Бизнинг МЧЖ кичик корхона ҳисобланади. Штатда атиги 3 киши бор. Кичик турғун ускунадан фойдаланган ҳолда пўлат тунукадан деталлар ишлаб чиқарамиз. Ишлаб чиқаришнинг технологик схемаси жуда оддий, ускунани фақат 2 та ходим ишлата олади.
Корхона маъмуриятида фақат директор ишлайди. У шахсан ўзи шартномаларни тузади, ҳужжатларни расмийлаштиради, шунингдек бухгалтер вазифасини бажаради.
Камерал назорат доирасида, 2016 йилги ҳисоб-китоб счёти бўйича оборотлар ва солиқ ҳисоб-китобларини ўрганиб, ДСИ қўшимча ҳисоблаб ёзилган солиқларни тўлаш ҳақида талабнома қўйди.
Солиқ органи улар қўшимча ҳисоблаб ёзилишини 2016 йилги тайёр маҳсулотни сотишдан оборот учта ходимни эмас, балки бешта ходимни талаб қилиши билан асослади. Солиқчиларнинг фикрича, корхона яна иккита ходимни ҳисобга олмаган ва уларнинг даромадини яширган. Шу сабабли тўланиши лозим бўлган ЖШДС, суғурта бадаллари ва ЯИТ қўшимча ҳисоблаб ёзилган.
Солиқ органининг хатти-ҳаракатлари тўғрими? У корхона тушуми миқдоридан келиб чиқиб ходимлари сонини белгилаши мумкинми? Бу қандай норматив ҳужжатлар билан тартибга солинган?
МЧЖ директори.
– Сизнинг ҳолатда солиқ органларининг хатти-ҳаракатлари ҳуқуққа зид. Амалдаги биронта норматив ҳужжатда корхона ходимлари сонини тушум миқдоридан келиб чиқиб белгилаш назарда тутилмаган.
2016 йилда солиқ солиш мақсадида савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш корхоналари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари белгиланган (АВ томонидан 23.02.2011 йилда 2200-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). Бу бошқа фаолият соҳаларидаги корхоналар, шу жумладан ишлаб чиқариш корхонаси учун татбиқ этилмаган.
Ходимлар сонининг энг кам меъёрини аниқлашда қуйидагилар ҳисобга олинган:
- чакана савдо корхоналари учун – савдо майдони ҳажми;
- умумий овқатланиш учун – корхона тури (қаҳвахона, ресторан, ошхона ва ҳ.к.) ва хизмат кўрсатиладиган столлар сони;
- қурилиш ташкилотлари учун – смета ҳужжатларига кўра меҳнат сарфи нормативи.
Бироқ ушбу ҳужжатда ҳам ходимлар сонини тушум миқдоридан келиб чиқиб белгилаш назарда тутилмаган.
2017 йил февралда қўллаш мураккаблиги сабабли у ўз кучини йўқотди.
Энди ташкилотлар (бюджет ташкилотларидан ташқари) ўз штат жадвалларини мустақил шакллантиришга ҳамда унда нормал фаолият юритиш учун зарур лавозимлар рўйхати ва сонини назарда тутишга ҳақлилар.
Ходимларнинг энг кам сони тушум миқдорини чеклашга асос бўла олмайди. Тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларидан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олишга ҳақли. Бу «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун (8-модда) билан кафолатланган.
Бундан ташқари, қонун ҳужжатларида тегишли Низом (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган) билан белгиланган тартибда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш назарда тутилган. Шу сабабли корхона раҳбари ўз мажбуриятлари билан бир қаторда бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин. Масалан, шартномалар тузиши, маҳсулотни реализация қилиши, омбор ҳисобини мустақил юритиши ва ҳ.к. «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ корхона раҳбари бухгалтерия ҳисобини мустақил юритишга ҳам ҳақли (11-модда).
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.