Norma.uz

Ташкилот ва фуқароларнинг транспортидан фойдаланганлик учун зарар қандай қопланади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 24.04.2017 йилдаги 235-сон қарори билан Ички ишлар органлари томонидан ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланганлик натижасида қилинган харажатлар ёки етказилган зарар, шунингдек транспорт воситасининг эгасига етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Ички ишлар органлари (ИИО) ходимлари қуйидаги ҳолларда ташкилотларнинг ёки фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тартибда фойдаланиши мумкин:

► табиий офат ёки фавқулодда ҳолат юз берган жойга боришда;

► шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббий муассасаларга олиб боришда;

► жиноят содир этган шахсларни таъқиб қилиш ва уларни ички ишлар органларига олиб келишда;

► ҳодиса жойига олиб боришда ёки шахсий таркибни жанговар тревога бўйича тўплаш жойига йиғишда («Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддаси).

Низомда қуйидагилардан фойдаланишга йўл қўйилмайди:

► чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарига, шунингдек халқаро ташкилотларга тегишли бўлган автомобиллардан;

► махсус мўлжалланган ва сирена ўрнатилган транспорт воситаларидан, шунингдек Ҳукумат раҳбарларини олиб юрувчи, тиббий тез ёрдам, ёнғин ўчириш, конвой, инкассация хизматларининг транспорт воситаларидан.

Бегона автомобиллардан фойдаланилганда ИИО ходими унинг эгасига ходим транспорт воситасидан фойдаланилганлик фактини тасдиқловчи ва уни идентификацияловчи ҳужжат бериши шарт. Ҳужжат намунаси ва унинг бериш тартиби Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Транспорт воситасидан фойдаланган ИИО ходими ҳолат бўйича барча тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ваколатли давлат ташкилотларининг маълумотномалари) илова қилинган билдирги билан ўз раҳбарига ахборот беради.

Қилинган харажатлар ва етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масалаларини ўрганиш учун ИИОда доимий комиссиялар тузилади.

Қилинган харажатлар ва етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун автомобилнинг эгаси (унинг вакили) ички ишлар органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

► қилинган харажатлар ва етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ариза;

► паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг нусхаси (жисмоний шахслар учун);

► транспорт воситаларидан фойдаланилганлик фактини тасдиқловчи ҳамда ИИО ходимини идентификацияловчи ҳужжат;

► вакил сифатида мурожаат қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси (транспорт воситаси эгасининг вакили мурожаат қилган тақдирда).

ИИО раҳбари томонидан ҳужжатлар 3 кун муддатда комиссияга тақдим этилади. Улар 15 кун давомида, қўшимча ҳужжатлар ёки текширув талаб этилганда эса 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Мурожаат натижалари ҳақида автомобиль эгасига 3 кун муддатда маълумот берилади.

Комиссиянинг зарарни қоплаш тўғрисидаги қарорига асосан:

► бутунлай яроқсиз ҳолга келган ва тиклаш имкони бўлмаган тақдирда транспорт воситасининг бозор қиймати;

► фойдаланганлик натижасида меъёр бўйича сарф қилинган ёқилғининг ҳақиқий харажат қиймати;

► ички ишлар органи ходими томонидан транспорт воситасидан фойдаланилгандан кейин қилинган харажатлар ёки етказилган зарар қопланади.

Қилинган харажатлар ва етказилган зарар миқдори ИИО томонидан баҳолаш ташкилотини жалб қилган ҳолда аниқланади.

Автомобиль эгаси (унинг вакили) билан келишилган ҳолда, мулкий зарар нақд, пул ўтказиш ёки тенг қийматдаги транспорт воситасини бериш йўли билан, уни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни инобатга олган ҳолда натура тарзида қопланиши мумкин.

Қилинган харажатлар ва етказилган зарар ўрнини қоплаш бўйича тегишли қарор қабул қилингандан сўнг, ИИО томонидан улар 10 кун муддатда қопланиши лозим.

Белгиланишича, бегона транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланганлик натижасида ИИО ходимининг ноқонуний ҳаракатларига боғлиқ қилинган харажатлар ёки етказилган зарар айбдор шахсдан ундирилади.

Ҳужжат 1.05.2017 йилдан кучга кирди.

 

Сардор Жумашов, Олег Заманов,

«Norma Online» экспертлари.

Прочитано: 1442 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика