оширилади.

 

Қўшимча қабул: кимлар биринчи навбатда?

Олий таълим муассасалари қўшимча қабулни Давлат комиссияси қарори билан белгиланган кўрсаткичларга мувофиқ тўплаган баллари энг юқори баллнинг 30% (68,0 балл)дан кам бўлмаган ва асосий қабул чегараларига 4 баллгача етмаган абитуриентлар орасидан баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширадилар.

 

МИСОЛ. Бир олийгоҳдаги муайян йўналиш учун тўлов-контракт ўтиш балли 130,5 балл бўлди. Мантиқан тушунарлики, «йиқилганлар» рўйхати 130,4 баллдан бошланади. 130,4 баллдан 126,5 баллгача олганлар қўшимча қабулга биринчи навбатда ҳақдор бўладилар. Бу ерда нормада таъкидланган қатъийликка амал қилиниши керак. Агар қўшимча қабул учун берилган жойлар шу 4 балл оралиғидаги абитуриентлардан тўлмаса, у ҳолда 126,4 баллдан то 68,0 баллгача олган абитуриентлар кетма-кетлик асосида қўшимча қабулдаги жойларга даъвогар бўлиши мумкин.

 

Контракт қандай миқдорда бўлади?

Оширилган тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига бир баллгача етмаган абитуриентлар учун – 1,5 баробар;

1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун – 2,0 баробар;

2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун – 2,5 баробар;

3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун – 3,0 баробар.

Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ушбу миқдорлар бўйича тўлов-контракт шартлари биринчи ўқув йили учун тўлиқ бажарилгандан сўнг абитуриент олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.

 

68 баллиларга алоҳида жой ажратилганми?

Кириш синовларида тўплаган натижалари 68,0 баллдан кам бўлмаган, асосий квоталар доирасида ва Давлат комиссияси томонидан белгиланган қўшимча ўринларга қабул қилинмай қолган ҳамда ўқиш истагини билдирган абитуриентларга биринчи ўқув йилида амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробардан ортиқ оширилган тўлов-контракт миқдорида тўлов тўлаш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилади ва бу абитуриент Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда тўлов-контракт шартларини бажаргандан сўнг, олий таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.

Бунда, биринчи ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори таълим йўналиши хусусиятидан келиб чиқиб, Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Республика олий таълим муассасаларига қўшимча қабул қилинган талабалар биринчи ўқув йилини тугатгандан сўнг кейинги ўқув йилидан бошлаб ўқишни амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдори асосида давом эттирадилар.

 

Қайси схема асосида

Олий таълим муассасаларига тўлов-контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилишни ташкил этиш қуйидаги схема бўйича амалга оширилади.

Биринчи (25 августга қадар). Абитуриентлар Давлат комиссияси томонидан белгиланган тартибда Президент қарори билан тасдиқланган квота доирасида талабаликка тавсия қилинади.

Иккинчи (15 сентябрга қадар). Тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар белгиланган тартибда шартнома маблағини тўлайди.

Учинчи (16-30 сентябрь). Давлат комиссияси тасдиқланган квота доирасида тўлов-контракт шартларининг бажарилишини мувофиқлаштиради.

Тўртинчи (1-10 октябрь). Даставвал, тўплаган баллари ўрнатилган квота доирасидаги қабул чегараларига 4 баллгача етмаган ва 68,0 баллдан кам бўлмаган, қўшимча оширилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар олий таълим муассасасига ариза беради. Кейин тўплаган баллари ўрнатилган квота доирасидаги қабул чегараларига 4 баллдан ортиқ етмаган ва 68,0 баллдан кам бўлмаган, биринчи ўқув йилига ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробардан ортиқ оширилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар олий таълим муассасасига ариза беради.

Бешинчи (10-15 октябрь). Олий таълим муассасаси қўшимча равишда ўқишга қабул қилиш ҳақидаги таклифларини бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Давлат комиссиясига тақдим этади.

Олтинчи (15-20 октябрь). Давлат комиссияси олий таълим муассасаларининг таклифлари асосида оширилган тўлов-контракт шарти билан абитуриентларни қўшимча қабул қилиш кўрсаткичлари тўғрисида қарор қабул қилади.

Еттинчи (20-30 октябрь). Оширилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриент тўлов-контракт шартларини тўлиқ бажаргандан сўнг олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.

Саккизинчи (1 ноябрь). Олий таълим муассасаси қўшимча оширилган тўлов-контракт асосида қабул қилинган абитуриентлар ҳақидаги маълумотни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Давлат тест марказига тақдим этади.

 

Ўқишга қабул қилиш тартиби

Олий таълим муассасалари Давлат комиссиясининг абитуриентларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тўғрисидаги қарори асосида 25 августга қадар абитуриентларни давлат грантлари бўйича талабалар сафига қабул қилиш ҳақидаги буйруқларни расмийлаштиради.

Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар (ҳужжат топширган таълим йўналиши бўйича тўлов-контракт асосидаги қабул квоталари доирасида белгиланган ўтиш баллини тўплаган бўлса) ва I гуруҳ кўзи ожиз ногиронлар қабули учун алоҳида давлат гранти ажратилиб, Давлат комиссияси қарори билан амалга оширилади.

Тўлов-контракт асосида абитуриентларни ўқишга қабул қилиш юридик ёки жисмоний шахслар томонидан ўқиш учун контрактда белгиланган маблағ миқдори 15 сентябрдан кечиктирилмай белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг, олий таълим муассасасининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларни 2 сентябрдан бошлаб дарсларга қатнашишга рухсат этиш тўғрисида олий таълим муассасасининг буйруғи расмийлаштирилади.

Қўшимча тўлов-контракт асосида ўқиш истагида бўлган абитуриентлар Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ушбу миқдорлар бўйича тўлов-контракт шартлари биринчи ўқув йили учун тўлиқ бажарилгандан сўнг абитуриент олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.

 

Фаррухжон Файзиев,

«Norma Hamkor» МЧЖ

эксперт-консультанти.

Прочитано: 3707 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика