Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 23 / Бухгалтерга ёрдам

Ҳисобдор шахс – корпоратив банк картасидан фойдаланувчига эслатма

 

Корпоратив банк картасидаги маблағ – фирма мулки. Картани олгач, ҳисобдор шахсга айланасиз ва ундан ҳисобдан чиқарилган ҳар битта сумма учун жавобгар бўласиз. Шу сабабли картадаги маблағни сарфлашдан олдин ушбу эслатмани диққат билан ўқиб чиқинг.

 

 

ЭСЛАТМА

 

1

Ҳисобдор шахслар бўйича буйруқ билан танишинг

Фақат раҳбар буйруғи билан тайинланган ходим фирманинг корпоратив банк картасидан фойдаланишга ҳақли. Биринчи навбатда ушбу буйруқ билан танишинг.

Корпоратив картадан фойдаланишга ҳақли бўлган ҳисобдор шахслар рўйхатида сизнинг исми шарифингиз борлигига ишонч ҳосил қилинг.

Буйруқ ташкилот раҳбари (ёки имзолаш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс) томонидан имзоланган ва ташкилот муҳри билан (агар ташкилот муҳрга эга бўлса) тасдиқланган бўлиши керак.

Буйруқ санаси ва амал қилиш муддатлари ўтиб кетмаганлигига эътибор беринг.

Товарлар ёки хизматлар сотувчиси картани тақдим этувчидан ундан фойдаланишга ҳақлилиги тасдиғини талаб қилиши мумкин. Ҳисобдор шахслар тайинланиши тўғрисидаги буйруқ нусхаси доим ёнингизда бўлсин.

 

2

Моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома билан танишинг

Ҳисобдор шахс билан тўлиқ шахсий моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилади. Уни имзолаб, карта ва ундаги маблағлар бут сақланиши учун тўлиқ моддий жавобгарликни зиммангизга оласиз.

Шартномада баён этилган мажбуриятларингиз билан батафсил танишинг: уларни қай тартибда ва қандай муддатларда бажаришингиз керак, зиммангизга қандай жавобгарлик юкланади.

 

3

Картадан қандай харажатларни тўлаш мумкин

Корпоратив картадаги пул маблағларидан қатъий белгиланган мақсадларда фойдаланиш мумкин.

Фирма раҳбарининг ёзма буйруғи, фармойиши ёки унинг хизмат хати картадан харажат қилишга асос бўлади.

Картадаги пулни сарфлашдан олдин сизга ушбу харажатларни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган раҳбар имзолаган буйруқ (фармойиш, хизмат хати ёки бошқа ҳужжат) билан танишинг.

Буйруқдан бир нусха ёки унинг кўчирма нусхасини олинг. У кейинчалик сарфланган маблағлар тўғрисидаги ҳисоботни тузишда асқотади.

 

4

Картани олинг

Бухгалтерияда тилхат бериб картани олинг. Уни олиш учун асос – раҳбарнинг ёзма буйруғи.

Корпоратив карта моддий қимматлик ҳисобланади. Уни олганлигингиз ҳақида тилхат бергач, карта ва ундаги пул маблағлари бут сақланиши учун тўлиқ моддий жавобгарликни зиммангизга оласиз.

Картани олишдан аввал бухгалтерия ходими билан биргаликда ундаги пул маблағлари қолдиғини текширинг. У бухгалтерия ҳисоби маълумотларига мос келиши керак. Картадаги қолдиқни картани олганлигингиз ҳақидаги тилхатингизда ёки ҳисобга олиш журналида қайд этиш зарур.

Буйруқда белгиланган операцияларни бажариб бўлгач, картани унга илова қилинган ҳужжатлар ва ҳисобот билан бирга имзо чеккан ҳолда бухгалтерияга топширинг.

 

5

Корпоратив картадан қуйидаги мақсадда фойдаланиш тақиқланади:

● шахсий эҳтиёжларингиз, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш ҳисобига;

● бошқа жисмоний ва юридик шахслар харажатларини тўлаш;

● қайта сотиш мақсадида товарлар сотиб олиш;

● асосий воситаларни харид қилиш;

● нақд пул маблағларини олиш.

 

6

Харид қилаётганда ҳужжатларни талаб қилинг

Терминал чеки. Ҳар гал товарларни харид қилишда ёки хизмат ҳақини тўлашда терминал чекини талаб қилинг.

Чекда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

● сотувчининг номи ва манзили;

● чекни тузиш санаси ва вақти;

● харид (хизмат) қиймати.

Товар чеки. Кўпинча терминал чекида харид қилинган товарлар номи, уларнинг миқдори, нархи ва қиймати тўғрисидаги маълумотлар келтирилмайди. Шу сабабли унга қўшимча равишда товар чекини талаб қилинг.

Товар юкхати. Барча ташкилотлар ҳам товар чекини бермайди. Сизга қўшимча бошқа ҳужжатни беришни рад этишлари ҳам мумкин. Бундай ҳолларда юкхатни мустақил равишда расмийлаштиринг. Бунинг учун ёнингизда юкхатлар бланкалари бўлиши керак, уларни олдиндан бухгалтерияда олиш зарур.

Юкхатни тўлдираётганда товарларнинг ҳақиқатдаги рўйхати, уларнинг номи ҳамда натура ва пул ифодасидаги миқдорини кўрсатинг. Номи, миқдори, нархи ва қиймати расшифровкаланмаган умумий маълумотлар («ёзув-чизув қуроллари», «хўжалик моллари» ва ҳ.к. қабилидаги) бухгалтерия учун ҳисобот тузишда етарли бўлмайди.

Сотувчидан тўлдирилган юкхатни текширишни ҳамда уни имзо ва штамп (муҳр) билан тасдиқлашни сўранг.

Агар савдо шохобчасидаги сотувчида муҳр бўлмаса, зарур маълумотларни харид тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатишингиз керак бўлади.

Кўрсатилган хизматлар тўғрисидаги далолатнома. Одатда хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) тўғрисида далолатнома ва ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирадилар.

Ҳеч қачон терминал чеклари, товар чеклари, юкхатлар ва картадаги пул маблағлари сарфи билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни ташлаб юборманг. Улар ҳисобот тузаётганингизда асқотади ҳамда маблағлардан мақсадга кўра фойдаланганингиз асоси ва тасдиғи бўлиб хизмат қилади.

Чекларни ёруғлик ўтказмайдиган йиғмажилдларда сақланг. Қуёш нури остида ва ҳарорат юқори бўлганда ёзуви ўчиб кетади.

 

7

Харажатлар юзасидан ҳисобот беринг

Корпоратив картадан қилган харажатларингиз юзасидан ҳисобот беришингиз шарт.

Сарфланган маблағлар ҳақида ҳисобот топшириш муддатлари буйруқда кўрсатилган ёки тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномада назарда тутилган бўлиши керак.

Агар бундай муддатлар кўрсатилмаган бўлса, ҳисобот бериладиган картани олган кунингиздан бошлаб 10 кундан кечиктирмай ҳисоб беришингиз шарт.

Хизмат сафари харажатларини тўлаш учун берилган карта юзасидан хизмат сафаридан қайтгач, 3 кун ичида ҳисобот беринг.

Ҳисобот бухгалтерияга тақдим этилади. Шу ерда ҳисобот бланкасини олиш ва уни тўлдириш бўйича маслаҳат олиш мумкин.

Сотувчилардан олинган барча терминал чеклари, товар чеклари, юкхатлар ва ҳисобварақ-фактураларни ҳисоботга илова қилинг. Улар йўқолмаслиги учун альбом варағида ёнма-ён жойлаб, механик йўл билан (степлерда ва ҳ.к.) тикинг. Эҳтиёт бўлинг: елимнинг айрим турлари ва скотч чекдаги сиёҳни эритиб юборади!

Агар сотувчидан товар чекини (юкхат, ҳисобварақ-фактура) ололмасангиз, корпоратив картадан сиз ҳақини тўлаган товарлар (ишлар, хизматлар) номи, уларнинг ўлчов бирлиги, миқдори, нархи ва умумий қийматини харид тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатинг:

 

ТАСДИҚЛАЙМАН

«Nur» МЧЖ директори

Иброҳимов Р.А.

2017 йил «29» май.

ҲИСОБОТ

Мен, «Nur» МЧЖнинг харид бўйича мутахассиси Файзиев Ш.Р. ёзув-чизув товарларини: пластикдан ясалган ажраткични 4 дона миқдорда 6 825 сўм нархда, 27 300 сўмлик умумий суммада сотиб олиш учун корпоратив пластик карточкадан харажат қилдим. Терминал чеки илова қилинмоқда.

Харид бўйича мутахассис                               Ш.Р.Файзиев.

2017 йил «29» май.

 

8

Ҳисобдор шахснинг жавобгарлиги

Ёдингизда бўлсин: корпоратив картадаги пул маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун тўлиқ моддий жавобгарсиз.

Мақсадга номувофиқ ва ҳужжатлар билан тасдиқланмаган харажатлар иш ҳақингиздан ушлаб қолинади.

Ташкилотни хабардор қилмай, картадаги пул маблағларини ўзлаштириш алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш деб баҳоланади. Айбдор ЖКнинг 170-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликка (ЭКИҲнинг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари) тортилиши мумкин.

 

Шарофиддин ҲАЙДАРОВ,

ЎзР Молия вазирлигининг бухгалтерия ҳисоби ва
аудит услубияти бошқармаси бошлиғи.

Прочитано: 2243 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика