Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 21 / Паспорт масалалари

Ўз вақтида ва қонун ҳужжатларига мувофиқ

 

Турмуш ўртоғимнинг эски намунадаги паспорти муддати 10.05.2017 йилда тугади. Яқин ҳафтада паспортини алмаштиришга шароити йўқ. Эски паспортнинг амал қилиш муддати ўтганлиги учун унга жарима солинадими?

Турмуш ўртоғим – Ўзбекистон фуқароси биз илгари яшаган квартирада пропискадан ўтган. Эски паспортини алмаштирганидан кейин ўша тумандаги янги яшаш жойида пропискадан ўтиши керак бўлади. Агар у хизматни ўтамаган бўлса, янги манзилда пропискадан ўтиш учун ҳарбий комиссариатга мурожаат қилиши ва маълумотномалар тўплаши зарурми?

Равия К. Тошкент ш.

 

Агар турмуш ўртоғингиз қонун ҳужжатларида (Низомнинг 7-банди, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова) талаб этилганидек паспортининг амал қилиш муддати тугагач 1 ойдан кечикмасдан уни алмаштириш учун мурожаат қилса, маъмурий жазога тортилмайди.

Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаро паспорт олиши учун доимий рўйхатда турадиган жойидаги хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига* қуйидагиларни тақдим этади:

► белгиланган шаклдаги ариза;

► илгари берилган паспорт;

► туғилганлик ҳақида гувоҳнома (биринчи марта расмийлаштирилаётганда);

► 35 x 45 мм ўлчамдаги фотосурат;

► давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (Низомнинг 18-банди).

Чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларнинг ҳарбий рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузиши, хусусан, турар жойи, ўқиш жойи, иш жойи ва лавозимидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни қаерда ҳарбий ҳисобда турган бўлса, шу органга ўз вақтида маълум қилмаслиги ЭКИҲнинг 1/10 қисмидан 1/3 қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 235-моддаси 2-қисми; АВ томонидан 18.07.2003 йилда 1259-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 47-банди).

 

 

Шахсий турар жой учун – доимий прописка 

 

Мен Фарғона вилоятида доимий пропискадан ўтганман. 3 йилдан буён Тошкентда вақтинча прописка бўйича яшаган ҳолда ишлаяпман. Шахсий турар жой сотиб олмоқчиман, бироқ доимий пропискасиз бунинг иложи йўқ дейишмоқда. Менга Тошкент пропискаси керак эмас, бироқ ўз номимга квартира сотиб олмоқчи эдим. Доимий пропискага эга бўлмай туриб пойтахтда ўз номимга уй сотиб олишим мумкинми?

Н.Зафиева. Тошкент ш.

 

– Тошкент шаҳрида турар жойнинг олди-сотди битимларини нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 4.05.2012 йилда 2358-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 21-бандига мувофиқ амалга оширилади. Агар сотиб олувчи томон Тошкент шаҳри ҳудудида камида 3 йил доимий яшаб турган (лавозимда бўлган), Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати (14.09.2011 йилда ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган) 2, 5, 9–11-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган жисмоний шахс ҳисобланса ва ИИБнинг доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этса, квартира (уй) сотиб олиши ёки сотиши мумкин.

Шу тариқа, Тошкентда доимий пропискага эга бўлмай туриб, бу ерда уй сотиб ололмайсиз. Ўз номингизга квартира сотиб олиш учун Рўйхатнинг 2, 5, 9–11-бандларига мувофиқ доимий прописка қилинган бўлишингиз лозим.

Шу ўринда маълум қиламизки, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида (7.02.2017 йилдаги ПФ-4947-сон Фармонга 8-илова) 2017 йил II чорагида бошқа шаҳарлик фуқаролар томонидан қиймати ЭКИҲнинг 2 минг бараваридан кам бўлмаган (чет эллик фуқаролар томонидан қиймати 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган) янги қурилган уйни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида сотиб олиш ва кўчмас мулк нархидан 5–10% миқдорда давлат божини тўлаш имкони ҳақида қонун ҳужжатлари қабул қилиниши назарда тутилган.

 

 

 

«Оилавий» жарималар

 

Мен Термиз шаҳрида пропискадан ўтганман ва шу ерда ишлайман. Турмуш ўртоғим ва ўғлим Тошкентда пропискадан ўтганлар ва ўша ерда яшайдилар. Вақти-вақти билан (ойига 3–4 марта) оиламдан хабар олиб тураман. 2017 йил 6 апрель куни кечқурун Тошкентга келдим, 9 апрелда эса участка инспектори келиб, мени таянч пунктга таклиф қилди, у ерда мен билан турмуш ўртоғимга МЖТКнинг 223-моддасига кўра жарима ёздилар.

Тошкентда пропискасиз хотинимникида неча кун туришим мумкин? Участка инспектори бу ҳолда хотинимга жарима солишга ҳақли эдими?

Д.Аҳрорхўжаев. Термиз ш.

 

– Ҳақиқатан ҳам, паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши ЭКИҲнинг 3 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг бундай қоидабузарликка ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйиши ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 223-моддаси).

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келган фуқаролар ҳисобга олинмайди (АВ томонидан 28.06.2016 йилда ­2804-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома).

Агар сизда Тошкентга 6 апрель куни кечқурун келганлигингиз далилини тасдиқловчи йўл ҳужжатлари (автобус ёки поезд чиптаси) бўлса, профилактика инспекторининг сизни ва турмуш ўртоғингизни маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилишингиз мумкин.

Агар Термиздан Тошкентга йўлакай транспортда келган ва келганингизни тасдиқловчи гувоҳларингиз, масалан, қўшниларингиз бўлса, бу ҳолда ҳам инспектор қарорига қарши чиқишга ҳақлисиз.

Бироқ Тошкентга келган санангиз ва бу ерда бўлган пайтингизни (5 кундан ортиқ бўлмаган муддат) тасдиқлай олмасангиз, профилактика инспектори сизга ҳисобда турмай яшаганингиз учун, турмуш ўртоғингизни эса – Тошкентда у пропискадан ўтган жойда ҳисобда турмай яшаб туришингизга йўл қўйгани учун жарима солишга ҳақли.

 

Санжар Хўжааҳмедов,

«Norma Online» эксперти.

 


*Президентнинг 10.04.2017 йилдаги ПФ-5005-сон Фармонига мувофиқ, Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига ўзгартирилди.

Прочитано: 1442 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика