Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 23 / Ҳисобот тўлдирамиз

ХМҲСга трансформациялаш: асосий воситалар

 

Ўзбекистонда халқаро молиявий ҳисобот стандартларини (ХМҲС) жорий этиш ва қўллашга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Бу корпоратив бошқарув самарадорлиги, инвестицион жозибадорлик, рақобатбардошликни ошириш ва бизнеснинг очиқ-ойдинлигини таъминлашнинг энг муҳим омилларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси ичида амал қиладиган бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларига (БҲМС) асосланиб тузилган молиявий ҳисоботни қўллаш хорижий инвесторлар Ўзбекистондаги компаниялар молия-ишлаб чиқариш фаолиятининг барча жиҳатларини етарли даражада тушуниб етишини тўлиқ кафолатлай олмайди.

ХМҲСни Молия вазирлиги тимсолидаги регулятор босқичма-босқич ва узоқни кўзлаб жорий этмоқда. Бу уларни жадал жорий этишда «катта портлашни» афзал кўрган давлатлар тўқнаш келган кўп қийинчилик ва муаммоларни туғдирмайди.

Биринчи навбатда ХМҲСни оммавий қизиқиш уйғотувчи субъектлар жорий этадилар ва қўллайдилар. Молия-кредит ташкилотлари ва акциядорлик жамиятлари қонунчиликка биноан молиявий ҳисоботни ХМҲСга мувофиқ шакллантиришлари шарт. Уларда нафақат ХМҲС назариясига, балки уларни амалда қўллаш кўникмасига эга мутахассисларга талаб мавжуд. Бундай мутахассислар учун касбга оид улкан истиқболлар очилмоқда, рақобатбардошлиги ошмоқда.

 

«Baker Tilly Uzbekistan» экспертлари тайёрлаган мақолалар туркуми ХМҲСни амалий жиҳатдан ўзлаштиришда ёрдам беради. ХМҲСни яхшироқ тушуниш учун миллий ва халқаро стандартларни солиштириш усулидан кенг фойдаланилган.

Даставвал БҲМС ва ХМҲС талабларига мувофиқ асосий воситалар ҳисобини юритишда учрайдиган асосий фарқларни кўриб чиқамиз.

 

Нималар билан тартибга солинади

Мулк, хўжалик юритиш ёки тезкор бошқарув ҳуқуқлари асосида хўжалик юритувчи субъектга тегишли бўлган АВ ҳисобини юритиш 5-сон БҲМС «Асосий воситалар» (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади. Шунингдек асосий воситаларни қайта баҳолаш қоидалари амал қилади (АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

Халқаро амалиётда АВ ҳисобини юритиш учун ХМҲС (IAS) 16 «Асосий воситалар» қўлланади. Бошқа ХМҲС таъсирини ҳам инобатга олиш зарур, уларга қуйидагилар киради:

● IAS 17 «Ижара»;

● IAS 20 «Давлат субсидиялари ҳисоби ва давлат кўмаги тўғрисидаги ахборотни очиб бериш»;

● IAS 21 «Валюта курслари ўзгаришининг таъсири»;

● IAS 23 «Қарзга доир харажатлар»;

● IAS 36 «Активларни арзонлаштириш»;

● IAS 40 «Инвестицион кўчмас мулк»;

● IFRS 5 «Сотиш учун мўлжалланган оборотдан ташқари активлар ва тўхтатилган фаолият»;

● IFRIC 1 «Асосий воситаларни демонтаж қилиш ва тугатиш, атроф муҳитни тиклаш мажбуриятлари ва бошқа шунга ўхшаш мажбуриятлардаги ўзгаришлар».

Ушбу таъсир юқорида кўрсатилган стандартларнинг нормалари бир қатор ҳолатларда ХМҲС 16 га нисбатан устуворликка эгалигида акс этиши мумкин.

Халқаро стандартларда инвестицион мулк – мулкда ёки молиявий ижара шарти билан эгаликда бўлган ҳамда операцион ижарадан ёки капитал кўпайишидан ёхуд биргаликда иккаласидан даромад олиш учун мўлжалланган активлар (кўчмас мулк ва ер) сингари узоқ муддатли активларнинг махсус тоифалари ажратилган. Бундай активнинг алоҳида тоифага ажратилишига улар бошқа активлардан мустақил равишда пул оқимларини салмоқли даражада генерациялаши сабабчи бўлган.

Қуйидагилар ушбу тоифага кириши мумкин: узоқ муддатли истиқболда капитални кўпайтириш учун мўлжалланган ер; мақсади белгиланмаган ер; оператив ижарага берилган ёки шунга мўлжалланган бинолар; келгусида оператив ижарага бериш учун қурилаётган (реконструкция қилинаётган) кўчмас мулк. Молиявий ижара шартномасига кўра ижарага берилган ёки кейинчалик сотишга мўлжалланган, шунингдек буюртмачининг топшириғига кўра қурилиш пудрати доирасида қурилаётган кўчмас мулк инвестицион мулкнинг ушбу тоифаси ҳисобланмайди ва алоҳида стандартлар билан бошқарилади.

 

Профессионал мулоҳаза

Амалиётда қизиқарли ва етарлича мураккаб ҳолатлар учрайди. Мисол учун, бинонинг бир қисмидан операцион ижарага бериш учун, бошқа қисмидан эса – ишлаб чиқариш ёки офис учун ўз мақсадларида фойдаланишни олайлик. Ёки мулкдор қўшимча салмоқли хизматлар кўрсатади. Масалан, меҳмонхона эгаси уни бошқарувга беради, бундай шартномалар шартлари турлича бўлиши мумкин.

Консолидацияланган ҳисоботни тайёрлаш хусусиятлари асосий воситалар ҳисобини юритиш амалиётидаги бошқа қизиқарли ҳолатларга киради. Айтайлик, корхона мулкида бино бор, уни шуъба фирмасига ёки бош компанияга (муассисга) операцион ижарага беради. Консолидацияланган ҳисоботда бутун компания гуруҳи позициясидан уни «эгаликдаги кўчмас мулк» сифатида кўрсатишимиз керак. Индивидуал молиявий ҳисоботда эса уни «инвестицион мулк» сифатида акс эттиришимиз лозим.

Бундай ҳолларда аудитор ёки бухгалтернинг профессионал мулоҳазасидан фойдаланиш даркор. Ҳозирча у мамлакатимиз молиявий ҳисоб амалиётида одатий тус олмади, аслида бутун жаҳонда ХМҲСда кўп ҳолларда асосли равишда қўлланилиб келади.

Профессионал мулоҳаза – ваколатли ва масъул ходимнинг молиявий ҳисоботдаги ҳисоб объектини эътироф этиш ва баҳолаш тафсилотлари ҳақидаги хулосаси. Бошқача айтганда, иқтисодий ноаниқлик шароитида бошқарув юзасидан қарор қабул қилинишига таъсир ўтказа оладиган мавжуд барча объектив омилларнинг профессионал баҳоланиши.

Одатда халқаро ҳисоб бўйича мутахассис масъул шахс ҳисобланади. Шаклланган мулоҳаза молиявий хизмат (бухгалтерия) раҳбари томонидан тасдиқланган бўлиши керак. Бир қатор ҳолларда мураккаб вазиятларни молиявий директор ва, анча кенг тарқалганидек, малакали аудиторлар билан қўшимча равишда келишиш талаб қилинади. Шу сабабли корхонада профессионал мулоҳазани шакллантириш ва тасдиқлаш тартибини белгилаш муҳим. Халқаро ҳисоб бўйича мутахассис нафақат муайян хўжалик операциясини ҳисоботда тан олиш-олмаслик, уни акс эттириш санасини белгилаш ва миқдорини баҳолаш ҳақида мустақил қарор қабул қила олиш, балки назорат тизимини шакллантириш имконига ҳам эга бўлиши керак. Профессионал мулоҳаза мақсади – операцияларни молиявий ҳисоботда тўғри акс эттириш ва унинг миқдорини тўғри баҳолаш. Демак, ушбу соҳада жиддий хатоларга йўл қўйиб бўлмайди, сабаби бу ХМҲС бўйича молиявий ҳисобот нотўғри бўлишига олиб келиши мумкин.

Амалий тренингларимизда ХМҲС бўйича молиявий ҳисобот нотўғри бўлганда давлат улушига эга АЖ учун жавобгарлик ҳақида кўп савол берадилар. «Стандартга мувофиқ эмас. Нима бўлади?» («СБХ»нинг 16.02.2016 йилдаги 7-сони) материали билан танишиб чиқишингизни тавсия этамиз.

Профессионал мулоҳаза муайян актив ёки мажбурият, даромад ёки харажат ҳақидаги бошланғич ахборотни таҳлил қилиш ва унга ишлов бериш асосида шакллантирилади. Ҳодисалар (шу жумладан эҳтимолий); ҳуқуқий шакл ва иқтисодий мазмун нисбати; объектнинг иқтисодий наф келтириш эҳтимоли, фойдали хизмат муддати ёки унинг эскириш эҳтимоли; шубҳали дебиторлик қарзини сўндириш реаллиги; компаниялар мажбуриятлари бўйича эҳтимолий мурожаатлар сони; якунда судда иш кўриш эҳтимоли ва бошқа омиллар ўрганилади. Мулоҳаза мутахассиснинг тажрибаси, объектив ҳолатлар ва маълумотлар (нафақат ҳужжатли) ва ҳатто ҳис-туйғусига ҳам боғлиқ бўлади.

Шу сабабли молиявий ҳисоботни ХМҲСга трансформациялаш молиявий хизматлар ва назорат органларининг молиявий директорлари, бош бухгалтерлари, ходимлари профессионал онгининг жиддий мослашувини, шунингдек профессионал тай­ёргарлик даражаси оширилишини талаб қилади. Айниқса мураккаб вазиятларни ҳал этишда мустақил равишда ёки маслаҳатчи-аудиторлар ёрдамида профессионал мулоҳазаларни шакллантиришга доир амалий кўникмалар ишлаб чиқилган бўлиши лозим.

 

ХМҲС ва БҲМС бўйича активлар тоифалари

ХМҲСда қуйидаги таърифлардан фойдаланилади:

«эгаликдаги кўчмас мулк» – мулкда ёки молиявий ижара ҳуқуқида эгаликда бўлган ҳамда товарлар ишлаб чиқариш, етказиб бериш, хизмат кўрсатиш ёки маъмурий мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган кўчмас мулк;

«сотиш учун мўлжалланган узоқ муддатли активлар» – дарҳол сотишга тайёр бўлган ҳамда улар юзасидан раҳбариятнинг сотиш ҳақидаги қарори ва режаси бўлган, шунингдек одатда 1 йил давомида сотиш бўйича фаол хатти-ҳаракатлар амалга оширилаётган (харидори изланаётган) активлар. Бундай активлар молиявий ҳисоботда алоҳида тақдим этилиши керак.

Активларнинг ушбу тоифалари алоҳида БҲМСда назарда тутилмаган. Уларни алоҳида мақолаларда кўриб чиқамиз.

ХМҲСда асосий воситалар моддий активлар сифатида таърифланади, улар:

а) товарлар ишлаб чиқариш ёки етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш жараёнида, ижарага беришда ёки маъмурий мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган;

б) биттадан ортиқ ҳисобот даври мобайнида фойдаланилиши мўлжалланаётган. ХМҲС бўйича асосий воситалар – оборотдан ташқари активлар.

БҲМСга мувофиқ асосий воситалар деганда корхона томонидан узоқ муддат давомида хўжалик фаолиятини юритишда маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланиш учун тутиб туриладиган моддий активлар тушунилади. БҲМС бўйича асосий воситалар – узоқ муддатли активлар.

 

Бу – муҳим!

Активлар, шу жумладан асосий воситалар – мулк объектлари эмас, моҳиятан олганда эса – корхонага муайян усулда даромад келтирадиган ресурсни харид қилишга йўналтирилган корхона харажатлари. Шу сабабли профессионал мулоҳазани қўллаш ва ресурсларни харид қилиш харажатларини ё жорий давр харажатлари сифатида, ёхуд активлар сифатида баҳолаш зарур. Агар катта харажат қилинмаган, уларни тўғри баҳолаш мушкул бўлса, улар келгусида иқтисодий наф келтирмаса ва узоқ вақт мобайнида қўлланмаса, уларни жорий давр харажатлари деб тан олиш лозим. Агар харажатлар юқорида тилга олинган тан олиш мезонларига жавоб берса, актив сифатида тан олиниши керак.

 

Мисол учун, эҳтиёт қисмлар ва ёрдамчи (сервис) ускуналар одатда захирада акс эттирилади. Бироқ ХМҲСда йирик эҳтиёт қисмлар, резерв ва сервис ускуналари асосий воситалар сифатида ҳисобга олинадиган ҳолатларни кўриб чиқиш кўрсатмаси берилади. Асосий шарти – корхона уларни қандай: узоқ вақт (ҳисобот давридан ортиқ) ёки фақат АВ асосий объектидан фойдаланиш муносабати билан қўллашни мўлжаллашида. Бундан ташқари, айрим ҳолларда корхона асбоблар, штамплар, шаблонларни ягона агрегирланган таърифга бирлаштириши (мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқиб) ва юқорида айтиб ўтилган тан олиш мезонларидан фойдаланиши мумкин. Бундай ҳолларда ҳам профессионал мулоҳаза қўлланилади.

Умуман олганда асосий воситалар таннархи БҲМСдагига ўхшаб – тўғридан-тўғри харажатлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади. Улар савдо чегирмаларини, шунингдек активни етказиб бериш ва фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш билан боғлиқ харажатларни чегирган ҳолда, импорт божлар ва қопланмайдиган солиқлар (мавжуд бўлганда) билан харид нархини ўз ичига олади. Бироқ муҳим хусусиятлар мавжуд, улар ҳақида келгуси материалларда сўз юритамиз.

5-сон БҲМСда моддий активларни тан олишнинг 2 та мезони белгиланган, уларга мувофиқ келганда асосий воситалар деб тан олинади. Булар: 1 йилдан ортиқ хизмат муддати ҳамда бир бирлик (раҳбар қуйироқ чегарани белгилашга ҳақли) учун харид пайтида Ўзбекистонда белгиланган ЭКИҲнинг 50 бараваридан ортиқ қиймат. ХМҲС 16 да АВ қиймати бўйича чекловлар мавжуд эмас. Компания қандай активларни асосий воситалар деб ҳисоблашни мустақил белгилашга ҳақли. Тан олиш мезонларига, шу жумладан бир қатор ҳолларда профессионал мулоҳазадан фойдаланиб, риоя этиш муҳим.

ХМҲСда фойдаланиш муддати 1 йилдан ошиши мумкин бўлса ҳам, асосий воситалар таркибига киритиб бўлмайдиган аниқ буюмларнинг алоҳида рўйхати мавжудми? БҲМСда бундай рўйхат бор (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»). Булар қуйидаги инвентарь ва хўжалик анжомларидир:

а) махсус асбоблар ва мосламалар (муайян буюмларни туркумли ва оммавий ишлаб чиқариш ёки якка тартибдаги буюртмани тайёрлаш учун мўлжалланган мақсадли вазифадаги асбоблар ва мосламалар);

б) махсус ва санитария кийимлари, махсус пойабзал;

в) кўрпа-тўшаклар;

г) ёзув-чизув анжомлари (калькуляторлар, стол устига қўйиладиган асбоблар ва ҳоказо);

д) ошхона инвентари, шунингдек сочиқ-дастурхонлар;

е) барпо этиш харажатлари қурилиш-монтаж ишларининг таннархига киритиладиган вақтинчалик (титулда бўлмаган) иншоотлар, мосламалар ва қурилмалар;

ж) фойдаланиш муддати 1 йилдан кам бўлган алмаштириладиган ускуналар;

з) овлаш қуроллари (траллар, ёйма тўрлар, тўрлар, анжомлар, матраплар ва ҳоказо).

ХМҲСда «инвентарь ва хўжалик анжомлари» деган таъриф ҳам, шунингдек бухгалтерия амалиётимизда тарқалган «кам баҳоли ва тез эскирувчи буюмлар» (КТБ) тушунчаси ҳам йўқ.

Шу тариқа, молиявий ҳисоботни миллий тизимдан халқаро тизимга трансформациялаётганда инвентарь ва хўжалик анжомларининг бир қисми АВ мезонларига мувофиқ келса, ХМҲС бўйича ҳисоботда асосий воситалар таркибида ҳисобга олинади. Ва, тегишинча, ХМҲС 16 да белгиланган тартибга мувофиқ амортизацияланади. Шу сабабли ХМҲС бўйича молиявий ҳисоботни тайёрлашнинг ушбу қисмида ҳам активларнинг мазкур турлари таркибини мустақил равишда ёхуд малакали ­аудиторларни жалб этган ҳолда таҳлил қилиш зарур.

БҲМСнинг ХМҲСдан яна бир муҳим фарқи бор – халқаро ҳисобда балансдан ташқари счётлар мавжуд эмас. Корхона эгалик қиладиган ва ҳатто келгусида иқтисодий наф олиш мақсадида мулк ҳуқуқини ўтказмай фойдаланадиган барча буюмлар унинг балансида ҳисобга олинади.

Балансдан ташқари счётлар мавзуси ХМҲС тизими ва ушбу соҳа мутахассислари учун улкан муаммодир. Трансформация қилишда ушбу ҳисоб объектларини ХМҲС бўйича молиявий ҳисоботда қандай қилиб ишончли ва тўғри акс эттириш мумкин деган мураккаб саволлар юзага келади. Бир қатор ҳолларда ушбу услубий муаммо IAS 37 «Захиралар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар»ни қўллаб ва изоҳларда очиб бериш йўли билан ҳал этилади.

БҲМС билан асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисоби бирлиги белгиланади, у инвентарь объекти ҳисобланади. Қуйидагилар АВ инвентарь объекти ҳисобланади:

● барча қурилмалари ва анжомларига эга бўлган объект;

● муайян мустақил вазифаларни бажариш учун мўлжалланган алоҳида конструктив асосдаги буюм;

● бутун бир яхлитликни ифодаловчи ва муайян ишларни бажариш учун мўлжалланган конструктив жамланган буюмларнинг алоҳида мажмуи. Бу умумий мосламаларга ва анжомларга, умумий бошқарувга эга, бир пойдеворда қурилган, бир ёки турли мақсадларга мўлжалланган битта ёки бир нечта буюмлардир. Мажмуага кирувчи ҳар бир буюм ўз вазифасини мустақил равишда эмас, балки фақатгина мажмуа таркибида бажара олади.

Битта АВда турлича фойдали хизмат муддатига эга бир нечта мустақил объектлар мавжуд бўлганда, ҳар бир бундай объект бухгалтерия ҳисобида алоҳида мустақил инвентарь объект сифатида тан олинади.

ХМҲС 16 тан олиш чоғида фойдаланилиши керак бўлган ўлчов бирлигини, яъни АВ объектини айнан нима ташкил этишини белгиламайди.

ХМҲС 16 талаби – компонент қийматининг яхлит асосий воситалар объекти жами қийматига, унинг фойдали хизмат муддатига нисбатан баҳоланишидан келиб чиқиб АВнинг алоҳида компонентлари ҳисобини алоҳида-алоҳида юритиш. Агар алоҳида компонентни ажратиш ва яхлит АВдан алоҳида сотиш ёки мустақил равишда молиявий ижарага бериш мумкин бўлса, компонент ҳисоби қўлланади. Бунда амортизация фойдали хизмат муддатидан (ФХМ) келиб чиқиб ҳар бир компонентга мустақил ҳисоблаб ёзилади.

Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларида тан олиш пайтида асосий воситалар ўлчов бирлигини белгилаш ХМҲС 16 талабларига зид келмайди. Компонент ҳисобини юритиш талаби, ХМҲСда бўлгани сингари, БҲМСда ҳам назарда тутилган.

Миллий стандартларда ХМҲСда мавжуд қуйидаги таърифлар назарда тутилмаган:

қадрсизланишдан кўрилган зарар – активнинг баланс қиймати унинг қопланадиган миқдоридан ошадиган сумма;

қопланадиган қиймат – иккита сондан энг каттаси: сотиш харажатлари чегирилган активнинг адолатли қиймати ёки ундан фойдаланиш қиймати;

корхона учун ўзига хос қиймат – корхона активдан фойдаланишда давом этишдан ва фойдали хизмат муддати тугаганда унинг чиқиб кетишидан олишни ёки қандайдир мажбурият сўндирилаётганда тўлашдан кутаётган, келтирилган пул маблағлари оқимлари қиймати.

Шу тариқа, активларни АВ сифатида тан олиш тўғрисидаги ХМҲС ва БҲМСнинг энг умумий талабларини кўриб чиқаётганда таърифларда жиддий фарқлар йўқ деган хулосага келиш мумкин: агар келгусида активлардан иқтисодий наф олиш ва активнинг ҳақиқий қийматини ишончли баҳолаш мумкин бўлса, асосий воситалар актив сифатида тан олинади.

Бунда ХМҲСга мувофиқ, таърифга ва АВ сифатида тан олиш мезонларига жавоб берувчи барча объектлар, қийматидан қатъи назар, асосий воситаларга киритилиши керак. Бироқ етарли миқдордаги ўзига хос хусусиятлар ва жиҳатлар мавжуд бўлиб, улар ХМҲСни ва молиявий ҳисоб мақсадлари учун у ёки бу хулосаларни асосли қўллаш мақсадга мувофиқлигини чуқур ўрганиш заруратини белгилаб беради.

ХМҲСнинг яна бир муҳим хусусияти – асосий воситалар таърифига ишлаб чиқариш ва корпоратив активлар* ҳам, капитал қўйилмалар ҳам мос келади. Корпоратив активларга қуйидагилар мисол бўлади: бош офис биноси, маълумотларга электрон ишлов бериш ускунаси ёки илмий-тадқиқот маркази – улар амалиётимизда ноишлаб чиқариш АВ деб номланади. Корпоратив активларнинг фарқланувчи хусусияти шундаки, улар пул оқимларини мустақил ҳосил қилмай, фақат келгусида пул маблағлари келиб тушишига имкон яратадилар. БҲМСга мувофиқ капитал қўйилмалар молиявий ҳисоботда баланснинг алоҳида моддасида кўрсатилади. Халқаро стандартлар бўйича эса молиявий ҳисоботда «Асосий воситалар» моддаси қуйидагича шаклланади:

асосий воситалар – жамғарилган амортизация – қадрсизланишдан кўрилган зарар + капитал қўйилмалар + АВ учун тўланган аванслар.

 

Амалий муаммо. БҲМСда асосий воситалар объектларини активлар сифатида тан олиш мезонлари ХМҲС Концепциясида баён этилган активларни тан олиш умумий мезонларига ўхшаш.

Бироқ амалиётда бухгалтер АВ объекти уларни активлар сифатида тан олиш мезонларига қанчалик жавоб беришини баҳолаётганда кўпинча объектдан иқтисодий наф олиш эҳтимолини аниқ баҳолай олмаслик муаммосига тўқнаш келади.

Одатда қуйидаги асосий воситаларни активлар сифатида тан олишда ушбу муаммо юзага келади:

1) хавфсизликни таъминлаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш учун сотиб олинган (ХМҲС 16 нинг 11-банди), келгусида иқтисодий наф кўпайиши билан бевосита боғланмаган, бироқ бунинг учун зарур бўлган (масалан, тозалаш фильтрлари, шовқинни камайтирувчи экранлар ва ҳ.к.).

 

МИСОЛ. Нефтга қайта ишлов берувчи фирма 1.01.2016 йилда қиймати 56 000 минг сўмлик тозалаш иншоотларини ишга туширди.

5-сон БҲМСга мувофиқ, миллий ҳисобда ушбу харажатлар асосий воситалар таркибига киритилади, яъни узоқ муддатли активлар деб тан олинади. Бу ХМҲС 16 талабларига мувофиқ келадими?

Ушбу ҳолатда – ҳа. Шу билан бирга ХМҲС (IAS) 36 га мувофиқ АВни қадрсизланиш юзасидан мунтазам тестдан ўтказиб туриш зарурати туғилади;

 

2) ишлаб чиқариш мақсадида эмас, балки маъмурий мақсадларда фойдаланиладиган, яъни ишлаб чиқариш, савдо ёхуд фойда ёки бошқа даромад келтирадиган бошқа жараёнда бевосита иштирок этмайдиган бинолар, иншоотлар, машиналар ва ускуналар. Корхона маъмурияти эгаллаган бинолар, тадқиқот марказлари, маълумотларга электрон ишлов берувчи ускуналар ва ҳ.к. бундай активларга мисол бўлади. Бу ҳолда, юқорида келтирилган мисолда бўлганидек, ­5-сон БҲМС бўйича маъмурий эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган асосий воситаларнинг тан олиниши ХМҲС 16 талабларига мос келади.

Бунда алоҳида активнинг адолатли қийматини (сотиш харажатларини чегирган ҳолда) белгилашнинг имкони бўлмаган вазиятда қадрсизланиши юзасидан тест ўтказиш мақсадида ХМҲСда ушбу актив функционал жиҳатдан тегишли бўлган активларнинг бутун гуруҳи қиймати аниқланади. Мазкур вазифани бажариш учун ХМҲСда таъриф – ПМГБ мавжуд.

ХМҲС 36 бўйича «Пул маблағларини генерацияловчи бирлик (ПМГБ) – пул оқиб келишини генерацияловчи, бошқа активлар ёки активлар гуруҳларидан пул оқиб келишига кўп даражада боғлиқ бўлмаган энг кичик идентификацияланадиган активлар гуруҳи».

Мазкур ҳолатда – идентификацияланадиган, яъни танловимизга асосланган. Бу менежернинг профессионал мулоҳазаси дея номланади.

 

МИСОЛ. Кон саноати корхонаси ўз қазиб чиқариш фаолиятини таъминловчи темир йўлга (тармоғига) эга. Темир йўл тармоғини фақат темир-терсак парчалари қийматида сотиш мумкин, у шахтанинг бошқа активларидан пул маблағлари оқимларига кўп даражада боғлиқ бўлмаган пул тушумини юзага келтирмайди.

Темир йўлнинг қопланадиган қийматини баҳолаб бўлмайди, сабаби ундан фойдаланиш қимматини алоҳида белгилашнинг имкони йўқ, темир-терсак парчалари қийматидан фарқланиши эҳтимол. Бинобарин, корхона темир йўл тармоғи ҳам таркибига кирувчи генерацияловчи бирликнинг (яъни умуман олганда бутун шахтанинг) қопланадиган қийматини баҳолайди;

 

3) ноишлаб чиқариш ёки ижтимоий соҳа объектлари – корхона ходимлари ёхуд раҳбарияти эҳтиёжлари учун профилакторийлар, болалар боғчалари ва шунга ўхшаш бошқа объектлар, уларни тутиб туриш ҳақини корхона тўлайди, бироқ ушбу объектлардан тижорат даромадларини олмайди.

Бу турдаги асосий воситалар объектлари ёки асосий воситалар сирасига аниқ киритиб бўлмайдиган оборотдан ташқари моддий объектлар амалиётда корпоратив активлар сифатида таснифланиши мумкин (ХМҲС 36 «Активларнинг қадрсизланиши» 6, 100–102-бандлари).

Бундай активлар даромад топиш умумий жараёнига ўз ҳиссасини қўшади, бироқ бошқа активлардан қатъи назар, даромад келтира олмайди (пул оқимларини генерациялай олмайди). Корпоратив активлар АВ таърифига қанчалик мувофиқ келишига қараб, асосий воситалар ёхуд бошқа оборотдан ташқари активлар таркибига киритилиши мумкин. Масалан, корхона маъмурияти биноси асосий восита таърифига мос келади, сабаби ундан маъмурий мақсадларда фойдаланилади (ХМҲС 16 нинг 6-бандида акс эттирилган). Завод профилакторийси ёки болалар боғчаси эса АВ таърифига мос келмайди, чунки улардан товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш ёки етказиб бериш, бошқа компанияларга ижарага бериш учун ёки маъмурий мақсадларда фойдаланилмайди.

 

Олег ДАМИНОВ,

«Baker Tilly Uzbekistan» компаниялар гуруҳи
бошқарувчи ҳамкори,

Елена ТАЙМАЗОВА,

ХМҲС гуруҳи раҳбари.

____________________

Давоми бор.

 

*Корпоратив активлар (IAS 36) – гудвиллдан ташқари, келгусида пул маблағлари келиб тушишига имкон берувчи активлар.

Прочитано: 2293 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика